“Маданий мерос”, “Тарих тўлқинидаги халқ”, “Ұлттық рухани жаңғыру”  – Қозоғистон маънавий юксалиш йўлида


Сақлаш
15:05 / 07.09.2023 1160 0

2021 йилнинг 12 октябрь куни Қозоғистон Республикаси ҳукумати “Миллий маънавий тикланиш” (“Ұлттық рухани жаңғыру”) лойиҳасига старт берди. Бу лойиҳа кенг кўламлилиги, амалга ошириш механизмининг соддалиги билан барчанинг, жумладан, қўшни давлатлардаги мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортди. Айниқса, лойиҳага ажратилган маблағ миқдори кўплаб саволларни келтириб чиқара бошлади. Чунки Қозоғистон миллий маънавий тикланиш учун оз эмас, кўп эмас, 119,4 миллиард танга сарфлашни режалаштирган. Хўш, бунча пул нималарга ишлатилади?

 

 

Миллий тикланиш учун кураш қачон бошланган?

 

Қозоғистонда миллий маънавий тикланиш ишлари 2021 йилдан бошланди, деганлар адашади. Қозоғистон халқининг миллий тикланиш учун курашлари 90-йилларнинг бошидан бошланган.

 

Собиқ совет тузуми қулагандан сўнг тоталитар тузумни дастаклаб келган мафкура машинасининг “совет халқи” деган мавҳум миллатни яратишга қаратилган интилишлари ҳам барҳам топди. Аммо унинг асорати яна узоқ муддат, то  2000 йилларга қадар сақланиб қолди. Чунки миллий ўзликни англашга бўлган интилиш қанчалик кучли бўлмасин, мустақилликка эришган миллий республикалар совет тузумидан фақат катта миқдордаги қарзларни, инфляцияни, ишсизлик ва ижтимоий бошбошдоқликни мерос қилиб олган эди. Қолаверса, бу давр баландпарвоз гапларнинг мавриди эмасди, ҳукумат тепасида ҳали ҳам коммунистлар ва конверватив фикрловчиларнинг сони кўп эди. Ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳолатни англаш учун Н.Назарбоевнинг “Ўнглар ва сўлларсиз” номли китобига эътибор қаратамиз. Унда Нурсултан Абишевич “...ҳаммамиз шуни англаб етишимиз керакки, бугунги асосий вазифа иқтисодий кризисдан чиқиш ва одамларга эртанги кунга ишонч бера олишдир” деган эди[1].

 

Шунинг учун бошқа республикалар қатори Қозоғистон ҳам 90-йилларда бутун эътиборини бозор иқтисодини йўлга қўйишга қаратди. Шу билан бирга, имкон қадар совет даврида шаклланган илмий-маданий меросни сақлаган ҳолда миллий тикланиш ишларини амалга ошириш учун ҳам ҳаракатлар бошланди. Илм-фан, санъат ва адабиёт соҳаларини миллий ўзанга буриш  бўйича  чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

 

Аммо бу уринишларнинг натижавийлиги қониқарли бўлган эмас. Айнан шу йилларда юзага келган деструктив жараёнлар бу мамлакатни ҳам четлаб ўтмади. Ҳукуматга ишончсизлик сабаб турли оқимлар, жумладан, консерваторлар жамиятга ўз таъсирини ўтказа бошлади. Мамлакатда уюшган жиноий тўдалар кенг қулоч ёйиб, рекет, товламачилик,  порахўрлик авж олди. Бу эса ўз-ўзидан турли ижтимоий муаммоларни ва энг асосийси, этикологик муаммоларни келтириб чиқарди[2].

 

Қозоғистоннинг 90-йиллардаги энг катта муаммоларидан яна бири демографик муаммо эди. Агар 1990 йилдаги статистик маълумотларга эътибор қаратсак, бу муаммо аниқроқ кўзга ташланади. 1989 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш ҳисоботида Қозоғистоннинг жами аҳолиси 16 464 464 кишини ташкил қилгани, улардан атига 6 434 616 таси қозоқлар экани қайд этилган. Русларнинг сони қозоқлардан салгина кам, 6 227 549 киши. Укрaинлар 896 240 тани, белоруслар 182 601 тани ташкил қилган[3]. Шунинг учун Қозоғистон бошқа мамлакатларда яшаётган этник қозоқларни юртга қайтариш учун “Оралман”[4] лойиҳасини амалга оширди. Унга кўра бутун дунё бўйлаб тарқаб кетган этник қозоқларнинг юртга қайтиши, уй-жой билан таъминланиши, ишга жойлашиши учун мақбул шароитлар яратилди. Натижада 1999 йилга келиб қозоқларнинг сони 7 985 039 кишига етди ва умумий аҳолининг 53,4% ни ташкил қилди[5]. 2022 йилда эса аҳоли сони 19 082 467 тага етган ва уларнинг  13 497 891 тасини (70,4 %) қозоқлар ташкил қилган.

 

Қозоғистон ҳукуматининг очиқлик сиёсати, прагматик бошқарувни йўлга қўйиши ҳамда қўшни давлатлар билан дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланиши сабаб иқтисодий кризис енгиб ўтилди. Изчил олиб борилган ислоҳотлар 2000 йиллардан кейин ўз самарасини бера бошлади.

 

Ҳукуматнинг олиб борган оқилона сиёсати сабаб 2000 йилга келиб Қозоғистонда ЯИМ 9,8 фоизга ўсди. Бу ўша даврдаги собиқ совет республикалари орасида энг юқори кўрсаткич эди[6]. Натижада, 10 йил давом этган инфляцияга барҳам берилди. Шу йили Қозоғистон Республикаси биринчи президентининг қозоқ халқига мурожаати эълон қилинди. “Эркин, самарали ва хавфсиз жамият сари” деб номланган мурожаатда Н.Назарбоев жамиятни нигилизм ботқоғидан олиб чиқиш ва демократик ислоҳотларни ривожлантиришнинг асосий тамойилларини белгилаб берди[7]. 2000 йилнинг август ойида Қозоғистон Миллий фонди ташкил қилинди ва фонд маблағларининг даставвал бюджет лойиҳаларига, жумладан, илмий, маънавий-маърифий соҳага сарфланиши белгилаб берилди.

 

2000 йилда Қозоғистонда энг орқада қолган соҳа – ижтимоий соҳа эди. Соҳада фаолият юритаётган ўқитувчилар, врачлар ва пенсионерларнинг маоши ва нафақалари кам, уларнинг иш сифати ҳам шунга яраша эди. Ёшларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга бўлган интилиш даражаси паст, аксарият ёшларда бизнесга, спортга ва ҳатто, жиноий йўллар билан пул топишга интилиш кучли эди. Бу ҳозир Қозоғистонда “90-йиллар асорати” номи билан тилга олинади. Шунинг учун тез орада этикологик муаммоларни бартараф этиш ва ижтимоий-маънавий соҳани ривожлантириш учун ҳам ишлар бошланди.

 

 

“Маданий мерос” лойиҳасидан нималар мақсад қилинган?

 

2003 йилда ҳукумат томонидан 2004–2011 йилларга мўлжалланган “Маданий мерос” лойиҳасининг дастури ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг жорийланишидан кўзланган асосий мақсад халқнинг бой маданий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш орқали тарихий хотирани тиклашга қаратилган. Тарихий хотирани тиклаш орқали эса миллий ўзликни англаш, миллий руҳ ва ғурурни шакллантириш мақсад қилинган.

 

Маданий меросни ўрганишда нафақат Қозоғистон, балки бошқа мамлакатларда яшаётган этник қозоқларнинг ҳам турмуш тарзини, маданиятини ўрганиш, уларни ва улар яратган маданият намуналарини ҳам отамаконга қайтариш назарда тутилган.

 

Лойиҳанинг аҳамиятли томони шунда эдики, унда қуруқ гаплар ёки шиорбозликларга йўл қўйилмаган ва аниқ илмий-маърифий ёндашув билан тўрт йўналишда иш олиб борилган:

 

1. Миллий маданият учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган тарихий, маданий ва меъморий ёдгорликларни тиклаш;

 

2. Археологик тадқиқотлар;

 

3. Қозоқ халқининг маданий мероси соҳасидаги илмий ишлар;

 

4. Миллий адабий ва илмий адабиётнинг кўп асрлик тажрибасини умумлаштириш, кенг кўламли бадиий ва илмий туркум адабиётларни яратиш.

 

Меросни ўрганиш, қайта тиклаш ва оммалаштириш учун 2004–2011 йиллар давомида 11,7 млрд танга сарфланган.

 

Натижада эса қозоқларнинг миллий бирлигини таъминлайдиган, этноснинг генезиси билан боғлиқ бўлган юзлаб илмий манбалар тадқиқ қилинган. Археологик манзилгоҳлар аниқланиб, қазишма ишлари олиб борилган, тарихий ёдгорликлар қайта тикланган. Қозоқ хонликларининг тарихини ўрганишга алоҳида эътибор қаратила бошланган. Тарихий, фалсафий, этнографик мазмундаги ва қозоқ тили билан боғлиқ илмий-оммабоп китоблар яратилган. Миллатнинг руҳини кўтариш учун хизмат қиладиган адабий асарлар чоп этилган, кинофильмлар, клиплар суратга олинган, қўшиқлар ва тасвирий санъат асарлари яратилган.

 

Бу борада бажарилган ишлар орасида энг кўзга кўринарлиси Дамашқдаги Султон Бейбарс ва Ал-Фаробий маданий мажмуаларининг  қурилиши бўлди. Бундан ташқари юз жилдли “Бабалар сўзи”,  200 жилдли “Юзта қозоқ романлари”, 10 жилдли Қозоғистон энциклопедияси, 5 жилдли рус ва инглиз тилларидаги маълумотнома,  20 жилдли Қозоқ мутафаккирлари мероси, Дунё файласуфлари мероси, 10 жилдли Ал-Форобий асарлари тўпламининг нашр этилиши ҳам алоҳида эътиборга молик.

 

Замонавий тарих фани олдида турган энг муҳим вазифа

 

2014–2016 йилларга мўлжалланган “Тарих тўлқинидаги халқ” дастури маънавий юксалиш ҳаракатининг тадрижий давоми бўлиб, унда қозоқ этноси, қадимдан ҳозирги кунга қадар давом этиб келаётган миллий эврилиш жараёнлари, давлатчилиги, кўпмиллатли Қозоғистон халқларининг тарихи, маданиятини ўрганиш мақсад қилинган.

 

“Тарих тўлқинидаги халқ” дастури доирасида қозоқ этноси билан боғлиқ илмий манбаларнинг янги корпусини жорий этиш, миллий характердаги  тадқиқотлар орқали тарих уфқларини кенгроқ тадқиқ қилиш назарда тутилган. Натижалар қўлга киритилгандан сўнг эса миллий тарихни кенг тарғиб қилиш, янги авлод дарсликлари ва қўлланмаларини тайёрлаш орқали миллатнинг янги тарихий дунёқарашини шакллантириш йўлга қўйилган.

 

Маълумки, шу пайтгача Қозоғистоннинг, хусусан қозоқ миллатининг тарихи совет тарихшунослиги қолипида ўрганилган, аксар ҳолатларда қозоқларнинг қадимги ва ўрта асрларда шаклланган тарихини бузиб талқин қилиш кўзга ташланар эди. Лойиҳа доирасида Қозоғистоннинг замонавий тарих фани олдида турган энг муҳим вазифа – жаҳон тарихшунослиги тажрибасини қўллаган ҳолда қозоқ халқи тарихини ўрганишнинг янги назарий ва услубий асослари ишлаб чиқиш амалга оширилди. Қозоғистондаги тарихий жараёнларни ўрганишда комплекс ёндашув орқали ҳамма жабҳаларни параллел тадқиқ қилиш йўлга қўйилди. Унда миллатнинг тарихий шаклланиш даврлари ва цивилизацияларни мавҳум хронологик кўринишда эмас, балки тарихий жараёнларнинг барча мураккабликларини инобатга олган ҳолда, аниқ фактларга асосланган ҳақиқий тарихни яратиш, шу билан бирга қадриятларни, анъаналарни ва номадик маданиятнинг ахлоқий-эстетик тамойилларини ўз ичига олган одат қонунларини[8] тадқиқ қилишга ҳам эътибор қаратилди.

 

Бу дастурнинг амалга оширилишидаги тизимлилик алоҳида эътиборни тортади. Мисол учун, “Қозоқ хонликлари: аҳолиси, ҳудудлари ва чегаралари” мавзусидаги лойиҳада археологлар турли манзилгоҳларда қазишма ишларини олиб боришган. Уларнинг топилмаларидан фойдаланиб, тарихчилар, этнологлар хонликларнинг тарихини ёзишган. Шу асосда тарих дарсликларига ўзгартиришлар киритилган. Айни шу маълумотлар асосида сценарийнавислар сценарий ёзишган. Шу асосда ҳам ҳужжатли, ҳам бадиий фильмлар суратга олинган. Буларнинг ҳаммаси “Тарих тўлқинидаги халқ” дастури орқали молиялаштириб борилган. Мана, нега Қозоғистон фильмлари жаҳон кинопрокатида муваффақият қозонган!

 

 

“Рухани жаңғыру” – маънавий тикланишнинг амалий босқичи

 

2017 йилда Нурсултан Назарбоевнинг “Келажакка назар: жамоатчилик фикрини модернизация қилиш” номли мақоласи эълон қилинди. Унда элбоши Қозоғистонни модернизация қилишнинг учинчи босқичи бошланганини эълон қилди. “Маданий мерос” ва “Тарих тўлқинидаги халқ” номли иккита миллий лойиҳа орқали маънавий юксалишнинг асосий пойдевори қўйилган эди. Янги лойиҳа “Рухани жаңғыру” деб номланди ва уларнинг тадрижий давоми ўлароқ, мамлакатни модернизация қилишнинг учинчи босқичини бошлаб берди.

 

Нурсултан Назарбоев ўз мақоласида XXI асрда миллий ўзликни англаш ва маънавий юксалишнинг асосларини кўрсатиб берган. Жумладан, миллий маданиятни ва миллий кодни сақлашга эътибор қаратган.

 

“Рухани жаңғыру” лойиҳаси 6 та йўналишда амалга оширилди:

 

1.           Рақобатбардошлик;

2.           Прагматизм;

3.           Миллий ўзликни сақлаш;

4.            Илмни муқаддас санаш (культ);

5.            Революцион эмас эволюцион ривожланиш;

6.           Тафаккурнинг дунёга очиқлиги.

 

Хўш, бу йўналишлар бўйича нима ишлар амалга оширилди?

 

Рақобатбардошлик. “Рухани жаңғыру”нинг мақсади аниқ, яъни ривожланган давлатларнинг кучли ўттизталигига кириш эди. Қолаверса, Қозоғистоннинг 30 ўринга кўтарилиш учун уруниши  беҳуда ёки бежизга эмас эди, мамлакат 2006 йилдаёқ жаҳоннинг глобал рақобатбардошлик индексида 50 ўринни эгаллаган, аммо иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги бошбошдоқликлар сабаб бу ўринда барқарор қолишнинг имкони йўқ эди. Шунинг учун ҳар соҳада рақобатбардошликни таъминлашга киришилди.

 

Институционал ривожланиш, инфраструктура, макроиқтисодий барқарорлик, соғлиқни сақлаш ва бошланғич таълим, олий таълим ва профессионал тайёргарлик, товар ва хизматлар бозорининг самарадорлиги, меҳнат бозорининг самарадорлиги, молиявий бозорнинг ривожланиш даражаси, технологик тайёрганлик, бозор ҳажми, компаниялар рақобатбардошлиги ва инновацион салоҳият бўйича халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаш учун кураш бошланди.

 

Прагматизм. Аммо Қозоғистоннинг халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаши учун монелик қиладиган социал муаммолар жуда кўп эди.  Жумладан, тотал бошқарув, коррупция, давлат хизматчилари малакасининг йўқлиги, меҳнат тартиблари меъёрига риоя этилмаслиги, бюрократия, нопотизм, сиёсий беқарорлик, давлат органларига ишончсизлик, давлат бошқарувида креатив ва инновацион ёндашувларнинг  йўқлиги каби ўнлаб омиллар халқаро рейтинглардаги даражаларни сақлашга имкон бермас эди.

 

Шунинг учун прагматизмга рақобатбардошликнинг асосий калити сифатида қарала бошланди. Жамиятни модернизациялаш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бошқарув ва назоратда давлат секторининг таъсирини камайтириш устувор вазифа қилиб белгиланди.

 

Қозоғистонда “Рухани жаңғыру” дастури доирасида Миллий прагматизм тушунчаси ҳам олға сурилган. Унда фуқаролик жамиятини қуриш ва позитив ёндашилган миллий бирликка алоҳида эътибор қаратилган.

 

Миллий ўзликни сақлаш. Глобаллашувнинг тезлашиши, фуқаролик жамиятининг ривожланиши, очиқлик сиёсати ва маданиятлар алмашинуви каби омиллар, уларнинг салбий таъсири миллий ўзликни англаш ва сақлаш масаласини долзарб вазифага айлантириши тайин. Шунинг учун этник бирлик, давлат тили, дин, урф-одатлар, миллий анъаналар ва бошқа қадриятларни сақлаш орқали замонавий анормал ахлоқий тенденцияларга қарши туриш давлат даражасида қўллаб-қувватлана бошланди.

 

Илмни муқаддас санаш (культ знаний). Ҳар қандай тараққиётнинг калити илм. Қозоғистонда илмни улуғлаш учун, аввало, ўқитувчиларнинг салоҳиятини ва моддий имкониятларини оширишга эътибор қаратилган. 2010–2020 йиллар давомида ўқитувчиларнинг ойлик маоши 500–700 доллар атрофида бўлган ва бу барқарор сақланган. 2023 йилда эса тўлиқ юкламани бажарган ўқитувчининг ойлиги, устама ва рағбатлантиришлардан ташқари  319 500 тангани ташкил қилади. Яъни, 700 АҚШ долларига тенг. Бундан ташқари ўқитувчиларга стажи, дафтар текшириши, синф раҳбарлиги ва тўгарак ишлари, малака тоифаси, магистр ёки докторлик даражаси, давлат мукофотлари олганлиги, хорижий тилларни ўзлаштириши, қишлоқ жойларда дарс беришига қараб яна қўшимча ҳақ тўланади. Мисол учун, инглиз тилида дарс бергани учун 200%, жисмоний тарбия ўқитувчиларига қўшимча машғулотлар ўтгани учун 100% устамалар белгиланган.

 

Қозоғистонда олий таълим муассасаларини ривожлантириш, моддий-техника базасини яхшилаш, илмий салоҳиятини ошириш энг устувор вазифалардан саналади. Университетларнинг халқаро рейтингини кўтариш учун доимий тартибда ислоҳотлар амалга оширилади. Натижада 2021 йилга келиб 10 та университет Times Higher Education, The Academic Ranking of World Universities, Quacquarelli Symonds World University Rankings ва Times Higher Education каби энг нуфузли рейтингларнинг 1000 талигидан ўрин олган эди. 2023 йилда уларнинг сони 14 тага етди.

 

Қозоғистонда илмий-тадқиқот институтларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Институтлар илмий-амалий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик фаолияти орқали мамлакатни ривожлантиришга йўналтирилган авангард саналади. Шунинг учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий соҳаларнинг барчасида давлат талабларига кўра тадқиқот олиб борадиган бундай институтлар давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланади.

 

2019 йилда Қозоғистон ижтимоий ривожланиш институтининг ташкил этилишида ҳам мамлакатни маънавий юксалтириш билан бирга айни соҳадаги илмий лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш мақсад қилинган эди. Институт базасида 13 та махсус лойиҳа, жумладан  “Қозоғистондаги 100 та янги ном”, “Қозоғистоннинг муқаддас ойлари географияси”, “Она ватан”, “100 та янги ўқув дарсликлар”, “Қозоғистон маданияти  замонавий дунёда”, “Қозоқ тилини лотин графикасига ўтказиш” каби йирик лойиҳалари ишга туширилди. Шунингдек, “Меҳнат – элнинг кўрки”, “Ҳуқуқий маданият”, “Иқтисод – жамият қуввати”, “Анъналар ва урф-одатлар” каби информацион дастурлар ҳам ишга туширилди.

 

Улар орасида “Туған жер” (“Она ватан”) лойиҳаси алоҳида ўрин тутади. Чунки бу лойиҳа ватанпарварлик, миллий ғурур, миллатни севиш каб ғояларни ўзида мужассам этган.

 

“Рухани жаңғыру” лойиҳасининг иши тўлақонли якунланди, деб бўлмайди. Чунки унинг якуний босқичи COVID-19 сабабли онлайн форматга кўчирилди. Шунинг учун бу босқичнинг ҳисоботларида кўпроқ назарий хулосалар кўзга ташланади. Аммо бу даврда қозоқ этнологлари катта ютуқларни қўлга киритишди. Улар “миллий код” дея номланаётган этник бирликлар, яъни “уруғ”ларнинг тўлиқ таснифлари ишлаб чиқилди. Уларнинг келиб чиқиши, тарихи тарқалиш ареаллари илмий хулосалар билан мустаҳкамланиб тарих китобларидан жой олди.

 

 

“Ұлттық рухани жаңғыру” – миллий тикнишнинг янги босқичи

 

“Рухани жаңғыру” лойиҳаси муваффақиятли якунлангач, ҳукумат томонидан уни мантиқан давом эттириш ва кейинги босқичга олиб чиқиш масаласи кўриб чиқилди. Натижада 2021 йилда “Ұлттық рухани жаңғыру” – Миллий маънавий тикланиш лойиҳасига старт берилди.

 

 

“Ұлттық рухани жаңғыру” лойиҳасининг “Рухани жаңғыру”дан қандай фарқи бор?

 

“Ұлттық рухани жаңғыру” лойиҳаси “Рухани жаңғыру” лойиҳасининг тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган бўлиб, Қозоғистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 октябрдаги 670-сонли фармонига кўра Давлат дастурлари қаторига киритилган. Демак, дастур давлат маблағлари ҳисобидан, барча вазирликларнинг масъуллигида амалга оширилади. Ҳар бир бажарилган иш учун давлат секторидан масъуллар белгиланган.

 

“Ұлттық рухани жаңғыру” лойиҳасида мақсадлар кўлами янада кенгайтирилди ва у Миллий юксалишнинг авангардига айлантирилди.

 

Миллий ўзликни англаш, ёшларда маънавий-маърифий қадриятларга нисбатан ижобий туйғуларни шакллантириш, рағбатлантириш орқали ҳар бир қозоғистонликнинг ижодий потенциалини ривожлантириш устувор вазифалар қилиб белгиланди.

 

2021–2025 йилларга мўлжалланган “Ұлттық рухани жаңғыру” лойиҳаси учун 119 375 266 минг танга маблағ ажратилиб, ҳар бир йил учун қўйидаги  тартибда тақсимланди:

 

1. 2021 йил – 27 797 417 000 танга;

2. 2022 йил – 26 695 141 000 танга;

3. 2023 йил – 23 416 984 000 танга;

4. 2024 йил – 20 781 813 000 танга;

5. 2025 йил – 20 683 911 000 танга.

 

 

Бу маблағлар қайси йўналишларга сарфланади?

 

Дастур фаолияти қўйидаги йўналишларда олиб борилади:

 

1. Қозоғистонликларнинг ўз маданиятини ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш – аҳолини “Рухани жаңғыру” дастурига жалб қилиш орқали ватанпарварлик туйғусини ошириш;

 

2. Маданий объектларга ташрифлар сонини кўпайтириш;

 

3. Аҳолининг маданият соҳасидаги хизматлар сифатидан қониқиш даражасини ошириш;

 

4. Ёшларнинг ҳукуматдан олиши мумкин бўлган ёрдамлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;

 

 5. Ёшлар орасида волонтёрлик маданияти даражасини ошириш;

 

6. NEET[9] категорисига мансуб ёшларнинг социализациясини амалга ошириш орқали NEET ёшларнинг сонини камайтириш;

 

7. Ёшларнинг уй-жой билан таъминланишида жамғариш тизимида иштирок этиши учун шароит яратиш.

 

2011–2022 йиллар давомида ҳар бир йўналиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Йўналишлардаги олиб борилган ишлар сифат ва миқдор жиҳатидан баҳоланиб, шунга кўра кейинги йилларнинг чора-тадбирларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Уларнинг бажарилишини аниқлаш учун классификаторлар ишлаб чиқилиб, социологик ва аналитик хулосалар бериб борилди.

 

Ахборотлаштириш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг ҳисоботига кўра, 2023 йилнинг март ойи ҳолатида режадаги ишлар тўлиқ бажрилган. Мисол учун, Миллий ўзликни англаш ва интеллектуал потенциални ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар 100% бажарилган[10]. Жумладан, режага кўра қурилиши керак бўлган ижтимоий-маданий объектлар, хусусан кутубхоналар, кинотеатрлар, маданият саройлари, интеллектуал марказлар тўлиқ қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган.

 

Дастур доирасида жорийланган “Китоб ўқийдиган миллат” лойиҳасининг натижасида умумий китобхонлик даражаси 40% га ошган. NEET ёшларнинг ижтимоийлашуви ҳар йили 6.8% га ўзгариб борган, ишга жойлаштиришнинг икки йиллик кўрсаткичи 2 514 кишини ташкил қилган. 

 

“Ұлттық рухани жаңғыру” лойиҳасидан кутилаётган натижалар, асосан, иқтисодий ва ижтимоий соҳани қамраб олади. Иқтисодий соҳада “Туған жер” лойиҳаси ишга туширилган ва унга 7,2 млрд танга ажратилган. Хўш, бу лойиҳа қандай самара беради? Изчил ишланган лойиҳанинг ҳамма бандлари амалга оширадиган бўлса, 7 036  кишига ишчи ўрни яратилади.

 

Ижтимоий соҳада эса давлат ёки меценатлар маблағлари ҳисобидан ҳар бир ташкилот базасида ижтимоий иншоотларнинг барпо этилиши ва уларда мазмунан янги давр талабига жавоб берадиган маданий-маърифий муассасаларнинг ташкил қилинишига эътибор қаратилган.

 

 

Тил ўрганишга эътибор

 

Маълумки, Қозоғистон мустақилликка эришгандан кейин ҳам рус тилининг нуфузини сақлаб қолган. Хусусан, Қозоғистон республикасининг тиллар тўғрисидаги Қонуни 5-моддасида давлат ташкилотлари ва маҳаллий бошқарув органларининг ҳужжатлари қозоқ ва рус тилларида олиб борилиши қайд қилинган. Шунингдек, айни қонунда барча қуролли кучлар тизимларида, фан ва таълимда, шартномаларни расмийлаштиришда, реквизитлар ва визуал ахборотларни узатишда давлат тили билан бирга рус тилидан фойдаланиш алоҳида моддалар билан қатъий белгилаб қўйилган[11].

 

Натижада мамлакатда билингвизм юзага келиб, мустақиллик даврида ҳам икки тилда бемалол гаплашадиган кадрларнинг сони ортиб борди. Бу яхшимиди ёки ёмонми? Ана шу масала кўпинча баҳсларга сабаб бўлиб келди.

 

Миллатнинг айрим зиёлилари рус тилидан воз кечилмаса қозоқ тилининг нуфузи тикланмаслигини айтишса,  кўпчилик раҳбарлар, олимлар рус тилини ўзлаштириш қозоқ халқининг ижтимойи ҳаётида прогрессив аҳамиятга эга бўлганлигини қайд этишган.

 

 

Билингвизмдан трилингвизм сари

 

Қозоғистонда билингвизм билан боғлиқ баҳслар йил ўтиши билан трилингвизм соясида аста-секин сўна бошлади. Чунки ҳукумат доираси мактабларда инглиз тилини ўрганишга эътибор кучайтирилди. Учта тилни ўрганиш замонавий таълимнинг устувор вазифаси этиб белгиланди[12]. Рус тилининг сақланиши Қозоғистонда ўтган асрдаги илмий-фундаментал базанинг ривожланишига олиб келган бўлса, инглиз тилини ўзлаштириш келажакдаги илмий ютуқлар сифатида баҳоланган.

 

Нурсултон Назарбоев “тафаккурининг дунёга очиқлиги”ни шарҳлар экан, буни амалга оширишнинг ягона йўли инглиз тилини ҳамма, жадал тарзда ўрганиши лозимлигини урғулаган[13]. Ҳозирги кунда Қозоғистонлик инглиз тили ўқитувчиларининг Кембриж университетида малака ошириши мунтазам йўлга қўйилган.

 

Кейинги йилларда Қозоғистонда хитой тилини ўрганишга эътибор кучайган. Интеллектуал мактабларда хитой тили иккинчи ҳорижий тил сифатида ўқитилмоқда. Бунинг сабаби, биринчидан, Қозоғистоннинг Хитой билан савдо алоқалари 20% ни ташкил этиши ва унинг  тадрижий равишда ўсиб бораётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, Қозоғистон ҳукуматининг Хитойни келажадаги глобал цивилизациянинг ўчоғи сифатида кўраётгани билан боғлиқ.

 

 

Диний ислоҳотлар

 

Қозоғистонда диний ислоҳотларларнинг адолатли олиб борилгани ҳам маънавий соҳадаги ютуқларнинг муҳим омили деб қаралади.

 

Қозоғистон дунёвий давлат ва бу мамлакатнинг конституциясида қайд этилган. Шу билан бирга, конституциянинг 14-моддасида фуқароларнинг  жинси, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши ва динидан қатъи назар қонун олдида тенг экани ҳам белгилаб берилган.

 

Қозоғистоннинг 30 йиллик тарихида ҳеч бир дин ёки конфессия таъқибга олинмаган. Аммо ҳеч бир диний уюшма ёки унинг аъзоларининг бошқаларни ўз динига мажбуран ўтказишига ҳам йўл қўйилмаган. Шу сабабли, мамлакатнинг барча ҳудудларида масжидлар, черковлар, синагогалар ва бошқа ибодатхоналар эркин фаолият олиб боради.

 

Ҳозирги кунда Қозоғистон аҳолисининг 69,31% ини мусулмонлар ташкил қилади[14]. Қозоғистон мусулмонлар идораси 1990 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг қозилик идораси базасида ташкил этилган. 90-йилларда республикада битта ҳам диний таълим муассасаси бўлмаган. Шунинг учун биринчи президент диний уламолар билан маслаҳатлашган ҳолда 1993 йилда Олма-отада Миср ислом маданияти университетининг филиалини очиш ҳақида қарор қабул қилади. Университетда ҳозирги кунда бакалаврият, магистратура ва доктарантура иш олиб боради. Университет ўқитувчиларининг 50% ни фан докторлари ташкил қилади. Университет талабаларининг Мисрда ва Саудия Арабистонида таълимни давом эттиришлари учун ҳам барча имкониятлар яратилган. Эътиборлиси шундаки, бугунги кунда  уларнинг аксарияти қозоқ, рус, инглиз ва араб тилларини етарли даражада ўзлаштиришган. Қозоғистоннинг ҳамма марказий шаҳарларида мадрасалар очилган. Мадрасаларда болалар учун Қуръон курслари ҳам фаолият олиб боради. Диний-маънавий тарғиботларни олиб бориш учун Қозоғистон дин ишлари қўмитаси ва мусулмонлари идораси муассислигида “Асил арна” телеканали, islam.kz, muslim.kz, azan.kz ахборот порталлари фаолият юргизади. Энг қизиғи, бу каналларнинг ҳаммаси қозоқ ва рус тилларида  иш олиб боради. Ҳеч ким Қуръон ўргангани, намоз ўқигани, диний либос кийгани ёки бошқа диний фаолияти учун таъқибга олинмайди.

 

Бошқа  динлар учун, жумладан, умумий аҳолининг 26,2% ини ташкил қиладиган насронийлар учун ҳам шундай шароитлар яратилган. Бу эса ўз ўрнида мамлакатдаги диний бағрикенгликнинг таъминланишига олиб келган.

 

 

Кўпмиллатли давлатни бошқаришнинг Қозоғистон модели

 

Қозоғистондаги маънавий ютуқларнинг яна бир омили миллатлараро ҳамжиҳатликнинг сақланишидир. Инчунин, Қозоғистон 90-йиллардаги миллатлараро низоларни четлаб ўтган саноқли давлатлардан биридир.

 

Кўпчилик четдан қараган одамларда Қозоғистонда қозоқ этносини ортиқча улуғлаш, уларга ортиқча имтиёзлар мавжудлиги ҳақида таассуротлар бор. Нега?

 

Бунинг асосий сабаби Қозоғистондаги миллий сиёсатнинг асосларини тушунмаслик билан боғлиқ. Уни тушуниш учун эса кўпмиллатли давлатни бошқаришнинг Қозоғистон моделига эътибор қаратамиз.

 

Биринчидан, миллий сиёсатнинг замирида титул миллат саналган қозоқ этноси ва унинг маданияти ўзак вазифасини ўтайди. Ва шу билан бошқа барча миллатларнинг миллий-маданий ривожланиши учун ҳам тенг шароитлар яратилади. Қозоқлар ўзларига асрлар давомида етказилган таҳқирлар ва зарарлар учун бошқа миллатларни айбламайди. Ҳамма миллатлар билан дўстона муносабатни сақлайди ва ҳурмат кўрсатади.

 

Иккинчидан, ҳеч бир миллатнинг тили камситилмайди.

 

Учинчидан, ҳеч бир миллатнинг тарихан шаклланган диний қарашлари камситилмайди.

 

Ҳар бир миллат ва диаспорага ўзларининг тарихий ватанлари билан алоқаларни тиклаши, маданий муқаддасотларини сақлаши учун шароитлар яратади. Бошқа юртларда яшайдиган қозоқлар учун ҳам Қозоғистонда шундай шароит яратилади.

 

Қозоғистонда миллий масалалар бўйича Қозоғистон халқлари ассамблеяси иш олиб боради. Ассамблеяга Қозоғистон Президенти раислик қилади.

 

Умуман олганда диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликнинг таъминланиши Қозоғистондаги ижтимоий бирликни юзага келтирган. Айнан шу ижтимоий бирлик мамлакатдаги юксалишларнинг, илмий, маданий-маърифий, маънавий соҳадаги ютуқларнинг гарови бўлса ажаб эмас.

 

 

Хулоса

 

Қозоғистонда ижтимоий соҳада олиб борилган ислоҳотлар ўзининг натижавийлиги билан ажралиб туради. Қандай?

 

Бошқарув социологиясида методология тушунчаси икки жиҳатдан кўриб чиқилади: эпистемологик ва прагматик. Эпистемологик жиҳатдан ёндашилганда ижтимоий воқелик ва бошқарув муаммоларини ўрганишнинг асосий тамойиллари мажмуи тушунилади. Прагматик бошқарувда эса барча услубларнинг мажмуи ўлароқ, бошқарув технологиялари амалиётда қўлланилади. Қозоғистон прагматик бошқарувни танлаб, аниқ мақсадлар сари олиб борадиган технологиялардан фойдаланиш орқали эски тизимдан воз кеча олди. Прагматик бошқарув ўз-ўзидан маъмурий буйруқбозлик тизимидан воз кечишга олиб келди. Натижада эса ҳар бир соҳани ислоҳ қилишда креатив ёндашиш учун имконият туғилди.

 

Муайян давр учун мўлжаллаб жорий этилган ҳар бир лойиҳа илмий асосланиб, унга етарли маблағлар сарфланди, унинг натижавийлиги эса мутасадди раҳбарлардан талаб қилинди. Амалий натижаларнинг очиқланиши таъминланди.

 

Илмий ёндашув ҳар бир лойиҳанинг асосланиши ва хулосаларининг мантиқий ечим топиши учун замин яратди. Олдин фақат сўзда ёки матбуот орқали маълум бўлган миллий қадриятлар илмий асослар билан бойитилиб, турли конференциялар ва конгрессларда жаҳоннинг нуфузли олимлари муҳокамасидан ўтказилди. Натижалар ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тегишли базаларига киритилиб, ҳимояси таъминланди.

 

Амалий натижаларнинг оммавий ахборот воситалари, илмий ва бадиий нашрлар, ҳужжатли ва бадиий кинофильмлар орқали ёритилиши миллатнинг янгиликлар билан танишиб бориши ва уларда миллий руҳнинг шаклланишига олиб келди. Албатта, бунда маблағларнинг етарли даражада ажратилиши ва тўғри сарфланиши ҳам муҳим ўрин тутади.

 

Қозоғистоннинг илмий соҳадаги ютуқлари ҳам бунга таъсир кўрсатган. Инчунин, совет давридаги кутубхоналарнинг сақлаб қолиниши, олимлар ва ўқитувчиларга кўрсатилган эътибор сабабли Қозоғистонда фан ва таълим йилдан йилга юксалиб борган.

 

Ҳозирги кунда Қозоғистонни маънавий юксак деб аташ тўғри бўлмас. Чунки ижтимоий ҳаётдаги кўзга ташланаётган камчиликлар бу фикрнинг муболаға эканини кўрсатди. Аммо Қозоғистонда якдил жамиятнинг шакллангани, жаҳон ҳамжамиятида уларнинг нуфузининг ортиб бораётгани муболаға эмас. Қозоғистон маънавий юксалиш йўлидан бораётгани эса айни ҳақиқатдир.

 

Анвар БЎРОНОВ



[1] Назарбаев Н.А. Без правых и левых. М: Молодая гвардия,1991. 252-с.

[2] Семья и Общество Организованная преступность в Казахстане: прошлое и настоящее. Архивная копия от 26 апреля 2017 на Wayback Machine.

[3] Национальный состав населения СССР (по данным Всесоюзной переписи населения 1989 г.), М., Финансы и статистика, 1991. С. 102.

[4] Оралман (туркийда айланиб (ўралиб) қайтиш маъносини беради) – репатриация. Қозоғистонда бошқа мамлакатларда яшаётган этник қозоқларни  юртга қайтариш учун ишлаб чиқилган демографик сиёсат. 2021 йилдан Оралман Қандас (қондош) деб ўзгартирлган.

[5]  Агентство Республики Казахстан по статистике. Архив Архивировано 13 ноября 2013 года: Национальный состав населения Республики Казахстан и его областей (том 1).

[6] Хроника Независимости: 2000. https://liter.kz/129504-2/

[7] Послание президента страны народу казахстана «К свободному, эффективному и безопасному обществу» (Астана, 24 октября 2000 года). https://online.zakon.kz/Document/?doc_id=1020350&pos=0;205#pos=0;205

[8] Адат қонунлари – Кавказ ва Марказий Осиёда яшовчи халқлар орасида мажбурий деб тан олинган ёзилмаган қонунлар, ахлоқий тамойиллар, қоидалар мажмуи. Адат қонунларига кўра, уни ўзгартириш, қўшимчалар киритиш, кимгадир жазо бериш ёки оқлаш уруғ оқсоқоллари томонидан амалга оширилган. Адат қонунларига кўпроқ кўчманчи халқлар амал қилиб келган.

[9]  NEET (Not in Education, Employment, or Training) – маълумотсиз, ишсиз ва профессионал тайёргарликка эга бўлмаган ёшлар.

[10] Ежегодный отчет Министерства информации и общественного развития Республики Казахстан по реализации национального проекта «Ұлттық рухани жаңғыру» на 2021–2025 годы (март 2023 года) https://online.zakon.kz/Document/?doc_id=39161154&pos=3;-104#pos=3;-104

[11] Закон Республики Казахстан от 11 июля 1997 года №151-I О языках в Республике Казахстан. https://online.zakon.kz/Document/?doc_id=1008034&pos=5;-106#pos=5;-106

[12] Трехъязычие как один из приоритетов современного образования Читайте льше: https://www.nur.kz/family/school/1618075-trekhyazychie-kak-propusk-v-bolshoy-mir/.

[13] Назарбаев Н. Взгляд в будущее: модернизация общественного сознания. https://www.akorda.kz/ru/events/akorda_news/press_conferences/statya-glavy-gosudarstva-vzglyad-v-budushchee-modernizaciya-obshchestvennogo-soznaniya

[14] Итоги Национальной переписи населения 2021 года в Республике Казахстан. stat.gov.kz. Дата обращения: 2 сентября 2022.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//