
50 йилдан зиёд ижоди давомида 600 га яқин қўшиқ яратган Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори, “Фидокорона хизматлари учун” ҳамда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби, ўзбек санъати афсонаси, тенгсиз бастакор, ўз номидаги ижод мактаби асосчиси Шерали Жўраев 4 сентябрь куни 77 ёшида бу оламни тарк этди. Бу мудҳиш хабар бутун халқимизни чуқур қайғуга солди. Ижтимоий тармоқлар ҳамдардлик ва таъзия изҳорлари ёмғири остида қолди. Хотирловчилар рўйхатида давлат раҳбаридан тортиб минглаб оддий мухлислар номини ҳам учратиш мумкин. Oyina.uz бир ҳовуч ёмғирдан сизга ҳам улашади.
Шерали Жўраевсиз қолаётган ўзбек қўшиқчилиги…
Ҳамдардлик изҳорларида, аввало, ҳофизнинг ижоди ва ўзбек санъатида тутган ўрни ҳусусида атрофлича фикрлар бор. Президент Матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ҳамдардлик номасида “Шерали Жўраев ўзининг ноёб истеъдоди, бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати билан юзлаб ёрқин қўшиқлар яратиб, халқимиз ўртасида муносиб обрў-эътибор топди. Мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг кўплаб шеърий намуналарини куйга солиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг “олтин фонди”ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшди”, дейилади. Маданият вазири Озодбек Назарбеков эса оъзбек миллий қўшиқчилик санъатига ҳаётини бахшида этган ҳофизнинг фавқулодда ноёб овози, ижро этган қўшиқлари ҳар бир хонадонга, ҳар бир юракка кириб борганини ва қалбларни забт этганини эътироф этади. Умуман олганда, марҳумнинг ижодий меросини мадҳ этиш борасида фикрлар умумийлиги мавжуд.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг фикрига кўра, бир “чўпоннинг боласи” халққа шунча нарса берди… У қўшиқчилигимизда инқилоб қилди… Шоир Фахриёр эса Шерали Жўраев шахсини “кимлигини кўрсата олган ва миллат ҳофизи қанақа бўлишига оид “планка”ни осмон қадар юксакларга кўтариб кетган инсон”, дея таърифлайди. Ёзувчи Фурқат Алимардон буюк санъаткорни ўзбек қўшиқчилик санъатининг чинакам қояси дея эътироф этади. У буюклар вафоти билан боғлиқ ҳиссиётларини ҳам ифодалашга уринади: “Бирор улуғимиз вафот этганда юрагим ҳувиллаб қолгандек туюлаверади. Ўша улуғлар мансуб соҳаларни ғариб қолгандек ҳис этаман. Абдулла Ориповсиз қолган ўзбек шеърияти, Баҳодир Йўлдошевсиз қолган ўзбек режиссураси, мана энди Шерали Жўраевсиз қолаётган ўзбек қўшиқчилиги…”
Фикрларда умумийлик бўлса-да, муаллифлар ранг-баранглигини эътироф этмай иложимиз йўқ. Таниқли иқтисодчи, блогер Беҳзод Ҳошимов ҳофизни мустақиллигимиз ва давлатчилигимизнинг муҳим устунларидан бири дея баҳолайди. Ўз фикрини изоҳлаган муаллифнинг айтишича, унинг мамлакат учун қилган “сиёсий ҳиссаси” Олий Советдаги фаолиятида эмас, санъати орқали бўлган. Чунки Жўраев ўзбекистонликлар туғилганидан бери уларнинг ҳаётида мавжуд бир фигура сифатида гавдаланади ва ўз санъати орқали “миллат оталаридан бири”га айланишга улгурган. “Биз Ўзбеклар учун Шерали Жўраевнинг санъати мамлакатимизнинг ажралмас рамзлари, байроқ, герб, мадҳия ва ош-палов устида йиғилишдек, табиий ва ажралмас бўлиб қолган”, деган мазмундаги эътирофи билан фикрини тўлдиради.
Яна бир блогер Шаҳноза Соатова Шерали Жўраевни шоирлик хусусиятига эътибор қаратади. Шунингдек, марҳум санъаткорни “сўз билан, куй билан тасвир ярата оладиган, уни кўз олдингизда худди сув юзида қалққан аксдек чизиб бера оладиган ноёб даҳо эди. Шунчаки ҳофиз эмасди. Ундан каттароқ, миқёслироқ шахс эди”, дея таърифлайди.
Аксарият хотирловчилар ижодкорнинг мумтоз сҳэъриятга муносабати, Навоийни севиши ва қадрлаши хусусида ҳам фикрлар билдиришган. Хусусан, журналист Ҳусан Карвонли “Навоий, Бобур, Огаҳий, Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Низомий, Фузулий, Махтумқули, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон... Деярли ҳамма буюк шоирлар шеърларини қўшиқ қилган бошқа ҳофиз борми? Менимча, йўқ. Шерали Жўраев буюклигининг бир сабаби шул”, дейди ҳамдардлик изҳорида.
Умуман олганда, Шерали Жўраев ҳар бир ўзбекнинг юрагида. Беҳзод Ҳошимовга ўхшаган инсонлар уни “4-синфда таниган”, блогер Муҳрим Аъзамхўжаевга ўхшаган инсонлар эса ёш ўтгани сайин унинг “қандай зўр санъаткор бўлганини, қандай ўлмас қўшиқлар айтганини” англаб етаверади.
Ўжарроқ одам…
Изҳорларга бирма-бир кўз ташласангиз, мазмун тарозисида ижодкорнинг санъати асосий ўринни эгаллаганига гувоҳ бўласиз. Айни пайтда Шерали Жўраевнинг шахсияти борасида ранг-баранг фикрлар мавжуд. Кимдир унинг ҳақиқатгўйлиги ҳақида гапирса, кимдир кучли масъулиятини эътироф этган.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг фикрига кўра, Жўраев ўжарроқ одам бўлган ва айнан мана шу хусусияти сабаб кўп жабр-у жафолар чеккан. Хонанда ўзаро шахсий муносабатлари ҳақида ҳам икки оғиз айтган: “Буюк санъати борлиги учун “устоз” деб билдик, лекин ижод борасида мен уларга сапчиб қолардим… Улар меникини кўтарардилар…”
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ижодкорнинг чексиз қобилияти ва ўта изланувчан бўлганини эътироф этган бўлса, журналист Аброр Зоҳидов ўзидан олдинги барча хонандаларнинг ҳурматини жойига қўйиб, “устоз” деб атаганига урғу беради.
Интернет фойдаланувчиларидан бирининг фикри ҳам ўзини оқлайди. Шерали Жўраев ўз муаммолари ва ҳиссиётларини оммага олиб чиқмаган, дардини дастурхон қилмаган, ўзига нисбатан бўлган ноҳақликларга ҳам тайинли муносабат билдирмаган – фавқулодда санъат ва шахсий ҳаётини бир-бирига аралаштирмаган, вазмин одам эди.
Тележурналист Шоира Шагиаҳмедованинг хотиралашига кўра, ҳофиз ўзи билан бирга ҳамкорлик қилган санъаткорлар ҳақидаги кўрсатувларда фаол иштирок этган. Яхшилиги теккан инсонларни сира унутмаган ва кимларнингдир наздига кўра “кибрли бўлмаган”.
Facebook фойдаланувчиси Элёр Алимовнинг ижодкор билан боғлиқ хотираси ҳам эътибор тортади. Унинг айтишича, Шерали Жўраев ўртамиёна, ойлик даромаддан кун кўрадиган оиланинг тўйида хизматда бўлган ва уй эгаларининг касб-корини билгач, келишувдаги сумманинг ярмини қайтариб берган.
Юртдошларимизнинг аксарияти буюк санъаткор табиатига “ғурурли ва асосийси, “пахта қўймайдиган” дея таъриф беради.
“Худбинлик” қурбони…
Аксарият хотирловчилар Шерали Жўраевнинг тақиқда ўтган даври хусусида ҳам фикрлар билдиришган. Ўйлаймизки, бу қолдирилган изоҳлардаги учинчи мазмун. Маълумот учун, 2002-2016 йилларда Шерали Жўраевнинг қўшиқлари намойиши ўзбек телеканалларида батамом тўхтатилган.
“Агар эътибор берсангиз, у энг сермаҳсул даврида катта консертлар бермади, у учун “Халқлар дўстлиги”, “Туркистон” ёки бошқа санъат саройларининг эшиклари доим ёпиқ эди… Каримовнинг характери жуда оғир эди. У кимнидир ёмон кўриб қолса, бошқа кечирмасди, кек сақлаб юраверарди. Лекин, эшитишимча, Каримов ҳам Шерали Жўраевнинг қўшиқларини яхши кўрган. Шундай бўлса-да, уни тўлиқ кечирмаган ва саҳнага қайтармаган”, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Шоир Фахриёрнинг хотираларига кўра, ижодкорни тақиқдан чиқаришга бир неча бор уринишлар бўлган: “Устоз Мурод Муҳаммад Дўст – Ислом Каримовдан Шер ака тақиқда бўлган пайтлари, ҳеч бўлмаса, ашулалари радиода кецин деб рухсат олиб беришга жазм қила олган инсон. Бу бизга байрам бўлган ва Республика радиосида ҳофизнинг қўшиқларини эфирга қўйишдан роса хурсанд бўлган эдик. Шер аканинг қўшиқларини эфирга қўйиб туришни Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбари ҳам Жиззах вилояти ҳокими бўлиб юрган кезлари илтимос қилган”.
Шерали Жўраев ҳаётлик даврида журналист Рустам Жабборовга интервью беради ва буни қарангки, унинг сўзларида Ислом Каримовга нисбатан адоватни сезмайсиз. Санъаткор биринчи президент билан бирга Маккада муборак Каъбатуллоҳнинг ичига кирганини эслайди. У кишининг жуда кўп фазилатларига гувоҳ бўлганини айтиб, ҳақига дуо қилади.
Талқин турлича, юртдошларимиз орасида кимдир бу ҳолатни “худбинлик” деб таърифлайди, кимдир “санъаткорларга қаттиққўл бўлиш керак” деган фикрни ўртага ташлайди.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса буюк ижодкорларнинг тақиққа учрашини танқид қилган ҳолда айтадики, дунёда увол деган тушунча бор. Сув уволи, нон уволи. Энг каттаси Инсон ҳаётининг увол бўлиши. Бунинг савол-жавоби оғир бўларкан. Сабоқ қилишимиз даркор, бундай ҳолатлар бошқа такрорланмасин…
Хулоса ҳар кимнинг ўзида. Оъзбек миллати учун муҳим тарихий шахс бу дунёни тарк этди ва шу сабабдан муҳокамалар, хотиралар ва ҳамдардлик изҳорлари ҳануз давом этмоқда. Кўп сонли юртдошларимиз фикри билан айтганда, Шерали Жўраев ўзининг юзлаб нодир қўшиқлари билан қалбимизда, хонадонларимизда, ўзбек санъатида яшашда давом этади.
Сирожиддин РУСТАМОВ,
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ