Устюрт шерларини ким олиб кетган?


Сақлаш
16:55 / 06.09.2023 760 0

Юртимизда давлат муҳофазасига олинган жуда кўп тарихий обидалар бор. Уларнинг аксарияти мустақиллик йилларида қайта таъмирланган. Бироқ ҳали ноёб тарихий ёдгорликлар борки, улар оммага эълон қилинмаган, эътиборга муҳтож. Масалан, Устюрт даштидаги Осиё ва Европа қурилиш анъаналарини ўзида жам қилган Белеули карвонсаройи (XXIV аср) ҳам давлат муҳофазасига олинган. Бу ерда 1940 йилларда С.П.Толстов бошчилигидаги экспедиция археологик тадқиқот ишларини олиб борган. Ундан кейин ҳам тадқиқотлар давом этган. У кезларда ёдгорликнинг сақланиш ҳолати бир мунча яхши бўлган. 3 йил олдин Белеули карвонсаройига борганимизда карвонсарой пештоқи қулаб тушганига гувоҳ бўлдик. Карвонсарой пештоқида Шердор мадрасасидагидек (Самарқанд) иккита шернинг бўртма тасвири бор бўлиб, бу кўплар учун қизиқ эди. Шерлар ғойиб бўлган.

 

 

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига қараганда, чет эллик сайёҳлар карвонсарой пештоқидаги иккита шер тасвири ифодаланган терракотани қўпориб, ўзлари билан олиб кетган. 1000 йиллик ноёб ашёнинг юртимиздан олиб чиқиб кетилгани ачинарли ҳол. Белеули карвонсаройида мазкур жойнинг тарихий обида эканини билдирадиган бирон белги ёки маълумот йўқ эди. Шундан сўнг биз бу обиданинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган, киритилмаганлигини текширишга киришдик. Xайрият, рўйхатда бор экан. Қолган қисмини сақлаб қолиш учун обида олдига “Давлат муҳофазасига олинганлиги”ни билдирувчи белги қўйиш кераклиги ҳақидаги таклифимизни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига жўнатдик. Улардан жавоб хати келмади.

 

Орадан уч йил ўтиб Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва бир гуруҳ тарихчилар ҳамкорликда яна Белеули карвонсаройига борадиган бўлдик. Ҳар эҳтимолга қарши обида олдига давлат муҳофазасида эканини билдирадиган белгини ўрнатиш учун тайёргарлик ҳам кўриб бордик. Кутганимиздек, белгини ўзимиз ўрнатдик. Бу билан тарихий обида сақланиб қолади, ҳеч ким зиён етказмайди, ноёб ашёларни топиб ўғирламайди, дея олмаймиз, албатта. Ҳар холда шу юртнинг тарихини севувчи бир фуқароси сифатида кўнглимиз бироз хотиржам бўлди.

 

 

Қилган ишимизни билдирмоқчи эмас эдик. Бироқ бу каби ишларнинг масъулдорларига туртки, дарс бўлсин умидида ёзмоқдамиз.

 

Ушбу сафаримизни ташкил қилишда ёрдам берган Республика Маънавият ва маърифат маркази Қўнғирот тумани бўлинмасига, Ёшлик маҳалласи оқсоқолига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Бекзод АБДИРИМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Хоразм вилояти бўлими раҳбари

 

 

Oyina.uzни кузатиб боринг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//