
Туркистоннинг ўтроқ ва кўчманчи халқлари миграция натижасида ўзаро интеграцияга киришиб, ассимиляциялашиб борган. Ушбу жараённи илмий асосда таҳлил қилишда сиёсий ва маданий омиллар кенг ёритилган бўлсада, экология ва иқлим ўзгариши каби табиий омилларга оид тадқиқотлар ҳанузгача етарли эмас.
ХХI асрда илм-фаннинг ютуқлари тарихий жараёнларни табиий-географик ва иқлимий факторлар билан боғлиқ ҳолда ўрганишга катта ёрдам бермоқда. Иқлим ўзгаришларининг глобал тарихга таъсири борасидаги илк назарий ёндашувлардан бири британиялик метеоролог Ҳуберт Ҳорас Лемб томонидан 1965 йилда илгари сурилган бўлиб, у «Ўрта асрларнинг иссиқ даври» (Mediavel Warm Period) атамасини илм-фанга киритди. Шундан сўнг иқлимнинг инсон тарихи ва геосиёсий ҳаракатларга таъсири борасида кенг қамровли тадқиқотлар амалга оширила бошланди.
Ўрта асрларнинг иссиқ даври (MWP) тушунчаси
Иқлимшунос олимлар томонидан илгари сурилаётган MWP (Ўрта асрларнинг иссиқ даври) Х-ХIII асрларни ўз ичига олади. Бу назарияга кўра иқлим бу даврда ундан олдинги ва кейинги даврларга нисбатан анча иссиқ ва қуруқ бўлган. Туркистон ҳудудидаги иқлимий шароит бутун тарих давомида асосан Атлантика ва Ўрта ер денгизи минтақасидан келадиган ҳаво массалари билан боғлиқ бўлган. Бу ерларда шаклланган булутлар ҳаво массалари минтақага кириб келгунга қадар ўзининг асосий намлик массаларини сарфлаб бўлади ва деярли континентал характерларни шакллантиради.
Марказий Осиёнинг жануби ва шарқидаги Ҳиндикуш, Помир, Тангритоғ (Тяншан) эса жануби шарқдан Ҳинд океанида шаклланадиган муссон иқлимдан тўсиб туради. Шу сабабдан ҳам ҳудуддаги иқлимий шароит: хусусан ёғинлар миқдори ва интенсивлиги асосан Атлантика океанида тарих давомида юз берган ўзгаришларга чамбарчас боғлиқ . Айнан Атлантика океанидаги иқлимнинг исиши ва континенталлашуви Туркистонда ҳам Х-ХIII асрларда иқлимнинг исиши ва қуруқлашишига олиб келган.
Марказий Осиёнинг ғарбий қисми ҳисобланган Орол денгизи ҳавзасида иқлимшунослар Х-ХIII асрлар давомида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва ҳавонинг қуруқлашиб кетганлигини бир қанча лаборатория усуллари орқали исботлашга ҳаракат қилган. Айнан мазкур давр Туркистонидаги тарихий жараёнларга эътибор қаратар эканмиз бу ердаги миграция жараёнлари билан иқлим ўзгаришларидаги параллелликни сезиш мумкин. Қуйида Туркистонда ўрта асрларнинг иссиқ даврида юз берган сиёсий жараёнларни кўриб чиқамиз.
Қорақум ва Қизилқум, Устюрт, Дашти Қипчоқ каби чўл ва даштларда азалдан кўчманчи қавмлар яшаб келган бўлса, тоғли минтақаларда лалми деҳқончилик билан шуғулланадиган, Амударё ва Сирдарё каби минтақанинг йирик дарёлари, Зарафшон, Мурғоб, Тажан, Қашқадарё, Сурхондарё, Қорадарё, Норин, Чирчиқ каби кичик дарёларнинг воҳаларида суғорма деҳқончилик билан шуғулланадиган ўтроқ аҳоли яшаб келган.
MWP омили Хоразм воҳасига таъсир қилганми? Қилган. Ажабланарлиси, бошқа минтақалардан фарқли равишда Хоразм воҳаси учун иссиқлик омили дастлабки даврда у қадар даҳшатли бўлмаган, балки айнан MWP омили Хоразм воҳасининг минтақадаги бошқа кучларга нисбатан кучлироқ бўлишига замин яратган. Бунинг сабаби Хоразм воҳаси иқтисодиётининг деҳқончиликка, деҳқончилик эса йиллик ёғингарчиликка ва намчил ҳавога эмас, Амударёга боғлиқлигидир. Бутун дунёда ҳавонинг исиб бориши абадий музликларнинг кўпроқ эришига ва дарёнинг суви кўпроқ бўлишига сабаб бўлган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки Туркистондаги кўплаб кичик дарёларнинг сув манбаи қишда тушган қор ва баҳорги ёғингарчилик давомида шаклланган сув массасига боғлиқ ва одатда бу сел дарёлари ёз мавсумига келиб қуриб қолади.
Мақдисий ва бошқа сайёҳ ва тарихчиларга кўра, Хоразмнинг бош шаҳри Катни Х аср арафасида аста-секин сув босиб боради ва ниҳоят ювиб кетади. Айнан шу даврда Хоразмнинг яна бир пойтахти Журжония (Гурганч)ни ҳам сув босади. Урганчликлар шаҳарни дарё ювиб кетмаслиги учун ёғоч ва шоҳ-шаббалардан фойдаланиб тўғон қурган ҳамда дарё шарққа қараб оқа бошлаган.
Хоразмнинг икки пойтахтини ҳам сув босиши дарё сувини бошқариш имконсиз бўлиб қолганидан дарак беради. Ибн Ҳавқал, Мақдисий, Истахрий кабилар берган хабарларга асосланиб Амударёнинг бир қисми Х асргача Ўзбой орқали ғарбга, Каспий томон оққан.
«Жайҳуннинг асосий ирмоғи Нисо шаҳрининг ортидаги Балхан деган жойга қуйилар эди. Балхан амири Хоразм ҳукмдори билан қариндошлик алоқаларини ўрнатиб у билан қимор ўйнади. Хоразм ҳукмдори қиморда ютди ва келишувга кўра Балхан амири енгилса дарё сувини бир кун давомида улар тарафдаги ирмоққа қаратиши керак эди. У сўзида турди ва дарёни бир кун давомида улар тарафга оқишига рухсат берди. Дарё бурилди ва улар тарафга қараб оқа бошлади аммо энди дарёни эски ўзанига қайтаришга имкон бўлмади. Дарёнинг суви бугунгача шу тарафга қараб оқмоқда. Дарё Кат тарафга қараб оқаркан, хоразмликлар каналлар қазиб атрофига шаҳарлар бунёд қилдилар. Балхан сувсизликдан харобага айланди, деб ёзади Мақдисий.
Бу бир ривоят бўлсада, ундан Х асрда Амударёнинг қуйи қисмида кескин ўзгаришлар содир бўлганлигини билиш мумкин. Истаҳрий 930-933 йилларда Хоразмдаги 13 та шаҳарлар номларини келтирган бўлса, 985 йилда Хоразмга келган Мақдисий 32 та шаҳарлар номларини келтириб ўтган.
MWP омили абадий музликларни эритиб, Амударёда сувини кўпайтирар экан, унинг қуйи оқимида жойлашган Хоразмда деҳқончилик ва чорвадорлик ривожланади.
Ўғузларни кўчишига MWP’нинг таъсири
Айнан 950 йиллардан бошлаб Дашти Қипчоқдаги Ўғуз ябғулари конфедерациясида кўчманчи тарзда яшаётган ўғузларнинг Қуйи Сирдарё, Қуйи Амударё ва Бухоро воҳаси ҳудудларига кўчиши кузатилади. Бу борада британиялик тарихчи Эндрю Пекок чорвачилик асосий турмуш тарзи ҳисобланган ўғузларнинг кўчишига сабаб қурғоқчилик натижасида зарур бўлган ўтлоқларнинг камайиб кетганлиги дея фикр билдирган.
Бу вақтда Дашти Қипчоқ ва Устюрт даштларида иссиқ, қуруқ иқлим кучаяди ва чорва учун етарли биомасса бўлмайди. Натижада катта миқдордаги чорвага эга бўлган ўғузлар Салжуқийлар хонадони бошчилигида дастлаб Сирдарёнинг қуйи оқимига, сўнгра сиёсий низолар сабаб Нур қасабасига, у ердан Хоразмшоҳ Хорун таклифига кўра Хоразм воҳасига кўчади.
MWP шимолий Европада инсонлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатган бўлса, иқлими кескин континентал, ҳавоси иссиқ ва қуруқ Туркистон минтақасида аксинча бўлади. Ўғузларнинг Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонга шимолдан кириб бориши ҳам айнан Х асрнинг ўрталарига, яъни MWP бошланишига тўғри келади. Фикримча, Орол денгизи шимоли ва унинг атрофида VIII асрдан буён истиқомат қилаётган ўғузларнинг айнан Х асрнинг ўрталаридан бошлаб бу ерларни ташлаб кетишига фақатгина ҳарбий-сиёсий жараёнлар эмас, балки қурғоқчилик ҳам катта таъсир ўтказган.
Хусусан, Нишопурий ўғузлар Мовароуннаҳрга кўчишига уларнинг оилалари сони ортиб кетгани ва чорвалари учун ўтлоқлар камайгани асосий сабаблигини ёзган.
Х аср ўрталаридан ва ХI аср бошларигача ўғуз ябғулари орасида содир бўлган урушлар ҳам даштдаги ресурслар учун кураш эди. Яйловларга етарли ёмғир ёғмагани, ҳавонинг иссиқлиги сабаб бу ерларда кўчманчилик қилаётган халқларнинг ҳаёти оғирлаша боради. Даштда чорва учун етарли емиш топилмаслиги ўғузларнинг янги имкониятлар излашига туртки бўлади.
Ўғузлар ва Хоразм иттифоқи
Беруний қолдирган маълумотлар орқали, Х асрда ўғузлар Амударёнинг қуйи оқимига кўчиб кела бошлаганини билиш мумкин. Ўғузларга қарши кураш Х асрда яшаган хоразмликларнинг кундалик ишига айланиб қолади.
Беруний хоразмликларнинг Фағбура – «шоҳнинг чиқиш вақти» деган байрамини шундай тасвирлайди: «Бу байрамда (Иссиқ ҳаво кетиб совуқ ҳаво келиши вақти) Хоразм подшолари ўз қароргоҳидан чиқиб, ўғуз туркларини қувар ва мамлакат атрофини улардан ҳимоя қиларди».
Кўчманчилар чорвасини талофотсиз бир жойдан иккинчи жойга кўчириши учун Сирдарё ва Амударёнинг Оролга етмасдан бир-бирига қараб оққан Жанадарё ва Ақчадарё ўзанлари бўйларини энг муносиб жой деб топган. MWP омили Ақчадарё ва Жанадарё сувини кўпайтирган, натижада ўт-ўлан ўсган.
Хоразм ҳукмдорлари янги воҳаларни тез суръатларда ўзлаштириш имкониятига эга бўлмагач, кўчманчи қавмларнинг бу ерларга кириб келишига қаршилик кўрсатмаган. Салжуқийларнинг, қолаверса ўғузларнинг жануб томон кўчишидаги энг асосий йўл — Сирдарёнинг Жанадарё ирмоғи-Амударёнинг Ақчадарё(Бароқтом) воҳаси дейиш мумкин.
Хоразм ҳукмдорлари кўчманчи қабилалар билан иттифоқ тузиб, Ғазнавийлар таъсиридан чиқиш ниятида бўлган. Х асрдан бошлаб ўғузлар конфедерациясида ички низолар, исёнлар бошланади. Бу тартибсизликлар натижасида Салжуқ ибн Дукак ўзининг қиниқ уруғи қўшини билан Сирдарё бўйида жойлашган Жандни эгаллайди. Тадқиқотларга кўра, Салжуқнинг бу исёнига қарши ҳеч ким жавоб бера олмайди.
Салжуқийлар давлати асосчиси Салжуқ ўз уруғдошлари билан Жандга ўрнашгач, ислом динини қабул қилишга қарор қилади ва Хоразмнинг Зандак шаҳрига элчи юборади.
Абул Фараж бу борада Салжуқнинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Агарда биз яшамоқчи бўлган юртнинг дини ва урф-одатларини қабул этмасак, унда бизга бу ерда ҳеч ким илтифот кўрсатмас».
Шундан сўнг Сажуқнинг вакили Зандак шаҳри ҳокимидан Ислом динининг қонун-қоидаларини тушунтириб бера оладиган ҳамда ваъз ва насиҳат этишга уқувли одам юборишни сўрайди. Ҳоким ўз имомини динни янги қабул қилувчилар учун кўп сонли совғалар билан жўнатади.
Салжуқ ибн Дукак 1025 йили Маҳмуд Ғазнавийга мактуб йўллаб, Амударёдан жанубга ўтишга изн сўрайди. Салжуқларга Обивард ва Нисо ҳудудларига ўрнашишга рухсат берилади. Бу орада Салжуқ ўғилларига Хоразмшоҳ Хорун алоқага чиқиб ҳамкорлик таклиф қилади. Яъни, 1017 йили Хоразмдаги Маъмунийлар сулоласини тугатган Маҳмуд Ғазнавий ўзининг қўмондонларидан бири Олтинтошни Хоразмга ноиб қилиб тайинлаган эди. Олтинтошнинг ўғли Ҳорун Маҳмуд Ғазнавий ўлимидан сўнг тахтга ўтирган Масъудга бош эгишни истамайди ва султон Масъудга қарши Бухоро атрофида жойлашган Салжуқнинг ўғил ва неваралари Туғруль, Чағри, Иброҳим Инол бошчилигидаги Салжуқий туркманлар билан иттифоқчиликка келишиб олади.
Абул Фазл Байҳақий бу ҳақда шундай ёзади: «Салжуқийлар кўп лашкар, чодир, туя, от ва сонсиз қўй-қўзилар ила Ҳоруннинг ёрдами билан Хоразм ҳудудига келди. Уларга Моша работи ва Шўрахондан яхши жойлар ва ўтлоқлар берилди ҳамда кўп ҳадя ва эҳсонлар юборилди. Кейин Ҳорун айтдики, истироҳат қилинглар, чунки мен Хуросонга қараб йўлга чиқяпман ва тайёргарлик кўрмоқдаман. Мен ҳаракатланганимда сизлар бу ерда манзилгоҳларингизни ўрнатиб, менинг олдимда боринглар».
Салжуқийлар бу ерга соғ-саломат ўрнашади. Ҳорун салжуқийлар билан биргаликда Хуросон сари юришни бошлайди. Аммо Ҳорунга қарши султон Масъуд тарафдорлари томонидан 1135 йил май ойида уюштирилган суиқасд оқибатида барча режалар барҳам топади. Хуросон сари йўлга чиққан Хоразм қўшинида пароканда бўлади ва ортга қайтади. Бироқ, салжуқийлар йўлида давом этиб, Хуросонга кириб боради.
Салжуқийлар Хуросон учун ғазнавийлар билан жанг қилиб, ғалабага эришади. Бу ғалабадан илҳомланган салжуқийлар Хоразмни ҳам, Сирдарё бўйидаги шаҳарларни ҳам эгаллайди. Шундан сўнг кучга тўлган ўғуз-туркман уруғлари Эрон орқали Кичик Осиё томон юриш бошлайди.
Шундай қилиб, ўғузларнинг катта қисми Салжуқийлар сафида Мовароуннаҳр ва Хоразм, ундан Хуросон сари ҳаракат қилган бўлса, бир қисми бижанаклар ортидан Шарқий Европага кетади. Даштда қолган ўғузлар эса бу ернинг янги хўжайини бўлган қипчоқлар таркибига сингиб кетади.
Хоразм атрофида ҳам маълум миқдорда ўғузларнинг қолиши келажакда бу ердаги этномаданий жараёнларга жиддий таъсир ўтказади.
Хулоса
Ўрта асрларнинг иссиқ даври (MWP) Туркистон ҳудудида икки хил ҳолатни пайдо қилди: Дашти Қипчоқда кескин қурғоқчилик бошланди, Зарафшон ва Амударё бўйларида эса серсув муҳит яралди. Дашти Қипчоқдаги қурғоқчилик дашт чорвадорлари учун энг муҳим бўлган нарса – яйловлар етишмовчилигини келтириб чиқарди. Яйловлар етишмаслиги ўғузларни янги ўтлоқларни қидиришга мажбур қилди.
Амударё сувининг кўтарилиши Ақчадарё сувини кўпайишига олиб келган. Бу эса Бароқтом воҳасини жонлантирган. Натижада, Дашти Қипчоқдаги ресурслар етишмовчилигидан азият чекаётган ўғузлар бу ҳудуд орқали жанубга томон миграцияни амалга оширган.
Бекзод Абдиримов
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Адабиёт
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ