XIX асрда “Худо ўлди”, XX асрда “инсон ўлди” деган муаммо ўртага чиқди – юксак ва оммавий адабиёт баҳси


Сақлаш
17:09 / 04.09.2023 573 0

XX аср олам ва одам тўғрисидаги неча минг йиллик ахлоқий қарашларда, қадриятларда, санъат ва маданиятда кескин ўзгаришлар юз берган давр сифатида ҳам тарихга кирди. Ўзининг илгариги қиёфасини йўқотган дунё глобаллашув суръатларига мос равишда шитоб билан ўзгара бошлади. Дунё миқиёсида инсонга оид тушунчалар, ҳаёт моҳияти, умр мазмуни ҳақидаги анъанавий ахлоқий қарашлар тизими деформацияга учрамоқда. Олдин руҳият, маънавият билан боғлиқ жиҳатлар улуғланган бўлиб, инсон моддий борлиқдан кўра идеал борлиққа кўпроқ ишонар ва ундан ўзига юпанч, маънавий таскин ахтарарди. Аммо XVIII асрда Ғарбда ниш урган “эркинлик фалсафаси” идеал ва унга асосланган ахлоқни барбод қилишга қаратилди. Асрлар давомида фан устидан ҳукмронлик қилиб келган диний қарашлар ўз ўрнини илмий билимларга бўшатиб берди. Инсон ягона халоскор сифатида ақлни кўра бошлади. Илм-фаннинг дастлабки одимларида инсон ўзини ҳокими мутлақдек тасаввур эта бошлади. Инсоннинг яшаш муҳити, дунёқараши, руҳияти, мавжуд реалликни қабул қилиш тарзи ўзгарди. Ғарб дунёси эса ўз илдизларидан воз кечиш йўлини ихтиёр этди. Ушбу йўл маънавий ибтидони ҳам диний, маданий, жинсий айниятларни ҳам инкор этувчи йўл эди. Буларнинг барчаси бугун содир бўлмоқда.

 

Олимлар “Ҳар қандай онгли инсон, тақдирга тан бериб, стихияли яшаши керак эмас, балки глобаллашувнинг маъно ва моҳияти нимада, у инсон ва инсониятга нима олиб келди, глобаллашувнинг меваси бўлмиш умумбашарий тартибсизланиш (хаос) шароитида инсон, жамият, давлатлар тўғри йўлни қандай топиши мумкин каби саволларга тинимсиз жавоб излаши зарур” (Қаҳҳорова Ш. Глобал маънавият ва глобаллашувнинг  ғоявий асоси. Т.: Тафаккур, 2009. Б. 20)лигини таъкидлашмоқда. Жамиятдаги ўзгаришлар тафаккуримиздаги ўзгаришларнинг ҳосиласидир. Футуролог олим Э.Тофлер “Келажак билан тўқнашув” асарида бугунги вазиятни “Ҳаётимиз қаърида етилиб келаётган аллақандай ғалати янги жамият” деб атайди. Бугунги маънавий атмосфера, ахборотлашган асримиз кишиларининг руҳияти, тобора майдалашиб бораётган шахсияти ва унинг давримиз адабиётидаги акси хусусида сўз юритишдан олдин бу масаланинг келиб чиқиш сабабларига тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳар қандай инқирознинг сабаби ҳеч қачон битта бўлмайди. Бу ҳолатни бир неча омиллар билан изоҳлаш мумкин:

 

1. Асрлар давомида фан устидан ҳукмронлик қилиб келган догматик қарашлар ўз ўрнини илмий билимларга бўшатиб берди. Ақл инсоннинг ягона нажоткорига айланди. Илм-фаннинг дастлабки одимларида инсон ўзини ҳокими мутлақдек тасаввур эта бошлади. “XIX асрдаёқ Европадаги вазиятни қомусий билимга эга кишилар белгилай бошлашди. Бироқ XX асрда ихтисослашув маданиятга қараганда кўпроқ аҳамиятга эга бўла борди. Натижада ўзи иш олиб борадиган тор соҳанигина билувчи олимларнинг янги типи пайдо бўлди” (Ортега-и-Гассет Х.Дегуманизация искусства. М.: 1991. С. 138). Қомусий билим соҳиблари ўрнини фақат ўз соҳасини яхши билувчи мутахассислар эгаллади. Фанлар ўртасида кечган дифференцияллашув оқибатида билим яхлитлигига путур етди. Бу кўҳна  Шарқ ривоятидаги фил ҳақида тасаввур ҳосил қилишга уринган, лекин битта узвнигина англаб етиб, уни фил дея даъво қилаётган кўрларнинг (“Кўрлар ва фил” ҳикояти) ҳолатини эслатади. Олам моҳиятини, жавҳарни билиш учун эса биргина йўл билан ҳаракат қилиб бўлмайди;

 

2. Ўтган асрда гувоҳ бўлинган бир эмас, икки “совуқ уруш” инсоният тафаккурида, анъанавий қарашларида ўзгаришлар ясади. Жаҳон урушлари инсоний қадриятларга зарба берди. Одамларни тушкун кайфият эгаллаб олди. Дастлаб исён кўринишида бўлган норозиликлар “жинсий эркинлик” каби ҳуқуқларни талаб қилиш билан алмашди. Бу ҳозир мутлақ эркинликни талаб қилиб чиқаётган гуруҳларнинг дастлабки одимлари эди. Оммавий норозиликлар натижасида анаъанавий ахлоқий меъёрлар қайта баҳолана бошлади. Ҳаётдан ҳафсаласи совиган, эртанги кунга ишонч ҳисси сўнган, яшаш маънисиз деб топган оломон  моддиятни маънавий қадриятлардан устун қўя бошлади.  Девид Ҳюм “Шубҳапараст” номли асарида инсонлардаги мана шунга ўхшаш ҳолатга изоҳ бериб шундай дейди: “Афинада ўлат тарқаб, ҳар ерда ўлим шарпаси кезиб юрганида, тийиқсиз ишратга берилиш, ҳаёт экансан, ўйнаб қол дея иш тутиш кишилар ўртасида кенг тарқади. Боккаччо ҳам Флоренцияда тарқалган ўлат билан боғлиқ айни йўсиндаги воқеани кузатади. Аскарларни уруш даврида ғалаён ва талончиликка ундайдиган ҳам айни мана шу тамойилдир. Ҳозирги лаззат ҳаммасидан муҳимроқ...” Ҳаётга айнан мана шу тарздаги муносабат инсонни юқори даражадан қуйига – тана истаклари билан ҳарактланувчи махлуққа айлантиради. Урушдан кейин “буюк депрессия” даври узоқ давом этди. “Уруш сабаб руҳан эзилган ва жисман толиққан, оч-юпун, бахтсиз одамларга хаёлий бахтли турмушни кўрсатувчи, эҳтиросли севги кечинмаларини тасвирловчи асарлар зарур эди. Уруш асоратларини бартараф этиш билан оввора Европа бундай маҳсулотларни ишлаб чиқара олмасди. Америка оммавий маданияти шўрлик европаликлар қалбига гўёки “малҳам” бўлди, динга ўхшаб руҳий конпенсаторлик вазифасини бажарди” (Эркаев А. Курашади икки тўлқин... // Тафаккур, 2013, 3-сон. Б. 16.). Талабга яраша таклиф принципи ишга тушди. Шу ўринда бир нарсани эслаб ўтиш жоиз. Америка кино индустрияси ­Голливудда бирор фильм ишланишдан олдин мутахассислар томонидан омма қизиқишлари ва талаблари ўрганиб чиқилади ва хулосага қараб фильм ишланади (Ҳақиқий санъат намунаси бўлган фильмлар бундан мустасно). Бунда санъат асари инсонни юксак даражага кўтариш ўрнига ўзи уларнинг даражасига тушади. Дунё ва маҳаллий бозорларда “бестселлер” бўлиб, муаллиф ва ноширлар фойдасига хизмат қилаётган айрим “асарлар” ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу нарса оммавий дидсизлашиш бўлиб, бунда санъат асари қиммати одамларга нимадир бериши билан эмас, қанча фойда келтириши билан ўлчанади. Бу жараён санъатнинг саноатлашувидир. Билим, ақлий салоҳият товар муносабатларининг ўрнини эгаллай олмай, аксинча, ўзи товарга айланиб бормоқда;

 

3. Кейинги асрларда инсоният аввалги аждодларига қараганда эркинроқ, цивилизация қулайликлари туфайли яхшироқ ҳаёт кечиришга ўтди. Улар ҳамма муаммоларга цивилизация орқали ечим топа олишига ишондилар. “Инсон янги бир сиёсий тизим барпо этди – бу тизим шахснинг эркин ва самарали ривожланишини кафолатлайдигандай кўринган эди. Инсон иш кунининг вақтини қисқартирди ва бўшаган вақтларидан ҳузур қилиб, ўз билганича фойдаланиш имконига эга бўлди. Бунақа неъматни унинг аждод-авлодлари етти ухлаб тушларида ҳам кўрмаган эди” (Фромм Э. Инсоннинг ҳозирги ҳолати // Жаҳон адабиёти. 2000, март. Б. 105.). Объектив оламда рўй бераётган ҳодисалар асосида инсон тушунчалари ва дунёқараши шаклланади. Инсонлар мавжуд ҳолатга мослашиб бораверади. “Инсоннинг феъл-атвори инсон ўз қўли билан барпо этган дунёнинг таъсирида шаклланди”, дейди Э.Фромм. Бу гапда жон бор. “Янги индустриал цивилизациянинг барча ютуқлари ижтимоий ҳаётни имкон қадар енгил, ёқимли, ташвишсиз қилишга буткул йўналтирилганди, бироқ маиший турмушда рўй бераётган ўзгаришлар янги оммавий киши онгу шуурида, унинг руҳий ҳолатида акс этмай қолмасди” (Восстание масс / Х. Ортега-и-Гассет. Эстетика. Философия культуры. М.: 1991. С. 257.). Инсонларда истеъмолчилик кайфиятининг кучайиши, ўз “мен”ини тафтиш қилишга у қадар эҳтиёжманд эмаслиги бугун ҳақиқатдир. Борган сари автоматлашаётган замонда инсонларнинг интеллект даражаси юқориламоқда. Лекин унда идрок, ҳис қилиш сусаймоқда. Инсон ўз-ўзини тафтиш қилиб, атрофида бўлаётган воқеликка муносабат билдира олиши билан аҳамиятли. Э.Фромм инсон ахлоқи масаласини таҳлил қилар экан, “Гарчи ишлаб чиқариш, маиший қулайликлар ортиб бораётган бўлса-да, одамнинг ҳис қилиши ўтмаслашиб, ўзи англамаган ҳолда ҳаётининг маъносизлигини ҳис қилади. XIX асрда “Худо ўлди” деган муаммо кўндаланг бўлган эди. XX асрда “инсон ўлди” деган муаммо ўртага чиқди. XIX асрда инсонийликдан маҳрумлик шафқатсизлик деган маънони билдирарди. Ўтмишда одамларни қулга айланиб қолишидан қўрққан бўлсалар, келажакда одамларнинг роботга айланиб қолишидан хавотир олмоқ керак бўлади. Инсон табиатига зид ҳаёт телбаликка олиб келади. Алалоқибат, улар ўз дунёларини ўзлари вайрон қилади. Чунки маъносиз ҳаёт аламига дош беролмайди”, деган эди (Фром Э. Инсоннинг ҳозирги ҳолати // Жаҳон адабиёти, 2000 йил март. Б. 111.). Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достонидаги оби ҳаёт билан боғлиқ афсонадаги мангу яшашга интилиш ҳам, аслида, инсоннинг чегара билмас, тийиқсиз истаклари ифодаси эди;

 

4. Санъатда, адабиётда, умуман инсон ҳаётида идеалнинг йўқолиб бораётганлиги. Шу ўринда, Ю.Боревнинг кейинги ўн йилликларда бирорта ҳам буюк асар яратилмагани сабабини ҳаётнинг олий мақсад ва идеалларсиз қолгани билан изоҳлаганида жон бор. Эстетик идеал юксак интилишларнинг чўққиси, олий мақсад, ўрнак сифатида жуда улкан ўринга эга. Эстетик идеал – бадиий образнинг ижодкор тасаввуридаги кўриниши. Санъат асаридаги эстетик идеал жамият ҳаёти учун муносиб шахсни тарбия қилишда муҳим ўрин тутади. Густав Лебон “Оломон психологияси” асарида омма масаласини теран таҳлил қилар экан, унинг кучини цивилизацияни вайрон қилувчи варварларга тенглаштирган. Оломон жиззаки ва жаҳолатпарастликка мойил. Унинг оломонга айланишига асосий сабаби эса идеалсиз яшашга ўтганганлигидир (Лебон Г. Психология народов и масс. – СПб.: макет, 1995. С.316.). Инсон тафаккури оламни тўла англаб етишга интилади. У ўзи етиб келган чегарадан нарини турли гипотезалар ёрдамида англашга ҳаракат қилади: “Оламни яхлит манзарасини яратишга ҳаракат қилган инсон етишмаган билим ва тасаввурлар ҳалқасини турли фаразлар, эҳтимоллар, ўзи ўйлаб топган фантастик тасаввурлар ёрдамида тўлдиради. Бу фаразлар баъзан иррационал, мистик мазмун касб этади” (Эркаев А. Тафаккур эркинлиги. Т.: Маънавият, 2007. Б. 110). Инсонлар ҳаёт ўткинчи эканига кўника олмайди. Бандада диний билимлар етарли бўлса, бу ҳолатга йўл қўйилмайди. Динда (санъатда, адабиётда ҳам) мавжуд конпенцаторлик функцияси инсонга таскин беради. Лекин диний таълимотлар қаноатлантирмайдиган инсонлар ҳам турли йўсинда таскин қидирадилар. Турли уйдирмаларга майл кескин ортади.  Натижада инсонлар учун идеаллар ҳам ўзгариши мумкин. Сеҳргарлар, вампирлар, ўргимчак одам каби. Лекин  ақл ва мантиқ нуқтаи назаридан қараганда булар идеал бўлолмайди. Истеъмолчилик кайфияти кучайган бугунги кунда оммавий адабиёт намуналарига эҳтиёж катта. Ҳатто мумтоз асарларни бугунги оммага мослаб, бузиб талқин қилиш ҳоллари ҳам учрамоқда.

 

Умуман, оммавий маданият намуналарини уч даражага: китч, мид, арт каби қисмларга бўлишни кўп олимлар мақсадга мувофиқ биладилар. Бу тарздаги таснифни адабиётшунос Ш.Ризаев ва М.Раҳим суҳбатида ҳам учратамиз (Хайрихоҳлик бош мезон бўлса. Ш.Ризаев билан суҳбат // Тафаккур, 2010, 3-сон. Б. 4.). Унда жамият аста-секин оммавий маданиятни тубан ва ўртамиёна унсурлардан фориғ этиб, унда фақат юксак жиҳатларнигина қолдириш, бу эса “оммавий маданият”ни “ер-ла яксон этишни эмас, балки мақбул йўлга солиб юбоишни англатиши айтиб ўтилади. Суҳбатда яна “оммавий маданият” ва “оломон маданияти” ўртасидаги жиддий фарқ кўрсатиб берилган.

 

Бугунги кунда Оммавий маданият маданий-мафкуравий тазйиқнинг энг хавфли қуролларидан бирига айланган. Истеъмолчилик кайфияти ўзагини ташкил этган Оммавий маданият асл кишилик маданиятига зид, уни поймол этадиган, моҳиятини бузадиган ва охир-оқибат инсонни жон сақлашдан ўзга мақсади бўлмаган жонзот, ҳайвон даражасига туширадиган, халқни эса оломонга айлантирадиган ҳодисадир (Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғаи. Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2010 й., Б. 461.). Моҳиятга кўра оломон хавфли. У халқ эмас. Халқ оломондан маданияти, онгли экани билан ажралиб туради. Оломон қачонки ўзини англаб етсагина халққа айланади.  Оломонда тафаккур қилиш, англаш хусусияти  заиф бўлади. Улар кимдир томонидан бошқарилишга мойил бўлади. Умуман, бу каби муаммолар уларни у қадар қизиқтирмайди. В.Г.Белинский “Адабий орзулар” асарида “Тақдиротнинг муқаррар қонунига кўра, ҳар бир халқ ўз турмуши билан жами инсоният ҳаётининг қайсидир қиррасини ифодалаши лозим, акс ҳолда бу халқ ҳаёт кечирмайди, балки беҳуда тирикчилик қилади. Бутун дунё Римга айланганида, ҳамма халқлар римча фикрлаб, римча ҳис қила бошлаганда, инсон тафаккурининг ҳаракати ҳам тўхтайди, чунки унинг энди бошқа мақсади қолмади” (Белинский В.Г. Адабий орзулар. Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1977. Б. 6.), деганида мутлақо ҳақ эди. Барча миллатларнинг якранглашуви миллатларнинг таназзулидан далолатдир. Ҳар бир миллат ўзига хослиги билан инсоният занжирининг бир ҳалқаси демакдир. Инсоният залолатдан ҳидоят йўлига қайтмоғи лозим. Бунинг учун уларнинг кўнгил кўзи очилиши, иймон-эътиқоди собит бўлиши лозим.

 

Дилдора БАҲРИДДИНОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси