“Президент билан суҳбатлашдим” – 15 йиллик мактаб директори ҳаётидаги янги саҳифа


Сақлаш
16:59 / 02.09.2023 593 0

Юртимизда Мустақиллик тантаналари давом этаётган бир паллада ислоҳотлар, эришган ва эришаётган ютуқларимиз ҳамда келажак умидлари асосий мавзуга айланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Oyina.uz мана шу руҳиятга мос равишда эътирофга муносиб кўрилган юртдошларимиздан бири Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, косонсойлик муаллим, 9 ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернат директори Маъмуражон Султонованинг ҳаётий ҳикоясига қулоқ тутди.

 

Биламизки, дунёдаги касблар ичида энг улуғи ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир касб эгаси муаллим қўлида ўз йўлини топади. Шу боис ўқитувчи-педагогларни қадрлаш ва кўкларга кўтариш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бугунги қаҳрамонимиз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўри, меҳрини бахшида этган. Касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат ва эътибор топган.

 

Гап шундаки, Президентимиз раислигида ўтказилган Мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича видеоселектор йиғилиши Маъмуражон Султонова ҳаётида янги саҳифа очди. У Наманган вилояти студияси орқали йиғилишда қатнашиб, давлат раҳбари билан самимий суҳбатлашди. Қаҳрамонимиз минг бир ҳаяжон билан бу ҳақида сўзлаб берди:

 

– Ўзим директорлик қилаётган мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари эришган ютуқлар, хусусан, битирувчиларимиз кетма-кет уч йилдан бери юз фоизлик натижа билан олий таълим муассасаларига қабул қилинаётгани ҳақида айтдим. Энг муҳими, бу ютуқларга қандай эришаётганимиз омиллари, жамоамиздаги ташаббускорлик Президентимизга маъқул келди. Шунда давлатимиз раҳбари залдан туриб: “Сизга бугуноқ давлат мукофоти бераман, йиғилишдан чиқиб фармонга имзо чекаман”, деди. Орадан кўп вақт ўтмади. Қувончли хабардан кўзларимга ёш келди. Президентимиз мени “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” юксак унвони билан тақдирладилар. Оддий қишлоқ ўқитувчисига кўрсатилган бундай эътибор, эҳтиром, эъзоздан кўнглим тоғдек юксалди.

 

Маълумот учун, Маъмура Султонова ушбу мактабга 2008 йилдан бери раҳбарлик қилади. Орадан ўтган 15 йил давомида таълим муассасаси фаолиятини янада яхшилаш, ўқитувчи ва ўқувчиларга муносиб шароитлар яратиб бериш йўлида тинимсиз изланди, ташаббусларни қўллаб-қувватлади, янгиликларни амалиётга татбиқ этишдан ҳайиқмади. Биз улардан ўз тажрибаларини бўлишишни сўрадик:

 

– Аввало, жамоамиз билан ўқувчиларнинг қизиқиши, қобилияти ва орзу-мақсадини ўрганиб, тегишли йўналиш ҳамда махсус тайёрлов синфларига ажратиб олдик. Бу йил битирувчиларнинг 11 нафари 150 дан юқори балл тўплаб, грант асосида талабаликка қабул қилинди. Ўқувчиларимиз республика миқёсидаги ва халқаро танловларда юқори ўринларни қўлга киритмоқда. Масалан, 2020 йили ўқувчимиз – истеъдодли ёш хонанда Олимахон Тожибоева Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Яна бир шогирдимиз Муҳаммадзоҳир Абдумуталов математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ғолиби бўлди. Мамлакат миқёсидаги турли фан олимпиадаларида 12 ўқувчимиз фахрли ўринларни олди.

 

Юқорида таъкидлаганимдек, эришган ютуқларимиз бир томон бўлса, унга олиб борувчи йўлимиз ҳам ўрганишга арзийди. Яъни, ҳар бир муваффақият замирида узоқ йиллик изланиш, машаққатли меҳнат, ташаббус ётибди.

 

Мисол учун, бундан 4-5 йил олдин 10-11 синф ўқувчиларини бўлиб ўқитиш тажрибасини йўлга қўйганмиз. Яъни, улар билан биттама-битта суҳбатлашиб, қизиқишини ўрганганмиз. Шу асосда, уларни гуруҳларга бўлиб чиққанмиз. Масалан, ким келажакда шифокор бўлишни айтса, уни кимё-биология гуруҳига, иқтисодчилики танлаганларни математика чуқурлаштириб ўқитиладиган гуруҳга бириктирганмиз. Энг муҳими, бу гуруҳлар билан машғулотларни малакали ўқитувчилар олиб бориши ҳам эътибор марказимизда.

 

Шу ўринда, бир масалага ойдинлик киритиб кетишим керак. Юқоридаги чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган гуруҳлар машғулоти ДТС талабларидаги дарс машғулотидан алоҳида ўтилади. Яъни, ўқувчиларнинг бўш вақтида қизиқиши бўйича билимлари янада мустаҳкамланади. Бириктирилган ўқитувчилар ўқувчиларни то олий ўқув юрти талабаси бўлгунича зарур ёрдамини аямайди. Мақтаниш бўлмасин, бу ташаббусларни амалга оширишда кадрлар билимига ҳам катта эътибор бердик. Энг яхши, энг кучли, энг малакали, энг ташаббускор, энг жонкуярларни саралаб олганмиз. Масалан, аввал олий ва 1 тоифали ўқитувчиларимиз саноқли бўлган эди. Бугун эса жамоамизнинг 86 фоиз устозлари шу даражадаги муаллимлардир. Бундан ташқари барча чет тили ўқитувчиларимиз сертификатга эга.

 

Яна бир эътиборли томони, ўқувчиларни хорижий тилларга хусусан, инглиз тилига ўқитиш ҳам йўлга қўйилган. Барча битирувчилар халқаро даражадаги тил сертификати учун тайёрланади. Жорий йил ноябрь ойида насиб қилса, 14 нафар ўқувчиимиз IELTS сертификатига имтиҳон топширади.  Насиб қилса, бу синовда ҳам 100 фоизлик натижа кўрсатишимиз кутиляпти. Ҳатто таътил даврида ҳам юқоридаги гуруҳлар бўйича ҳафтада бир кун 11 синф ўқувчилари билан бепул машғулотлар ташкил этамиз. IELTSга тайёрлов курси ҳам текинга ўтилади. Шунинг учун ҳам битирувчиларимиз нафақат ўзимиздаги ОТМларга, балки хорижий ТОП университетларга ҳам ўқишга қабул қилинмоқда. Биласиз, хорижий университетларга хужжат топшириш, синовларидан ўтиш биздагидан тубдан фарқ қилади. Бунинг учун малакали мутахассисларни жалб қилиб, ўқувчиларга хорижий университетларга хужжат топшириш бўйича машғулотлар ташкил қиламиз.

 

Шунингдек, битирувчи синф йигит-қизларимизни ҳар 3 ойда билимини баҳолаб бориш ва хатоларни аниқлаб олиш мақсадида Билим ва малакаларни баҳолаш агертлигининг Намаган вилояти вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Белгиланган муддатда ўтказилган тест синовлари натижасига кўра, ҳар бир ўқувчи билимидаги бўшлиқларни аниқлаб борамиз.

 

Энг муҳими, жамоамизда соф таълим муҳити яратилган. Эрта тонгдан ўқитувчиларимиз уйларидан бугун дарсда қандай янгиликлар билан шогирдларимни эътиборини тортсам экан, деб чиқса, ўқувчилар ҳам бугун мактабдан нимадир олишим керак, деган ниятда таълим даргоҳимизга шошади.

 

Қаҳрамонимиз тажрибаси билан танишар эканмиз, хаёлимизга вазият ёки шароитни баҳона қиладиган айрим мутахассислар келди. Гувоҳи бўлганингиздек, ёшлар учун имкониятлар яратиш ва самарали натижаларга эришиш биргина раҳбарнинг ташаббуси ва меҳнатига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин экан. Ҳақли равишда давлатимиз раҳбарининг эътирофига муносиб кўрилган Маъмуражон Султонова каби юртдошларимиз билан фахрланамиз.

 

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.

Oyina.uz

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//