Тошкент қозилари


Сақлаш
17:15 / 19.10.2021 1284 0

Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар томонидан ҳал этилган.

XIX асрнинг иккинчи ярмида хонликлардаги заиф сиёсий бошқарувдан фойдаланиб Русия империяси ўлкани босиб олди ва Туркистонда ўз қонунчилигини қарор топтиришга киришди. Ҳуқуқий ислоҳотлар империя таркибида янги ташкил этилган Туркистон генерал-губернаторлиги маркази Тошкент шаҳридан бошланди. Айтиш жоизки, чор ҳукумати мустаҳкам маҳаллий ҳуқуқ тизими қаршилигига дуч келди.

Русия давлати ўз қонунчилик тизимини ўрнатиш учун халқ ишончини қозонган қозилик маҳкамаларини заифлаштиришга қарор қилди. Шу мақсадда баъзи чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, қозилик судлари аксар ҳуқуқий масалаларни кўриш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Қолаверса, қозилар ҳукмидан норози бўлган фуқароларга империя судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.  Империя босқинидан олдин қозилар шаҳар беги томонидан тайинланган (Добросмыслов А. Ташкент в прошлом и настоящем. Тошкент, 1912. Стр. 107). Чор ҳукумати эса қозиларни сайлаш тартибини жорий этди. Манбаларга кўра, Тошкент шаҳрининг ҳар бир даҳасига қозилар элликбошилар томонидан уч йил муддатга сайланар, номзодлар эса Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори тасдиғидан ўтар эди (МДА, 36-фонд, 1-рўйхат, 2707-иш, 17-варақ). Бундан кўзланган мақсад қозиларни мустамлакачи ҳукумат сиёсатига тобе этиш эди. Ҳарбий губернатор тасдиғидан ўтган қозигина ўз фаолиятига киришган. Тошкент шаҳар ҳокимининг буйруғида кўрсатилишича, агар ҳарбий губернатор кўп овоз олган қози номзодини тасдиқламаса, қайтадан сайлов ўтказилган (МДА, 36-фонд, 1-рўйхат, 3106-иш, 6-варақ).

Қозилик “мансабиға халқ ичида хизмат ва эътибори бор ва... 7 кундин зиёд ҳибс жазосиға ва ё 30 сўмдин зиёд таъзир бўлмоғон, яъни жаримага гирифтор бўлмоғон, тергов ва ё ҳукм устида турмоғон ва ёши 25 ёшдин” кичик бўлмаган фуқаролар сайланган (МДА, 36-фонд, 1-рўйхат, 2707-иш, 17-варақ).

Қозилик сайлови сандиққа соққа ташлаш асосида ўтказилган. Соққалар қора ва оқ рангда бўлиб, оқ ранг номзодни ёқлаш, қора эса унга қарши овоз бериш аломати эди. Ҳар бир даҳадан шариат аҳкомларини пухта билган, эл-юрт ҳурматини қозонган номзодлар сайловда қатнашган. Масалан, 1887 йилги сайловда Шайхонтоҳур даҳасидан 7 нафар, Бешёғоч даҳасидан 6 нафар, Кўкчадан 5 нафар, Себзор даҳасидан эса 4 нафар вакил номзодини қўйган. 97 элликбошидан 77 таси овозини олган Шариф ҳожи қози Шайхонтоҳур қозилигига, 68 элликбошидан 49 таси овозини олган Одил ҳожи Бешёғоч қозилигига сайланган (МДА, 36-фонд, 1-рўйхат, 3106-иш, 38-41-48, 54-варақлар).

Даҳа қозихоналарида йиғилган муҳим масалаларни қозилар кенгаши кўриб чиққан. Кенгаш аввалида қозилар орасидан содирнишин (раис) сайлаб олинган ва бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимига билдирги юборилган. Масалан, “Тарих 1306 йил 12 сафар ойинда, яъни 1888 йил 6 октябрда Бешёғоч даҳаси қозиси Одилхўжа эшон Офоқхўжа эшон ўғлини содирнишинликка хоҳлаб сиз ҳурматли ҳокимимизга маълум бўлсин деб рапурт ёзиб ростлиғига муҳрларимиз босдук” (МДА, 36-фонд, 1-рўйхат, 3005-иш, 7-варақ), дейилади хабарномалардан бирида.

Умуман, мустамлака тузум ўз ҳокимияти барқарорлигини ўйлаб маҳаллий суд тизимини қаттиқ назорат қилган. Шу боис ҳар бир катта-кичик жараён ҳақида шаҳар ҳокимига маълум қилиб туриш талаб этилган.

Қозихоналарда “мурофаъ”, яъни тергов ишлари милодий тақвим бўйича ҳар ойнинг биринчи санасидан 10 санасигача олиб борилган (Туркистон вилоятининг газети, 1908, № 57). Ойнинг қолган кунларида ҳукмлар эълон қилинган.

1878 йили Тошкент Эски шаҳар уламоларининг билиттифоқ қарорига мувофиқ қозиларнинг ўзи, яқин қариндошлари ва фарзандлари манфаатига дахлдор масалаларда ҳукм қилиш ман этилган. Шунингдек, қозилар ғазабнок ҳолда, очлик, ташналик ёки касаллик хуруж қилган пайтда, от устида ёки юриб бораётган вақтда ҳукм чиқаришдан қайтарилган (МДА, 36-фонд, 1-рўйхат, 1656-иш, 14-варақ).

Қозихонада қози ва унинг ноиби, икки муфтий ҳамда шариат илмидан хабардор бўлган бир неча илмли киши фаолият юритган. Муфтийлар кичик жиноятларни кўриб чиққан, тергов ва суриштирув ишларини олиб борган. Шунингдек, халқ ичида юриб, оила-никоҳ, ер-сув, савдо масалаларига доир ишларни ҳал этган. Қозихонага мурожаатлар кўпайиб кетган кезларда қозилар муфтийлар сонини оширишни сўраб шаҳар ҳокимларига мурожаат қилган (МДА, 36-фонд, 1-рўйхат, 2707-иш, 89-варақ).

Аълам ва муфтийлар тайинлаган қози бу ҳақда шаҳар ҳокимига маълум қилган. Агар улардан бирортаси вафот этса, қози шаҳар раҳбарига бошқа номзодни тақдим этган. Ўша давр муҳити ҳамда идоравий ёзишмалар хусусида кенгроқ маълумот бериш мақсадида Тошкент қозиларидан бири ёзган қуйидаги номани тўлиқ келтиришга қарор қилдик:

Ҳурматли шаҳар ҳокими хизматлариға Шайхонтоҳур даҳасининг қозисидан рапурт.

Ушбунинг баробаринда маълум қиламанким, 1890 йил 16 январда Шайхонтоҳур даҳасига аъламлик мансабига тайин бўлғон Раҳматхўжа эшон Аъзамхўжа эшон ўғли аъламликни хоҳламас экан. Мазкур аълам ўзига тегишли аъламлик лавозиматини адо қилолмағани сабабли мазкур Раҳматхўжа эшон Аъзамхўжа эшон ўғлини аъламликдин бекор қилиб, анинг ўрниға аъламлик лавозиматини адо қилмоққа мулло Зайниддин махдум домулло Мирисо охунд ўғлини тайин қилдим. Улдан аъламлик ишиға хабар бўлиб таъмал қилиб юргани сабабли, мазкур мулло Зайниддин махзумни аъламликка мустаҳкам қилмоққа тартиб жорий қилсангиз экан деб жанобингиздан илтимос қилиб ростлиғиға Шайхонтоҳур қозиси муҳрим босдим (МДА, 36-фонд, 3-рўйхат, 3180-иш, 4-варақ).

Қозилар аълам ва муфтийларни қариндошлари орасидан тайинлаган. Аммо чор маъмурияти қозининг қариндошлари ишлашини ман этади. Шундан сўнг қозилар қозихона таркибини ўзгартишга мажбур бўлади.

Ҳукм дафтарлари қозиларнинг асосий фаолиятини акс эттирувчи манбадир. Ер-сув, оилавий низолар, олди-сотди, қарз каби маиший масалалардан тортиб муҳим ижтимоий-сиёсий масалаларга қадар – бари ҳукм дафтарида акс этган.

XIX аср охири – XX аср бошларида чор маъмурияти империя судларининг “одиллиги”, маҳаллий судлар эса “қолоқ” эканини намойиш қилишга зўр бериб ҳаракат қилса-да, халқ учун қозилик судлари адолат маскани бўлиб қолаверди. Ўтган асрнинг биринчи чорагида Туркистонда совет ҳукумати ўрнатилгач, қозилик судлари бутунлай тугатилди.

 

Обид ТАНГИРОВ,

Ўзбекистон давлат Санъат музейи

бўлим мудири

“Тафаккур” журнали, 2016 йил 1-сон

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//