
Мукаммал миллий таълим тизимини, миллий дарсликлар базасини яратиш, миллий кадрларни тайёрлаш каби масалалар мунтазам кун тартибидага масала бўлиб келган. Бу муаммолар ҳар қачон бор эди ва маълум миқдорда ҳал этиларди. Мана, бир аср ўтибдики, тизимнинг оғриқ нуқталари оғриқлигича қоляпти.
Мазкур муаммолар ва уларнинг ечими масаласи тарихан бундан 100 йил аввал жадид боболаримиз томонидан эътибор марказига олиб чиқилган эди. Бундан бир аср муқаддам халқимиз шуурига истиқлол, маърифат уруғини қадаб кетган жадид боболаримизнинг илмга, таълимга оид қарашлари, тажрибаларини ўрганиш мустақил миллий таълим тизимини, унинг ғоявий негизини ишлаб чиқишда жуда муҳим аҳамиятга эга. Дунёнинг етакчи илмий марказлари ва олий таълим муассасалари туркий халқлар жадид адабиёти, педагогикасини ўрганаётгани, боболаримиз мероси тадқиқига алоҳида эътибор билан ёндашаётгани фикримиз далилидир. Жумладан, АҚШнинг Колумбия, Мичиган, Чикаго, Калифорния университетлари, Япониянинг Токио хорижий тадқиқотлар университети, Россия Фанлар академияси, Россия ислом институти, Қозон федерал университети, Туркиянинг Анқара, Эже, Истанбул университетлари, Озарбойжон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти, Боку давлат университети, Қозоғистоннинг Евроосиё миллий университети, Туркманистон Фанлар академияси каби нуфузли илм ўчоқларида боболаримиз мероси ҳижжалаб ўрганилмоқда. Дунё илм-фанида жадидчилик ҳаракати, жадид адабиётига доир энг янги илмий изланишлар олти йўналишда олиб бориляпти.
Биринчиси, жадидчилик фалсафаси ва мафкураси бўлиб, бу йўналиш тарихий, сиёсий-мафкуравий жараёнларни қамраб олади. Қозон федерал университети, Хакас давлат университети, Боку давлат университети, Анқара ва Эже университетларида айни йўналишдаги тадқиқотларга эътибор қаратилган.
Иккинчи йўналиш жадид зиёлилари кўтарган муаммоларни қамраб олади. Бу миллий, диний, ижтимоий жиҳатлар, тил, имло, маориф, хотин-қизлар масалаларини назарда тутади.
Учинчисида жадид адабиёти тармоғида шеърият, наср, драматургия, адабий танқид масалалари ўрганилади. Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг ғоявий асосларини аниқлаш ва уларнинг ўзбек жадид насри, драматургияси, шеъриятида акс этиши, ўзбек жадид шеърияти морфологияси масалалари тадқиқи Колумбия, Мичиган университетларида, жадид адабиёти намояндалари, адабий сиймоларини библиографик аспектда таҳлил этиш Евроосиё миллий университети, Туркман жаҳон тиллари миллий институтида йўлга қўйилган.
Тўртинчиси, жадид матбуоти ва ноширлик фаолиятига доир тадқиқотлар Озарбойжон Фанлар академияси Адабиёт институти, Анқарадаги Ҳожи Байрам валий университетида олиб борилмоқда. Мазкур тадқиқот марказларида жадид атамашунослигини ишлаб чиқиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган.
Бешинчиси, хайрия ва адабий жамиятлар, вақфлар, фондлар фаолияти, янги адабий ҳаракатлар, шарт-шароитлар Калифорния университети ва Карлтон коллежида алоҳида тармоқ сифатида ўрганилган. Бу муҳим йўналиш бўлиб, ўзбек ёшларининг чет элда ўқитилиши, янги мактаблар очилиши, газета-журналлар чоп этилиши каби маърифий масалалар, асосан, хайрия маблағлари ҳисобидан ҳал этилган.
Олтинчиси, жадид театри ва санъати, ўзбек жадид драмаси ва шеъриятига бағишланган илмий тадқиқотлар Токио хорижий тадқиқотлар универститети, Мичиган ва Эже университетларида олиб борилган. Театр санъати орқали халқни уйғотиш, маърифатли қилиш, муаммоларни гавдалантириш жадид боболаримиз ғоявий қарашларининг муҳим жиҳатларидан. Бу муаммоларнинг ҳеч бири бугун ҳам башарият кун тартибидан тушгани йўқ. Юз йил аввалги масалалар ҳозир ҳам долзарб.
Кўринадики, таълим ва маориф масаласи жадидчилик ҳаракатининг катта тармоқ йўналиши ҳисобланади. Шу маънода, жадид педагогикасини истиқлол муҳитида, янги таълим тараққиёти билан уйғунликда ўрганиш зарурати бор. Бу борада янги манбаларни тадқиқ этиш, қайта баҳолаш ва уларнинг барчасини истиқлол муҳитида қайта идрок этиш шулар жумласидандир.
Шу ўринда Фитратнинг “Улуғ Туркистон” газетаси 1918 йил 3 июнь 100-сонида босилган Халқ дорилфунунининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбеклар учун махсус ўқитувчилар тайёрловчи бўлими – Дорилмуаллимин очилишига доир хабар мақоласини (илк марта жорий ёзувда тақдим қилиняпти) эътиборингизга ҳавола қиламан:
“Дорилмуаллимин очилув маросими
Ўттиз биринчи май, жумаъ куни соат 10 да семинария биносинда халқ дорилфунуни шўроси тарафиндан мусулмонлар учун дорилмуаллимин очув маросими ёсалди. Мажлис Мунавварқори тарафиндан очилди. Қори афанди эски ҳукумат замонинда миллий мактаблар ичун кўрдигимиз фожиали кунлар билан дорилмуаллимин очмоқ саодатиға эришганимиз дақиқалар орасинда таъсирли бир мақояса юритғондан кейин ҳуррият ва ҳақ йўлинда шаҳид бўлғон мусулмонларнинг руҳлариға Қуръон ўқумоқни ва ғайрмуслим ҳуррият шаҳидларина таъзим ичун оёғда турмоқни таклиф этди. Ҳар иккиси ижро қилинди. Мажлиснинг раислигига муносиб кўрилган ректўр Пўпўф жанобларининг кеч келдиги сабабли раисликка Абу Бакр афанди Девоеф, мусулмонча котиб Фитрат ва русча котиб Марям хоним Бахтиёрова тайин бўлдилар. Абу Бакр афанди раислик ўрнуға ўтуб мажлисни табрик қилди.
Муаллимлар жамияти тарафиндан Абдулсамиъ қори табрик қилиб, эски мактаблар ва оларнинг ночор ҳолларини сўйлади. “Тошкандда муаллимлар синфи йўқ эди. Бизда бу синфни вужудга чиқорғон тотор қариндошларимиздирлар”, деди.
Камол Шамсий афанди (муаллимлар ҳайъатиндан):
– Мен четдан келган бир мусулмон сифати ила Тошканд мусулмонларини бу янги мактаб очилу билан табрик қиламан. Аввалги мажлисда четдан келганимни сўйладим, менга сўз ҳаққи бердилар, ҳайъати таълимияга олдилар. Туркистонда мунча мусўадакорлиқ ҳуррият ва инқилоб соясинда бўлди. Инқилобни вужудға чиқорғон ҳуррият эрлариға ташаккурлар қиламиз. Бўйла мусўадали ва муҳим замонлардан истиқода қилиб, илм ва маорифимизни тараққий қилдурайлук. Илм ва маорифи юксалмаган миллатларнинг жазолари поймол бўлмоқдир. Яшамоқ ичун илм ва маорифдан бошқа бир силоҳ (қурол) йўқдир.
Исмоил Ҳаққий афанди:
– Муҳтарам ҳозирун! Қариндошларим мактаб ва маорифнинг кераклиги ҳақинда сўйладилар. Мен ёлғуз шуни сўйлайинки, ҳар миллатни онгламоқ ичун у миллатнинг даражайи маорифини онгламоқ лозим. Масала, рус миллатини эска кетурмак ичун ул миллатнинг мактаблари, дорилмуаллиминлари, дорилфунунлари ва қироатхоналарини эсга кетурмак керак. Руслар ва бошқа оврўполилар кичгина қишлоқларинда ҳам мактаблар очарлар. Болаларини мажбурий ўқутурлар. Бизнинг Туркистонимизда ажабо неча мунтазам мактаб, неча муаллим ва неча муталлим бор? Ҳеч! Ҳечми? Шул дорилмуаллим ҳам ҳечми? Албатта, ҳечдир. Туркистон каби буюк бир мамлакатда бир дорилмуаллимин ҳечдир. Ҳозирдаги мактабларимизга қарайлук: биламизки, муаллимлик бир санъатдир. Муаллим бўлмоқ ичун илм аҳли бўлмоқ лозим эмас, “муаллим” бўлмоқ лозимдир. Бизнинг ҳозирги мактабларимизда тарбия ва таълимдан асар йўқдир. Чунки муаллимларимиз таълим ва тарбия йўлларини билмайлар. Бу ҳайъат шул эҳтиёжларимизни онглаб, бу дорилмуаллиминни очдилар. Бу ерда келган афандилар ҳам илм ва ҳам таълим санъатини ўрганачаклар ва мактабларимизни асосиндан ислоҳ этиб, жонли, қувватли, фикрли талабалар етишдирачаклар! Шунинг учун мен бунларни табрик этиб, собитқадам бўлувларини тангридан тилайман.
Мунаввар қори:
– Биродарлар! Сиёсат оламинда бир иш бор: кучсиз бир миллат кучли бир миллатнинг оёғи остинда қолдиғи учун унинг душмани бўлуб қоладир. Меним назаримда, бу фикр хатодир, чунки эзилган миллатнинг ҳақиқий душмани жаҳолатдир. Бир миллат жаҳолатдан қутулмағунча оёқлар остиндан туролмас. Масала, ҳозирда Туркистонда ҳуррият ва мусовот бор экан, биз, туркистонлилар эзилиб турубмиз, мунга сабаб жаҳолатимиздир. Жаҳолатга ғалаба қила олмағонда эзилишдан қутулмоғимиз мумкин эмасдир. Бу хидмат эса шул мактабда ўқуб чиғотурғон талабалар эрурлар. Битсун жаҳолат, яшасун илм ва маърифат!
Пўпўф жаноблари (русча сўйлади):
– “Туркча билса эдим, сизга хидмат қилар эдим; бундан сўнг қувват топарсам, мусулмонча ўрганиб сизлара бор кучим билан хидмат қиларман, чунки русларга қороғанда сизлар хидматга муҳтождирсиз”, деб сўзини битурди.
Иброҳим Исмоил афанди ўттуз неча йиллар мактаб ва маориф йўлинда тиришган марҳум бобомиз Исмоилбек Гаспиринский ҳазратларининг буюк ёдига ҳурмат ичун халқни оёғда турғузди. Исломиятнинг тараққийға монеъ эмаслигини изоҳ қилди. “Бу дорилмуаллимин учун кўб тиришган муҳтарам Пўпўфга ташаккур қиламиз ва бундан сўнгра ҳам мобаъд рижо қиламиз” деб сўзини битурди.
Талабалар тарафиндан Салимхон афандининг табригиндан сўнг русча халқ дорилфунуни муаллимидан Дубетский сўз олди. “Баъзи одамлар бутун миллатларни бир йўл билан тараққий қилдирмоқчи бўлалар. Бу хато бир фикрдир. Меним назаримда, охирда бирлашмак узра ҳар миллат ўз одати, ўз йўллари билан тараққий қилурға тириша берсин”, деб сўзини битурди.
Ондин кейин “Халқ дорилфунуни” ғазетасининг идораси тарафиндан Мухтор Бакр афанди табрик қилди. Шунинг ила маросим тамом бўлди.”
Жадид боболаримизга имкон берилганида, бизнинг мустақил миллий таълим тизимимиз аллақачон яратилган ва шу асосда аллақачон ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилган бўлар эдик. Бироқ истибдод буларнинг ҳеч бирига йўл бермади, эришилган натижалар ҳам унутилди, унуттирилди. Миллий таълим тизими 1991 йилга келибгина қайта тиклана бошлади. Аммо 2023 йилда турибмизки, ҳали ҳам мустақил, миллий шароитимиз талабидан келиб чиқадиган мукаммал тизимни ярата олмадик. Умид қиламизки, бу муаммолар ўз ечимини топади, эски қарашлар ўрнини замонавий билим эгаллайди. Жадид боболаримиздан қолган тоза ўзанлар асосида Мустақил ўзбек миллий таълим тизими яратилади.
Шаҳноза НАЗАРОВА,
филология фанлари доктори
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ