Адабиёт
Саноқли кунлардан сўнг янги ўқув йили бошланади. Ўқувчиси бор ҳамма хонадонга аллақачон ўзгача кайфият кириб келган. Тан олиб айтганда, тараддуднинг энг муҳим ва завқли жараёни бу – мактаб бозори. Айниқса, болаликда август харидларининг гашти ҳам, саргузашти ҳам ўзига хос бўлади. Ойина.уз бу сафар жамоатчиликнинг фаол вакилларига янги савол билан юзланди. Сиз учун мактаб бозори хотираларини улашамиз.
Шарофиддин Тўлаганов,
журналист:
Менинг болалигим Қозоғистон Республикасида ўтган. У вақтлари 1 май – Меҳнаткашлар байрами бўларди ва биз бу байрамда янги кийим-бош киярдик. Одатда 1 сентябрга ҳам ўша кийимларни кийиб борардик. Асосан Тошкентга келиб кийиниб кетардик. Ҳозирги гумбазли Чорсу бозори ва “Тим” орасида “Тоҳир ва Зуҳро” болалар дунёси дўкони бўларди. Эсимни таниганимдан шу дўкондан кийим-бош олиб беришган.
1970-80 йиллар... Кўп қатори мен ҳам болаликда пул ишлаб топишга қизиққанман. Ёзги таътил даврида колхоз боғига тушиб олма терардик. Лекин бу меҳнат мажбурий бўлмаган. Ким хоҳласа борар, хоҳламаса бормасди. Ерга тушган олманинг бир яшигига 20 тийин тўлашса, дарахтнинг устидан терсак 1 сўм беришарди. Бир кунда 15-20 сўм ишлардик (1 сўмни тахминан 1 доллар деб ҳисоблаверсак, хато бўлмайди). 6-7 синфларда ёзги таътил вақтида олма терганим, 8-9 синфларда эса синфдошлар билан ғалла тўпланадиган хирмонга чиқиб пул ишлаганим эсимда. Хирмонда бир ой ишлаб 100-150 сўмгача топардик.
Тўплаган пулларимни мактаб бозори учун сарфлаганман. Бизнинг вақтда ўқув қуроллари бир хил: 2 тийинли оддий дафтар, 20 тийинли умумий дафтар бўларди. Умумий дафтар деярли ишлатилмасди. Ручка 35 тийин турарди. Бир йили раҳматли адам Қозоғистон шимолида бир ой ғалла ўримида ишлаб, қимматбаҳо ручка олиб келгандилар. Шуни ишлатиб юрдим. Аммо ўқитувчилардан кимдир “бу одобли боланинг иши эмас”лигини айтиб дакки берганидан сўнг яна 35 тийинли ручкага ўтганман. Мактабдаги ўқувчилар нашрлари – газета ва журналларга обуна пулини ҳам ота-онамиздан олмасдан ўзимиз тўлардик.
Моҳира Султонова,
Ўзбекистон социал туризм ассоциацияси раҳбари, каштачи дизайнер, блогер:
Болаликда мактаб бозорини асосан ота-онамиз қилиб берисҳган. Ҳамма болалар қатори бу жараён мен учун ҳам жуда қизиқ ва мароқли эди. Кейинчалик ўзим учун пул топишга ҳаракат қилганман. 8 синфдалигимда тикув машинасида кашта тикиш тўгарагига қатнаганман. Ўша вақтлари атлас кўйлакларнинг ёқасига зар ипларда кашта тикиш мода бўлганди. Қўни-қўшнилар кўйлагига кашта буюртма қилиб, арзимаган пул беришарди. Ўша пулларни йиғиб, 9 синф мактаб бозори учун сарфлаганим эсимда. 10 синфга ўтганимда таътил вақти маҳалламиздаги болалар боғчасида энага бўлиб ишлаганман. Ойлигимдан мэнга ва укаларимга мактаб формаси, китоб-дафтарлар олиб беришган.
Ўзим она бўлганимдан сўнг мактаб бозори деса, юрагим безилларди. Чунки авваллари мактаб бозори учун Чорсу ва “Ипподром” бозорларига борардик: тиқилинч, тирбандлик, машина қўйишга жой йўқ… Кейинчалик мактаб бозорини 1 сентябрдан кейин ўзимизнинг Юнусободдаги Универсамдан қиладиган бўлдик. Одам кам, тинч, нарх-навоям анча ташларди.
Дилшод Одилов,
меҳмонхоналар бўйича мутахассис:
Болалигимда раҳматли дадам билан тегирмонда ишлардик. Ун чиқарардик. Тушган даромаднинг бир қисми мактаб бозори учун сарфланарди. Ўша вақтлари мактаб формаси бир неча йил кийиш учун атай каттароқ ўлчамда олинарди. Масалан, 5 синфда олган шимимни 7 синфгача кийганман.
1996-1997 йиллар… Мен лицейга ўқишга кирдим. Ота-онам менга биринчи маротаба кастюм-шим олиб беришган. Кастюмнинг ёқасида учта тилларанг занжири бор эди. Лицейдагилар мени кўриб, “Генералнинг невараси”, деб миш-миш қилишган. Ўқишга кирган йилим амаким қиммат туфли совға қилганини ҳам эслайман. Ўзлари кўп пул топмасалар-да, шундай совғани илинганларидан хурсанд бўлганман.
Бугун болаларимни ҳам меҳнатга ўргатишга ҳаракат қиламан. Мактаб ёшидаги ўғлим таътил вақтида меҳмонхонада “стажор” бўлиб ишлади. 800 000 сўм ойлик беришибди. Мактаб бозоринг учун сарфла, деб айтдик.
Лайло Исмоилова,
хорижий тиллар бўйича мутахассис, доцент:
Мактаб бозорини бутун ёз бўйи кутардим. Асосан отам олиб берардилар. Ўқув қуролларида бугунгидек танлов йўқ эди. Ҳатто ўзим дафтар ясаган вақтларим бўлган. Кейинчалик муқовасига машҳурларнинг расми туширилган умумий дафтарларга қизиққанман… Яна эслаганим, дарсликларни топиш қийин бўларди. Масалан, математика китобини қўшни ўқувчи билан алишиб ишлатганимизни эслайман.
Қизиқ воқеа бўлган. Болалигимда бир қариндошимиз Германиядан менга чизғич олиб келганлар. Чизғичнинг ичида суви бор эди ва ажабтовур ўйини бўларди. Бутун мактабдаги ўқувчилар “Битта ишлатиб кўрайлик”, деб сўраб юришарди. Хуллас, шу чизғич мени мактаб юлдузига айлантирган.
Ўйлаб қарасам, болаликда ўқув қуролларига роса қизиққан эканман. Тушлик пулларидан орттириб, нималардир сотиб олардим. Бир неча маротаба пахта теримига чиққанман. Ундан тушган пулни ҳам мактаб қуролларига сарфлаганман.
Яқинда фарзандларимга мактаб бозори қилдим. Беихтиёр солиштирдим: бугун танлов жуда кенг, бугун вазиятлар ва болалар бошқача.
Акром Шоҳназаров,
сценарист, кинорежиссор, “Ёшлик” киностудияси раҳбари:
Болалигимизда “DND” ўйини оммалашган эди. Ўйлаб қарасам, яхшигина тадбиркор бўлган эканман. Тухум, ёнғоқ, шиша идишлар эвазига маҳалламиз болаларига “DND” ўйнатар эдим. Йиғилган “товар”ни яхшигина суммага пуллардим. Ўша маблағ ҳисобидан мактабга форма ва керакли ўқув қуролларини олганман.
Мактабда пенал ва ҳар хил ручкалар трендда бўлган. Мен ҳам доим энг яхшиларини сотиб олишга ҳаракат қилганман.
Куз мавсумида ёнғоқ теришга чиқардик ва ишлаб топган пулимизга қишки кийимлар олардик. У вақтлари акаларимиз ва амакиларимизнинг эски кийимларини кийиш оддий ҳол бўлган.
Жавлон Жовлиев,
ёзувчи:
Бизда мактаб бозорига алоҳида маросим сифатида қарашади. Шахсан ўзим ҳам шу кунни, янги мактаб формаларини ҳаяжон билан кутганман. Опаларим бир-бириникини кийишган, лекин оилада битта ўғил бўлганим учун менга ҳар йили янги форма олинарди.
Бутун ёз ҳамма оилада ҳам мактаб бозори учун меҳнат қилинган. Қўй-мол боқадиган баъзи оилалар эса бунинг учун бирорта жонлиқни сотишган…
Бироз улғайганимдан сўнг кўп қатори мен ҳам ўзим учун пул топишни бошлаганман. Тўрт киши дарё бўйига чиқиб, қум ва шағал йиғиб сотардик. Бу жуда оғир меҳнат эди, лекин яхши пул тўланарди. Бир мошин учун 25 000 сўм беришарди. Бу катта пул эди, тўрт киши бўлишволардик. Топганимни йиғиб, мактаб бозори учун сарфлардим.
Ҳозир ўйлаб қарасам, аслида ҳар йили янги форма олиш шарт эмас экан… Катта харажатдан фойда йўқ. Назаримда, болалар мактабга янги кийимлар билан эмас, янги орзулар ва янги мақсадлар билан бориши керак.
Мана шу интервюлардан кейин ўртага муҳим бир савол ташлаш мумкин: дабдабали мактаб бозори, янгидан-янги формалар ва ранг баранг ўқув қуролларига алоҳида қадрият сифатида қараш тўғримикан? Балки, таълим сифати ва билим олиш иштиёқини асосий ўринга чиқариш керакдир… Аниқки, сизда ҳам бу борада фикр ва мулоҳазалар бор. Хоҳласангиз, биз билан бўлишинг!
Сирожиддин РУСТАМОВ,
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ