Бугун дунёда 7 мингга яқин тил мавжуд. Аммо ҳаммаси ҳам етарлича ҳимояланган эмас. Маълумотларга қараганда, уларнинг 43 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Ҳар икки ҳафтада битта тил муомаладан чиқаётганига ишонмасангиз ҳам керак…
Бор-йўғи юзга яқин тил таълим тизимида, давлатлар ўртасидаги алоқаларда қўлланилади. Ўнга яқини дунёда расмий мақомга эга, холос. БМТ ҳам дунё аҳолисининг катта қисми сўзлашадиган 6 тилда – инглиз, араб, рус, француз, хитой ҳамда испан тилида фаолият олиб боради.
Кўплаб халқлар она тилига ҳурмат сифатида ҳар йили алоҳида бир кунни байрам қилиб келади. Келинг, бундай саналар қачон ва қандай нишонланиши билан танишамиз.
1952 йил 21 февралда Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида юзлаб фуқаролар бенгал тилига расман давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб, намойишга чиқди. Кескин тус олган ҳодиса чоғида бир неча нафар қурбон берилган.
1999 йили UNESCO Бош конференциясида ўша мудҳиш намойишда ўз она тили учун курашиб, жон берган ёшлар хотирасига 21-февраль Халқаро она тили куни деб эълон қилинди ва мазкур сана кўплаб давлатларда кенг нишонлана бошланди.
Машҳур ёзувчилар шарафига белгиланган тил байрамлари
Айрим давлатларда тил байрами жаҳоннинг машҳур шоир ва ёзувчиларининг таваллуд кунига бағишлаб белгиланган. Масалан, ҳар йили буюк инглиз ёзувчиси ва драматурги Уилям Шекспир туғилган кун – 23 апрелда “Инглиз тили куни” нишонланади. Ҳозир халқаро алоқа воситаси бўлган бу тилда бир неча ўнлаб мамлакатлар аҳолиси эркин сўзлашади. Буюк Британия, АҚШ, Канада, Малта, Австралия ва Янги Зеландиянинг давлат тили ҳисобланади. Осиё ва Африканинг айрим давлатларида ҳам расмий мақомга эга.
Шу куни жаҳонда яна бир тил байрами – “Испан тили куни” ҳам кенг нишонланади. Бу сана 23 апрелда вафот этган машҳур испан ёзувчиси Мигел де Сервантес Сааведра хотираси билан боғлиқ.
UNESCO Рус тили кунини ҳам нишонлаш ташаббуси билан чиққан. Мазкур байрам учун Александр Пушкин туғилган сана – 6 июнь танланган.
Эстонияда 1996-йилдан буён 14 март Она тили куни сифатида кенг нишоналанади. Эстон адабий тили ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ёзувчи ва шоир Кристян Яак Петерсон таваллуд куни шарафига белгиланган.
Финландияда тил байрами – дам олиш куни
Жаҳондаги энг кўп сонли хитой халқи ўзининг “Хитой тили куни”ни 2010 йилдан буён нишонлаб келади. Байрам дунёдаги энг мураккаб ёзув асосчиси Сан Сзе хотирасига атаб ҳар йили 20 апрелда ўтказилади. Тилнинг бор бойлигини кўрсатиш учун 80 мингга яқин иероглифдан фойдаланишга тўғри келади. Аммо хитойликлар кундалик ҳаётда бор-йўғи 3–5 мингтасидан фойдаланади.
Хитой тили ҳозир Хитой Халқ Республикаси, Тайван ва Сингапурда расман давлат тили сифатида қабул қилинган, бошқа мамлакатларда ҳам мулоқотда фойдаланилади.
Француз тили куни 2010 йилдан буён 20 мартда нишонлаб келинади. Фаранг лисони жаҳон маданий қадриятларидан бири бўлиб қолмоқда. Чунки айнан мана шу тилда Волтер, Дидро, Гюго, Дюма, Балзак, Рабле каби машҳур шахслар ижод қилган.
Сунъий тил – “Эсперанто куни”ни тантана қиладиганлар ҳам бор. Шу тилда гаплашадиган 2 миллион киши ҳар йили 26 июнда байрам ташкил этади.
1978 йилдан буён ҳар йили 9 апрелда маърифатпарвар Микаел Агрикола шарафига Фин тили куни нишонланади. Агрикола ёзма фин тили яратилишига улкан ҳисса қўшган. 1543 йили биринчи фин алифбосини яратади. Шу сана фин ёзма тилининг туғилган йили ҳисобланади. Тил байрами Финландияда дам олиш куни ҳисобланади, лекин 1980 йилдан бошлаб байрам муносабати билан давлат байроғи кўтарилади.
Ҳайдар Алиевнинг 2001 йил 1 авустдаги қарорига кўра ушбу сана Озарбойжон алифбоси ва тили куни байрам қилиб келинмоқда.
Марказий Осиё давлатларида тил байрамлари
1998 йил 20 январдаги Президент қарори билан Қозоғистон халқлари тиллари куни сентябр ойининг учинчи якшанбаси этиб белгиланган. 2007 йилдан эътиборан Қозоғистонда иш юритиш тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Давлат тилини мукаммал билиш ҳар бир қозоғистонлик учун заруратга айланган.
Қирғизистон 1989 йилдан буён ҳар йили 23 сентябрни қирғиз тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлайди. Шу йили ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси ушалди. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тили ҳам давлат тили мақомини олди. 2020 йил 10 апрелда Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қонунга асосан эса 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА
тайёрлади.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ