Баъзан одам пул ортидан қувишдан, майда-чуйда ташвишлардан, миясини тинмай юваётган сериаллардан бирпас тин олгиси келади. Ўзлигига, ўзига қайтишни истайди. Айни шу – моддий эҳтиёжлардан тўйиб, маънавий озуқа излаётган ХХI аср одамлари ва адабиёт мухлислари учун Мустақил ижодкор ёшлар бирлашмаси янги лойиҳа бошлади – «Очиқ микрофон».
Ҳар шанба, соат 19:00 да Тошкентдаги «Book.uz» китоблар дўконининг ертўласида ўзбек адабиётидаги янги авлод деб аталаётган ёшлар ташаббуси билан адабий кеча ўтказилмоқда. Ўн нафар шоир, носир ва санъаткорлар тингловчиларга ўз асарларини ўқиб берадиган лойиҳа ўз номи билан очиқ бўлиб, унда назм, наср ва мусиқада ижод қиладиган ҳар бир ижодкор иштирок этиши мумкин. Бунинг учун «Очиқ микрофон» лойиҳасининг телеграм каналига уланиб, қатнашиш истагини билдириш керак бўлади.
Эндигина икки сони ўтганига қарамай, лойиҳа жамоатчилик эътирофини қозона бошлади. Адабиётшунослар, журналистлар, ёшлар аудиторияси лойиҳа ва унда ўқилаётган асарлар ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрлар қолдириб, бу ўзбек адабий ҳаётида янги қадам, янги нафас эканини айтишмоқда.
Ибрат Сафо,
Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири, журналист:
«Book.uz» китоб дўконидаги «Очиқ микрофон» ижодий кечасига бир бор бўлсаям келишни тавсия қиламан. Наргиза Одинаеванинг «Чалинг чилдирмани, мен бошқача ўйнайман» мисрали фалсафий шеъри, Бек Алининг «қишлоқилар» ва чироқ ўчиши ҳақидаги исёнкорона шеърлари ёқди. Бу ерда маҳаллабай ишлаш тизими ва инвестиция ҳақида куйлайдиган маддоҳларнинг шиғирлари янграмайди. Ташкилотчиларга икки илтимос, овоз чиқаргичларни саҳнага эмас, томошабинларга қаратинглар – бироз эшитишга қийналдик. Ўт кетган тақдирда осон чиқилиши учун қўшимча «Fire Exit» ҳам белгилаб қўйинглар. Ижодий таркибга гап йўқ, охиригача қолмасамда, кеча жуда ёқди. Бошловчи қизнинг юмор ҳисси ҳам ажойиб. Яшасин!
«Очиқ микрoфон» мустақил ижодкор ёшлар бирлашмаси ва «Book.uz» китоб дўкони ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Ахборот ҳамкори Oyina.uz портали бўлган лойиҳа ташаббускор ёшларнинг шахсий жамғармалари ҳисобига ташкил этилаётгани боис «Book.uz» дўкони ертўласида бўлиб ўтмоқда. Жойнинг торлиги, тингловчиларнинг эса кўплиги сабаб юзага келаётган баъзи ноқулайликларга қарамай, мухлислар лойиҳанинг келгусида янаям оммалашишига умид қилишяпти.
Нурбек Бобоназаров:
Ҳар ишни эгаси қилгани, устаси таҳлил қилгани яхши. Биз эса мухлис сифатида, «ТИРИК СЎЗдан баҳраманд бўлиш» мақсадида оилавий ташриф буюрдик ушбу тадбирга. Ҳам маданий ҳордиқ, ҳам маънавий озуқа. Ҳар қандай катта ишни бошлаб олиш ниҳоятда қийин: улкан меҳнат, юксак масъулият, қанча асаблар, чексиз ҳаяжон... Балки, ташриф буюрганлардан кимлардир қандайдир камчиликлар ҳақида фикр билдиришар. Аммо камчилик бўлмаган жой борми? Қандайдир кўз илғар-илғамас хатолар келажакдаги ютуқлар учун хулоса, аслида. Ҳеч ким ютқазмади, назаримда. Ташкилотчилар, иштирокчилар, мухлислар...
Наргиза Одинаеванинг содда ва самимий кўринишига чиройли уйғунлашган шеърларидаги чуқур фалсафа, Бек Алининг «гумбурлаган» ижод намуналари, Нозиманинг ҳароратли сатрлари, Тилланисонинг фақат Тилланисогагина хос фалсафаси, Моҳира Эшпўлатованинг аёл дарди, ички туйғуларини акс эттирувчи ҳикоясини шунчаки ўқиб бермасдан, ҳақиқий театрдек намойиш қилиб бериши, Шаҳбоз Файзуллаев, Нодирабегим Иброҳимова, Раҳшона Аҳмедованинг шеър ва ҳикояларидаги мавзу ва мазмун... ажойиб эди ҳаммаси.
Алишер Файзуллаев ёзганларини ўқиётиб, бирдан тўхтадида, «Ҳикоямни ўқиш жараёнида ўзим ҳам зерикиб кетдим», деб қолди. Балки, мистик йўналишдаги асарни тушуниш даражасида бўлмаганлар учун зерикарли бўлиши мумкиндир, аммо аксарият тингловчиларнинг сокинлиги, бу – асарга бўлган катта қизиқиш, эътибор белгиси. Ҳикоянинг охири нима билан тугайди, деган савол бўлди бир мухлисдан. Футболни кўрмасдан, шунчаки якуний ҳисобига қизиқадиган мухлисларнинг саволига ўхшади бу. Хуллас, кузатганларим асосида бемалол айта оламанки, катта юкни ўз елкасига олган карвон гўзал манзиллар сари дадил чиқди йўлга. Йўлингиз ойдин, кўзлаган манзилларингиз порлоқ бўлсин.
«Очиқ микрофон»да фақатгина ижодий ишлар ўқилмайди, балки тингловчилар, мутахассислар томонидан таҳлил қилиниши мумкин. Бунинг учун ҳам лойиҳа микрофони ҳеч бир монополиясиз узатилади истаган кишига.
Аъзам Обидов,
шоир, таржимон:
Мустақил ижодкорлар бирлашмаси ва «Book.uz» тадбирига бордик. Зўр! Худди Чикаго ё Нью-Йорк жазз кафесидаги мушоира ва мусиқа кечасида ўтиргандай бўлдим! Эътибор беринг: бу янги «мустақил ижодкорлар бирлашмаси»! Бу – менинг фокус гуруҳим! Уларга баъзи гапларимни айтиб олдим: агар ростдан ҳам мустақил бўлишса, эркин лойиҳаларга очилишса, катта ижодий дастурларни амалга оширишда бирлашишса, мениям ёрдамчи сифатида топишар. Бу сафарги учрашувда, агар таклиф қилишса, пианинони ўзим чалиб тураман.
Шаҳноза Назарова,
филология фанлари доктори, адабиётшунос:
Кеча «Book.uz»нинг кичкинагина тақдимотлар залида «Очиқ микрoфон» лойиҳасининг 2-сонида тингловчи бўлиб қатнашдим. Ҳозирда ижод қилаётган ва ўз ҳаётини адабиёт билан боғлашга, адабиёт билан яшашга уринаётган кўп ёшларни, тенгдошларимни кўрдим. Ҳаммаси оддий – келасиз, таъмасиз шеърлар, ҳикоя, эсселар ўқийсиз, тинглайсиз.
Аввал Севара Алижонованинг эссесидан парча тингладик. Унда бир ўзбек аёли тимсолида кўплаб ўзбек аёлларининг, умуман, аёлнинг кечиб ўтган оғриқлари қаламга олинган. Эссе дунё адабиётидаги фалсафий қарашлар билан боғлаб юборилган. Севаранинг маҳаллий майдонлардан, жаҳон фикр кенгликларига интилаётгани сезилади. Сўнг Насрулло Эргашнинг қон сирқираб турган шеърларини эшитдик. Баъзи ўринларда жўн сўзлар билан шеърни силлиқлашга уринибди. Мен уни ҳар қачон жасоратли сўз айтишга қобил, деб ҳисолайман. Фурқат Алимардоннинг ҳикоялари анча тарқоқ ҳолатда экан, вақт нуқтаи назаридан охиригача эшитишга имкон бўлмади. Лекин ўзининг айтишича, охири зўр. Феруза Хайруллаеванинг шеърлари юрагимни сирқиратди. Мен чап беришни истаётган, ўзим атай кўз юмишни истаётган ҳаёт ҳақида экан. Мутлақо рост шеърлар, рост шеърият. Бизнинг адабиётимизда ёлғон шеърият деган бир йўл пайдо бўлди. Бу йўл мени таҳликага солар эди. Хурсанд бўлдимки, бизда рост шеъриятнинг кўзлари ҳали очиқ экан. Шахриёр Шавкатни одам тирбандлигидан ҳаво тугаб қолган хонада кўзларимни юмиб эшитдим. Ундаги кенглик, манзаралар, кескирлик руҳингизни силкитиб юборади. Жавлон Жовлиевнинг ўз ҳикоясини муҳаббат билан ўқиши ва бошқаларни ҳам муҳаббат билан тинглашга мажбур қилиши ҳавас уйғотади. Балки мана шундай адабий ўқишлар адабиётни кенг оммага тезроқ яқинлаштирар. Достон Усмоновнинг ҳикояларида табиат тасвири, лирик кайфият устунлик қиларкан. Мен унга жаҳон адабиётини кўпроқ ўқишни, ёзганлари ичига фикр чақинларини экиб чиқишни айтдим. Кенгдан-кенг дунёнинг қоронғи қаватида, еростида жойлашган кичкинагина залда инсониятнинг ягона юпанчи бўлган санъат, адабиёт ҳақида, унинг мусиқий дунёлари ҳақида хаёл қилдик. Мен бу адабиёт ер ёриб чиқиб келиши ва ўқтин-ўқтин мудраб қолаётган ўзбек адабиётини қайтадан уйғотиб юборишига, шу катта бир орзунинг бир қаноти бўлишига ишонаман.
Ёш ўзбек ижодкорларини қўллаб-қувватлаш, асарларини оммалаштириш, адабиётни халққа яқинлаштириш, янги истеъдодларни кашф этиш истагидаги ҳомийлар ташкилотчи ёшларга мурожаат қилишлари мумкин. Бутун дунёда мамлакат буджетига қараб қолмасдан, ўз санъатини халққа ва дунёга танитишни истайдиган бундай ижтимоий-адабий лойиҳалар ижодни қадрловчи бизнесменлар, халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланиши оддий ҳол. Ўзбек адабиёти учун ҳам жон куйдирувчи ҳомийлар топилса, лойиҳа ташкилотчиларининг нафақат Тошкентда, балки республика бўйлаб ва халқаро миқёсида «Очиқ микрофон»ни ўтказиш режаси амалга ошишида катта ёрдам бўлади.
Лойиҳанинг кейинги сонлари ҳақида Oyina.uz порталида мунтазам батафсил таҳлиллар бериб борилади. «Очиқ микрофон»да ўқилган шеърлар ва ҳикоялар билан эса лойиҳанинг телеграм каналида танишишинигиз мумкин.
Oyina.uz
Фото: Абдуманнон МУҲАММАД,
Холида МУСУЛМОН,
Эъзоза УМРЗОҚОВА.
Oyina.uzʼни Телеграмда кузатинг
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ