Ота-онангизга меҳрли бўлинг, ўзингиздан жабрдийда ясаманг, одамлардан ажралманг ва сиёсатчиларга ишонманг – Бродскийнинг Мичиган университети битирувчиларига 6 ўгити


Сақлаш
05:15 / 26.08.2023 562 0

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби Иосиф Бродский 1988 йил, 18 декабрда Мичиган университети битирувчилари қаршисида нутқ сўзлайди. Совет иттифоқида яшашга маҳкум рус шоирининг Америкага бориб қолишининг ўзи алоҳида бир ҳикоя. Аммо америкаликлар аллақачон унинг шеърий тўпламларидан бохабар эди, аммо уни дунёга ва инглиззабонларга танитган нарса – унинг эсселари. Дарвоқе, Бродский ҳам ўзини “рус шоири, инглиззабон эссеист ва албатта, Америка фуқароси” деб атайди. Қуйидаги нутқида у Мичиган университети битирувчиларига оқ йўл тилаб, ўзининг айрим тавсияларини беради. Дунёвий, ахлоқий ва инсоний жиҳатдан муҳим аҳамият касб этган ушбу мулоҳазаларни бироз қисқартирилган ҳолда ўзбек тилида ҳавола этамиз.

 

Ҳаёт – қоидалари кўп, аммо ҳакамсиз ўйин. Унда ўйнашни бирор йўриқнома, масалан, Муқаддас Китобдан эмас, балки уни кузатиш орқали ўрганамиз. Шу сабаб кўпчилик ғирром ўйнаши, камчилик ғалаба қозониши ва аксар кишилар мағлуб бўлиши ажабланарли эмас.

 

Бироқ мен бу ерга айнан қайсидир эътиқод ёки фалсафанинг ижобий жиҳатларини санаш учун келмадим, бундан ташқари замонавий таълим тизими ҳамда унинг эҳтимолий қурбонлари саналмиш сиз ёшларни ҳам нишонга олишдан тийиламан. Аввало, мен сизни қурбон деб ҳисобламайман. Бундан ташқари, сиз айрим соҳаларда мендан ёки тенгқурларим ичидаги исталган бир кишидан кўра бениҳоя билимлироқсиз. Мен сизни узоқ сафар олдида турган ёш, ўйчан, ўзбилармон жонлар гуруҳи сифатида кўраман. Бу йўл нақадар узоқлигидан танамда титроқ туради ва ўзимни саволга тутаман: хўш, сизларга қандай ёрдамим тегиши мумкин? Ҳаёт ҳақида сизга қўл келиши мумкин бўлган ёки сиз учун бирор аҳамият касб этган нимадир биламанми, агар билсам, бу маълумотни сизга етказиш имкони борми?

 

Шу сабаб ҳозир берадиган маслаҳатларимни, агар шундай аташ мумкин бўлса, Синай тоғи сифатида эмас, шунчаки бир нечта айсберг чўққилари сифатида қабул қилинг. Мен Мусо, сиз эса Эски Аҳд яҳудийлари эмассиз; сариқ ёндафтарга қораланган бу тартибсиз қайдлар – олам қонуниятлари ёзилган зарварақ эмас. Истасангиз, уларни рад этинг; лозим топсангиз, уларга ишонманг; жуда бўлмаса, унутинг: улар сизга ҳеч қандай мажбурият юкламайди. Агар улардан бири сизга ҳозир ё келажакда асқатса, бошим осмонга етади. Акси бўлса, ғазабим сизни қувиб етмайди.

 

 

1. Ҳозир ҳам, келажакда ҳам тилингиз аниқлигига эътибор қаратганингиз маъқул, деб ўйлайман

Сўз бойлигингизни оширишга, банкдаги ҳисобингизга қандай муносабатда бўлсангиз, шундай муносабатда бўлишга ҳаркат қилинг. Унга кўпроқ эътибор қаратиб, киримни кўпайтиришга урининг. Мақсад бу ерда сизнинг ётоқда ёки касбий фаолиятингизда сўзамол бўлишингизга кўмаклашиш эмас, гарчи бу борада ҳам ёрдам бериши ҳақиқат, ёки сизни дунёвий ақл эгаларига айлантириш ҳам эмас. Мақсад ўй-фикрларингизни иложи борича тўлароқ ва аниқроқ англатишга имкон яратиш; бир сўз билан айтсак, мақсад – сизнинг мувозанатингиз. Зеро, айтилмаган, тўкиб-сочилмаган сезимлар сизни муқаррар равишда неврозга дучор қилиши эҳтимоли бор.

 

Ҳар куни одам кўнглида минглаб ўзгаришлар юз беради, аммо уларни ифода этиш усули кўпинча бир хиллигича қолаверади. Кечинмалар уни англатиш қобилиятидан ўзиб кетади. Бу руҳиятингизга оғир таъсир қилади. Номини топилмаган, гапирилмаган ҳислар, кичик тафовутлар, фикрлар, инъикослар тақрибий гап қурилишларидан қониқмайди ва одам ичида тўпланиб, психологик портлаш ёки бузилишга олиб келиши мумкин.

 

Бундан қочиш учун китоб қуртига айланиш шарт эмас. Луғат сотиб олиб, уни ҳар куни ўқиб туриш кифоя, баъзида шеърлар ҳам ортиқча эмас. Аммо луғат биринчи даражали аҳамиятга эга. Атрофимизда луғат кўп; айримлари учун заррабин керак. Улар, ҳатто энг қимматлари (заррабин қўшиб бериладиганлари) ҳам бир марта психиатр қабулида бўлишдан кўра анча арзонга тушади. Шунда ҳам, жуда психиатрга қатнагингиз келса, унда сўзхўрлик аломатлари билан ташриф буюринг.

 

2. Ҳозир ҳам, кейин ҳам ота-онангизга меҳрли бўлишга интилинг

 

Бу “Ота-онангни ҳурмат қил” деган ўгитга жуда ўхшаса, на чора. Мен фақат шуни айтмоқчиман: уларга қарши бош кўтармасликка урининг, чунки катта эҳтимол билан, улар сиздан аввалроқ вафот этади, шундай экан, ўзингизни ҳеч бўлмаса айбдорлик ҳиссидан сақлаб қоласиз.

 

Агар исён қилишни истасангиз, кўнглига олмайдиган бошқа бировни топинг. Ота-онадай яқинларингизни нишонга олманг (шунингдек, ака-ука, опа-сингил ёки турмуш ўртоғингизни ҳам); масофа шу қадар яқинки, мўлжалга урмасликнинг иложи йўқ. Ота-онага қарши исён ҳаддан ортиқ буржуаларга хос тутим, чунки бу исёнчига юксак даражада фароғат беради, айни вазиятда комил ишонч ортидан келган қалб қониқишини. Сиз бу йўлга қанчалик кеч қадам қўйсангиз, шунчалик кеч буржуага айланасиз; яъни бадгумон, ҳадикчи, ақлий салоҳиятидан қониқмаган одам сифатида қанча узоқ қолсангиз, шунча фойдангизга. Бошқа томондан, “бир тийин ҳам олмайман” қабилидаги исённинг ўзига яраша фойдаси бор, чунки ота-онангиз, катта эҳтимол билан, ўзининг бор мол-мулкини сизга меърос қолдиради ва омади чопган исёнчи охир-оқибат у бойликка бутунича эга чиқади; бошқача айтганда, исён – пул жамғаришнинг самарали усули. Бироқ фоизи зарарга ишлайди; ва айтган бўлардимки, касодга учратади.

 

3. Сиёсатчиларга кўп ҳам ишонманг

 

Кўпинча ўз ишига нўноқ ва адолатсиз бўлганлари учунгина эмас, балки улар бажараётган иш қамрови уларнинг ичида энг яхшилари – қайсидир сиёсий партия, доктрина, тизим ёки қайсидир лойиҳа – учун ҳам ҳаддан ташқари катталик қилгани сабаб. Улар ижтимоий ёвузликни нари борса бироз юмшатиши мумкин, лекин бутунлай бартараф қилолмайди. Бу ислоҳотлар қанчалик сезиларли бўлмасин, ахлоқий нуқтаи назардан, барибир аҳамиятсиздай кўринаверади, чунки, бир дона бўлса ҳам, бу ўзгаришдан фойда кўрмайдиган одам доим топилади.

 

Дунёнинг доим ками бор; олтин давр ҳеч қачон келмаган ва келмайди ҳам. Дунё фақат бир жиҳатдан ўзгаради: гавжумлашади, яъни хажман кенгаймаган ҳолда одам сони кўпаяди. Ўз пирогини сиз билан баҳам кўришга ваъда берган одам қанчалик инсофли бўлмасин, пирог катталашиб қолмайди; улушингиз албатта озаяди.

 

Шуни англаш ёки, аниқроғи, англамсизлик ортидан сиз ўз уйингиздаги пишир-куйдирга ишонишингиз, яъни дунёни мустақил бошқаришингиз лозим, ҳеч бўлмаса, сиз учун очиқ бўлган ва қўл узатсангиз, етадиган қисмини.

 

4. Ажралиб турмасликка, камтар бўлишга ҳаракат қилинг

 

Қуёш остидаги бу замин узра юксакка тирмашиш, албатта, пастдагилар ҳисобига содир бўлади. Кимнингдир оёғини босиб олишга мажбурлигингиз унинг елкасига чиқиб олишингиз кераклигини англатмайди.

 

Қолаверса, сиз у нуқтадан одамлар денгизини ва ўзингиз каби кўзга кўринган, бироқ жуда қалтис жойга ўрнашиб олган кишиларни, яъни бой ва машҳур деб аталувчиларни кўрасиз холос.

 

Умуман, бошқалардан кўра тўкисроқ яшаш одамнинг ичига хижиллик солади, айниқса, ўша бошқалар сони миллиардларга етса. Устига-устак, бой ва маҳшурлар ҳам бугун улкан тўда ҳосил қилгани учун тепа ҳам жуда торайиб кетган. Шундай экан, сиз агар бойлик ва шон-шуҳратга интилаётган бўлсангиз, омад тилайман, аммо унга бутун борлиғингиз билан берилиб кетманг.

 

Ўзга киши эгалик қилаётган нарсага ташналик шахсий қиёфангизни йўқотишни англатади; бошқа томондан эса у оммавий ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Бир марта яшашингизни ҳисобга олсак, энг кўзга кўринган келишелардан, шу жумладан, совғабоп китоблардан қочишни тавсия қилган бўлардим. Ёдингизда бўлсин, ўзингизни бошқалардан айрича ҳис қилиш ҳам сиздаги ўзига хосликка путур етказади, ҳақиқат ҳиссини шу вақтгача эришилган қамровгача торайтириб юборишини-ку айтмаса ҳам бўлади. Ўзида чексиз салоҳиятни жам қилганлар орасида сиқилишиб юриш, уларнинг ташқи кўриниши ва даромадини ҳисобга олган ҳолда, ҳар қандай клубга аъзо бўлишдан кўра яхшироқ.

 

Кўпроқ ўшаларга ўхшашга ҳаракат қилинг, улардан фарқланиб турувчиларга эмас; кулранг кийимга одатланинг. Мимикрия индивидуалликдан воз кечиш эмас, балки уни ҳимоя қилиш. Сизга пастроқ овозда гапиришни ҳам маслаҳат берган бўлардим-у, жуда ошириб юборди деб ўйлашингиздан ҳадиксираяпман.

 

 

5. Ўзингиздан жабрдийда ясашдан қочинг

 

Кўрсаткич бармоғингизга эҳтиёт бўлинг, чунки у бировни қоралашга ташна. Бировга бармоқ ўқталиш – жабрдийдалик аломати; кўрсаткич ва ўрта бармоқ биргаликда ғалабани англатса, бу мағлубиятни англатади.

 

Аҳволингиз қанчалик расво бўлмасин, бунда ташқи кучларни айбламасликка тиришинг: тарих, давлат, бошқарма, ирқ, ота-она, ой фазаси, болалик, тувакка вақтида ўтқазишмагани. Хуллас, бу рўйхат узун ва зерикарли; унинг узун ва зерикарли эканининг ўзиёқ ундан фойдаланмаслик устида бош қотириб ўтириш сиз учун ҳақоратлигини кўрсатади. Сиз айбни бошқа нимагадир юклаган пайтингизда ниманидир шахсан ўзгартиришга бўлган иштиёқни йўққа чиқарасиз; ҳатто айтиш мумкинки, қоралашга ташна бармоқ жазавада гоҳ уни, гоҳ буни кўрсатиши ҳам ундаги қатъият етарли даражада эмаслигидан далолат.

 

Жабрдийдалик мақоми ҳам одамга лаззат беради. У раҳм-шафқат уйғотади, эътиборни тортади, шу сабаб бутун мамлакат ва қитъалар жабрланувчи онги сифатида талқин этилувчи руҳоний чегирма зулматида роҳат туяди. Шахсий адвокатлардан тортиб халқаро қарзларгача ёйилган бутун бошли жабрдийдалик маданияти мавжуд. Бу тизим ўз мақсадини эълон қилганига қарамай, фаолиятининг асл натижаси – эҳтиёжларни атай камайтириб, арзимас ютуқни ҳам улкан муваффақият сифатида овоза қилинишидир.

 

6. Қадам қўймоқчи бўлаётганингиз дунёнинг номи қора

 

У географик нуқтаи назардан маъқул, бироқ тарихий жиҳатдан ҳаминқадар; кўзни қувонтиради, аммо ижтимоий аҳволи ачинарли. Бу ер қулай жой эмаслигини тез орада англайсиз, уни тарк этгунингизгача ҳам аҳвол ўзгаришига шубҳам бор.

 

Лекин бу ихтиёримиздаги ягона дунё: бошқаси йўқ, агар бўлганида ҳам бундан яхшироқ эканига биров кафолат бермайди. Бунда, ташқарида сиз чангалзору чўлга, сирпанчиқ дўнглигу ботқоқ ва ҳоказолардан ўтасиз – том маънода ва энг ёмони, кўчма маънода ҳам. Лекин Роберт Фрост айтганидай, “Энг яхши йўл доимо орадан ўтади”. Бошқа бир шеърида у яна бир гап айтганди: “Жамиятда яшаш – кечириш дегани”. Мен шу орадан ўтиш ҳақидаги баъзи мулоҳазаларим билан нутқимни якунламоқчиман.

 

Сизни ҳаётда бахтсиз қилишга уринаётган одамларга эътибор бермасликка ҳаракат қилинг. Бунақалар кўп – расмий лавозимларда ҳам, ўзидан кимдир ясаганлар орасида ҳам. Улардан қочолмасангиз, тоқат қилинг, аммо қутулганингиздан сўнг дарҳол уларни унутинг. Энг муҳими, бошингизга кулфат солган адолатсиз кишилар ҳақида бошқаларга ҳикоя қилишдан тийилинг; сизни тинглаётганлар қанчалик раҳмдил кўринса ҳам бу ишни қилманг. Бу каби ҳикоялар рақибларингизга қўл келади: улар суҳбатсевар эканингиз ва бошқалар билан ўз тажрибангизни баҳам кўраётганингиздан манфаатдор бўлса, ажабмас.

 

Ҳеч ким адолатсизликка (ҳатто адолатга ҳам) муносиб эмас. Бирга бир муносабат ҳаракатни оқламайди: фақат акс-садо муҳим. Бу ҳар қандай золимнинг асосий тамойили, у хоҳ давлат томонидан молиялаштирилсин, хоҳ мустақил иш юритсин. Шу сабаб акс-садони қувинг ёки бостиринг, ҳодиса қанчалик ёқимсиз ёки эътиборга молик бўлишидан қатъи назар, у содир бўлишига кетган вақтдан кўра кўпроқ вақтингизни олиб қўйишига йўл қўйманг.

 

Душманларингиз қилаётган ишлар қанчалик аҳамиятли ё муҳим экани сиз уларга қандай муносабат билдиришингизга боғлиқ. Шунинг учун уларга аҳамият бермай дарҳол ўтиб кетинг. Уларга фикран ёки тил билан банди бўлиб қолманг; уларни кечирганингиз ёки унутганингиз билан фахрланманг. Хуллас, энг аввало, ёддан чиқаринг. Сиз шу йўл билан мия ҳужайраларингизни бефойда зўриқишдан сақлаб қоласиз; бу билан ҳатто ўша аҳмоқларни ҳам уларнинг ўзидан халос қилишингиз мумкин, чунки унутилиш эҳтимоли кечирилиш эҳтимолидан кўра анча кичик.

 

 

Шу жойда тўхтаганим маъқул. Лўли хотин эмасман, келажагингиздан фол очолмайман, бироқ кўп нарса сизнинг фойдангизга ишлаётгани яққол кўриниб турибди. Биринчидан, туғилганингизнинг ўзи ярим ғалаба. Қолаверса, сиз демократияда – даҳшатли туш ва утопия орасидаги чала битган уйда яшаяпсиз; у йўлингизга бошқа тузумлардан кўра камроқ тўсиқ қўяди.

 

Ниҳоят, Мичиган университетида таълим олдингиз. У ўн олти йил аввал дунёдаги энг дангаса, бу ҳам етмагандай, инглиз тилини умуман билмайдиган одамга, камина қулингизга ўта муҳим имкониятни тақдим қилган. Ҳеч бўлмаса шу нарса, назаримда, уни мамлакатдаги энг яхши олийгоҳ деб аташга асос бўла олади. Мен бу ерда саккиз йил дарс бердим; тилни шу ерда ўргандим ва шу тилда ҳозир сизга мурожаат қиляпман; собиқ ҳамкасбларим ичида айримлари ҳали ҳам ишлаяпти, бошқалари нафақада, учинчилари эса сиз яшаётган Анн Арбор тупроғида мангу уйқуга кетган. Шубҳасиз, бу жой қалбимда илиқ ҳиссиётлар уйғотади, ўн йилдан сўнг сизда ҳам шундай бўлади. Мен келажагингизни шу босқичгача башорат қила оламан; биламан, сиз унгача йўқолиб кетмайсиз ёки, аниқроғи, сизни муваффақият кутади. Ўн йилдан сўнг бу шаҳарни эслаганингизда қалбингизда илиқ тўлқинлар пайдо бўлиши, омадингиз чопгани ёки чопмаганидан қатъий назар, сиз инсон сифатида улғайганингиздан далолат беради. Энг аввало, сизга айнан шунақа муваффақиятни тилайман. Қолганлари кейинги даражали, яна омадга ҳам боғлиқ.

 

Рафиқ САЙДУЛЛО тайёрлади

Oyina.uz

 

Oyina.uz'ni Telegramda o‘qing!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10356
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//