Адабиёт
Японлар фарзандлари маълум ёшга етгач, олдига турли ўйинчоқлар, пуллар ёки китоблар қўйиб қўйишар, улардан бирини танлашига қараб, касбга йўналтиришни бошлашаркан. Албатта, бу ҳамма япон оиласида ҳам қўлланилавермайди, қолаверса, доим ҳам юз фоизлик натижа беравермайди. Бироқ, донишманд халқнинг бу каби ҳаракатлари замирида касб танловини боланинг ўзига қўйиб бериш, иқтидорини кичиклигидан аниқлаб, кўмак бериш мақсади ётади. Чунки инсоннинг истеъдоди юзага чиқишида атрофини қуршаган муҳит ҳам катта роль ўйнайди.
Сўнгги вақтларда ўзимизда ҳам болаларнинг қизиқишлари, истеъдодини ривожлантириш, йўналтиришга қаратилган таълим даргоҳлари – айти парклар, коворкинг марказлари, спорт, мусиқа ва санъат мактаблари қурилди. Аввалига “Бу табақаланишга олиб келиши, ўқувчилар бирёқлама билим олиб қолиши мумкин”, дея хавотирларга сабаб бўлган ушбу мактабларнинг ўқув фаолияти йилдан йилга такомиллашиб, янги ихтисослик фанлари қўшилиб бормоқда. Уларда таҳсил олувчи ўқувчиларнинг кўрсаткичлари эса ҳар қандай ота-она орзуси ва миллат фахрига сабаб бўлиб, келажакка умид уйғотяпти. Хусусан, олти йил аввал очилган ижод мактаблари ҳам бу йил илк бор “ҳосилга кирди”.
2017-2019 йилларда юртимиз бўйлаб иқтидорли ва ижодкор болаларни қамраб олишга мўлжалланган Исъҳоқхон Ибрат (Наманган), Ҳамид Олимжон ва Зулфия (Жиззах), Ибройим Юсупов (Қорақалпоғистон Республикаси), Эркин Воҳидов (Фарғона), Абдулла Орипов (Қашқадарё), Муҳаммад Юсуф (Андижон), Ҳалима Худойбердиева (Сирдарё), Муҳаммадризо Огаҳий (Хоразм), Абдулла Қодирий (Тошкент) номлари билан аталадиган ихтисослашган ижод мактаблари ташкил этилди. Хўш, бу таълим даргоҳлари нимаси билан оддий мактаблардан фарқ қилади.
Аввало, ушбу мактабларга ўқувчилар 7 синфдан танлов асосида, махсус имтиҳонлар ёрдамида билими ва истеъдодига кўра саралаб олинади. Аммо, айтайлик, ўқувчи ўта билимли, бироқ истеъдоди аниқ фанлар ёки ижодга алоқадор бўлмаган бошқа бир соҳага йўналтирилган бўлса ҳам қабул қилинмаслиги мумкин. Чунки ушбу мактаблар ўқув режасига кўра, нотиқлик санъати, халқ оғзаки ижоди, матншунослик, публицистика, таржима қоидалари, драматургия фанларини ўқитишга ҳафтасига 25 соат ажратилади(7-11 синфда жами соат 175). Ўқув жараёнида ўқувчилар дунё кинематографиясининг 100 та энг яхши намунаси ва дунё адабиётининг энг сара 100 та асарини тўлиқ ўрганиб, таҳлил қилади.
Шунингдек, ижод мактабининг умумтаълим мактаблардан бошқа фарқлари:
- Она тили, адабиёт, чет тиллари ва ихтисослик фанлари кенгайтирилиб, чуқурроқ ўргатилади;
- синфларда ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил этади (бошқа мактабларда 35 нафар). Ўз устида мустақил ишлаши учун етарлича шароит яратилган;
- машҳур адиблар, ёзувчилар, шоирлар иштирокида мунтазам равишда маҳорат дарслари ташкил этилади;
- олий таълим муассасаларига бириктирилади, ОТМ методик ёрдам беради, ўқитувчилар билан таъминлайди;
- 12 та асосий фаннинг (она тили ва адабиёт, тарих, математика, физика, кимё, биология, информатика, тарбия, рус тили, инглиз тили, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик) дарслик ва ўқув дастурлари янгидан ишлаб чиқилади ва интерактив тарзда чуқурлаштириб ўқитилади;
- 10 та тўлдирувчи фаннинг (мусиқа, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология, жисмоний тарбия, дунё динлари тарихи, давлат ва ҳуқуқ асослари, одобнома, ватан туйғуси, иқтисодий билим ва тадбиркорлик асослари) бир қисми асосий фанларга интеграция қилиниши ва қолганларини факультатив сифатида ўқитилиши белгиланади.
Баъзан ота-оналар томонидан имтиҳонларнинг мураккаброқ тузилгани ёки қабулда боланинг ижодий салоҳияти ҳам роль ўйнаши борасида эътирозлар пайдо бўлади. Аммо у каби тиғиз ва тизимли бериб борилувчи билимларга кўнглида ижодга иштиёқи, истеъдоди бўлмаган ўқувчи дош бериши қийин ёки жуда тез зерикиб қолиши ҳам мумкин. Ўқувчилари бўлажак таржимон, журналист, лингвист олим, шоир, ёзувчи, дипломат бўлиб етишишига йўналтирилган ижод мактаблари очилганига кўп вақт бўлмай, ўзини оқлай бошлади. Бу шунчаки ҳисобот ёки пиар учун айтиладиган гап эмас. Зотан, мисолларнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди воқеликни:
– Ижод мактабларидаги 202 нафар ўқитувчиларнинг 43 фоизи (87 нафари) халқаро ва миллий сертификатлар соҳиби ҳисобланади. Бу кўрсаткич 2022-йилга нисбатан 28 фоиз (56 нафар)га ўсган;
– 223 нафар 11-синф битирувчиларининг 83 фоизи (186 нафари) халқаро ва миллий сертификатни қўлга киритган ва уларнинг 15 фоизи муддатидан олдин хорижий, 85 фоизи эса маҳаллий олий ўқув юртларида ўқиш имкониятига эга бўлган. Бу кўрсаткич 2022-йилга нисбатан 28 фоизга ўсган. Ўқувчилар жами 5,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант соҳиби бўлишди. Шунингдек, улардан 3 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендияси соҳибига айланишди;
– ижод мактаблари учун чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар дарсликлари 100 фоиз мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талаблар даражасида ишлаб чиқилди;
– Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби битирувчиси Эргашева Нилуфархон Акрамжон қизи “Зулфия” давлат мукофотига сазовор бўлди;
– Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабининг 9-синф ўқувчиси Каримов Жавоҳир Абдукарим ўғли “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди;
– 410 нафар ўқувчининг ижодий ишларини ўз ичига олган “Ижод боғидан гулдаста” шеърий тўпламининг 4 та сони чоп этилди;
– ижод мактаблари ўқувчиларини замонавий ва миллий касб-ҳунарларга йўналтириш мақсадида 21 та касб-ҳунар рўйхати тасдиқланди. Бугунги кунда 1 098 нафар (68 фоиз) ўқувчига замонавий ва миллий касбларга ўргатилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агeнтлиги томонидан давлат олий таълим муассасаларига жорий йил битирувчиларининг бакалавриат йўналиши бўйича ўртача ўтиш балларини ҳисоблаганда, республика рейтингининг кучли ўнталигида 3 та ижод мактаби номи қайд этилган: 2-ўринда Эркин Воҳидов, 5-ўринда Исъҳоқхон Ибрат, 7-ўринда Абдулла Орипов номидаги ижод мактаблари. Шунингдек, кучли 20 таликда 13-ўринни Ҳалима Худойбердиева, 14-ўринни Ҳамид Олимжон ва Зулфия, 16-ўринни эса Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби эгаллаган.
9 та ижод мактабининг туман, шаҳар, вилоят ва республикадаги ўринлари эса қуйидагича белгиланган:
Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари маҳаллий ОТМларига ҳужжат топширган ва Тошкент шаҳридаги ўқувчиси ўқишга қабул қилинган мактаблар кесимида 3-ўринни эгаллаган. Олмазор тумани бўйича эса 1-ўринни забт этган.
Гарчи адабий, ижодий соҳаларга йўналтирилган бўлсада, ижод мактаблари иқтидорли болаларнинг қобилияти ва истеъдодини ўстириш билан бирга, дунёқарашини ҳам кенгайишига ҳисса қўшмоқда. Улар эришаётган ютуқлар билангина чекланиб қолмай, илм, ахлоқ тарбияси, ватанпарварлик туйғуларининг бола қалбига жойлашишига ҳам хизмат қилмоқда. Бундай хислатларни ўзида жамлаган инсонлар бор жамиятда эса бутун шахслар ривожланади, истеъдод кучаяди, мамлакат тараққий топади.
Фарзандларимиздаги иқтидорни шакллантириш билан янги Беруний, янги Қодирий ёки ўзбекнинг Стив Жобси, Рокфеллерини ярата олиш имкони бугун ҳар биримизда бор. Фақат болаларни тўғри тушуна олиш ва йўналтиришда гап. Ижод мактаблари бу борада сизга камарбаста бўлишга доим тайёр.
Ҳилола НАЗИРОВА,
Тарих фанлари фалсафа доктори,
Абдулла Қодирий номидаги
ижод мактаби директори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ