Усмон Носирнинг ҳукумат миқёсида йўқланиши савоб иш бўлибди. Ҳисобимча, бутун умр бўйи биргина ҳақиқий шеър ёза олган шоир ҳам аслида адабиётда из қолдирган бахтли ижодкорлар сирасига киради.
Туркияга сўнгги сафарига отланаётган (“сўнгги” экани у вақт хаёлимга ҳам келгани йўқ) Абдулла Орипов билан муҳим мавзуларда суҳбатлашган эдим. Гапдан гап чиқиб, шеъриятимиз бармоқ вазнига ўтгандан кейинги таниқли шоирлар бисотида мукаммал шеърлар қанча эканини тахминан ҳисоблай бошладик: фалончида ўнта, фистончида бешта... Шеърлари талабимизга жавоб бермаганларнинг ҳам ижобий тарафларини санадик: ундан сўз ўрганса бўлади, бундан оҳанг...
Навбат Усмон Носирга етганда иккаламиз ҳам афсусга йўғрилган изтиробда шоирни шарафлашга тушиб кетдик. Айниқса, умри адоғида ёзган бир даста шеърларини мақтаб адо этолмадик... Ёшгина даҳо жувонмарг кетганига чидаёлмай, қаттол замон шаънига “илиқ” гаплар айтдик. “Энди... у ёш бола эди-да”, деди ачиниб Абдулла ака.
Ҳар бир ёш шоирнинг адабиётга кириши турли-туман турткилар, ички ва ташқи тўлғовлар ва албатта тинимсиз мутолаа қуршовида кечади. Дуч келган китобни ўқийвергач, дунёга қараб юраги тўлғонавергач, озми-кўпми машқ қилавергач, у бир кунмас бир кун ҳақиқий шеърият билан ҳам юзма-юз келади. Ҳақиқий шеърият билан учрашув эса – байрам! Чексиз-чегарасиз байрам! Менинг ҳаваскорликдан ўтиб, унча-мунча шеъриятни англай бошлаган кунларим ҳам ана шундай байрам – ҳақиқий шеърият етагида кечди. Дангалини айтганда, мени шеъриятга етаклаб олиб кирган шоирлардан бири ўша “ёш бола” – Усмон Носир бўлди.
...Бизнинг болалик ва ўсмирлигимиз қатағондан кейинги ўзбек адабиёти ўзини тиклаб олишга уринаётган бир даврга тўғри келди. Адабиёт ўттизинчи-эллигинчи йилларнинг қирғинларидан кўп азият чеккан, қўрқинч унинг ҳар бир ҳужайрасига сингиб кетган, истеъдодсизлар маддоҳлик ва хушомадгўйлик ортидан мартабаю унвонларга осонгина эришиш мумкинлигини англаган, газета-журналларда олқишу тилёғламалик кўпирган бир кезлар эди. Истеъдодлилар ҳам истеъдодсизликнинг йўлидан юришга мажбур, зотан, бошқа йўл борлигини-да билмас эди. Мен – тинмай газетаю журнал ўқийдиган бола ўша кезлардаги бу йўсин асарларни “адабиёт шундай бўлар экан” дея қабул қилганим рост. Боланинг мурғак руҳига нима пайванд этилса, ўша кўкаришини кейинчалик англадим.
Аммо замон ўзгара бошлади.
Оиламиздаги катталар орасида “Қодирий, Фитрат, Чўлпон оқланибди” деган гап юриб қолгани эсимда. Кўп ўтмай “Ўткан кунлар” нашрдан чиқди. Кейинроқ – ўсмирликда – адабиётни англаш давридаги мастона кунларда эса Усмон Носирнинг шеърлари ва “Нахшон” достони қўлимга тегди. У китоблар руҳу қалбимга қанчалар юксаклигу теранлик бахш этганини энди-энди тасаввур этаман. Мен ўша кез Усмон Носир шеърияти қанотида ҳам учиб юрганман. У дамларнинг сурури ҳамон ёдимда. Шеъриятга мухлис дўстларимиз билан, назаримда, фақат шеър ила нафас олганмиз. Мактаб ҳовлисида, уйда, Бойсун кўчаларида – у ёқдан-бу ёққа кезиниб – фақат адабиёт ҳақида гаплашганмиз. Аралашиб юрганимиз ҳаётга, одамларга, эшитганимиз-билганимиз баланд-паст воқеликларга адабиётнинг, демак, ўзимизча англаганимиз ҳақиқатнинг кўзи ва руҳи билан қараганмиз. Истеъдодли адиблару шоирларимиз асарларидан эсган шаббода Адабиёт бу ҳақиқат эканини юракларимизга олиб кирган эди ўша кезларда. Сўзни ўрнига қўйиш, тасвир ва ҳолатнинг аниқлиги, шеърга руҳнинг кўчиши; дунё гўзаллиги ва чексизлик қадар мураккаблигини оғриқли даражада ҳис қилиш; ҳар бир жумла, умуман, бадиий асарнинг мувозанатини аллақандай ички ўлчам билан сақлаш... Адабиётнинг яна қанчадан-қанча нозик ва сўзга тушириб бўлмас сеҳрли ҳақиқатлари бор. Мен ўшанда бутун дунё шеърдан иборат эканини тўлиқиб-ўртаниб ҳис этганман. Ҳозир ҳам худди шу тарзда ўйлайман ва мабодо оламда шеър бўлиб кўринмайдиган бирон бир хилқатга дуч келсам, уни Парвардигор эмас, одамлар яратган, деган хаёлга бораман.
Истеъдод биргина заррани шундай нуктадонлик билан ифодалайдики, ўша зарра бор даҳшати ва гўзаллиги – ҳақиқати билан юраклардан жой олади. Фасоду низоларда тўлғониб яшайдиган савдогар дунёни эса шеърни унутганлар қургандай...
Усмон Носир, Абдулла Ориф таъбири билан айтганда, ўша “ёш бола” шоир сифатида тез улғайган. Бутун вужуди, руҳи билан ҳис қилиши лозим бўлган юқорида айтганим ҳақиқатларга шоир эркин умрининг сўнгги йилларида ёзган шеърлари ва “Нахшон” достони мавжларида етиб келган. Ҳайрат ва ҳаяжондаги самимийлик, изҳордаги драматик туғён, руҳнинг табиий равишда ҳар бир сўзга чоғишиб кетгани, муаллиф таржимаи ҳолидаги оғриқли нуқталарнинг назмга кўчиши, яна аллақандай – тушунтириб бўлмайдиган – фақат истеъдодли шоир қаламидан кўчган сатрларга хос фазилатлар унинг шеърлари ҳавосида ажиб бўй таратиб туради. Бунинг устига, фақат Усмон Носирга хос шеърнинг ўзгача латофати, катта шоирнинг “мен”и, ўзига хос овози...
У вақтлар бу сеҳр нима эканини билмаганман, албатта. Усмон Носир шеърияти нега мени бунчалар ром этганини мана энди, қисман бўлса ҳам ёзаётирман. Ўша кезлар эса фақат шеърнинг завқи-шавқида ҳаволанганман, холос. Энг муҳими, адабий дидим шаклланишида шоир шеърияти беқиёс роль ўйнаган.
Бармоқ вазнига асосланган шеъриятимизнинг шаклланиш даври шеършунослар томонидан махсус ўрганилмаган. Таъкидлаш лозимки, шеъриятдаги туб илдизимиз – бармоқ вазнига қайтиш бежиз рўй бермаган. Биринчидан, ўзбек халқи ўзини таниш даврини бошдан кечира бошлаган эди. Адабиёт аҳли ҳам халқнинг феъл-атворига мос туб анъаналарга қайтиш лозимлигини ҳис этган. Илғор шоирлар арабу форс оҳангларининг нуқси урмаган, барча эмин-эркин ўқиши мумкин бўлган туркона бармоқ вазнига қайтиш адабиётимизнинг мустақил ривожланиши, жаҳон адабиёти билан пайванд бўлишининг энг қулай йўли эканини тушуниб етганлар. Иккинчидан, оғиркарвон дунёнинг ҳам юриши тезлашган, тасвирда устма-уст қофиялар билан занжирбанд этилган шеъриятдан кўра халқчиллиги ва эркинлиги билан қадимдан туркийларнинг шиддату ғайратига хос бу вазн шубҳасиз мақбул эди. Боз устига, оғзаки ва ёзма нутқ ўртасида ниҳоятда катта довон пайдо бўлган, ёзма адабиёт хосларнинггина аъмолига айланиб қолган эди. Янги адабиёт вакиллари китобхон ва ёзувчи ўртасида пайдо бўлган ана шу довонни йиқитмоқчи, ортиқча уринишларсиз кўнгилларга етиб бормоқ мақсадини қўйган эди.
Аммо адабиётда анъанани бузишдан қийин иш бўлмаса керак. Бус-бутун шеъриятни ўзгартириш ҳам осон кечмаган. Билишимча, ҳатто “аруз зиндони”га қарши бош кўтарган устозлар ҳам бармоқ вазнидан тўлиғича фойдалана олмаганлар, руҳу юракнинг, замоннинг тасвирини беришда бирмунча қийналганлар, гоҳида эса аруз сари сирғаниб тушиб кетаверганлар. Яна айрим шоирлар эса бу “нотаниш” вазнда бир қадар зўриққани, шеърлари сунъийликдан холи эмаслиги сезилади.
Мен аруздан бармоқ вазнига ўтиш давридаги изланишларни ниҳоясига етказишда Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон қаторида Усмон Носирнинг хизмати ҳам беқиёс эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Усмон Носирнинг хизмати нимада? У бармоқ вазнига асл шеърнинг юраги бўлмиш ДАРДни олиб кирди. “Осмоний” эмас, заминий бўёқлар унинг сатрларига оқиб кира бошлади. Одамлар ўртасидаги оддий сўзлашувга монанд гаплар унинг истеъдоди билан нурлангач, шеърга айланди. Эсланг: “Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас, / Ҳали бор ҳаётда насибам, / Силлигим безарар – ҳеч гапмас, / Борини кўраман, Насимам!” Жуда кўп ишлатиладиган “пешонада борини кўрамиз-да” жумласи шеърга кўчганда нақадар таъсирли ва фожиали жаранглайди. Шеърнинг шоир тақдиридан кўчган ўринлари ҳам юракни бир силтаб ташлаш даражасида ларзадор. Байтлар бежалмагани, самимийлиги, тўппа-тўғри юракка етиб бориши билан ажралиб туради.
Унинг “Нахшон” достони ва таржима қилгани – “Демон” ва “Боқчасарой фонтани” янги шеъриятнинг улкан ютуқларидандир. Шоирнинг бармоқ вазнида яратган асарлари қиймати шундаки, улар шеъриятимизнинг катта карвон йўлига маёқ бўлди. Усмон Носир кўпроқ фойдаланган бармоқ вазнининг тўққиз ва ўн бир бўғинли кўринишлари ҳозиргача шоирларимиз бот-бот мурожаат этадиган вазнлар саналади.
Усмон Носир адабиётга ёниб кирди. Гоҳ учиб, гоҳ қоқилиб – ҳаяжонда ҳапқириб яшади. Истеъдод тўлғоқлари ва самимияти бир текис яшашига йўл берармиди денг! Гарчи шоир ҳаётга ўзгача қараши лозим бўлган янги авлод вакили эса-да, ўқиб-ўрганиш, изланиш, ижод жараёни унинг фикратига, дунёқарашига таъсир ўтказмасдан қолмади. Янги билимлар, навқирон тажрибалар ва халқининг аччиқ қисмати юрагига бостириб кирди. Лекин шоир босқинчилардан юртини халос этиш эътиқодидан ҳали узоқ эди. Эҳтимол, қатағон гирдобига тортиб кетмаганида, у бу шонли йўлни орзу қиладиган, дейлик, Қодирий ва Чўлпон каби оташин бир зотга айланар эди.
Шу ўринда “янги авлод” деб ёзганим тушунчага изоҳ бериб ўтишимга тўғри келади. Шўролар ҳокимиятни эгаллагач, Туркистонда ўз йўриғига мос зиёлиларни тарбиялаб етиштириш тараддудида бўлди. Мактаблар ва бошқа ўқув юртларида уларнинг махсус лойиҳалари асосида таҳсил берила бошлади. Миллий тарихдан, адабиёту маданиятдан йироқлаштириш чоралари кўрилди. Натижада, ўттизинчи йилларнинг аввалидаёқ миллий ва Шарқ адабиётидан, тарихидан узоқроқ янги зиёлилар қатлами шакллана борди. Бу зиёлилар Москванинг сиёсатини Туркистонда тарғиб этиш учун мустаҳкам асос яратиши лозим эди. Адабиётда ҳам шўролар шу йўсин таълим берган истеъдодлар бўй кўрсатди. Усмон Носир ана шу тарбияни олган ёшлар сафида эди. Унинг биринчи шеърларидаги соддагина сатрларни эсланг. Ёш шоирни фахр билан шогирди деб ҳисоблаган Чўлпон уни ўзбек мумтоз адабиётини жиддий ўрганишга даъват этгани бежиз эмас.
Усмон сергак ўспирин эди. Назаримда, у юртида нималар рўй бераётганини тобора англай бошлаган. Ўзак моҳиятига кўра шеърият барибир ҳурлик эканини англаш асносида юрагида ғалаён турган. Тўлиб-тошиб яшаётган шоир руҳида илдиз отган бу туйғуларни, хулосаларни керакли-кераксиз жойда ошкор этишдан баъзан ўзини тия олмаган. Бу ёғи маълум...
Москва сафарида айтган бир оғиз эҳтиётсиз гапи ўзидан олдин Тошкентга етиб келди. Сафар давомида ҳамроҳлик қилган Лаврентьев деган шахс келган заҳотиёқ Усмон Носирнинг устидан Ёзувчилар союзига шикоят қилди. Шу билан бари бошланди! Гарчи истеъдодли шоиру адиблар унга тош отишдан ўзларини тийишга ҳаракат қилган, фаоллик этмаган бўлса ҳам, адабиёт теварагидаги қаланғи-қасанғи каслар зўр бериб ҳужумга ўтди... Мен ул беҳаё истеъдодсизларнинг ҳасадини ҳозир ҳам шундоқ кўриб тургандекман. Ахир, Усмон Носир пайдо бўлгач, улар ниҳоятда хира тортиб кетган эди-да! Барча мақтов Усмонга! Барча сийлов Усмонга!.. Хуллас, ўч олиш учун, истеъдодсизлигини яшириш учун сабаб топилди. Бу ҳол аслида ўша йилларнинг қаҳрамонларигина ўзгариб турадиган қонли спектаклларидан бири эди... Аммо кўнглимни ҳамиша ғаш қиладиган бир факт бор. Усмон Носирга қамоқхона эшигининг ланг очилишига баъзи китобларига ҳозиргача кўз ташлаб турадиганим кекса бир адиб кўмак бериб юборгани эту суягимни зирқиратади. Ўша мўйсафид адиб аллақачон ўзбек адабиётидан воз кечиб, бошқа тилда ёзишга ўтган бўлса ҳам, не тонгки, қотилона ишга бош қўшди. Афсус!..
Шу ўринда яна бир ҳолатни эслаб ўтмасам бўлмайди. Айрим ўзга адабиёт вакилларининг Ўзбекистонга сафари ур-йиқитларга сабаб бўлгани тарихдан маълум. Инқилобчи Лоҳутийнинг ёки дашноқчасига қилич қайраган Шагиняннинг Тошкентга “ташриф”ини эсланг... Ҳолбуки, бирон бир ўзбек адибининг бошқа адабиёт ишларига аралашганини ҳеч ким эслолмайди. Бизга эса тўғри келган нокас хўжайинлик қилаверган. Бу нохуш ҳолат мустақилликкача давом этди...
Алҳол, қатағон қуюни Усмон Носирни ҳам даҳшатли гирдобига ютди.
У қамоқхонада ҳам ўзича курашди, беайб эканини исбот қилишга уринди...
Халқимиз мустақиллик учун курашаётган кезларда бир гуруҳ ўзбек адиблари Усмон Носир сўнгги кунларини ўтказган Мариинск шаҳри ёнидаги қишлоққа борди. Мен ҳам улар сафида эдим.
Айтишларича, қишлоқ қийноқ лагерида ишлаган собиқ назоратчиларнинг тураржойларидан иборат, лагерь бинолари эса – ўша одамларни кўнгилсиз хотиралардан халос қилиш учун бўлса керак – бузиб ташланган экан...
Манзилга етгач, машиналардан тушдик. Улкан сайҳонлик бошланадиган, қишлоққа ўтадиган йўл четида бир неча юз эркагу аёл тўпланган. Атрофга қараймиз: ўрмонга туташиб кетган, қовжираган ўт-ўланлар билан зич қопланган кенг текислик. Баъзи жойларда пишиқ ғишт бўлаклари сочилиб ётибди. Сайҳонлик бошланадиган жойда кемероволик адибларнинг саъй-ҳаракати билан Усмон Носирга кичкинагина ёдгорлик ўрнатилган. Оломон сукутда турибди, биров чурқ этмайди. Бизнинг гуруҳ ҳеч кимга эътибор бермай ёдгорлик томон юрди. Ёдгорликка етгач, барчамиз чўккаладик. Раҳматли Ҳожиакбар Шайхов Қуръон тиловат қилди. Оятлар шу қадар жону жаҳонимни зириллатдики!.. Кейин шу зил сукунатни оралаб, ғиштлар сочилиб ётган жойга бордик. Усмон Носирнинг оҳлари сингиб кетган жойлар...
Мен қабристон қаердалигини сўрадим. Бу лагерда қабристон йўқлиги, қишда вафот этганлар муз эригунча бир четда тахлаб қўйилгани, тошдай музлаган тупроқ эригач эса, чуқур қазилиб, умум бир ўрага кўмиб юбориш расм бўлгани; ёзда вафот этганлар ҳам пешма-пеш – шу тарзда дафн этилгани айтилди. Бечора Усмон!.. Ҳеч кимга кўрсатмай кўзёшимни артдим...
Бизларни бир уйга бошлашди. Лагерда мошинкачи бўлиб ишлаган аёл яшар экан унда. Усмон Носирнинг жияни Нодирахон, яна айрим ҳамроҳларимиз ичкарига кириб кетишди. Мен кемероволик биродарлар билан ҳовли этагида қолдим. Ўша маҳал кир босган фуфайка кийган исқирт бир эркакка кўзим тушди. Ранги оқарган, пешонасини тер босган, тўхтовсиз қалтирар эди. Умрим бўйи бундай қалтираган одамни кўрган эмасман! У бир қўли билан омонат четан девор ёғочини маҳкам ушлаб турар, ҳатто четан девор ҳам унинг жонҳолат титроғига қўшилиб қалтирар эди. Бу одамга нима бўлганини сўрадим. Айтишларича, мошинкачи аёлнинг эри, лагерда назоратчи бўлиб ишлаган экан. “Шоирини излаб келган ўзбеклар мени омон қолдирмайди”, дея қўрқувдан қалтираётган экан...
Кейин у ўлкаларга қайта бориш менга насиб этмади.
Бу сатрларни ёзарканман, Усмон Носирнинг хоки қолган ўша жойларни зиёрат қилиб туришимиз керак экан, деган хаёлга бориб ўтирибман. Ёзувчилар уюшмаси саъй-ҳаракат қилса, масалан, Шаҳидлар хотираси кунларида сафар уюштирилса, бу савоб амал анъана тусини олса... Ўша жойда Усмон Носирга муносиб бир ёдгорлик ўрнатилса ҳам кўп дуруст иш бўлар эди.
Усмон Носирни эсласам, доим йиғлагим келади.
Парвардигор! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Усмон АЗИМ
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 2-сон.
“Улуғ отдошим” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ