Дунёга машҳур, ўз юртида шунчаки “мотиватор ёзувчи” — Пауло Коэлонинг ёзганлари юксак адабиётми ёки шунчаки макулатура?


Сақлаш
01:40 / 23.08.2023 936 0

Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэло ўзининг “Алкимёгар” романи билан бутун дунёга машҳур бўлди. У ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам кирган: Германиядаги китоб ярмаркасида Коэло “Алкимёгар”нинг 53 нусхасини имзолаган ва уларнинг барчаси турли тилларда чоп этилган. Хориж нашрлари муаллифнинг ғайриоддий машҳурлиги сири, нима учун баъзилар уни ёмон кўриши, бошқалари эса, аксинча, уни севиб ўқишининг сабабларини топишга ҳаракат қилишади.

 

Коэлога адабиёт оламининг ёпиқ эшикларини ланг очиб берган китоб, шаксиз, “Алкимёгар” романи. Ўзбекистонда ҳам бу роман уч марта таржима қилинган ва кўпчилик қизиқиб ўқиган. Қизиғи шундаки, бу асар дастлаб Францияда машҳур бўлган ва кейинчалик бутун дунёда бестселлерга айланди. “Алкимёгар” 81 тилга таржима қилинган. Аммо Коэлонинг ижоди фақат шу асар билан чегараланиб қолмаган. Ёзувчининг барча асарлари жами 350 миллионга яқин нусхада сотилган. Бу рақамлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам ёзувчи зотини жинни қилиб қўядиган статистика. Коэлонинг китобларининг сотувидан тушган маблағ хоррор жанрининг қироли бўлмиш Стивен Кингники билан бир хил.

 

2017 йилда Коэло дунёнинг энг нуфузли ёзувчилари рўйхатида 2-ўринга сазовор бўлди. У биринчи ўринни “Гарри Поттер” асари муаллифи Жоан Роулингга бой берди, холос. Шу каби эътирофларга қарамай, муаллиф ҳам бадиий адабиёт мутахассислари, ҳам оддий китобхонлар томонидан шафқатсизларча танқид қилинади. Бечорани нега бунча хўрлашади?..

 

Дунёга машҳур, аммо ўз юртида у шунчаки “мотиватор ёзувчи”

 

Коэло хорижда даҳо саналади, аммо ўз ватанида кўпчилик уни “мотивацион китоблар муаллифи” деб атайди. Бошқача қилиб айтганда, унинг асарлари ўқувчининг ҳаётига таъсир ўтказишга ҳаракат қиладиган китоблар. Коэлонинг ижоди ўз ватанида, яъни Бразилияда шундай қабул қилинади.

 

Ўқувчилар ўртасидаги демографик фарқ ҳам қизиқ. Хорижда ёзувчини асосан ёшлар аудиторияси яхши кўришса, Бразилияда унинг мухлислари ижтимоий тармоқларда турли илҳомлантирувчи, мотивацион статусларни жойлашни яхши кўрадиган катта ёшли холалар ва момолардир.

 

Бразилияликларнинг ўзларидан чиққан машҳур ёзувчи ҳақидаги фикри салбий эканига сабаб, унинг китоблари бадиий тасвир ичига ўралган, аслида ўзини ривожлантиришга қаратилган адабиёт эканида. Лўнда қилиб айтганда, асарларнинг турган-битгани мотивация. Бундай матнларни ўқиш ва ҳазм қилиш осон, улар сиздан ҳеч қандай ақлий зўриқиш талаб қилмайди, шунчаки руҳлантиради.

 

Коэлонинг ўз ватанида рад этилишининг яна бир сабаби, муаллиф португал тилининг жозибасини кўрсата олмаслиги ва тилни бузиб ишлатишидир. Бразилияликлар унинг асарларида “заиф тил”ни кўришади. Буни бошқа мамлакатлардаги мухлислар сезишмайди, албатта. Бу ҳам етмагандай, Коэло кўплаб грамматик хатоларга йўл қўяди, бу эса португалларга оддий сўзлашув тили бўлиб туюлади. Бразилияда адабий тил жуда қадрланади ва унинг қимматини тушириб юбориш халқ томонидан оғриқли қабул қилинади.

 

Бу хулоса мамлакатда шу қадар оммалашганки, кўпчилик Коэлони автоматик равишда ёқтирмайди. Улар муаллифнинг бирорта китобини ўқишмаган бўлса ҳам, шу хулосадан келиб чиқиб ёзувчига баҳо бериб қўя қолишади.

 

Дунёни иккига бўлувчи фақат Месси билан Роналдо эмас...

 

Танқидчиларнинг таъкидлашича, Коэло қаҳрамонларининг ҳаммаси текис, сюжет бурилишлари эса қолиплашган. Уни Гёте, Флобер, ҳатто Пушкин билан солиштиришади, афсуски бу таққослаш унинг фойдасига эмас. Оддий китобхонлар эса икки гуруҳга бўлинишган: унинг ёзганларини ўта примитив деб ҳисобловчилар ва ҳақиқий фанатлар. Салбий баҳоловчиларнинг фикрича, унинг асарларида қаҳрамонлар ривожланмайди, сюжет жуда секин ва дангасалик билан ҳаракатланади. Муаллиф эса ўзининг юксак ақл-заковатига маҳлиё. Қаҳрамонлар ўзларига берилган саволларга псевдоинтеллектуал жавоблар беради. 

 

Кўпчилик Коэло ўз китобларида асарларини шунчаки қизиқарли қилиб кўрсатиш ўрнига, буюк фалсафий ҳақиқатларни очиб беришга даъво қилади, деб ўйлайди. Кенг адабий маълумотга эга бўлмаган одамлар эса шунинг учун уни даҳо деб билишади ҳамда китоб ўзларининг ҳаёти ва дунёқарашини ўзгартирганига ишонишади.

 

Коэлонинг мухлислари унинг исёнкор руҳига қойил қолишади: болалигида ёзувчи ҳеч қачон қоидаларга риоя қилмаган ва ҳамма анъанавий деб ҳисобланган нарсаларни инкор этган. Ота-онасининг босими остида у муҳандис бўлиш учун коллежга киради, аммо кейинчалик ўқишни ташлаб кетди. Уни ҳатто ақлдан озган деб ҳисоблаб, руҳий касалхонага ётқизишган. Коэло уч марта у ердан қочишга урингач, ота-онаси ўғлининг соғлом эканига ишонишган ва уйга қайтаришган.

 

Коэло асарларини ўқиш керакми?

 

Коэлонинг китоблари одамларга керакли нарсани бергани учун харидоргир. Бу ёзувчининг романларида ҳар ким ўзини, ички дунёсини, фикрларини, мақсад ва интилишларини кўриши мумкин. Бошқача айтганда, барча айбловларнинг тагида Коэлонинг ҳеч ким сотиб олмайдиган адабий даҳо эмас, балки кўп ва хўп сотиладиган, бозори чаққон ёзувчи эканлиги туради.

 

Яна битта ҳақиқатни унутмаслик керак. Коэлонинг асарларида, хоҳлаймизми йўқми, бугунги замоннинг руҳий манзараси акс этади. Қолаверса, гаджетлар даврида адабий тенденциялар ҳам шитоб билан ўзгариб боряптики, анъанавий адабиёт ихлосмандлари буларни қабул қилиши осон кечмаяпти. Коэло эса шу тенденциялар маҳсули. 

 

Хуршид АБДУРАШИД

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//