“Қорни тўқ, усти бут ижодкорларга ҳам нимадир етишмайди” – Жасур Кенгбоевдан тенгдошларига тасалли


Сақлаш
02:30 / 19.08.2023 611 0

Қайси асрда яшаётганимизни унутмаган ҳолда, бугун олдимизда сўйлоқ тишларини ғичирлатиб қайраб, сўлагини оқизиб ўлжасини кутаётган бўри мисоли пистирмада турган муқаррар бир фожиа ҳақида сўз очишга аҳд қилдим.

 

Адабиётда ҳам фожиа бўладими, дерсиз. Бўлар экан, қадрдон, бўлар экан.

 

Ижод аҳли, айниқса бизга ўхшаш на ёш, на ўртаяшар қаламкашлар қалбида эврилишлар билан бир пайтда депсиниш, депрессия, турғунлик кайфияти ҳам “меҳмон” бўлар экан.

 

Баъзан шундай ўй-кечинмалар исканжасида қоласизки, улар юракни еб адо қилади, қоғозга туширишга истиҳола этасиз: хаёлга келгани адабий юки йўқ нарсадай туюлаверади, ўқиган одам нима дейди, дейсиз. Ёзмасангиз эса, ён-атрофда содир бўлаётган ҳар хил воқеа-ҳодисаларга нисбатан шахсий қарашларингиз ичингизда тўпланиб-тўпланиб қолаверади, зардоб мисоли ачқимтил ҳислар безовта қилаверади. Улар чиқиб кетмагунича ҳаловат ҳам топмайсиз. Елкангиз устида турган думалоқ аъзонинг ичидаги олам икки қутбга бўлиниб олиб, бетиним жанг қилади – ўнг томони ақл ўлароқ тилингни тий дейди, чап томони телбаларча ҳайқиргин, тўлиб-тошгин, ўзлигингни намоён қил, қалбингни юзага чиқар, ахир, кимдан, нимадан қўрқасан, бир бошга бир ўлим тайин-ку, дейди. Аслан, қалбан шу телба тараф бўласиз, аммо ўнг томон ҳам бўш келмайди, у ҳам ҳақ, зеро, қаерда, қайси замон ва маконда яшаётганингизни эслатиб туради...

 

Хўш, ўнгу сўлингиз курашида иккиси ҳам теппа-тенг келса, нима бўлади?

 

Тенг-тўшларимизнинг бугунги ҳолига далолат бўлади. Улкан фожиага – қўрқув, депрессия, ижодий турғунликка хамиртуруш бўлади!

 

Йўқ, асло ваҳима қилаётганим йўқ. Ўзингиз кўриб турибсиз-ку бугунги аҳволни. Илгари ижодкор дегани ёши бир жойга бориб қолганида, ҳаёту ижодда не-не орзулар қилиб, уларга эришолмаса, умри поёнида саробга дуч келса, мансабидан айрилиб, жамиятда яккаланиб қолса ёки қаноти қайрилиб, ҳар хил “қора рўйхат”га тиркалиб, руҳий изтироблар макони – умидсизлик денгизига улоқтирилса шундай аҳволга тушар эди.

 

Умидсизликдан ҳам кўра кучли изтироб, азоб-уқубат, фожиа борми?

 

Афсуски, асрдан-асрга, йилдан-йилга яшариб бораётган касалликлар қаторида депрессия, руҳий зўриқиш, одамлардан, жамиятдан, ўзидан қониқмаслик, бир сўз билан айтганда, умидсизлик балоси навқирон авлодга ҳам ҳамла қилмоқда.

 

Усти бут, қорни тўқ инсон бўлмоқни, юртни мустақил, миллатни озод кўрмоқни орзу қилган ижодкор аҳли бу орзусига етганига неча замонлар бўлди. Зиёди билан эришди. Мана, фаровонлашаётган жамиятни кўрди ҳам. Аммо қани ўша ижодкорнинг кўнгил хотиржамлиги? Қани ҳаловати? Қани у истаган офият? Қани у интилган толе?

 

Теварак-атрофга назар солинг, ўзини расмана бахтиёр санаган ижодкор борми? Улар кўпми, камми? (Мен бу ўринда пешма-пеш мукофоту унвон оладиган ижод аҳлини назарда тутмаяпман, албатта. Улар учун ҳар куни байрам, улар ҳар сафар эҳтирос билан раҳматнома айтади, ташаккурнома битади, алҳол, улардан-да бахтиёр одам бўлиши душвор.)

 

Тўғри, ўша норизо ижодкорнинг ҳам қорни тўқ, усти бут, давлати етарлидир. Уй-жойи, машина-маркаби, касб-кори, дунёвий ўлчовда айтганда, ўзини саодатманд санамоққа асоси бордир. Аммо барибир унга нимадир етишмайди-да. Мудом ўзини камситилган банда деб билади, ёлғиз сезади, омади чопмаган, эзилган, бахтиқаро бир кимса деб ҳис этади. Мен буни сиздан фарқли ўлароқ ношукрлик деб атамаган бўлар эдим.

 

Илгари қари-қартанглар ҳаётда кўрарини кўриб бўлгач, олдида фақат ва фақат сабр-бардош деган оғир бир синов тургани, ўлимни кутишдан ўзга чораси қолмагани боисми, умрнинг ўткинчилигидан, одамларнинг ҳою ҳавасга ўчлигидан нолигандир, “чархи кажрафторнинг шеваси”дан зорлангандир. Ҳозир эса ақлини таниётган муштдек ижодкор ҳам нолигани нолиган. Аниқроғи, ҳаммамиз ёппасига зорланамиз.

 

Юртнинг қайсидир бир пучмоғида кичикроқ бир амалдор “қовун тушириб” қўйса ҳам кўнглимиз беҳад оғринади, юраклар ларзага келади, дарҳол жамиятни айблай бошлаймиз. Ўша майдагина амалдордан муқаррар душман ясаб олгудек шаштимиз ҳам бор. Қўйиб берсангиз, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб, айюҳаннос солгимиз, муаммони бир наъра тортиб ҳал этгимиз келади.

 

Майли, ҳал қилдик ҳам дейлик. Бироқ олам гулистон бўлиб кетмайди. Барибир нимадир етишмайди бизга. Яна руҳий эзилишлар гирдобида қоламиз.

 

Айтинг, бу ҳолнинг оти нима? Нега шундай бўлади?

 

Кўнгилда шоду хуррамликка зиғирча ҳам жой қолмадими? Мамнунлик ҳисси буткул йўқолдими? Шукроналик нега тарк этди бизни? Бахтиёрлигимизни қайси қароқчи ўғирлади? Ҳаловатимизни ким тўнаб кетди? Хотиржамлигимизни қайси қилмишимиз эвазига ўлпон ўлароқ тўладик?

 

Қўрқманг, мен бу саволларни сизга эмас, ўзимга бераётирман. Жавобига қизиқсангиз, келинг, бирга ўйлаб кўрайлик, деяпман, холос.

 

Сираси, бўйинса ижодкор сафдошларимиз қалбини кемираётган бундай хаёлларни мен ҳам кўп кечираман, уларнинг дардини сезаман. Кучли депрессия ва ижодий турғунликдан ташқари, уларни руҳий ёлғизлик ҳам адо қиляпти чоғи.

 

Нажот қўрғони деб билганимиз – адабиёт бизга эшигини ланг очиб турган бўлса-да, унинг ичкарисида қалбимизга нур индирадиган олам, жиллақурса, тирқиш борлигини билсак-да, киришга кўп-да шошилмаяпмиз. Менимча, бунинг сабаби оддий: “ичкарида” биз кутган, биз ишонадиган, биз талпинадиган янгиликни топиш борасида ҳадиклар мўлдай...

 

Ақлимиз пешланаётган маҳалдаги бор ўй-хаёлимиз шул, дегим келяпти ҳозир. Аммо... манглайга нақш уриб битилган ёзилдиқ буни инкор этади дарҳол. Чунки изтироблар ичра йўқолиб кетиш хавфи олдида “киприкдаги ёшдай” муаллақ турган навқирон ижодкор яхши англаши керакки, ҳар бир руҳий озурда қаламкаш ортида унга нажот кўзи билан тикилиб яшаётган минглаб ўқувчи, ҳақингиз кетса, майли, битта бўлсаям ўқувчи бор. Агар “Европа виждони” – Альбер Камю ўзи ёзган асарларни шахсий ҳаётида кечириб, қўлига қалам тутмаганида, ўпқонлардан чиқиб кета олмаганида эди, бугун миллионлаб муҳиби қалбининг туб-тубидаги дардли туғёнлари устига кул сеполмай, руҳий зўриқишлардан азоб тортиб, ҳаётнинг маънисизлик мантиғини чақолмай енгилган, балки айримлари ўз жонига қасд қилган ҳам бўлар эди.

 

Адабиётдаги буюк дард, эзилиш, депрессия уни ўқиб ва уқиб турган “томошабин”га қайсидир маънода таскин бериши табиий ҳодиса. Ўқирман руҳий эзилиш ва ёлғизликни ўз танасида яна-қайта ҳис қилиб, сўз дея аталмиш қудратли қурол ёрдамида ичидаги кўз очиб турган норизо вулқонни чиқариб юборибгина енгил тортиши мумкин. Шунинг учун ҳам, бирники – мингга, мингники – туманга, деган нақлга қулоқ тутсак, сизу биздаги изтироблар, ички норозилик кайфиятини сўзга солиб, қоғозга муҳрласак, у ўз нишонини топиши шубҳасиз.

 

Чидаган – яшайди. Чидаган – сўз қидиради. Чидаган – изтиробларни сўзга тизиб, уни енгади. Чидаган – ўзи каби чидайдиган, руҳи бақувват инсонларнинг кўпайишига ёрдам беради. Чидаган – ўзгаларни ҳам тарбиялай олади.

 

Бу борада гап кетганда, перулик адиб, Нобель мукофоти соҳиби Марио Варгас Льоса “Ёш романнависга мактуб”ида навқирон адибларга қимматли насиҳат берганини эслаб ўтгим келади. У айтадики, ёзувчи бўлиш ҳақидаги қатъий қарорингиз, умрингизни шунга бағишлаш истаги ёзувчи сифатида фаолият бошлашингизнинг ягона шартидир. Тасаввурда воқеа-ҳодисалар ва одамларни, янги оламни яратмоққа интилиш қачон пайдо бўлади?

 

Менинг фикримча, жавоб битта – кимки ўзи яшаб турган воқеликдан ўзгача бир олам яратиш тасаввурига берилиб кетган бўлса, демак, у атрофини ўраб турган реал дунёни қабул қила олмаяпти. Ахир, ҳаётдан мамнун, реал воқеликда руҳан осойишта яшаётган одамга хаёлларга берилиб, ўткинчи саробга ўхшаш рўёларга вақтини кетказишнинг нима кераги бор? Ҳар бир даврда одамлар тўқима ҳаёт реалликка кўчишини орзу қилган. Бу   – реал ҳаётнинг нусхаси эмас, унинг ниқоби, тўғрироғи, унинг орқа томони. Янада аниқроқ айтсак, реал ҳаётда эришилмаган хоҳиш-истакларнинг тасаввурда рўёбга чиқарилмоғидир.

 

Аслини олганда, ёзувчининг фантазияси, ижод иштиёқи замирида портлаш хавфи ётади. Кўпчилик буни ўйлаб ҳам кўрмаган, бизни ўраб турган дунёнинг асосини яширин тарзда яксон қилаётганликларини ўзлари билмайдилар. Бошқа томондан қараганда, бу исёнкорликни хатарли деб атамоқ ҳам тўғри эмас: тасаввурда яратилган оламни реал оламга қарши қўйишда қандай хавф бўлиши мумкин? Бундай рақобатда қандай таҳдид бўлиши мумкин?

 

Бир қараганда – ҳеч қандай. Гап ўйин ҳақида кетяпти, тўғрими? Ўйинлар агар ўз чегарасидан чиқиб реал ҳаётга аралашиб кетмаса, одатда хавфсиз бўлади. Айтайлик, Дон Кихот ёки Бовари хоним ўжарлик билан бу чегарани тан олмаса ва бор кучи билан адабиётда тасвирланадиган ҳаётда қолса, у ҳолда якуни фожиа билан тугайди. Оқибати – қаттиқ умидсизлик.

 

Шундай эса-да адабиётни, ижодни беозор ўйин деб бўлмайди. Адабиёт бу – ҳаётдан ботинан қониқмаслик маҳсули дегани, ўз навбатида бадиий тўқима ҳам норозилик кайфиятини уйғотади.

 

Зукко ўқувчи асарда тасвирланган ҳаётни гўё бошидан кечиради, масалан, Сервантес ва Флобер романларида тасвирланган воқеаларда қатнашгандай бўлади. Реал ҳаётга қайтар экан, уни теранроқ ҳис қила бошлайди. Унинг ночор ва иллатларга тўла эканини чуқурроқ англайди, ёзувчи тасвирлаган ҳаётдан кўра воқелик, жонли ҳаёт ўртамиёнадан ҳам пастроқ эканини билиб қолади.

 

Ҳа, бу мулоҳазалари билан адиб Марио Варгас Льоса сизу бизни шунчаки юпатяпти. Аммо шахсан мен унинг бу гапларни айтгунича, ёзгунича албатта муайян ҳолатни ўз бошидан кечирган, танасида ҳис қилиб кўрган, деган яхши гумондаман.

 

Шундай экан, олдимиздан чиқадиган ҳар қандай муқаррар муаммога, ижодий турғунлик ва умуман пайт пойлаб турадиган юҳо мусибатларга таслим бўлиш йўқ!

 

Ё турмуш-ҳаёт, ё адабиёт деб эмас, иккисини бирдек десангиз ҳам қандай соз эди!

 

Ахир, ёзувчи, адабиётчи деган номингиз, номимиз бор...

 

Қаранг, шу гапларни ёзяпман-у, яна елкам устидаги аъзом икки қутбга бўлиниб, жангга киришмоқда: “Сен ҳали ўзингни ёзувчи санаяпсанми?..” “Ҳа, нима қипти?” “Сал камтарроқ бўлақол...”

 

Уларнинг баҳси тўхтамайди.

 

Мен эса, енгил ҳаводан тўйиб симириб бўлгач, хонам деразасини ёпаман. Қўл телефонимга келган янги хабарга кўзим тушади. Бир адабий дўстимнинг иддаоларга тўла иқрорномасини ўқишга тушаман. Кўз олдимда унинг ҳаётдан зада, тунд қиёфаси гавдаланади. Унинг нигоҳида поляк адиби Ян Парандовскийни кўраман ва... унинг маломатлари ичра ғарқ бўламан.

 

“Ёзувчи” сўзини ҳозирги вақтда жуда қаттиқ суиистеъмол қиладилар, – дейди Ян Парандовский “Сўз кимёси”да.   – Яқин-яқинларгача ёзувчи ва адабиётчи сўзларини қўллашда анчагина эҳтиёт бўлинар, камсуқумлик билан бу икки сўз ўртасидаги тафовутни сақлашга ҳаракат қилинар эди. “Ёзувчи” деганда алланечук рицарь унвонига сазовор бўлган олижаноб инсон тушунилар, “адабиётчи” деганда эса унинг қуролбардори назарда тутилар эди. Адабиётчи фурсати келганда ёзувчи деган фахрий номни қўлга киритиб қолишдан умидвор бўлмоғи мумкин эди. Бу номни қўлга киритгандан кейин эса унга ҳам орттирма даража билан кучайиб борувчи таниқли, машҳур, йирик, довруқли, улуғ деган сифатлар қўлланарди. Агар бирор мардум, айниқса, ҳали қуйилиб улгурмаган бирор ёш-яланг ўзини “ёзувчи” деб атаса, бу мақтанчоқликка йўйиларди. Чунки у ўзини “ёзувчи” атаб, шу билан гўё адабиётга муқим кириб олгани, унда муайян ўрин тутишини эълон қилаётгандек туюларди. Шунинг учун “адабиётчи” деган таъриф билан кифояланган одам анча камтар, камсуқум ва олижаноб деб ҳисобланар, чунки бу сўз фақат касб-корнигина кўрсатар эди, холос. Ўзининг бирон бир касб-корга мансублигини айтишда ҳеч қанақа мутакаббирлик йўқ эди. Ҳозир эса, қўлига қалам ушлаганларнинг аксари бунақа камсуқумликдан анча узоқ туради ва чакки қилади...”

 

Ҳа, қаламкаш биродар!

 

Сизу биз, ҳозирги қирчиллама ёш остонасидаги авлод адабиёт аталмиш дор устида муаллақ турган дорбозга ўхшаймиз: ўнг томонимиз – ғам-ғуссага, депрессияга ботган, ташвишу руҳий ёлғизлик аталмиш юҳо чоҳи; сўлимиз эса олдимиздан чиқажак ундан-да баттар иллат – шуҳрат, машҳурлик аталмиш чоҳ. Биз эса қилдек нозик дор устида ҳайрону лол турибмиз. Мақсадимиз – адабиёт, инсон кўнгли томонга адл юриш! Бироқ мувозанатни салгина йўқотсак, икки чоҳдан бирига қулашимиз тайин...

 

Эҳтимол, ердалик чоғингиз эътибор бермагандирсиз, энди ўша юксакликда туриб бир қаранг-чи, оддий одамларни кузатинг-чи: улар орасида нақадар бахтиёрлари бор, кўзларида қувонч, мамнун қиёфалар.

 

Аммо нега сиз ва мен безовтамиз? Ичимизга чироқ ёқса ёришмайди. Ғамнок кўзларимиз бошқаларнинг қувончидан жиллақурса порламайди негадир. Бировларнинг ғамини ўз мусибатимиз деб биламиз...

 

Нима учун бундай?

 

Қалам аҳлининг ботини нега безовта ўй-хаёлларга, оғриқли дардларга тўла? Қалб исёни нега бунча кўп? Нимадан бунча изтироб чекамиз?

 

Саволимга бир адибимиз айтган гап жавоб бўлгандай: “Дард – ижодкорнинг юрагини ишга соладиган буюк куч, десак адашмаймиз. Унинг ўз қонуниятлари бор. Шу дарднинг ёғдуси ижод кишисини ўзига жодудай тортаверади”.

 

Дарвоқе, дард энди бизнинг умрбодлик жўрамиз! Шу дардга чалиниб бўлган эканмизки, депрессия, эзгинлик ва некбинлик, тушкунлик ва умидсизлик биз билан ёнма-ён яшайди. Мудом қалбимиз исёнга тўлиб ҳаёт кечирамиз.

 

Ёки умидсизликларимизнинг бош сабаби асл мақсадларимизни йўқотиб қўйганимизмикан? Ёки орзуларимиз эртароқ сароб бўлиб чиқдими?

 

Энди, шу ҳолимизда ҳам – ҳар қандай муаммо қаршисида бошни тик кўтариб, қаламни маҳкам тутмоқ керак! Ҳатто, гапим аввалида айтган буюк фожиа – депсинишлар, ижодий турғунлик ва депрессия қаршисида ҳам мардонаворликни йўқотмаслик шарт.

 

Токи қалам синиб, ёза олмай қолгунга қадар бу бурчни адо этмоқ лозим.

Ёза олмай қолган кунимиз эса, Эрнест Ҳемингуэйнинг йўлини тутмоқ ҳам қўрқинч­ли эмасдир...

 

Йўқ, йўқ! Бундай нораво тақдирдан Ўзи асрасин! Ундай демоқчи эмас эдим. Гарчи биз Ҳемингуэйдек қалам тебратсак ҳам, унингдек ижодий поғонага кўтарила олсак ҳам, интиҳода зинҳор-базинҳор у каби йўл тутмаслигимиз лозим.

 

Ижодкор қалби, фожиаларда тобланган қалблар ҳеч қачон, ҳеч нимага таслим бўлмаслиги шарт! Оркаш юрак сўз ва адабиёт учун доим уриб турсин-у, ғам-андуҳлар доришидан мудом ҳазир бўлсин.

 

Адабиёт майдонидаги тенгдошларимга шу қатъий хулоса ва ниятимни етказгим келди: фақат курашмоқ керак! Чўлпон “Кураш” деган шеърида ҳайқирганидек, “Улуғ, қаттиқ ағдаргувчи бир кураш, / Ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш, / Йўқ – яраш!..”

 

Жасур КЕНГБОЕВ

 

Tafakkurжурнали, 2023 йил 2-сон.

“Қалтис савол қаршисида” эссеси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//