“Маънавий ҳаёт”имизга “Ойина” тутамиз


Сақлаш
15:17 / 19.10.2021 1858 0

 

Инсоният XXI асрга келиб ҳар доимгидан ҳам кўра шиддатли ва глобал эврилишларни бошдан кечирмоқда. Хўш, бундай вазиятда миллат ўзини қандай сақлаб қолиши керак? Ўзгаришлардан қўрқиш тўғрими ёки доим янгиланиб туриш яшовчанликни кучайтиради, деган тамойилда иш тутган маъқулми?

“Маънавий ҳаёт” журналини варақлаганда беихтиёр шулар ҳақида ўйлайсиз. Кейин халқимизнинг бой берилаётган қадрятларига қандайдир глобал муаммолардан ҳам кўра, майда маиший кундалик ташвишларимиз кўпроқ сабаб бўлаётганини надомат ила тан оласиз. Жумладан, журналнинг 2021 йил 3-сонидаги “Тарихдан келган меҳмон” саҳифаси ўқувчини шундай мулоҳазага чорлайди. Бу саҳифада бир аср аввал чоп этила бошланган “Ойина” журнали бизнинг ҳал этилмаган маиший муаммоларимиз деб аталмиш вақт машинаси сабаб “Маънавий ҳаёт”имизнинг меҳмони бўлган. Саҳифада аср билан бўйлашган оғриқли нуқталаримизга “ойина” тутилган.

Эшқобил Шукурнинг “Эгасиз эгоизм ва кесимсиз бемаънилик” мақоласида маънавий эврилишлар давридаги йўқотишларимиз қаламга олинган. Муаллиф фикрсизлик ҳақида фикр юритиб, пулдан ватан ясаб бўлмаслигини таъкидлайди. Бу мулоҳазалар шахс ва кас муаммосини ўрта олиб чиқади ва инсон ҳаёти учун энг муҳим бўлган вафо, садоқат, ҳаё, иймон, ор каби туйғуларни асрашга чақиради. Бу чақириқ ортидан журнал саҳифалари аро Собир Жумаевнинг “Чорраҳадаги ўйлар”, Азим Рўзиевнинг “Бир бошга ўн бир ёқа” каби мақолалари эътиборингизни тортади. Уч-тўрт сўм пул учун умрини ҳавога совураётган, ўзидан бошқани ўйламайдиган, бир бошини ўн бир ёқага суқиб кўрадиган кимсалар ҳақида ўқиб ёқа ушлайсиз.

Каромат Муллахўжаева Ҳазрат Навоийнинг ижодида ўзликни топишга бўлган интилиш ва изланишлар тўғрисида сўз юритади (“Инсоният аро инсонни излаб”). Мирзо Кенжабекнинг “Бобур Мирзо ва маънавият” мақоласида эса шоҳ ва шоир ҳаёти мисолида инсоният тақдири – ўтмиши ва бугуни ҳақида мулоҳаза юритилган.

Инсон тан ва руҳнинг бирлиги сабаб мукаммалдир. Бунга тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаровнинг “Ичимиздаги коинот” мақоласини ўқиб яна бир бор амин бўласиз. Само сирларини ўзлаштириб, бошқа сайёралардан ўзига макон ҳозирлай бошлаган одамзоднинг ўз танасидаги оддий ҳужайра мўъжизаларини билмаслиги ҳайратланарли. Умрида Наполеонни эшитмаган одамлар ақлдан озганда “Мен Наполеонман!” дейишининг сири нимада, деган саволга жавоб топиш учун ҳам ушбу мақола ўқиб чиқса арзийди.

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11497
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//