Кунларнинг бирида “Фарҳод деҳқон бозори”нинг биқинидаги саҳҳофлик (букинистика) дўконига кирдим. Китобларни кўздан кечирар эканман, беихтиёр “Русча-қарайимча луғат”ни кўриб қолдим. Луғатни қўлга олиб, варақлай бошладим. Ундаги қарайимча сўзларни ўқирканман, бу тил бизники эканини, Боботуркдан мерос тил эканини ҳис қилдим. Мен уни ўқиганим сайин янги ва янги сўзларга дуч келар, ҳар бир сўзда миллатнинг қадим асотирларини топгандай бўлар эдим. Қисқаси...
Келинг бугун шу ҳақда гаплашамиз.
Қарайимлар кимлар?
Қарайимлар – ўзларини қарайлар деб атайдиган туркий халқ. Улар туркий тилнинг қипчоқ лаҳжасида гаплашади. Дини – яҳудийлик динининг қарайимчилик (караимизм) оқими.
Қарайимлар асосан Қрим, Украина, Литва, Польша ва Руминияда яшаб келишган. Бундан ташқари Собиқ шўъролар мамлакатининг турли ҳудудларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам қарайимлар яшайди. 1989 йилги аҳоли саноғига кўра Ўзбекистонда 50 нафар қарайим яшаган. 1991 йилдан кейин қарайимларнинг катта қисми Исроилга кўчиб ўта бошлашган. Исроилда ҳозирги кунда 40 мингдан зиёд қарайимлар истиқомат қилади. 1991 йилгача уларнинг сони 20 000 атрофида бўлган.
Қарайим сўзининг этимологияси хусусида икки хил қараш бор. Биринчиси яҳудий версияси. Унга кўра қадимги яҳудий тилида қъарай “קָרָאִים” “ўқиётганлар” маъносини беради. Бу арабча иқра ёки қори сўзларининг яҳудийча шаклидир. Иккинчи версияга кўра, туркий қарай, қара + ай сўзлари бирикмаси экани келтирилган. Қарайимлар тилини ўрганган қозоқ мутафаккири Кенесбай Мусаевнинг тахминича улар қадимги кереитларнинг авлоди бўлиши ҳам мумкин[1].
Қарайимларнинг юз тузилиши ва жуссаси бошқа туркийлар, хусусан балқарлар, қарачайлар, қрим-татарлари, чуваш ва бошқирдларникидан фарқ қилмайди. Кенесбай Мусаевнинг фикрича, улар қисман қумиқ ва қозоқларга ҳам ўхшайди[2]. Асли қарайим миллатига мансуб бўлган Россия табиий фанлар академияси профессори Константин Ефетовнинг тадқиқотларида ҳам қарайимлар қрим-татарлари билан битта этносга мансублиги тасдиқланган. ДНК анализлари қарайимларнинг келиб чиқиши Шарқий Европа ва Олтой билан боғлиқлигини кўрсатади[3]. Бақамти яшайдиган бошқа туркийларнинг фикрича ҳам қарайимлар яҳудийлик динидаги туркийлардир. Аммо, қарайимлар орасида бу борада баҳслар ҳанузгача давом этади. Уларнинг айримлари, аниқроқ айтганда диндор қатлами ўзларини Исроилнинг бир бўлаги, деб биладилар. Бу ғоя то 1920 йилга қадар устунлик қилган. Қарайим олимлари ва оқсоқоллари эса ўзларининг келиб чиқишини туркий хазарлар билан боғлашади. Жумладан, Константин Ефетов ҳам қарайим этносини хазарлар таркибига кирган кереитлар билан боғлаб, Олтойдан келиб чиққанини айтади.
Дарҳақиқат, қарайимларнинг келиб чиқиши хазарлар билан боғлиқ. Маълумки VII асрнинг охирига келиб Ғарбий турк хоқонлигидан хазар хоқонлиги ажралиб чиқади. Манбаларда келтирилишича, хазарлар Турк хоқонлари билан яқин қариндош бўлишган ва шунинг учун ҳам уларнинг орасида ўзаро низолар чиқмаган. Хазарларнинг бирлашиши ва хоқонлик давлати сифатида шаклланиши эса кўпроқ Сосонийларнинг Кавказ ерларига уюштирган ҳужумлари билан боғлиқ бўлган. Азалий рақиблари саналган форсларга қарши урушлар давомида хазарлар чегаралари шарқда Орол денгизига, ғарбда Дунай дарёсига, шимолда шарқий Европа ўрмонларига, жанубда Кавказ ортига чўзилган ҳудудларни эгаллаб ўзларининг йирик давлатини тузади. Давлатнинг пойтахти аввал ҳозирги Доғистон ҳудудларида жойлашган. Доғистонда эса ўша даврда кўпроқ яҳудийлар яшашар эди. Тахминан 740 йилда маҳаллий яҳудийларнинг таъсирида хазарлар хони Буланхон яҳудийликни қабул қилади. Шу тариқа яҳудийлик дини хазарлар давлатининг асосий диний мафкурасига айлана бошлайди.
Маълумки, бу воқелар дунё саҳнасида ислом динининг кенг ёйила бошлаган даврига тўғри келади. Шу сабабли, хазарларнинг Сосонийлар билан уруши ўз-ўзидан барҳам топади. Чунки, 652 йилда тўлиқ таслим бўлган Эрон ҳудудлари Уммавийлар халифалиги таркибига киради. Уммавийлар халифалиги ва кейинги халифаликлар даврида ҳам Мисрдан Бухорогача тарқалган яҳудийлар учун яшаш қийинлашади. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги бошқа ҳудудларга, шу жумладан, Хазарлар мамлакатига кўчиб ўта бошлайди. Қарайимларнинг Қримга ва Дунайбўйига келиши ҳам шу даврларга тўғри келади.
Хазарлар давлатининг аҳолиси туркий тилнинг булғор (ўғур) лаҳжасида гаплашгани манбаларда сақланган[4]. Аммо кейинроқ дашт қипчоқларининг ижтимоий-сиёсий жиҳатдан устунлиги сабаб Кавказ ва Шарқий Европада қипчоқ тили кенг тарқалади. XIII асрга келиб Қрим тўлиқ Олтин Ўрда таркибига киради ва ерли халқ қипчоқ тилини ўзлаштира бошлайди. “Қарайим тилининг таҳлили ҳам шуни кўрсатадики, улар аввал хунларнинг, кейин булғор-хазарларнинг, кейинроқ беженегларнинг ва ниҳоят, охирида мутлақ қипчоқ тилида сўзлашган қипчоқ қабилаларининг таркибига кирган ҳамда буларнинг ҳаммаси замонавий лаҳжаларида сақланган”[5].
Дин
Қарайимларнинг эътиқоди бошқа яҳудийлардан, хусусан раввинистик яҳудийликдан тубдан фарқ қилади. Раввинистлар Таврот, Талмуд ва оғзаки қонунларга амал қиладилар.
Шу ўринда, ўқувчилар учун қисқача изоҳ: Таврот Сино тоғида Аллоҳдан Мусо алайҳиссаломга қирқ кун давомида нозил қилинган, яҳудийлик динининг асосий китоби саналади. Шу жумладан, бу китоб насронийлик ва ислом дини манбаларида ҳам самовий китоб сифатида эътироф этилган.
Мусо алайҳиссаломнинг оғзаки айтган ҳукмлари эса мишна[6] деб аталган. Мишна арамий тилида танна (арам. תנא)7 ва арабча сунна (араб. سنة) сўзлари билан маънодош. Мишнанинг матни таълимот сифатида Мусо алайҳиссаломдан кейинги авлодларга оғзаки тарзда ўтиб борган. Кейинчалик мишнага кўплаб шарҳлар ёзилган ва у гемара (талқин) деб атала бошлаган. Талмуд ўша оғзаки ҳукмлар тўплаб ёзилган китобдир. Раввинистлар Талмудни ҳам муқаддас китоб санашади. Қарайимлар эса фақат Мусо алайҳиссалом давридаги беш китобдан иборат Танахни муқаддас деб билишади.
Қарайимчилик эътиқоди ҳар бир банда ўзининг рационал билими даражасида ўрганадиган Мусо Қонунларига асосланган[7]. Мусо қонуни деганда эса Қонунлар (Тора), Набийлар тарихи (Невиим) ва Ктувим яъни Забурни ўз ичига оладиган китоб тушунилади. Қарайимлар Талмуд ва оғзаки қонунларни яҳудийлар бузиб талқин қилишган, деб ҳисоблашади ва уни тан олишмайди.
Қарайимлар ўз эътиқодининг келиб чиқишини Абу Юсуф Яқуб Киркисонийнинг “Китаб ал-Анвар вал-Марақиб” асарида келтирилган манбалар билан боғлашади. Унга кўра 796–774 йилларда Саломон Невата ҳукмронлик қилган йилларда Исроил икки қисмга – Исроил ва Яҳудага ажралиб кетади. Ўшанда талмудчилар Исроилда, қарайимлар эса Яҳудада қолади.
Яна бир версияга кўра қарайимчиликнинг келиб чиқишини XVIII асрнинг иккинчи ярмида Бағдодда яшаган Анан бен Довуд билан боғлашади. Унга кўра, Анан бен Довуд ўз асарларида талмудчиларни танқид қила бошлайди ва унга эргашганлар миқра (муқаддас китоб) соҳиблари деб атала бошлайди.
Қарайимчилик ордодоксал яҳудийликдан кўп жиҳатдан фарқ қилади. Мисол учун, яҳудийлар ибодатхонаси қадимги яҳудий тилида синагога деб аталади. Қарайимларнинг ибодатхоналари эса кенасса деб аталади. Аслида синагога ҳам яҳудий тилида (בֵּית כְּנֶסֶת) бет кнесет, яъни “йиғилиш уйи” маъносини беради. Демак, қарайимлар бу номни ўрта асрларда, аниқроғи Талмуд давридан кейин қўллай бошлаган. Шунингдек, кенассанинг туркча варианти ҳам бор: иштырылмах юв (йиғилиш уйи).
Қарайимлар яҳудийлар каби авлиёларининг қабрига, туморларга ва бошқа муқаддасотларга сиғинишмайди. Сеҳр-жодуга ишонишмайди. Тавротда келтирилмаган бошқа байрам ва маросимларга диний тус беришмайди. Намоз китоби туркий тилнинг қипчоқ диалектида, яъни қарайим тилида ёзилган. Ордодоксал яҳудийлар намозларини тик турган ёки стулда ўтирган ҳолда бажаришади. Қарайимлар намозида эса руку ва саждалар сақланган. Мисол учун, “Қарайим ибодатномаси”нинг 42 ва 43-оятлари ўртасида қўйидаги матн берилган: Дин йэсиси вэ жамаат йузу-къойун тўшэйлер; ( 95-сано) Кэлинъиз, баш уралым да диз чўкъалым, диз устунэ туралым алдынъа Адонай Йаратывчымызнынъ. (Газзан (имом) ва жамоат юзини ерга тўшарлар: Келингиз бош урамиз ва тиз чўкамиз, Адонай (Роббимиз) Яратувчимизнинг олдида тиз чўкиб турамиз)[8].
Қарайим тили туркий тилларнинг қипчоқ лаҳжасига мансуб бўлиб, бугунги кунгача унинг қрим, трақай (Литва қарайимлари) ва галич (Ғарбий Украина қарайимлари) шевалари сақланган. Яҳудийлар бу тилни Лашон Кедар (қад. яҳуд. לשון קדר) – “кўчманчилар тили”[9] ёки Лешон Татар (қад. яҳуд. לשון טטר – “татарлар тили”[10] деган номлар билан тилга олишган. Аммо, қарайимлар ўз тилларини қарай тил деб аташади. Бу тил бошқа туркий тиллардан таркибидаги гебраизмлар, яъни қадимги яҳудий тилидан ўзлашган сўзлар ҳисобига фарқланади.
Қарайим тилининг қипчоқ лаҳжасига мансублиги кўпроқ ундаги г (ғ) товушининг у (в) шаклида талаффуз қилинишида кўзга ташланади: тағ – тау, сағ – сау, бағ – бау, ағиз – ауз. Й товуши ўрнига ж кам ишлатилади. Аммо шундай бўлса-да, айрим сўзларда қипчоқ тилига хос ж нинг ишлатилишини кузатиш мумкин: жувурмак – югурмоқ.
Қарайим тилининг шевалари бир-биридан фарқ қилади. Масалан, трақай ва галич шевалари фонетикасидаги қўйидаги товушларнинг мослиги (айнияти) кузатилади: ö/э, ÿ/и, ‘ä/е, ш/с, ж/з, ч/ц, дж/дз, эй/ай, нъл/лл, й/н(<нъ). Трақай шевасида а товуши галич шевасида э шаклида талаффуз қилиниши кўпроқ кўзга ташланади: алэй /алай, булэй / булай, барғей / барғай.
Шунингдек, ўзбек ва қозоқ тилларидаги каби шипилдоқ ш сирпанувчи с товушига айланади:
Трақай шеваси |
таш |
баш |
қаш |
йашырын |
киши |
шайтан |
Галич шеваси |
тас |
бас |
қас |
йасырын |
киси |
сайтан |
Шевалар ўртасидаги фонетик фарқлар тилнинг лексик маъносини ўзгартирмайди. Инчунин, ўтган асрларда қарайим тилининг ўнта шеваси бўлгани ҳақида маълумотлар манбаларда сақланиб қолган: Он бармақтан қалды йиц: Луцка, Троклар да Галиц (ўн бармоқдан қолди уч: Луцк, Трақай ва Галич). Бунда ўнта шевадан учтасигина қолганига ишора қилинган[11].
Лексемалар таҳлили шуни кўрсатадики, қарайим тили қипчоқ лаҳжасига мансуб бўлса-да унга ўғуз тилининг таъсири катта бўлган. Чунки бугунги турк тилида қўлланиладиган жуда кўплаб сўзлар қарайимчада айнан бир хил талаффуз қилинади:
Кöпэк – ит, шорба – шўрва, аркъадаш – дўст, кöшэ – бурчак, анахтар- калит, хъоджа – ўқитувчи ва ҳк.
Луғат таркибидаги гербаизмлар алоҳида ажралиб туради: жаханам, алефбэт, мэлек (фаришта), Тора (таврот), мусэфыр, кэнэса (қаримлар синагогаси), жамаат, жанат, талмид (ўқувчи), килисэ (черков), қарай (қори) ва ҳк.
Қарайимлар лексикасида бошқа тилларда, хусусан ўзбек тилида учрамайдиган сўзлар ҳам кўп. Қўйида барча тилшунослар ва тилга эътиборли мухлислар учун қизиқарли сўзларни келтириб ўтамиз: орам (ўрам, кўча), чэбэр (тартибли), эбанай (доя, акушер), давулбаз (ноғора, барабан), эки джанлы (бўғоз, ҳомиладор), эйтишмэк (баҳс), битиклик (кутубхона), кэфсизлик (касаллик), шаплавуз (эзма, вайсақи), кöз қъапагъы (қовоқ), аланқъасар (дев), торын (невара), учан сув (шарашара), танг тараф (шарқ), тувар эты (мол гўшти), жавиз (ёнғоқ), бахыш (совға, ҳадя), қазанч (даромад), қувурғақ (иссиқ), қурсақ (қорин), хасават (меҳр), сабалыкъ аша (нонушта), қъожалы (эрли хотин), öрмэк (парда), жанавар (золим), бэльгили (машҳур, таниқли), крэч (оҳак), наамат (мулк), жэб (чўнтак), килим (гилам), кэсэ (ҳамён), мэшэрбэ (кружка), илаж (дори), чувал (қоп), софра къурмакъ (дастурхон безатиш), дÿгÿль (йўқ), жан аврусу (хафа бўлиш), бÿбэр (қалампир), тарлув (дала), болқурт (ари), турлу-тустэ (ранг-баранг), Тувут йэр (Ватан), тÿфэк (қурол), тархан (эркин), чафон (шимол), öксÿз (етим), сэрникъ (гугурт), Ёрдан (Худо), захмат (меҳнат), урув аты (фамилия), топал (чўлоқ), сан белги (рақам), қапли бақа (тошбақа), қанаат (экономика), қуйюмчи (заргар).
Қарайим тилида ўзбек тили қипчоқ лаҳжасидаги сўзлар билан айнан бир хил талаффуз қилинадиган сўзлар ҳам учрайди:
Қарайим тилида |
Ўзбек тили қипчоқ лаҳжасида |
Ўзбек тилида |
зердэли |
зардоли |
ўрик |
кöбэлек |
кўбалак |
капалак |
жувурмақ |
жугурмак |
югурмоқ |
ойатмақъ |
ўйатмоқ |
уйғотмоқ |
мынчакъ |
минчақ |
мунчоқ |
тири |
тири |
тирик |
манглай |
манглай |
пешона |
айув |
айув |
айиқ |
мий |
мий |
мия |
чыбын |
чыбын |
пашша |
турлу-тустэ |
турли-тусли |
ранг-баранг |
авыз |
овыз |
оғиз |
ачувланмақ |
ачувланмақ |
аччиқланмоқ |
олай-былай |
ўлай-билай |
ундай-мундай, тез-тез |
сувуқ |
сувуқ |
совуқ |
жомарт |
жўмарт |
сахий |
белибав |
белбав |
белбоғ |
кэсэртки[12] |
касартки |
калтакесак |
Қарайим тилида гап тузилишида кўпроқ қрим-татар тилининг хусусиятлари кўзга ташланади: Мен аны оздум (мен ундан ўзиб кетдим), Мен андан қалдым (мен ундан қолиб кетдим). Олмошларга -да, -дан, -дай, -га, -ча қўшимчалари бирмунча содда тарзда қўшиб ишлатилади. Аниқроғи, ўзбек тилидаги каби олмошга уланган қўшимчаларнинг ҳаммасида ҳам н товуши орттирилмайди. Мисол учун, юқорида келтирилган биринчи гапда (аны) орттирилмаган, иккинчи гапда (андан) эса орттирилган.
Ўзбек тилидаги араб тилидан ўзлашган ва боғловчиси ўрнига қарайим тилида да боғловчиси ишлатилади: Адонай! Эшиткин тэфилламны, да йалбармагъым Санъа кэльсин! (Роббим дуоларимни эшитгин ва ёлворишларим Сенга етиб борсин!)[13]. Зидловчи боғловчилар тек (фақат), вале (бироқ), але (аммо) шаклида қўлланилади. Ўзбек тилидаги ёки айирувчи боғловчиси ўрнига йемеся (эмеса) ишлатилади (Булэй ашадылармо катынлар йемишлярин öстюргян йаш уланларынын, йемеся öлтюрюлдюмо микдашында адонайнын коғэн да нави? )[14].
Бугунги кунда қарайим тилида ёзилган юзлаб ёзма манбалар мавжуд. Улар орасида тил, адабиёт, тарих, ҳуқуқ, фольклор ва бошқа жанрлардаги қўлёзмалар, босма китоблар бор. Аммо улар ичида энг аҳамиятлиси, шубҳасиз бу “Қарайим ибодатномаси”дир. Энг қизиғи, бу китоб қадимги яҳудий тилида эмас, туркий тилда ёзилган.
“Қарайим ибодатномаси”нинг лексикаси ҳозирги қарайим тилидан фарқ қилади. Унда қадимги туркий тилга хос сўзлар кўпроқ учрайди. Энг қизиғи, худонинг исмлари ва эпитетлари[15] сомий тилларда Адонай, Цеваóт (Чевоат) шаклида қўлланилган бўлса-да, бироқ, Яхве, Шалом, Хашем, Элоҳим каби исмлар қўлланилмайди. Унинг ўрнига Тангри, Хон, Бий, Бег, Йаратқан, Йаратучи, Йулувчи, Беривчи каби туркий эпитетлар фаол қўлланилган:
Сэнсин Тэнгримиз.
Сэнсин Бийимиз.
Сэнсин Ханымыз.
Сэнсин Йулувчымыз.
Сэнсин Йарылгъашчымыз[16].
Ибодатноманинг 95% қисми Танахдан иборат бўлиб, унинг таркибида Довуд алайҳиссаломга нозил қилинган Забурнинг матни ҳам берилган. Бу мант ҳам туркий тилда ёзилган ва ундан асосан Аллоҳга айтилган ҳамду санолар ўрин олган: (103-сано) Мизморы Давиднинъ. Махтагъын, джаным, Адонайны, да джумля джийэрлерим – айрукъсы адын (Довуднинг санолари. Эй менинг жоним Роббим (Адонай)га ҳамд айт, ва менинг танамдаги бутун ер (аъзо)ларим – унинг пок номи билан чўлғонсин).
Ибодатномада ибодат матнларидан ташқари турли ҳолатларда ўқиладиган дуолар ҳам берилган. Эрталаб турганда, овқатланишдан олдин, овқатлангандан сўнг, уйқу олдидан, сафарда, марҳумлар ҳақига қилинган дуолар алоҳида берилган. Улар орасида овқатдан сўнг ўқиладиган дуо мазмунан мусулмонларнинг дуоси билан бир хил: Ашамакътан сон алғыш: Махтовлы болгъай бэслевчимиз, махтовлы болгъай тойдырывчымыз, махтовлы болгъай ичиривчимиз (Овқатдан кейинги дуо: Бизни едирганга ҳамд бўлсин, бизни тўйдирганга ҳамд бўлсин, бизни ичирганга ҳамд бўлсин).
Қарайимлар ўз муқаддас китобларини эъзозлашади. Илгари, доимо белбоғига тугиб ўзлари билан бирга олиб юришган. Ўша даврдан бир мақол қолган:
Эсавда белибавында қызыллар, кисидэ – тамэ, раббанда сарымсақ, қрайда – берахот (Полякнинг белбоғида тилла бор, ўрисникида тузланган гўшт, яҳудийникида саримсоқ, қарайимда эса ибодатнома).
Öгют сёз
Қарайимлар мақол ва матални öгют сёз (ўгит сўз) ёки аталар сёзи деб аташади. Қарайим ўгит сўзларида иборат, панд-насиҳат билан бирга қарайимлар характери ҳам акс этган:
Балыкны айақлы табарс, атны қанатлы табарс, эки қарай бир сағыслы тапмас (Оёқли балиқни, қанотли отни топса бўлар, бир хил фикрлайдиган қарайимни топиб бўлмайди).
Қарайим мақоллари:
Сювсей ахчаны – унутурс уйатны (Пулни севсанг уятни унутасан);
Кетес салаға – кой уллу қарын арабаға (Қишлоққа кетар бўлсанг катта қоринни аравага ортиб ол);
Беклэ эсигинни кынгыр бағувцудан, авзунну кеп сорувцудан (Қинғир боқадиганга эшигингни, кўп савол берадиганга оғзингни ёп);
Керексизди соқурға йолдузлар (Кўр одамга юлдуз керакмас);
Татувлуду қуру этмэк йас йылларда, йимсак – қартлықта (Ёшликда қаттиқ нон ҳам тотлидир, қариликда юмшоғи яхши);
Аш тузсуз – ÿбийчя уссуз (Овқат тузсиз – бекача ақлсиз);
Нендий шачмах, андий ормах (Қанадай (уруғ) сочсанг, шундай (ҳосил) ўрасан);
Қайда сибиртки эринэд, йел сағалыба азбарны сибирэд (Қаерда супирги эринчоқ бўлса, шамол келиб соқоли билан ҳовлини супуради);
Йетилмэген йемисни асама, тигетмеген исни хорлама (Етилмаган мевани ема, тугамаган ишни хўрлама (айблама);
Аз ашым – тынч башым (Оз ошим – тинч бошим);
Чалғы да орах – йох йахшырах (Чалғи ва ўроқ – йўқ улардан яхшироқ);
Йолға тайаксыз, этол дунйаға мицвасыз ыстырынмағын (Йўлга таёқсиз, нариги дунёга савобсиз борма);
Цығы йернин – сув тамцылар, цығы кегизинин йарых йолдузлар (Ернинг чиғи[17] – сув томчилар, осмоннинг чиғи ёруғ юлдузлар).[18]
Қарайимларнинг ўгит сўзлари орасидан умумтуркий паралллеллар, жумладан, ўзбекларда учрайдиган мақоллар ҳам кўп:
Къызым, санъа эйтам,
Кэлиным, сэн эшит;
Татлы тиль йыланны йувадан чыкъарыр,
Йаман тиль инсанны – имандан;
Кöпэк хъавлар, кэрван кэчэр, сöзлемэгэн услу кэчэр.
Хулоса ўрнида
Қарайимларнинг миллий ўзлиги масаласи доим баҳсли бўлиб келган. Улар туркийда сўзлашадиган яҳудийларми ёки яҳудийлик динини қабул қилган туркийларми? деган савол ҳамон долзарб бўлиб турибди.
Мен қарайимларнинг дини ва тилини ўрганишдан олдин уларнинг орнаментларига эътибор қаратдим. Тўғри, кенассаларда яҳудийликка оид орнаментлар кўпроқ. Мисол учун, кенассаларда ва қабртошларида кўпроқ яҳудийлик тимсоли – Довуд юлдузи кўзга ташланади. Аммо уларнинг уйлари интерьерида, либосларида саккиз бурчакли Ўғуз юлдузини кўпроқ учратасиз. Ва ҳатто, айрим ибодатхоналарида, жумладан Вильнюсдаги кенассанинг тепасида ҳам Ўғуз юлдузи қўйилган. Кенассалардаги ва уйлардаги розетка (тўпбарггул)лар ҳам саккиз гулбаргли шаклда.
Либослари ва рўзғор буюмлари орасида қуроқ техникасида тикилган кўрпалар, тўрвалар, дастурхонлар учрайди. Улардаги орнаментлар Шарқий Европадаги бошқа туркий халқлар, хусусан, қрим-татарлариникидан фарқ қилмайди. Уларда ҳам туркийлик тимсоли – Ўғуз юлдузи тасвирланган.
Қарайимларнинг ибодатлари яҳудийлик дини қоидалари доирасида бўлса-да, уларда тангричилик элементлари кўп учрайди. Мотам ва дафн маросимларида ҳам тангричилик маросимлари бор. Қисман бўлса-да етти, қирқ маросимлари нишонланади. Йил маросими ҳам нишонланади, фақат уни 11-ойда ўтказишади.
Қарайимлар ёвуз руҳларни ҳайдаш учун уйларида даф (доира) сақлайди. Бола туғилганда қирқ кунлик чиллага амал қилишади. Болаларини тарбиялашда энг кўп ишлатадиган иборалар аип (айб бўлди) ва не алк этер (одамлар нима дейди) деган сўзлар экан.
Энди фикрларни умумлаштирсак. Қиёфаси туркий, тили туркий, тимсоллари туркий, одатлари туркий, аммо дини яҳудий бўлган xалқ ким бўлиши мумкин?
Албатта, туркий халқ! Аниқроғи, яҳудий динига эътиқод қиладиган туркий халқ. Қолаверса, бирон-бир динга эътиқод қилишлик миллатнинг маданияти, турмуш тарзи, менталитетига таъсир этиши мумкин, аммо этник ўзлигига таъсир этмайди.
Анвар БЎРОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси
[1] Мусаев К.М. Синтаксис караимского языка. – Москва: «Academia», 2003. – С. 8.
[2] Мусаев К.М. Синтаксис караимского языка. – Москва: «Academia», 2003. – С. 9.
[3] https://karai.crimea.ru/1124-novye-issledovaniya-genetiki-krymskix-karaimov-i-krymskix-tatar.html
[4] Гаджиева Н. З. Хазарский язык // Языки мира. Тюркские языки. М., 1995. – С.138–139.
[5] Баскаков Н. Караимско-русско-польский словарь. – Москва: Русский язык, 1974. – С. 6.
[6] Мишна (яҳуд. מִשְׁנָה —«такрорлаш») — қадимги яҳудий тилида ёзилган диний-фиқҳий тўплам. Ортодоксал яҳудийликнинг қонунлари ва тамойиллари берилган китоби.
[7] Тирияки Д. Ищите тщательно в Библии и не полагайтесь на мое мнение // Caraimica № 1, International Institute of Crimean Karaites, 2007.
[8] Гаркавец А. Кыпчакское письменное наследие. Том ІІ Караимский молитвенник. Редакция А. Н. Гаркавца по изданию В. З. Тирияки – Алматы: Дешт-и-Кыпчак, 2004. – С. 23.
[9] Ельяшевич В. А. От «татарского» языка к крымскому диалекту караимского языка: к проблеме идентификации разговорного языка крымских караимов // Вопросы крымскотатарской филологии, истории и культуры. – Симферополь: Крымский инженерно-педагогический университет, 2019. – Вып. 7. – С. 216–230.
[10] Имена и фамилии подписчиков на книгу «Таргум Тора бе-лешон татар» Архивная копия от 12 мая 2021 на Wayback Machine (Перевод Торы на крымско-караимский язык). 1841, Евпатория. //Сайт московских караимов.
[11] Мусаев К.М. Синтаксис караимского языка. – Москва: «Academia», 2003. – С. 187.
[13] Гаркавец А. Кыпчакское письменное наследие. Том ІІ Караимский молитвенник. Редакция А. Н. Гаркавца по изданию В. З. Тирияки – Алматы: Дешт-и-Кыпчак, 2004. – С. 5.
[14] Гаркавец А. Кыпчакское письменное наследие. Том ІІ Караимский молитвенник. Редакция А. Н. Гаркавца по изданию В. З. Тирияки – Алматы: Дешт-и-Кыпчак, 2004. – С. 305 - 3012.
[15] Эпитет (от юнонча. ἐπίθετον. — сифатлаш) сифатлаш, васф; доимий васф (халқ поэзиясида). Бу ерда Худонинг сифати маъносида берилган.
[16] Гаркавец А. Кыпчакское письменное наследие. Том ІІ Караимский молитвенник. Редакция А. Н. Гаркавца по изданию В. З. Тирияки – Алматы: Дешт-и-Кыпчак, 2004. – С. 5.
[17] Чиқ – шабнам.
[18] Мақоллар К.М Мусаевнинг “Синтаксис караимского языка” номли китобидан йиғноқланди.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ