“Оловдан отам ётган бешикни олиб чиқдим” – фаоллар чиқиндига улоқтирилган қадрият ҳақида


Сақлаш
02:08 / 18.08.2023 972 0

Чиқинди қутига ташланган бешик сурати ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кўп асрлик қадриятимиз саналган бешик ўз вазифасини ўтаганидан сўнг хонадонларнинг ертўла ёки томда асраб келинади. Кўп қаватли уйларда бешик учун жой топиш, табиийки, муаммо. Шундай бўлганида ҳам бешикни ташлаб юбориш керакми? Қуйида юртдошларимизнинг бу борадаги фикрларини баён этишди.

 

 

Кавсар Турдиева,

Тошкент педиатрия тиббиёт институти “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси мудири, болалар шоири:


– Тўқсонинчи йиллари болалар шеъриятида маънавият муаммолари ҳақидаги номзодлик диссертациямда бир шоирнинг шеърини таҳлил қилгандим. Унда сандал эскилик сарқити сифатида танқид қилиниб, печка ҳузурбахш, замонавий деб улуғланади. Шеърда барча пионерлар йиғилиб сандални оловда ёқишади.

 

Чиқиндига улоқтирилган бешик суратини кўриб шу эсимга тушди. Бу ҳам шунга ўхшаш ҳодиса. Сандал сингари бешик ҳам қадриятимизнинг бир қисми. Тўғри, бешикнинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бор, шу билан бирга беланчакнинг ҳам нуқсонлари йўқ эмас, ундаям бола тебранади. Бешикда бола таги қуруқ ётади, сесканиб уйғониб кетмайди. Менинг икки болам ҳам бешикда катта бўлган. Зарар томонини кўрмадим, зеҳнли улғайишди, магистратурани тугатишди, фарзандли бўлишди. Ибн Сино, Навоийлар ҳам бешикда ётган. Кимга қайси қулай бўлса, шу усулда боласини катта қилаверсин. Лекин кўп асрлик қадриятларимизга нисбатан ҳурматсизлик қилинмаслиги лозим.

 

Тармоқларда, мазкур сурат тарқалгач, ўз ўрнида ёш оналар томонидан унинг зарарли томонлари ҳақида ҳам фикрлар билдирилмоқда.

 



Зилола Ғайбуллаева,
журналист:


– Ўтган йили фарзандли бўлгач, биз ҳам боламизни бешикка беладик, лекин бошқа тарафдан педиатр, невропотолог, ортопед – қаерга қизимизни кўрикка олиб борсак “Болангиз соғлом, лекин шунда ҳам бешикда болани ухлатиш тавсия этилмайди, ётқизманглар”, дейишади. Шундаям бешик бўлмаса, бола ухлолмайди, болалар таглиги зарар деган қўрқув билан 4–5 ойча бешикда ухлатдик. Кейин бешикда ухлатмай қўйдик. Врачлар бешик зарар эканини кўп айтишадию, нега биз болаларни бешикка ётқизаверамиз?


Бешик худди наркотикка ўхшаркан, бола усиз ухлолмай қолади, энг ёмони – тебратиш керак. Тинимсиз тебратиш боланинг ҳали тўлиқ шаклланмаган миясига зарар, бундан ташқари қотмаган бош суяги ясси бўлиб қолиши мумкин. Дисплазияси бўлса, оёғига зарар. Шунча зарари бору, тан олмаймиз – “Бешик яхши, бешикдан чиқарма” дейишади барибир катталар. Нега қадрият бўлса, қадриятни ўзгартириш керак эмас?

 

 

Гулноз Мамарасулова,
филология фанлари доктори, адиба:

– Чиқиндихонага ташланган бешик ҳақидаги хабарлардан фожеа ясаш шарт эмас. Бешикда катта бўлганим учун мен ҳам уни миллий элемент сифатида қадрлайман ва фойдаланиб бўлингач чиқиндига ташланишига қаршиман. Мана бу фикрда ҳам агар қуртлаган бўлса, кўчага отиш эмас, ёқиб юбориш афзалроқ эканлиги, ундан бут ёки санам ясаш керак эмаслиги айтилган:


“Эскирган бешикни чиқиндига ташаш жоизми? Бешик ëғочдан қилинадиган ва баъзи шифокорлар “бола зиндони” деб атайдиган мебель. Агар бешикнинг ëғочи қуртлаган бўлса, чиқиндига ташламай ëқиб юборган маъқул. Синган бўлса, чиқиндига ташласа ҳеч нарса қилмайди. Эски диван, кресло, кароват, болалар ëтоғи қоторида буниям ташлавориш мумкин. Агар бешик нақшин қилиб ясалган бўлса, у халқ хунармандлиги намунаси сифатида сақланиши керак. Эски-туски тужжорлар, асори атиқачилар сотиб олади эълон берсангиз. Бешик – оддий ва бахсли мебель. “Бешик бу ўзбекчилик” деган гап ҳам янглиш. Тожикларда ҳам бешик бор. Бешик Марказий Осиёдан ташқари Грузия ва Туркиянинг баъзи туманларида ҳам мавжуд”.


Мендан ëш оналар маслаҳат сўраса, “Зинҳор болани бешикка ëтқизманг”, дейман. Бешик бола учун қаттиқ стресс. Бойлаб қўйиш асносида қуллик зеҳнияти шаклланади. Бешикда ëтган бола бошининг орқа қисми ясси бўлиб қолади.

 

Мазкур фикрларга қарши ўлароқ, ёши катта аёлларимиз бешик бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашиб, унинг зарарли томонини кўрмаганликларини айтишди.

 


Шаҳноза Қаҳҳорова,
нафақадаги фалсафа фани ўқитувчиси:


– Бешик нафақат миллий қадрият, балки санитария жиҳатидан ҳам, бола танасини тўғри шаклланиши жиҳатидан ҳам анча афзалликларга эга. Ўз бошимдан кечирган она сифатида биламан. Болаларимни ҳам, невараларимни ҳам бешикда катта қилганман. Невараларим бешикни жуда яхши кўришган. Улар ҳатто бешикка сиғмай, катта бўлиб қолишганда ҳам, то каравотчасида ётишга ўрганмагунча, ёнимда олиб ётишга уринсам ҳам, бешикка бошларини қўйиб, “белаб қўйинг”, дегандай қўлларимга ялиниб қарашарди.

 

Уйғонганларида бешик боғлаган арқончаларни тортиб, ўзлари қўл-оёқларини ечиб ёнимга келаверар эдилар. Менимча, болани бешикка белашнинг ҳам ўз методларини бор. Шу усулларни, аввало боланинг раъйини ҳам билиш керак.

 

Холида Бозорова,
Навоий давлат кончилик институти академик лицейи она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:

 

– Шу бешикни чиқиндига отган аёл боласидан ҳам воз кечгани аниқ. Тўғри, болани чиқиндига отмагандир, аммо уни бола сифатида эъзозламайди, борлигига шукур килмайди. Ўзбек кечаги кунидан, бугун бешигидан айрилса, эртага унинг нимаси колади?

 

Мен тўққиз нафар фарзанд ўстирган оилага олтинчи келин бўлиб тушганман. Турмуш ўртоғимнинг бешиги ҳозир 70 ёшда. Қурт ҳам, кана ҳам тушмаган. Енгилгина, оғирлиги тушмайди бизга. Ҳамма набира ва эвараларим шу бешикка ҳавас билан беланади. Қайсидир буюмни қадрлаш кишининг маънавиятидан келиб чиқади. Қадриятларни ҳурмат қилиш керак.

 

Тармоқ фаолларидан бири ўз саҳифасида бешикни чиқиндига улоқтирганларни танқид қилиб ёзган шеъри остида кўплаб фикрлар билдирилди. Кимлардир бешик муқаддас деса, кимлардир унинг оддий мебел эканини айтди.

 


Мансуржон Хўжаев,
шоир:

 
– Бешикни чиқиндига улоқтиришганидан куйиниб шеър ёздим. Баъзи дўстларимиз “бешикни илоҳийлаштирманг” дея эътироз билдирдилар. Бирор буюмга илоҳий дея қарамайман, лекин шу миллатимнинг, боболаримнинг қадриятларини қадрлайман, ҳурмат қиламан.

 

Юртимиздаги зиёратгоҳларга бориб, толни, тутни, тошни, булоқни, қабрда ётган авлиёларни илоҳийлаштириб олган оддий авом халқни пулини шилиб ётган фирибгарларни ёнига бориб ёқасидан олсангиз яхши бўлади. Уйимизда отамнинг дастурхон тўрида ўз жойи бор, биз ўша жойга ўтиргани ийманамиз, ҳурмат қиламиз, отамни жойи дея қадрлаймиз, нима, бу билан отамнинг жойини илоҳийлаштирган бўламанми? Катта энамдан қолган мис обдаста бор, уни ювиб тозалаб, меҳмонлар учун ишлатамиз, нима, бу билан обдаста муқаддаслашиб қоладими?

 

Биласизми, май ойида ёнғин сабабли бутун уйимиз ёниб кетди, биз учун қадрли буюмлару, китоблар, бор бойлигимиз бир зумда кулга айланди, шукур жонимиз омон, шу оловдан отам ётган бешикни олиб чиқдим, бу билан бешикни илоҳийлаштирган бўлдимми? Уйингизда ота-бобонгиздан қолган машинами, китобми, сандиқми, жавонми, идишми, узукми, зиракми, ишқилиб қайсидир қадимий буюм бор, авайлаб-асрайсиз, бошқаларга кўз-кўз қиласиз, бу билан у нарса илоҳийлаштирилмайди.

 

Тафаккур қилинг, ўша бешикда отангиз ётган бўлса, ўзингиз, болангиз ётган бўлса, у илоҳий эмас, қадрли бўлади. Бўлди – чириди, синди, керакмас, деб чиқиндига отсангиз, ўзингиз биласиз...



Бешик ота-боболардан қолган, синовлардан ўтган, фарзандларимизни улғайтирган қадрли буюм. Унинг чиқиндига ташлангани эса кўплаб тирноққа зор инсонларнинг юрагини ғаш қилгани бор гап. У кераксиз бўлган тақдирда ҳам ошкора тарзда чиқиндига улоқтириш одобдан эмас. Сизнинг бу борадаги фикрларингиз қандай, қуйида изоҳ қолдиринг. 

 

Нодира ИБРОҲИМОВА
Oyina.uz

Oyina.uz'ni Telegramda o‘qing!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//