Узоқ вақт оқмаган ариққа келган сув дастлаб хас-хашак, чиқиндиларни олиб келади. Саксонинчи йиллар охири, тўқсонинчи йиллар бошида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши муносабати билан тилимиздаги баъзи русча, байналмилал сўзларни ўзбекчалаштиришда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Мисол учун, “район” аввалига “ноҳия” аталди, лекин бу хашак сўз эди, ҳеч ким уни ҳазм қилолмади, аммо тилимизда мингйиллар оша яшаб келган, кичик ҳудудий бирликни бир чет сўз – “район”дан ҳам яхшироқ ифода этадиган “туман” бор эди. “Туман”нинг қайта тикланиши шундай топилма бўлдики, “район” тезда унутилди. Бироқ ўша пайтларда қабул қилинган баъзи хашак сўзлар ҳали-ҳамон яшаб келмоқда, ҳали-ҳамон эшитганда кўнгил беҳузур бўлади. Баъзиларини келтириб ўтаман.
Бошловчи
Ўша даврда “бошловчи”ни бошида мияси бор одам таклиф қилган деб ўйламайман.
Хўш, теле ёки радиобошловчи ким? Телебошловчи кўрсатувни олиб боради ёки тақдим этади, радиобошловчи радиоэшиттиришни. Ўзбек тилида “бошловчи” деганда бирон иш-ҳаракатни бошлаб берувчи шахс тушунилади. Чунки бу сўз “бошламоқ” феълидан ясалган. Мантиқан бошловчининг ўша бошланган ишни давом эттириши ёки ниҳоясига етказиши шарт эмас. Чунки у бошловчи. Дейлик, Қодирий – ўзбек романчилиги бошловчиси, лекин давом эттирувчи ёки ниҳояловчи эмас. Телебошловчи ҳам бирор кўрсатувни бошлаб бериб, кейин ғойиб бўлиб қолмайди, охиригача олиб боради, ниҳоялаб биз билан хайрлашади. Бошқачароқ айтганда, у кўрсатувни бошдан охиригача бизга тақдим этади. Шу боис турк қардошларимиз бу касб эгасини – “сунувчи” (“sunucu”, “televızyon sunucusu”), яъни “тақдим этувчи”, озарбойжон қардошларимиз: “олиб борувчи” (“televiziya aparıcısı”) деб атайди. “Олиб борувчи” деганда русча “телеведущий”дан нусха кўчиргандай туюлади, лекин телевизор пайдо бўлибдики, тилимизда шу ибора бор: “кўрсатувни фалончи олиб боради” ёки “тақдим этади” деймиз, лекин ҳеч қачон “кўрсатувни фалончи бошлаб беради” дейилмайди.
Шу ўринда яна бир мисол: мазкур касб эгасининг французчада аталиши диққатга сазовор: француз тилида кўрсатув олиб борувчи журналист – “аниматор” (аёл кишига нисбатан: “аниматрис” – “animateur”, “animatrice de télévision”) аталади. “Animateur (-rice)” – “жон ато этмоқ”, “жонлантирмоқ” каби маъноларга эга французча “animer” (ёки лотинча: “animare”) феълидан ясалган бўлиб, “жонлантирувчи” демакдир. Яъни, французча аниматор – кўрсатув ёки эшиттиришни жонлантирувчи, унга руҳ бағишловчи шахс (Француз тилида “аниматор”, шунингдек, бирон бир гуруҳ, иш-ҳаракат, санъат асарига “жон бахш этувчи” маъносида бошқа соҳаларда ҳам ишлатилади). Шунингдек, француз тилида баъзан кўрсатув тақдим этувчисига нисбатан – “презентатор” (“présentateur” – “тақдим этувчи”) дейилиши ҳам мумкин. Инглиз тилида ҳам худди шу маънода “radio/television presenter”, яъни “радио/телевизион тақдим этувчиси” номи қўлланади.
Сухандон
Русча “диктор” сўзининг “сухандон”га алмаштирилишини ақл билан тушуниб бўлмайди. Диктор – бу радио ёки телевизор орқали эшиттириладиган матнларни ўқиб берувчи ходим. Инглиз тилида мазкур касб эгаси – “announcer”, турк тилида “anönsör”, яъни “эълон қилувчи”, “билдирувчи” деб аталади. “Диктор” ҳам, “announcer” ҳам шу касб эгаси бажарадиган амалга мос ном, форс-тожикча: “сухандон” эса: “сўзга чечан, сўзамол, нотиқ” каби маъноларга эга. Лекин “диктор” деб тайёр матнни ўқиб берувчи шахсга нисбатан айтилади, ёқимли овоз, сўзларни яхши талаффуз қила олиш қобилияти унинг асосий фазилатлари, диктор умуман гапга чечан, нотиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Эҳтимол, сўзга чечан, нотиқ, сухандон сўзини сиёсатчи, адабиётчи ёки бошқасига нисбатан қўллаш мумкиндир, лекин асло дикторга нисбатан эмас.
Негадир бизда бир чет сўзни бошқа чет сўзга алмаштириш анъанаси мавжуд, нафақат чет сўз, ҳатто кўпинча ўз сўзимизни ҳам чет сўзга алмаштирамиз, эҳтимол, шу хислатимиз билан дунёда ягона миллат бўлишимиз мумкин. Дейлик, “радиотингловчи” сўзи яқин ўтмишда – радио пайдо бўлгандан кейин чет сўз эмас, ўз сўзимиздан ясалган. Ана шундай топилмалар бизга кўпроқ керак.
Олий мажлис
1995 йилдан бошлаб бизда қонун чиқарувчи энг юқори кенгаш – парламент – “олий мажлис” номи билан атала бошлади. Унгача, мустақилликнинг дастлабки йилларида, бу институт – “олий кенгаш” дейилган. Она тилимизда “кенгаш” деган жуда қадимий сўз бор. Ушбу сўз “Девону луғотит-турк”да ҳам: “кӭңäш – ишларда кенгашиш, мулоҳаза юритиш”, деб изоҳланган (ДЛТ. III. Т. 1963. 376-бет). Бу сўз қадимги “кӭңäдї”, яъни “кенгашди, маслаҳатлашди” феълидан ясалган. Кенгаш Чингизхон даврида ҳам, Темур даврида ҳам давлатнинг асосий институти бўлиб келган. Парламент каби миллат тақдирини ҳал қиладиган йиғинни ифодалаш учун тилимизда “кенгаш”дан муносиброқ сўз йўқ. 1994 йил Олий Кенгаш чақириқларидан бирида эса негадир бу қадим сўзимиздан, бизни аждодлар анъаналари билан боғлайдиган сиёсий атамадан воз кечилиб, унинг ўрнига арабча “мажлис” сўзи афзал кўрилди. Илгари “олий кенгаш” деганда фақат “олий” сўзи арабча бўлган бўлса, “олий мажлис” – бутунлай арабча бўлди. Аслида “олий” ўрнида “юқори” дейилса, тўғрироқ, халқимиз учун янада тушунарлироқ бўларди. Айтайлик, қорақалпоқ қардошларимиз – “жўқорғи кенгес”, қирғизлар – “жогорку кенеш” деб бу идорани соф туркийча аташади. Шундай экан, нега биз ҳам ЮҚОРИ КЕНГАШ эмас, “олий мажлис” дейишимиз керак, ахир арабларнинг ўз парламентларини туркча номлашларини тасаввур қилиш мумкинми?
Алқисса, бу каби мисоллар сизда ҳам кўп бўлиши мумкин, агар уларни изоҳларда қолдирсангиз, мавзу янада ойдинлашарди. Қани, қанча хашак йиғиларкин.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ