Тошкент шаҳридаги йўл ўтказгич қуриш давомида қулаб тушди. Объект ҳали фойдаланишга топширилмаган ва бундан ҳеч ким талофат кўрмади. Бироқ мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.
Ҳаммаси нимадан бошланди?
Жорий йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳар Бобур кўчасидан Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи ва Содиқ Толипов кўчасига чиқиш ҳамда тушишни қулайлаштириш мақсадида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсин (балка) монтаж жойидан темирйўл устига тушиб кетган. Узунлиги 42 метрлик балкаларнинг қулаши натижаси 2 миллиард 760 миллион сўмлик зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор шахслар гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилаётган бўлган.
Яхшиям ҳозир қулабди
Журналист Шуҳрат Шокиржонов ўз саҳифасида ҳолат юзасидан фикр билдирди. У воқеанинг шу кунларда содир бўлганини яхшиликка йўймоқда.
«Балка бунақа қулаши учун у ё стандартдан калтароқ ишлаб чиқарилган бўлиши ёки ичидаги арматура билан жиҳозланиши меъёрида бўлмаслиги керак. Ё уни кўтариб жойига ўрнатаётганда краннинг троси узилиб, балка тушиб кетиши керак (анавилар шу вариантни танлашибди). Лекин сочилиб ер билан битта бўлиб ётган балканинг бир эмас бешталиги бу версиянинг зарарига хизмат қилмоқда. Менимча, арматура ва цементдан уришган. Анув қураётган темирйўлчиларнинг бахтига, яхшиям ҳозир қулабди. Битгач, устида машиналар юрганда қуласа нима бўларди», деб ёзган журналист.
Журналист кўп ўтмай янги кўприклар қурилаётганини қоралаб чиқди.
«Самарқанд шаҳрида ҳам 4 та кўприк қуришаяпти. Аслида, шарт эмас эди шу кўприклар шаҳарга. Пробкани йўқ қилармиш. Қайтага қанақа пробкалар келтириб чиқаришини тасаввур ҳам қилиб кўришмаяпти, мутасаддилар. Шуни ҳеч ким тушунтириб бера олмайди уларга. Чунки ўртада жуда катта маблағ бор! Ўшани ўзлаштириш керак. Қолганига тупурган булар...
Бизда шаҳарларда кўприк қуришга Ачилбай Раматов ўлгунча мораторий эълон қилиш керак. Заруратда қурилиши лозим бўлиб қолса ҳам, фақат номи чиққан чет эл компанияларига «заказ» қилиш керак», деб ёзади.
Шўримиз қурсин
Журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев Шуҳрат Шокиржоновнинг фикрларини улашиб, кўприк фойдаланишга топширилганида қулаганида ҳам энг юқоридаги масъулларга ҳеч нарса қилмаслигини қайд этади ва Сардоба воқеаларини эслайди.
«Машина юрганда қуласа ҳам ҳеч нарса бўлмасди. Халқнинг чўнтагига қўшимча харажат бўларди, холос. Мен мана шу қурувчиларнинг бошлиқлари қурган 400 млн долларлик сув омбори ёрилиб, икки давлатни сув босганида ҳам ҳеч нарса бўлмаганини кўрган бир ўзбекистонликман, ҳар ҳолда.
Дарвоқе, бир нарса аниқ бўларкан лекин: шу қурилишнинг сояки раҳбари фавқулодда ҳолат юзасидан ташкил этиладиган ҳукумат комиссиясига раис этиб тайинланади. Шўримиз қурсин», дейди у.
Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилса керак…
Бу мавзу иқтисодчи Отабек Бакиров назаридан ҳам четда қолмади. У янги қурилмалардан қўрқишини, сабаби ҳозирги қурилишлар сифатсиз эканлигини таъкидлаган.
«Янги даврда қурилган кўприкларнинг остидан ҳам, устидан ҳам ўтишга қўрқаман. Ер усти метросига нисбатан фобиям ҳали ҳам йўқолмаган. Лойиҳа қандай тузилади ва ясалади, буюртмачи ким, пудратчи, субпудратчи, етказиб берувчилар ким биламан, билмаганимда, балки шу қўрқувлар бўлмасмиди. Катта эҳтимол ва миллий анъанага кўра, Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилса керак. Тҳе Департед фильмида «менга ўзимни ўзим қидириб топишимни буюришди», деган эпизод борку, шу жойи эсимга тушади доим», дея фикр билдирган у.
Арматура қўйилганмикан ўзи?
Яна бир иқтисодчи Валижон Тўрақулов ҳам воқеа ҳақида фикр билдирди.
«Яхшиям бу ҳолат қуриб битказилгандан кейин бўлмади! Эътибор беринг! Ахир шунақанги қўпол хато ҳам бўладими? Биттаси эмас, 5 тасия... Ҳали ҳеч нарса юрмасдан туриб, а? Арматура қўйилганмикан ўзи деб ўйлаб қоласан киши. Гужурот воқеасини эслайсизми? Коррупция сабабли қулаган кўприк оддий соат ишлаб чиқарадиган фирмага бериб юборилгани маълум бўлган эди. Отабек аканинг фобияси меникидан ҳам каттароқ экан», дея фикр билдирган иқтисодчи.
Бизга Шастрининг тўсатдан вафот этгани етади
Блогер Ақида Ҳанум ҳам ўз саҳифасида мазкур ҳолатга муносабат билдирди. У кўприк ишга тушганида ва ундан президент ўтаётган бўлганида нима бўлар эди, деган саволни ўртага ташламоқда.
«Сизлар бирон нарса қурманглар экан. Ҳамма билди кўприк қулаганини. Сардобани энди унутаётгандик. Аэропортга олиб борувчи янги кўприк қулабди. Яхшиям қуриб битказилмаган, бўлмаса президент, ҳукумат аъзолари ёки ундан ҳам ёмони бошқа давлат раҳбари ўтиб кетаётганда нима бўларди?! 1966 йилда Лал Бахадур Шастрини тўсатдан вафот этгани етади. Оддий одамлар бўлса борми, барибир жим-жим бўлиб кетади», деб ёзган у.
Фожиалар — огоҳлик сигнали
Воқеа хусусида журналист Инобат Аҳатова фикр билдирди. У ўз саҳифасида эълон қилган муносабатида Янги Ўзбекистонда содир бўлган бир нечта воқеаларни ёдга олади.
«Қурилиш соҳаси коррупцияга ботган, лойиҳалар сифатсиз бажарилади, малакали кадрлар танқис. Муҳим стратегик ишларни ҳам кўчадан 30-40 та мардикор олиб келиб битириб кетаверишади. Биноларни «каробка» ҳолатида пуллашади, олганлар билганича қурилиш қилади, бинонинг таянч деворларини бузиб-тузади.
Сардоба, Юнусободдаги метро, Жиззахдаги кўп қаватли бино, Янгиҳаётдаги лифт воқеаси, ҳали энди қурилган янги уйлар лифтларидаги носозлик, ўлимлар, энди аэропорт яқинидаги кўприк...
Булар постни ёзиш вақтида эслолганларим, эслолмаганларим, жамоатчилик хабарсиз қолганлари қанча. Ҳар сафарги фожиалар бизга, ҳукуматга берилган огоҳлик сигнали. Сардобадан кейиноқ хулоса қилиб қурилишда назоратни кучайтириш, коррупцияга қарши жиддийроқ курашиш мумкин эди. Йўқ, афсус ундай бўлмади. Балиқлар, каламушлар деган чўпчаклар тўқилди, 3-4та қуйи амалдорни қамаб, ишни ёпиқ суд қилиб қутулишди, биз жамоатчилик эса унутдик. Қурилишнинг катталари, кўрик қураётганларнинг бошида турадиганлар ўзгармади, чиқиб халққа тушунтириш ҳам беролмайди, кулгилиси ўзлари бошида турган ишда фалокат бўлса текшириб хулоса берувчи ҳам ўзлари.
Сигналлардан хулоса чиқармасак бизни жиддий оқибатлар кутади, бундай фалокатлар бодроқдай кўпайиб, каттариб бораверади. Энг даҳшатлиси шу ишни қилганлар соққасини қилиб кетади, фарзандлари чет элларда яшайди, улар қурган сифатсиз уйлар, кўприкларда сизу биз, халқ яшайди, юради», дейди журналист.
Кўприк қулашидан ҳам айримлар даромад билан чиқади
Ижтимоий тармоқ фаолларидан бири Салим Айюбий ҳам воқеага муносабат билдирди. У ўз постида Мисрда кўприк қулишига гувоҳ бўлганини қайд этган.
«Мисрда кўрганимни, суратга олганимни ёзмоқчиман. Бизда бетон устун устига тўсин қўйиб, унинг устига бетон плита қўйиб, кўприк битди, дейишади. У ҳам йиллар давомида бўлади. Қоҳирада кўрганим эса:
Салкам билакдай келадиган арматуралар одам бўйига баробардай тўқиб чиқилади. Кейин унинг устидан бетон қуйилади. Кейин асфальт қилинади. Шу баҳайбат кўприк 1 ойда битган (расм илова қилинган). Қоҳирада бўлганлар билишади, Тавфиқия-Маҳаллавий маркет оралиғида қурилган жойни.
Домла айтганларидай, йўл қурилиш – бу тижорат, катта тижорат. Ўша кўприк йиқилишидан ҳам улар даромад билан чиқади. Жиноят иши очилиши-«чепуха». Учта-тўртта керакмас одам кетади, ҳақиқий киссавурлар яна давом эттираверади», дейди у.
Кўприк ва йўл қурувчиларга унча-мунчанинг тиши ўтмайди
Тармоқ фаолларидан бири Хайрулла Қиличев кўприк қуриш жараёни ҳақида ёзмоқда. У ўз муносабатида қурилиш соҳасидаги даромадли йўналишларни бирма-бир санаб ўтади.
«Кўприкни зўрлар қуради!..
Қурувчи соҳасига яқинроқ кишилар яхши билишади:
— энг даромадли иш бу, кўприк қурилиши.
— кейингиси йўл қурилиш.
— навбатдагиси кўп қаватли уй қуриш.
— бундан кейин намунали уй, медпункт, мактаб, коттеж қуриш, дренаж-ариқ ётқизиш, кап-ремонт каби ишлар борки, бу билан шуғулланиб ҳеч косанг оқармайди.
Сал қўлинг пул кўрса, дарров қамаб, борингни тортиб олишади. Лекин, рўйхат бошидаги қурувчилар қамалиши қийин.
Айниқса кўприк ва йўл қурилишини фақат зўр қурувчилар олади. Уларга унча-мунчанинг тиши ўтмайди.
Кўприк ва йўл қурилишида рухсат берувчи, назорат қилувчи ва фойдаланишга қабул қилувчи давлат органида яхши танишинг бўлса, умуман қўрқиш керакмас.
Фойдаланишга топшириб олганингдан кейин бузилиб қолса, яна пул ажратилади, яна фойда олаверасан.
Энг қизиғи, кўприк ва йўлга ишлатилаётган материални қанақалиги, сифати ва миқдорини оддий кўз билан баҳолай олишмайди», дейди мутахассис.
Бир тўсин қолган тўсинларни домино сингари йиқитган
Қурувчи-муҳандис Абдулазиз Обидов ҳам ҳолатга беэътибор эмас. У ўз саҳифасида воқеага қурилиш соҳасидаги эксперт сифатида фикр билдирган.
«Кўприклар учун мўлжалланган тўсинлар транспортировка қилинишини кўргансизлар. Тўсиннинг тепаси катта, пастки қисми кичкина бўлади ва махсус фиксаторлар ёрдамида тик ҳолатда транспортировка қилинади.
Қурилиш майдонига етиб келган тўсинлар тик ҳолатида вақтинча сақланади ёки тик ҳолатида 2 та кран кўтариб керакли жойга ўрнатади ва пайвандлаш, бетонлаш ишлари бошлангунга қадар ўзини тутиб туриши учун фиксаторлар билан вақтинча мустаҳкамланади.
Менимча, бу объектда 5 та тўсинни шунчаки тикка қилиб қўйиб чиқишган (ер усти метро қурилишида кўрган эдим), бир вақт эҳтиётсизлик сабабли биттаси ён томонга йиқилиб тушган, ёнидаги тўсинларни доминога ўхшаб йиқитган», деб бир нечта суратларни илова қилган мутахассис.
Журналистнинг калтакланиши
Мазкур ҳолат рўй берган объектдан репортаж тайёрлаш учун борган «Зўр» телеканали журналистлари калтакланди. Умуман олганда бир ҳолат иккинчисига уланиб, жамоатчилик хавотирини янада оширди. Журналист ва блогер Шарифа Мурод журналистлар эндиликда каратэ ҳамда бокс каби спорт турларини ҳам ўрганиши зарурлигини таъкидласа, яна бошқа фаол энди журналистнинг барча айблари қидириб топилишини қайд этади.
Хомлигича туширилган қовунларнинг кўпини кўрганмиз
Шерали Отабоев эса ҳолат тескари бўлганида нима бўлишига қизиқмоқда.
«Агар журналист «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Журналистларга қарши курашиш» махсус бўлими ходимини бир тарсаки уриб қўйганда нима бўлиши мумкин эди?
Жабрланувчи Х. Сулаймонова номидаги суд-мед экспертизага олиб борилиб, оёқ-қўл синиши, кўкрак қафасида ёпиқ лат ейиши, мия чайқалиши каби тайёр ташхис қўйиларди.
Журналист эса дарҳол ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан олиб кетилиб, тергов хонасида икки соат «отработка» қилиниб, жабрланувчидан пул талаб қилгани, келишилган сумманинг ярмини бериб, ярмини бермагани учун уришга мажбур бўлгани бўйнига қўйиларди. Ҳаттоки, журналистнинг ўзини тилидан видео қилиб ёзиб олинарди.
Шу далиллар асосида шу куннинг ўзида суд ўтказилиб, журналистни 7 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқариларди. Судда иштирок этган прокурор ҳукмдан норози бўлиб, айбланувчига 15 йил сўрарди.
Судда иштирок этган кўприк қурувчилар журналистларнинг доимий босими остида ишлаганини иддао қилишарди. Журналистларнинг ишга халақит қилгани боис кўприк сифатсиз қурилгани натижасида қулаб тушгани аниқ айтиларди. Чунки бунақа хомлигича туширилган қовунларни кўпини кўрганмиз», дейди у.
Журналист ва оператор калтакланиши юзасидан жиноий иш очилди
«Зўр» ТВ мухбири Нурзодбек Воҳидов ва оператор Сардорбек Йўлдошевнинг калтакланиш воқеасига жамоатчилик кескин муносабат билдирди. «Ўзбекистон темир йўллари» ҳолат юзасидан маълумот берди.
«ОАВ вакилларига зўравонлик кўрсатиб, уларга қарши куч ишлатган ходим — «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси 67-Кўприкқурилиш отряди иш бошқарувчиси Н.Эшниязовнинг ишини кескин қоралайди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан ишчи гуруҳ тузилиб, бугуннинг ўзида Н.Эшниязов Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан ишдан бўшатилган. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарияти ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари қонунчилик нормаларига асосан тегишли чоралар кўришини қўллаб-қувватлайди.
ИИВ ҳам расмий баёнот берди ва жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, «Зўр» ТВ телерадиокомпанияси ходимларига тан жароҳати етказилганлиги ҳолати юзасидан ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шаҳноза Тўрамуродова,
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ