Ёзувчи қайсидир қассобнинг ҳимматига қараб қолган ерда болаларнинг мақсади – пулдор бўлиш


Сақлаш
02:16 / 17.08.2023 617 0

Охирги пайтларда давлат нашриётлари ўзининг “шахсий томорқаси” чегарасини белгилаш, хусусий нашриётлар эса, “адабий броканьерлик” билан шуғулланаётгандек туюлади менга. Бир-бирини такрорлайдиган нашрлар ҳақиқатда кўпайиб кетди. Бир ерда ўқигандим: адабиётнинг энг катта душмани – ўқимайдиган китобхон. Савол туғилади: яхши асарлар пайдо бўлиши учун нималар қилиш керак? Нега бугунги кунда ёшлар ичида 20–30 ёшли Қодирий, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов йўқ? Аслида мустақиллик берилган имконият адабиётни ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан бир неча поғона юқори кўтариши керак эди-ку?!...

 

Россия Федерацияси мисолида хориж тажрибасини келтирай. Россияда энг кўп ўқиладиган муаллифлар – Дарья Донцова, Любовь Устинова, Александра Маринина. Бу хонимларнинг китобларининг йиллик тиражи баъзида 10 миллион (!)дан ошади. Толстой, Достоевский, Некрасов, Есенин, Пушкин...ларнинг тиражи 50 минг адад атрофида. Нашриётлар “озгина муҳаббат, озгина жиноят, озгина виждон, озгина эротика” йиғиндиси (муҳими, сиёсий хатоси йўқ!) бўлган “бестселлер”ларнинг фойдаси ҳисобидан классик асарларни мунтазам чиқармоқдалар. Нашриётларга тўлиқ ҳуқуқ берилган. Россияда ноширлик – бизнес, бизнесда эса маънавият масалалари учинчи даражага тушиб қолади... Шу сабаб бўлса керак, рус шеъриятида бугун Евтушенко, Рождественский, Вознесенский каби истеъдодлар йўқ ҳисоби... Бундай ҳолат бизда ХХ асрнинг бошида бўлиб ўтган. Тошбосма асарларнинг нашри йўлга тушгач, асосан “Абу Муслимнома”, “Қиссаи Амир Ҳамза”, “Чор дарвеш” каби саргузашт асарлар, “Лаззат ун-нисо” (“Аёллардан лаззатланиш”)дек омма талашиб оладиган китобларни катта тиражда чиқаришган. Бу – бир томондан халқни асл манбадан узоқлаштириш бўлса, иккинчи томондан чўнтакни қаппайтириш мақсадида эди.

 

Иккинчи тажриба – Франция ва Америкадаги ҳолат. Адабиётга ҳам, маънавиятга ҳам бизнеснинг бир бўғини сифатида қараш. Бугунги кунда француз шоирлари ўз маблағи ҳисобидан юз, икки юз дона китобни чиқариб, адабсевар одамларга тарқатишаяпти. Ҳатто Нобел мукофоти олган адибларнинг тиражи ҳам 1000 дан ошмайди. Японияда эса, ёзувчилик касб эмас, балки эрмакнинг бир тури... Аммо бугунги кунда Европадаги маънавий инқироз, бир жинсли никоҳга ружу қўйишлик, Маркиз де Саднинг асарлари “Олтин Плеяда” рукни остида француз адабиётининг мумтоз намунаси сифатида тақдим этилаётгани бу йўл ўзбек халқи учун мақбул эмаслигини билдиради. Японияда ёшлар ичида худкушлик тобора урфга кираётгани моддий фаровонлик ҳали барқарорлик белгиси эмаслигининг исботидир...

 

Ижодкор рўзғорини қалам учи билан тебратади. Қалам ҳақи эса ўтмишдан эртаклар бўлиб қолди. Нашриётлар хоҳласа-хоҳламаса, қалам ҳақи тўлашга қурби етмайди. Биринчидан, сўнгги беш–ўн йилда 20–30 минг ададда чиққан китобни кўрмадим (энг камида ҳар минг кишига бир нусхани мўлжаллаб китоб чиқариш яхши анъана эди). Бугунги кунда ўртача тираж – 1000 нусха. Ўн босма табоқ ҳажмидаги битта китобнинг ўртача нархи – 5 минг сўм. Асар муаллифи битта китобнинг бошланғич нархидан фоиз ставкалари тарзида тўланадиган энг кам ставка – 5 фоиз. Демак, 160 бетлик оригинал асар муаллифига нашриёт ҳиммат қилса, 250 минг сўм гонорар тўлайди. Хусусий босмахоналарга фақат чоп этиш хизматига (“прогон”) учун 400 минг сўм тўлаш керак. “Печатник”нинг хизмат ҳақи муаллифдан ҳам, муҳаррирдан ҳам, мусаҳҳиҳдан ҳам кўп... Назаримда, биз, ноширлар, бозор иқтисодиётининг асосий қонуниятини тушунмаганимиз оқибатида шундай кунга тушдик: бозор шароитида нархни сунъий равишда пасайтириш бозорнинг касод бўлишига олиб келади. “Одамлар китоб ўқимай қўйди, шароит оғир”, деган баҳона билан 90-йиллардан бошлаб, на ижодкорни ўйладик, на нашриёт аҳволини. Гўштнинг нархи табиий равишда ошади, уннинг нархи кўтарилади, шакар, газ, чироқ, бензин, гугурт... фақат китобнинг нархи кўтарилиши мумкин эмас. Ҳозирги кунда китоб маҳсулотлари энг арзон нархда Ўзбекистонда чиқади. Россияда бугунги кунда 100–200 мингга сотилаётган китобни Ўзбекистонда бемалол 30–40 минг сўмга чиқарса бўлади (ҳолбуки, Россия қоғозни импорт қилувчи эмас, экспорт қилувчи мамлакат ҳисобланади). Натижа эса, аксинча... Айтмоқчиманки, ижодкор то рўзғор ташвишидан, турмушнинг “мушт”ларидан қутулиб, ички хотиржамлик билан ижод қилмас экан, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби адабиётни ўзига қисмат деб билган истеъдодлар етишиб чиқиши гумон... Ижодкорга ҳам нон керак, ҳам шон... Ҳам ном, ҳам нонга эга бўлиши учун нашриётларнинг аҳамияти беқиёс...

 

Аммо масаланинг нашриётларга тегиб ўтар ўрни ҳам бор. Умуман хусусий нашрлар (агар ақли шунга етса), “тиғ устида юрган дорбоз”дек фаолият юритишади. Худо кўрсатмасин, ёлланма муҳаррирнинг айби биланми, олий маълумотли саводсиз мусаҳҳиҳникини дебми, битта жиддийроқ “ишкал” чиқиб қолса, нашриёт лицензия билан видолашади. Бу нашриётни оёққа қўйиш учун бечора муассиснинг қанча пули кетди, қанча қарздорлиги бор, оқибати нима бўлади – бу билан бировнинг иши йўқ... Муҳаррир меҳнат дафтарчасини кўтариб бошқа бир хусусий нашрга ишга жойлашади. Муассис-чи?! Бўйнига ҳар йили пахта режаси илинадиган фермер битта қуриб кетгур ҳарф орқасидан бор-будидан мосуво бўлиш хавфи билан яшайдиган ноширдан эркинроқ. Албатта, бу билан мен ноширларнинг жиловини қўйиб юбориш керак демоқчимасман. Лекин бундай радикал чорадан кўра иқтисодий жазо қўллаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Масалан, жиддий хатоларга йўл қўйган нашриёт ўз ҳисобидан бирорта ижтимоий аҳамиятга молик асарни ўз маблағи ҳисобидан нашр этиб, бепул тарқатиш мажбурияти зиммасига юклатилади. Шунда ношир ҳам тўғри сабоқ чиқариб, ҳушёрроқ ҳаракат қилишга мажбур бўлади.

 

Ноширлик соҳаси – маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми, менталитетимизнинг бутун бўлишига хизмат қилувчи асосий соҳа эканлигини айтиб ўтишнинг ҳожати йўқ. Шу билан бирга, ноширлик – агар тизим тўғри ва бехато ишласа, катта даромад келтирувчи соҳа эканлигини ҳам унутмайлик. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида 6,5 миллион оила яшайди. Агар ҳар бир оила йил давомида энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида китоб сотиб олса, Ўзбекистоннинг ўзида 10 трлн 70 миллион (= 924 млн. АҚШ доллари) сўмлик китоб маҳсулотлари сотилади. Иқтисодий қийинчиликларни рўкач қилиш замони ўтди. Халқимиз ҳеч кимдан кам эмас. Бир иқтисодчи дўстимизнинг хомаки ҳисоб-китобига кўра, бир ойда Ўзбекистон халқи уяли телефон тўловига 20 трлн. сўм сарфлар экан... Фақат тарғибот ҳамда маркетинг, хизмат кўрсатиш масалаларига жиддийроқ қараш керак. Булар орасида китоб дўконлари масаласи ҳам бор. Сўнгги уч-тўрт йилда республикада китоб дўконлари кўпайиб бормоқда. Ана шу тизимни фаоллаштириш учун ягона элекрон тижорат тармоғи (ҳар бир нашриёт қайси дўконда нечта китоби сотилганлигини мунтазам назорат қилиб бориши учун), имтиёзлар (бозорларнинг энг гавжум жойидан дўкон ажратиш, ижара ҳақи, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларда имтиёз бериш) ва бошқа қулайликларни яратиш керак, деб ўйлайман.

 

Бундан ташқари нашриётлар муайян режаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар олиши тизимини ҳам ўйлаб чиқиш керак. Дейлик, битта нашриётнинг умумий мулки – 50 млн. сўм. У амалга оширмоқчи бўлган лойиҳа – Ибн Синонинг фармакологияга оид асарларини таржима қилиб, нашр эттириш. Лойиҳани амалга ошириш учун 300 млн. сўм маблағ керак. Харидор ҳам топилган, китоб ҳам тайёр дейлик. Аммо бирор банк ана шу лойиҳага имтиёзли кредит ажратмайди. Бу – масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунда “чет эл инвесторлари ОАВга муассис ё ҳаммуассис бўлишга ҳақли эмас”, деб белгилаб қўйилган. Бу – тўғри. Сабаби, чет эл сармоядори Ўзбекистонда ўз маблағи ҳисобидан газета, журнал ё нашриёт очиб, ўз мафкуравий манфаатларини тарғиб қилиш воситасига айлантиришига йўл қўйиб бўлмайди.

 

***

 

Очиғини айтиш керак – зиёли молиявий жиҳатдан мустақил бўлмагунча, маънавий юксалиш ҳақидаги уринишларимиз зое кетади. Миллатнинг маънавий қиёфасини белгиловчи ижодкор китобини чиқариш учун эчки гўштини қўй гўштига қўшиб сотадиган қайсидир қассобнинг ҳимматига муҳтож бўлиб турган жойда болаларнинг идеали – олим ё шоир эмас, футболчи ёки тожир, талпинадиган жойи – кутубхона эмас, бозор бўлиб қолаверади... Мен ҳамма ижодкор бўлсин, демоқчимасман. Лекин бозор маънавиятнинг равнақига хизмат қилмаса, аксинча маънавият бозорнинг талабларига қарам бўлиб қолса, миллатнинг истеъдодли фарзандлари ўз азиз умрларини бозор расталарида хор қилиб ўтадилар, деб қўрқаман... Маънавият соҳасида қилинган ислоҳотлар ҳаётнинг бошқа соҳаларидан кўра кечроқ самара беради. Бундай ислоҳотлар иқтисодий самарадорлик, сиёсий барқарорлик, тараққиётнинг пойдевори бўлади. Пойдевор эса, кўпинча, кўзга кўринмайди...

 

Олимжон ДАВЛАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти директори,

филология фанлари доктори (PhD)

 

Oyina.uz'ni Telegramda o‘qing!

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//