“Ташқаридан эътироф кутманг” – модернист шоирнинг ёш ижодкорга тавсиялари


Сақлаш
01:39 / 15.08.2023 728 0

1902 йили Вена ҳарбий академияси талабаси, ҳаваскор шоир Франц Каппус ўзининг бир неча шеърий машқларини Райнер Мария Рилькега юбориб, ундан фикр билдиришни илтимос қилади. Австриянинг таниқли шоирларидан бири бўлган Рильке бир муддат ўтиб унга жавоб қайтарган ва бошқалардан тасдиқ кутгандан кўра ўз ички оламига шўнғишни ва барча жавобларни ўша ердан излашни тавсия қилади. Уларнинг ёзишмалари шу билан тугамайди. Ёш Каппус унга яна мактублар йўллайди ва келаси беш йил мобайнида шоир унга нафақат шеърият, балки бошқа мавзуларда ҳам қимматли маслаҳатлар бериб боради.

Хўш, бу икки қаҳрамонимизнинг кимлигини бир бошдан айтсак: Франц Ксавер Каппус – Австрияда туғилган ҳарбий офицер эди, аммо бундан ташқари у журналист, шоир ва ёзувчилик фаолияти билан ҳам шуғулланган. У адабиётда модернист шоир Райнер Мария Рильке мактубларини нашр этган инсон сифатида танилди.

Райнер Мария Рильке эса XX асрнинг кўзга кўринган модернист шоирларидан бири ҳисобланади. У Прагада туғилганди, шунингдек, Австрия фуқароси ҳам эди. Рильке немис, француз ва рус тилларида шеърлар ёзган, кўплаб шеърий тўпламлар нашр эттирган. Унинг “Мальте Лауридс Бригге қайдлари” номли романи ва бир қанча ҳикоялари ҳам мавжуд.

1929 йили, Рилькенинг ўлимидан уч йил ўтиб, Каппус у ёзган ўнта мактубни “Ёш шоирга мактублар” номи билан тўплам ҳолида нашр эттиради. Натижада, бу китоб адабиёт тарихидаги энг юксак ишлардан бири сифатида тан олинади. Қуйида ўша мактублардан биринчисини эътиборингизга ҳавола қиламиз.



Муҳтарам жаноб!

Хатингиз бир неча кунгина аввал қўлимга тегди. Менга билдирган улкан ва қимматли ишончингиз учун раҳмат айтмоқчиман. Бундан ортиғи қўлимдан келмайди. Шеърларингиз қанақа экани ҳақида батафсил фикр билдиролмайман, чунки турфа хил танқидий қарашлар менга ёт. Танқидий муносабат санъат асарига бошқа ҳар нимадан кўра камроқ таъсир ўтказади ва танқид доим озми-кўпми дилни хира қилувчи англамсизликка олиб келади. Биз ҳамма нарсани осонгина англаб ёки тушунтириб беролмаймиз; ифодалаб бўлмайдиган ҳолатлар кўп. Улар ҳали сўз етиб бормаган оламда содир бўлади ва шу тушунтириб бўлмас нарсалар, санъат асарлари, биз каби ўткинчи жонзотлардан фарқли ўлароқ, умрбоқийдир.

Мана шу қисқа кириш сўзидан сўнг фақат бир нарсани айта оламан: сизнинг шеърларингизда янгилик кўрмадим, аммо уларда аста-секин қандайдир ўзига хослик шаклланмоқда. Буни, айниқса, “Қалбим” номли охирги шеърингизда сездим. Унда фақат сизга тегишли, фақат сизники бўлган нимадир ўзига сўз ва оҳанг изламоқда. “Леопардига” номли гўзал шеърингизда эса шу буюк ва танҳо руҳ билан қандайдир алоқадорлик пайдо бўлгандай. Шунга қарамай, бу шеърлар ҳали тўла пишиб етилмаган, уларда эрк йўқ, ҳатто охиргиси ва Леопардига аталганида ҳам. Шеърлар билан бирга келган самимий мактубингиз мен сезган, аммо аниқ айтолмаган кўп камчиликларни очиқлашда ёрдам берди.

Сиз мендан шеърларим яхшими деб сўрабсиз. Бугун мендан сўрадингиз, кеча эса бошқалардан сўрагансиз. Сиз уларни журналларга юборасиз. Уларни бошқалар шеъри билан солиштирасиз ва бошқа нашрлар сизнинг ижодингизни рад қилишидан хавотирланасиз. Сиздан (модомики, тавсиялар беришимга рози бўлган экансиз) бу ишларни бас қилишни сўрайман. Сиз бошқалардан эътибор кутяпсиз, аммо ҳозирча шу ишни қилмай туринг. Ҳеч ким сиз истаган ёрдам ёки маслаҳатни беролмайди, ҳеч ким. Фақат битта нажотингиз бор: ичингизга боқинг. Сизни нима шеър ёзишга ундаётганини топинг. У қалбингизнинг туб-тубидан униб чиқяптими ёки йўқми, шуни аниқланг. Бир нарсани тан олинг: агар ёзишни тақиқлаб қўйишганида, яшай олармидингиз? Лекин энг аввало жим-жит кечада ўзингизни сўроққа тутинг: мен ёзишим керакми? Шу савол жавобини излаб топинг. Агар жавоб ижобий бўлса, агар шу муҳим саволга аниқ ва қатъий оҳангда: “Ҳа!” – деб жавоб беролсангиз, унда ҳаётингизни шу эҳтиёжга мослаб қайта қуришингиз керак. Умрингиз энг аҳамиятсиз ва арзимас онларгача шу ички иқрор рамзи ва гувоҳлиги бўлиб қолмоғи лозим.

Кейин табиатга яқинроқ бўлинг. Ер юзидаги биринчи инсон каби нимани кўраётганингиз, ҳис қилаётганингиз, севишингиз ёки бир умрга йўқотганингиз ҳақида ёзишга ҳаракат қилинг. Ишқий шеърлар ёзманг; бошида ўта оддий ва одатий мавзулардан қочинг. Асли энг мураккаблари ҳам ўшалар, чунки бир талай яхши ва баъзан ажойиб санъат намуналарини топиш мумкин бўлган жойда чинакам ўзига хос нарса яратиш улкан ва етук салоҳиятни талаб қилади. Умумий мавзулардан қочиб, ҳаётингиздаги кундалик ҳолатларга юзланинг; дард ва истакларингиз, оний кечинмаларингиз ёки қандайдир гўзалликка ишончингизни қаламга олинг. У ҳақида юракдан, паст овозда, камтарона самимият билан ёзинг. Ўзингизни ифода қилиш учун сизни ўраб турган нарсаларга мурожаат қилинг – кўрган тушларингизга ёки сиз учун қадрли буюмларга. Агар кундалик ҳаётингиз сизга ғариб кўринса, айбни ундан эмас, ўзингиздан қидиринг. Тириклик хазинасидан баҳраманд бўлиш учун менда шоирлик руҳияти етишмаяпти, денг. Ахир ижодий руҳ учун ер юзининг ҳеч қайси нуқтасида қашшоқлик ҳам, бефарқлик ҳам йўқ. Агар қамалиб, қалин деворлар сизни ташқи дунёдан буткул узиб қўйган тақдирда ҳам, болалигингиз, шу бебаҳо, шоҳона хазина, қимматли хотираларингиз сиз билан қолади-ку. Диққатингизни унга қаратинг. Шу улкан кенгликдаги ўтмиш хотираларини жонлантиришга ҳаракат қилинг. Шахсиятингиз мустаҳкамланади, ёлғизлигингиз сарҳади кенгайиб, бошқалар шовқини бузиб киролмайдиган ғира-шира маконга айланади. Шеър шу каби ўзингизга мурожаатдан, ўз оламингизга шўнғишдан яралса, бошқалар муносабати билан қизиқиб кўриш хаёлингизга келмайди. Адабий журналлар эътиборини жалб қилишга уринмай қўясиз, чунки у шеърларда сиз қонли меросингизни, овозингизни ва ҳаётингиз қирраларини кўрасиз. Санъат асари ички эҳтиёждан пайдо бўлгани маъқул. Асар шу тақлид яралганининг ўзиёқ унга берилган ягона баҳо, бошқаси бекор. Шунинг учун, муҳтарам дўстим, сизга фақат ва фақат битта нарсани тавсия қиламан: ичингизга шўнғинг, ҳаётингиз ибтидо олган ички кенгликларни тафтиш қилинг. Ижод менга керакми ё йўқми, деган саволга ўша ердан жавоб топасиз. Жавоб қандай бўлса, ўшандай қабул қилинг ва ўйланиб ўтирманг. Эҳтимол, сиз рассом бўлиш учун яралгандирсиз. У ҳолда ўз тақдирингизни қабул қилинг ва гарданингизга олинг, унинг заҳмати ва салобатини кўтара билинг, ташқаридан келувчи эътирофларга кўз тикманг. Ижодкор ўз-ўзича бир оламга айланмоғи ва барча нарсани ўзидан ёки ўзи билан уйғунлашиб кетган табиатдан топмоғи лозим.

Аммо сиз ичкарига ва ички ёлғизлигингизга шўнғигандан сўнг шоир бўлиш ниятидан қайтиб қолишингиз мумкин (юқорида айтганимдай, ёзмай яшай олиш мумкинлигини ҳис қилсангиз, бунга уриниб ўтириш ҳам шарт эмас). Бироқ шунда ҳам мен сиздан сўраган ички тафтиш бекор кетмайди. Ундан сўнг шубҳасиз ўз ҳаёт йўлингизни топасиз ва бу йўлингиз хайрли, сермаҳсул ва узоқ кечишини тилайман, ўзим айта оладиганимдан кўпроғини тилайман.

Хўп, яна нима дейишим мумкин? Менимча, ҳаммасига бафуржа тўхталиб ўтдим ва шунга қўшимча тарзда сиздан ўз йўлингизни сабот билан, ошиқмай босиб ўтишингизни сўраб қоламан. Агар ташқи дунёга боқиб, фақат энг сокин лаҳзаларда энг ичкин ҳиссиётингизгина жавоб бериши мумкин бўлган саволларга ундан жавоб изласангиз, бу йўлга жиддий тўсиқ қўйган бўласиз.

Хатингизда профессор Горачекнинг исмини кўриб, мамнун бўлдим. Неча йиллардан бери бу дилкаш олим инсонга нисбатан чексиз ҳурмат ва миннатдорлик ҳисларини туяман. Илтимос, у кишига саломимни етказиб қўйинг. Мени ҳали ҳам унутмаганларини эшитиб, бошим кўкка етди ва бу эҳтиромни беҳад қадрлайман.

Менга дўстона ишониб топширган шеърларингизни шу хатга қўшиб, қайтаряпман. Улкан ва дўстона ишончингиз учун сизга яна бир бор миннатдорчилик билдирмоқчиман. Сизга имкон қадар очиқ ва самимий жавоб қайтариш орқали менга кўрсатган эҳтиромингизни оз бўлса-да оқлай дедим. Лекин четдаги бир инсон ўлароқ бунга асло муносиб эмасман.

Эҳтиром билан, Райнер Мария Рильке.

 

Рафиқ САЙДУЛЛО тайёрлади,
Oyina.uz

 

Oyina.uz'ni Telegramda o‘qing!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//