“Узунқулоқ гапларга кўра”, “одамлар орасида узунқулоқ гаплар юрибди”. Қандай қилиб гап узунқулоқ бўлиши мумкин? Дейлик, бирон ҳайвонга нисбатан “узунқулоқ” деса тушунарли, лекин гапнинг узунқулоқ бўлиши ғалати.
Гап шундаки, бу ерда “узун” – ҳозир тилимиздаги ўлчовни билдирувчи “узун” эмас. Қадимги туркийда унга шаклдош яна бир “узун” сўзи бўлиб – “ғийбат” маъносини берган. “Ғийбатчи” эса – “узунчы” дейилган. “Қутадғу билиг”дан ўқиймиз:
“Узунчы кишикә қатылма йыра
Узунчы тилиндә күйәр от көр-ә”.
Маъноси: “Ғийбатчи кишига яқинлашма, йироқлаш, Ғийбатчи тилида ўт ёнади, кўр”.
“Узундын қопар ул ажун булғақы
Узунчы башын кэс эй эрсиг ақы”.
Маъноси: “Дунёнинг бўлғанчиқ фисқу фасодлари ғийбатдан чиқади, Ғийбатчининг бошини кес, эй мард сахий” (ҚБ. Т. 1971. 632-б.).
Демак, “узун гап” – бу “узундан-узун чўзилган” эмас, балки “ғийбат гап” экан. Ғийбат эса – кимнингдир орқасидан гапириш, шу маънода, бу сўз, бизнингча, “орқа, кет” маъносидаги қадимги “узу” сўзидан ясалган бўлиши мумкин. Маҳмуд Кошғарий “Девон”да “узу”ни шундай изоҳлайди: “узу – орқа, кет. Мӭн анїң узу кӭлдiм – мен унинг орқасидан келдим”. Яъни, “узун” сўзи мазкур “узу”га қадимги восита келишиги қўшимчаси “-iн” қўшиб ясалган бўлиши мумкин (Мисол: қадимги туркий сўз “тэрк” – “тез” маъносини билдиради. “тэрк+iн” эса – “тезлик билан”: “тэркiн кел” – “тезлик билан кел”. Шу каби: “узу+iн” – “узун” – “орқасидан” (гапириш) бўлиши мумкин. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, “ғийбат” маъносидаги қадимги туркий сўз “узун”нинг араб тилидаги “қулоқ” маъносидаги: “узн” (أُذْنٌ) (муаннаси: “узун” أُذُنٌ)га мутлақо алоқаси йўқ).
Бизнингча, “узунқулоқ”нинг “қулоғ”и ҳам эшитиш органи – “қулоқ” маъносида эмас. Гап шундаки, “қулоқ” ҳам баъзи туркий лаҳжаларда кўчма маънода: “миш-миш, овоза, гап сўз, ғийбат” маъноларини билдиради.
Шундай қилиб, “узунқулоқ гаплар” иборасини “ғийбат, миш-миш, оғиздан-оғизга ўтган гаплар” деб тушуниш мумкин.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ