Мактабда унга “Кашшей” деб лақаб ёпиштиргандик. Бундан у хурсанд бўлармиди ёки хафа... эслолмадим. Эслаганим, шусиз ҳам қисиқ кўзларини янаям қисганча, тиржайи-иб қараб тураверарди афтингга. Унга сайин биз ҳам ҳазилни ҳангомага, ҳангомани мазахга “хамиртуруш” қилиб лақиллайверардик. Бўлмаса-ку гавдаси қорувли, бақувват бола. Ёлғондан уриб қўйса, ростдан туролмай қолишимиз аниқ... Кўнглиям кенг-да! Шуни билганимиз учун ҳам ҳаддимиз сиғарди ҳазил-мазахга.
Йиллар ўтди. Ўзимизча улғайдик. Ва шунга яраша ўзгардик ҳам. Буни бугун, мактабдош жўралар аҳёнда ўтириб-нетиб қолганимиздаям пайқаш қийинмас. Заҳримизга ютган уч-тўрт пиёла “уйинг куйгур” таъсирида ёппасига алжирай кетамиз. “Милиса”миз сиёсат уришга ўтса, “маалим”имиз болаларнинг тарбияси расволигидан олади. “Кончи”миз чўлнинг ҳавоси хит қилганидан келса, “банкда ишлайди”ганимиз кредитдан кетади. Мен барчасини битта қилиб, “ғиди-биди”лайман... У эса, гарчи бутилка бўшатишда мутлақо қатнашмаган бўлса ҳам, “кайфи бор”лардан баттарроқ қизариб-бўзариб баҳслашади. Ўтирганлар билан битта-битта, эринмай тортишади. Бехабар бир одам кириб қолса, ҳа-а, энг кўп арақни шу ичипти-да, деб ўйлаши тайин.
– ...ичишни қандай ташлагансан, жўра? – худди пўстини ташлаган илонни сўроққа тутгандай ҳориқулодда ҳайрат билан сўраймиз.
– Э, кўп тентакчилик қилдирған шу ичкилик, – олис бир замона хотиротини сўзлагандай, вазмин жавоб беради уям. – Кейин... ошнамиз Хирожам қайтарған. Намоз ўқиб қолувди-ку, бир пайтлар... Ҳозир у намозди ташаган, мен ичкиликди...
Бувасига “дум бўлиб” каттаргани учун гап-сўзлари ҳам чолларга монанд: салмоқла-аб, эзили-иб, мақол-матал қўши-иб гапиради. Элда у танимаган одам йўқ. Оилалар ҳақида маҳалла раисларидан кўра тузукроқ бохабар. Кимнинг қизи қаерга тушган, ҳозир нечта боласи бор, ким қаерга ишлашга кетган... у тирик “маълумотхона” барига. Эринмай, ҳижжалаб айтиб беради.
Отаси Жалил ака қулоғи оғир одам эди. Бақириб-бақириб гапирсаккина эшитарди. Ўзи тракторчи зотининг қулоғи “енгил”ини кўрмадим ҳеч. Икки йилча бурун уйларининг ёнгинасидан оқиб ўтган катта ариқдаги темир сувбандни кўтараман деб, бир қалққану юраги “ушлаб қолган”... Худойисига борганимизда дарвозада қойим жўрамиз бу дунёсида ортиқ суянчиғи қолмаганини тўкис туйган каби ўз дардига суянганча адл турарди.
Онаси оламдан ўтганда бу ҳали энди эсини таниётган бола бўлган. Аммо бола қалбидаям онаси қаттиқ муҳрланганини яқинда нохос илғаб қолдим. Амир Темур ҳақида бир китоб берди... Йўқ, уни оғиз тў-ўлдириб, “Китобхо-он” деёлмайман. Шунчаки, тарихга ўч. Айниқса, тарихимиздаги саркардаларга, шоҳларга... Амир Темур бобида гап кетса-ку, ўзининг отиниям эсдан чиқаргудек кайфиятга минади! Қўйиб берсанг, эрталабгача “Темур”лаб чиқади. Бир ўғлининг исмини “Темурбек” аташ учун уйланганидан бери ғайрат қиляпти. Ниятига яраша Худоям бир эмас, учта ўғил берди. Аввалига, бирида қайнотаси, бирида яна кимидир “мухолиф келиб”, бул исми муборагини қўя олмаганди. Унисини – Исломбек, бунисини – Улуғбек қўйишди. Аммо учинчисига келганда, баъни башар таклифига кўндаланг ўлароқ “метрика”ни олиб келишга шахсан ўзи отланди ва чарақлаб қараб ўтирган ФҲДЁ ходимасигагина эмас, бутун дунёсига эълон қилаётгандек, баралла айтди – ТЕМУРБЕК!..
Алқисса, менга берган китобининг варақлари орасидан “тўп” этиб бир расмча гиламга “калла ташлаганди”. Олиб қарадим: оқ-қора, митти форматдаги кў-ўҳна расм. Истаралигина, одми кийинган бир аёл, икки жужуқчаси билан ҳовлида тушган... Ўзига кўрсатдим, бир-икки кундан кейин:
– ...аям бу! Мановиси опам, буниси мен... – дегандию томоғига нимадир тиқилгандай гапирмай қўювди, – ...ҳа, шу кўзимдан бир нима чиқяпти-да, намлангани намланган...
Онасининг барвақт вафотидан сўнг отаси ёш-ёш қолган болаларини ўйладими, боз уйланганди бир аёлга. Не шомки, ўгай онага жўрамиз, жўрамизга ўгай она... татимади. Улар ҳали-ҳали бир идишда сув билан мой...
Мактабни тугатгач, бир муддат биз “тўпламчилар”га (абитуриент) қўшилиб, дафтар-китоб қўлтиқлаб юрди. Репитеторга қатнади... Қарадики, калласига билим уйини тополмаётган чумолидай киролмади-киролмади. Борей, деб қоғоз-ручкани йиғиштирди-да армияга жўнади. Жўнагандаям унча-мунчасигамас, Тошкентнинг “Уч қаҳрамон”идаги “част”га кетди. Биз эса ҳадеб ўқишга топширавердик-топширавердик. Яна яқинроққа ҳам эмас, нақ Тошкентга кўр чумчуқдай урардик ўзимизни.
Ана шундай ёзларнинг бирида Соҳиб деган ошнамиз билан уни кўргани бордик. Деворлари қадим қалъаларникидай баланд, устига симтикан тортилган ҳарбий қисм дарвозасидаги мудроқ соқчи бизни кўриб, ажабки, ичкарига имо қилди: “...ҳи-и, келдиларингми? Кираверларинг. Анчадан бери кутишяпти, силарни...” На ҳужжат кўрди, на сўраб-суриштирди... Президентни қўриқлайдиганларни тайёрловчи муҳим стратегик ҳудудга кўчадан қандай борган эсак, шундайимизча кириб борардик?.. Анқайиб-танқайиб ҳовлига энди қадам қўювдик ҳамки, ортимизда бақир-чақир қўпди: “...Сто-о-оп! Орқага-а!.. ” Ҳозиргина бизни ўтказиб юборган соқчи, қўлида автомат, югуриб келарди биз тарафга. Ортида эса қориндор бир ҳарбий наъра тортарди: “...санга иш вақтида ухлашни кўрсатиб қўяман! Онангни уйими бу, хар-рип!..” Аён бўлдики, соқчи бизни “мардикор” фаҳмлаган экан.
Ҳарбий хизматдан қайтган жўрамиз анча вақтгача “гражданский” ҳаётга кўниколмади. Ҳайтовур, “лигота” олиб қайтган экан, Навоий кон-металлургия институти талабаси бўлди. Шу орада уйландиям. Уйланиши ҳам турфа ривоятларга туртки бўлди, аммо. Уйдагиларининг не-не орзуларда мўлжаллаб қўйган жамики “кандидат”ларини қатиъян раъд этиб, Конимех тарафлардан танлаганига бор “овозини берди”.
Талабалигини қоқ ярмида ташлади ўқишни. Ҳаммасига “тилла” айбдор... Йўқ, “тилла” жилвасида баъни Пахтачини “гипноз қилган” тирикчилик айбдор! Жўрамиз-да кўп қатори хомчўт қоқди, ўша маҳаллар: “...нима учун ўқияппан ўзи? Диплом учун! У нимага керак? Давлат ишига киришга!.. Шу давлат берадиган бир ойликди тиллага чиқиб, бир ҳафтага қолмай топсам, газагимга дорими шу ўқиши?!” Угина эмас, қанча-қанча йигитлар ўқишу ишидан кечиб кетди ўшанда. Вақтнинг олий ҳакамлиги чин экан. Бугун бари англаб етяптики, ўқиб илм олганга, “давлатти одами” бўлганга етмас экан!..
Ўша куни туманимиз марказидаги бир идора пойида асабий авзода телефонга томоқ йиртардим. Қаёқдандир у пайдо бўлди: шусиз ҳам қисиқ кўзларини янаям қисганча тиржайи-иб қараб келарди афтимга. Қўлларида бир “папка” ҳужжат. Кўришдик. “Иримига” сўрадим:
– ...нима дардда юрибсан?
– Ўқишимди тикладим, ошна. “Заучни”ға фақат...
– Ие, қулли бўсин! Неччи йил деганда қайтдинг, охири?
– Етти йил... Шу тиллани, тошди, тоғди ўйласам, бир жойларим оғриб кетувради. Тоза жонимға тегди ҳаммаси! Ўқийман-ей! Эртагаям жон керак менга...
– Бунча қоғоз нимага?
– Эй-й, шу банкка-да... “Кантракт” бўйинга илинди. Етти миллионли бойвачча бўлдим-қолдим. Шунга-а... кредит оламан десам, биранта бинкда таълимга лимит жўғакан. А, бияқда бир ҳапта “срог”им қолди. Қайдан топдим энди шунча пулди, каллам қотди, ошна-а...
“Полвонлик қоним қўзиди!” деб ёзади Тоғай Мурод, таржимаи ҳолида. Шунга ўхшаб, мениям мухбирлик қоним қўзиди. Бирга-бирга туман ҳокимига тикка бориб, айтаримизни айтдик. Ҳоким узил-кесил лафз қилди: “...ёрдам берамиз!” Бироқ махлуқнинг эмас, Холиқнинг айтгани бўларкан. Шу-шу бир ҳафта “тинчиб кетди” туман ҳокимлиги. Ахийри амаллаб, тагига етдикки, ҳоким ҳам, ўша лафзига биноан бириктирилган масъуллар ҳам “ковид”га чалиниб қопти. Шартнома муддати эса тугаб борарди. Бошқа йўлларини ахтардик. Ва қуёш Kun.uz сайтидан чиқди! Аниқроғи, сайтнинг Самарқанд бўлимида Ҳақни таниган, охиратини бу дунёнинг “қилпанг-жилпанг”ига алишмаганлар бор эканки, жўрамиз ўқишига зарур бўлган ярим йиллик шартнома пулини – уч ярим миллион сўмни эҳсон этишди!..
Қолган ярмига, лафзидан чиққан ҳолда, туманимиз ҳокими ёрдам берди. Ў-ў, жўрамизнинг шодлиги дунёларга сиғмасди! Туриб-туриб ҳоким номига “Ташаккурнома” ёзмоқчи бўладимией. “Келиштириб бир раҳматларимди ёзиб сенга берсам... сен уни газитга берсанг... қандай бўлади, ошна?” дерди, ўзича ҳапқириб. Кулимсиб, елкасига қоқардим:
– ...йўқ, жўра! Мен ўз вазифамни бажариб бўлдим. Ҳокимам ўзининг вазифасини бажарди... Майли, дуо қил, ҳурмат қил, жойи келса, баҳосини қил... Бошқаси ортиқча, деб ўйлайман...
– Шундайлиққа шундай-ку... Ин-ндамай кетишгаям бет чидамаяпти-да... – ўйга чўмиб қоларди.
Индамай кетмади, дарҳақиқат. Бир якшанбада уйғониб қарасам, уйимиздаги печга дадам таппи қалаяпти. Таппики, баркашдай-баркашдай. Билсам, ухлаб ётганимда, у катта халта тўла таппини елкалаб кептию супага суяб, қайтибди. Кирмабди, мени уйғотишларига ҳам кўнмабди. Тавба, ўзи-ку уйидаги печга эски-туски пойафзалларини ёқиб ўтирганди...
Сессиясини ёпди. Улгурди... Таассуфки, яна кетди ўқишидан. Тўлашга пул топмаганини важҳ этди дастлаб. Кейин амалиёти ўхшамаганини рўкач қилиб юрди. Ниҳояти, ёрилган бўлди:
–...э-э, “заучний” ўқишам ўқишма?! Олти ойда бир бориб, қоғаз тўлдириб қайтасан, бўлди..? А, мен, масалан, завудда ишлашим керак битирганимдан кейин. Балониям тушунмийман лекин, соҳам бўйича. Оттикидай кантракт пулини оганга яраша билимам бермайдима? Бунда-ай ўтқизиб тушунтирмайдима, нима нималигини? Ё давлат фақат пул олиш учун очдима “заучний”ди?..
Нималарнидир тушунтиришга чирандим ўзимча. Ярим кун сўкишдик уйида. Бефойда. Ташқарида эса қор йилтирарди – “аномал совуқ”...
Тунов куни ишдан қайтаримда кўриб қолдим. У мени кўриб қолди, тўғрироғи. Ватан тиклаётган бир ҳамсоямиз қурилиш молларини “ЗИЛ”га орттираётган экан, ота уйи олдида. Тепада иккитаси, пастда иккитаси, “тарақ-туруқ” аралаш “ҳа, бўл”ларди. Кимдир чақиргандай бўлди. Тўхтадим. Дунё чанг ичидан биттаси тиржайиб, шусизам қисиқ кўзларини янаям қисганча чиқиб келарди. Уст-бошию афт-ангориям чангга беармон ботган ўша қорувли жусса билан қулоч ёзиб кўришдик:
– ...устим расво-да, лекин, жўра, – деб қўйди қучишдан олдин.
– А, ничево (...ичимдан тозароқ шу устинг, жўра!), – деб қўйдим, шартта бағирлашарканман.
– Ишданма? – самимий сўроқлашда давомлади.
– Ишдан (...балоям қилганим йўқ, жўра, бўм-м-бўш ўтяпти кунларим).
– Қандай ўтди кунинг? – ортида чақираётганларга қўл силтаб қўйиб, ҳол-аҳволлади яна.
– Бир мўлтаниқишлоқ асвалт бўпти. Шуни ёритдик бугун. Одамларида қайтиш йўғакан, аммо. “Кўчаларимизни-ку ўттиз йилда асвалт қилдинглар, ҳай, мактаб қачон бўлади энди? Уни қанча йил кутамиз?”, дейди, – дедим гурунгчага, аслан ўзимга бироз шукуҳ бериш учун.
– Шу мўлтанилар ҳақида зўр гапларим бор. Биран кун айтиб бераман... Майли, жўра-а, омон бў(л)! – дедию тўзонли тирикчилигига сингиб кетди.
Ҳозир шалоқ велигини судраб, тоғ оралаб кетиб бораётгандир, эҳтимол. Ёки Темурбекини елкала-аб, ота-бола айланиб юргандир. Балки қишлоқнинг қайсидир хилватидаги тоштегирмонда навбат кутиб ўтирар. Теграсидаги қай бир “тиллачи”га тарихдан куйиб-пишиб, ваъз айтаётган бўлса ҳам ажабмас: “...шундай қип Амир Темур отиға шаппа минганда, чўлди ў-ўртасиға борип, қумға чўк тушган. Худоға сўз берган, энди ичкилик-пичкиликди ташайман, хотинларимға ҳаптасиға бир марта жақинлашаман, деган!”
Унинг тилида, унинг талқинида тарихий шахслар гўё бир қўшнисидек қад ростлайди. Улар тўғрисида кўзи билан кўргандек, заррача гумонсиз гапиради. Қўлига тушган китобни, илми зўр Темуршуносникими у, шунчаки “темирчи”никими у... ишониб ўқийверади. Иштаҳа билан ўқийди. Сўнг, маврид-бемаврид, айтиб беришга тушади. Беғараз сўзларини тинглаб, танг қотади, киши. Темур ўлмагандек худди. Узо-оқ бир ўлка фатҳига кетгану, эрта-индин қайтадигандек... Ҳа, унингча, Соҳибқирон ҳам, Мирзо Улуғбек ҳам, ҳазрат Навоий ҳам, шоҳ Бобур ҳам... “ўлмайдиган жон”лар! ЎЛМАС жонлар...
Шербек БОБОҚУЛОВ
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ