Шундай шахслар борки, сени танимаса ҳам, бу оламда мавжудлигингни билмаса ҳам уларнинг борлигидан қувониб юрасан. Уларга ич-ичингдан, юрагинг билан суянасан. Борлиги ҳаётингга маъно бериб туради. Мабодо, улар дунёни тарк этишса кўнглинг ҳувиллаб қолади. Бир ўзинг қолиб кетгандек, ичикиб, оғриб қоласан. Кўнгилда бир яра пайдо бўлади. Теран мунг юракни симиллаб тиғлаб юраверади. Руҳимиздаги бундай нозик ўзгаришларни англашнинг ўзи оғир, аммо инсонликнинг белгиларидан бири ҳам шу, эҳтимол. Бундай кишилар маёққа ўхшайди. Уларга талпиниб, ишониб, олисдан кузатиб, ютуғидан ўзидан ортиқ қувониб, ҳаёт тарзига қизиқиб, бошқалардан қизғониб яшайсан. Шу кечинмаларнинг ўзи зерикарли ҳаётингга катта завқ беради.
Абхазиялик Фозил Искандар, Габриэл Маркес, Чингиз Айтматов, Шукур Холмирзаев каби адиблар ҳали тирик пайтларида мен маза қилиб яшардим. Ҳаётнинг тузи, тоти бўлган – Адабиётнинг шундай вакиллари бор. Улар мен яшаётган сайёрада, мен эшитаётган ахборотларни эшитиб-билиб, қору ёмғирда, иссиқ-совуқда худди мен каби яшамоқдалар, деган бир ўй-хаёллар мени маст қиларди. Хўп, Шукур ака – ўзимизники, ўзбек адиби, нариги уч ёзувчининг борлиги мени нега қувонтирарди?
Гап шундаки, кўнгилнинг, адолатнинг, инсонликнинг тарафини олувчи жуда йирик ёзувчилар бор, инсонлик дегани бир мансаб бўлса агар, жуда катта арбоблар бор, деган тўхтам, кўнгилтўқлик ичимни ёритарди. Билардимки, кўнгил доим яхшиликка, адолат тантанасига муҳтож. Шу боисдан ҳам ҳақ гапни эшитганимизда қувонамиз. Тикланган адолатни ўз ютуғимиздек қабул қиламиз. Бу адиблар эса ҳақиқат ва инсонпарварлик деган улуғ ғоялар тадрижи учун курашдилар, шу кечимлар қисматини тараннум этдилар. Энди эса бу ёзувчилар чин дунёга кетишди. Улар фоний бўлганда рамзийроқ қилиб, ўкиниб “Энди тузукроқ улфат ҳам қолмади” деганим аниқ эсимда. Кўнгилда катта бўшлиқ пайдо бўлган эди. Аммо ҳали Низом Комилдек эркин одам бор эди. Абдулла Орифдай катта шоир тирик эди, устоз Эркин Воҳидовнинг салобати ҳали ботин бўлмаганди, Иброҳим Ҳаққулнинг нигоҳлари ёниқ эди. Улар ҳам ўтгач, тағин ёлғиз бўлиб қолдим. (Гапимни вафот қилган зотлар ҳақида бошлашим нохуш туюлмасинки, гап ул муқаррар мавзуда эмас. Балки, бир-бирини олислардан яхши кўриш, суяниш ҳақида.)
Лекин Худо – меҳрибон! Таскинсиз қўймас экан бандасини! Ҳануз бирор нарса – шеърми, ҳикоями, мақолами – ёзар бўлсам, елкам оша “қараб” турадиган зотлар бор. Ҳалиям бу ҳаёт шатранжи менга қизиқ. Ўзига тортиб турибди. Ҳалиям улуғ инсонларим бор. Уларнинг борлигининг ўзи менга байрам. Борлигининг ўзи кифоя менга. Бу мени ҳаётга боғлаб турган кўринмас илдиздир. Бироқ бундай инсонларим, шахсларим, кумирларим жуда оз.
Ана шундай тансиқ, кўнглим кишиларидан бири бу Эркин Аъзам деган адиб. Ўзбекнинг қўллари қадоқ, катта ёзувчиси.
Қуйидаги гурунг, кўнглим ардоқлаб, ич-ичимдан аяб юрадиганим шу ёзувчи хусусида.
***
Эркин Аъзам катта ёзувчи, маҳоратли, заргар қалам эгаси. Уста. Ҳалол муҳаррир. Ўз дастхатига эга адиб. Ҳаётий тутумини тўғриликка қурган. Сўзи қандай бўлса, ўзи ҳам шундай. Дўсту ёронлари ҳам шундай ўлчовда. Тўғри гапини яширмай айтса бўладиган давраси бор. Худди танлаб, имтиҳон қилиб саралангандек. Шахсий ҳаёти ҳам мазмунли, завққа тўла. Муҳаррир сифатида у Твардовскийнинг ишини ўзбек жамиятида адо этди. Балки ундан кўра қийинроқ йўлни босиб келаётир. Булар, ҳавас қилса бўладиган ишлар, албатта. Аммо бу гаплар қарийб ҳаммага маълум. Ёзмаса ҳам бўлади. Аммо ёзмаса бўлмас ҳам экан. Бундай дейишимга сабаб бор.
***
Ёлғон, сохталик билан адо этилаётган бирор ишнинг устидан чиқиб қолган ва бу сохталикни қалби билан англаб, аммо таҳлил қилиб беришга сўз бойлиги, ёш чегараси, имтиёзи етмай турган ўн ёшли болани кўз олдингизга келтироласизми? Масалан, ўша боланинг отаси бой қўшни билан бошқача сўрашади-ю, камбағал ҳамсоя билан мутлақо бошқача гаплашади. Бунинг сирини, сабабини бола билади, аммо исботлашга, инкор этишга, тўғрилашга, кўнгли истаганидек кўришга қурби етмайди. Шу боланинг ичида норозилик пайдо бўлади. Аммо бу ҳали кирланмаган гўдак исённи ҳам билмайди унчалик. Унинг қўлидан битта иш келади. Унинг юраги оғрийди, бўлаётган ишларга энса қотириб қарайди. Энсаси қотиб, бироз истеҳзо билан боқади у.
Эркин Аъзам – бу доғули дунёга ғуссали, ҳасратли юрак билан, отасининг изнисиз ростини айтиб юборувчи, айтганда ҳам бурро-бурро қилиб айтиб юбораётган ўша ўн ёшли боладир!
Бир одам билан қирқ йил бирга юриб ҳам унинг кимлигини билмаслик мумкин экан. Бу гапни кўп эшитгансиз. Бироқ исботланган ҳақиқат бўлгани учун ҳам парво қилмаймиз. Аммо бу мантиқни яшаб ўтгач бошқача бўлади одам.
Эркин акани таниганимга ўттиз йиллар бўлди. Ўзимизнинг бойсунлик ёзувчи бўлгани учун ҳам, асари асосида олинган киноларда ўзимизнинг одамларни кўрганим учун ҳам эслаб қолганман. Мактабимизга гоҳо адашиб бориб қолувчи “Тафаккур” деган журнал сабабли ҳам билганман. Бироқ ҳозироқ айтиб қўяй: ўша адабиётга қизиққан мактаб ўқувчисининг кўнглида бу адибга қанча ҳайрату қизиқиш, меҳру ҳавас бўлган бўлса, бу туйғулар ҳалиям ўша-ўша – путур етмай омон келмоқда. Кўп шукр!
У кишининг асарларини Шукур акага дастхат билан ёзиб берган китоблари орқали биринчи бор ўқидим. (Бу воқеаларга йигирма йил бўлибди.) Жуда кеч танишдим, десам тўғри бўлади. Илк ўқиганим унинг “Жавоб” қиссаси эди. Очиғи, ўша асарни ўқиганимда ичимда катта бир фахр туйдим. Эркин ака ўзимизнинг Бойсундан бўлгани учун ҳам жуда қувонганим эсимда. Боз устига ўзбекнинг шундай ёзувчиси борлиги учун! У пайтда Эркин ака мансуб авлоднинг ёзувчиларидан Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”ини, Тоғай Мурод асарларини ўқигандим. Хайриддин Султоннинг соф миллий илдиздан куч олган қиссаларини ҳам сўнг ўқидим. Хуллас, ўшанда Эркин Аъзам асарини ўқигач, кўнглимдан “Думбадзедан зўр-ку!” деган гап ўтди. Кўнгилга шу гап келди энг аввал. Ва бу фикрни овоз чиқариб Шукур акага айтдим. Юнусободдаги бир хонали уйда, кеч кириб қолган бўлса ҳам, худди бир жойга кетадигандек оппоқ кўйлак, оқ шим кийиб, бўйинбоғ тақиб қаҳва ҳўплаб ўтирган Шукур ака менга шляпа остидан босиб тикилди, бироздан сўнг табассум қилгач, “Энди билдингми?” деди дағалгина таъна билан. Мен шу чоққача Эркин аканинг асарларидан бехабарлигимдан уялдим.
Кейинчалик ёзувчининг бошқа асарларини топиб ўқиб кетдим. “Шоирнинг тўйи”, “Отойининг туғилган йили”, ҳикоялар ва ҳоказо...
Унинг “Шовқин” романини яқинда ўқидим. Илгари чўқиб-чўқиб, англамай ўқиган эканман. (Буни ҳам энди ҳис этяпман.) Романнинг савияси, унда қўлланган адабий усуллар, шакли, тил хусусиятлари ҳақида сўз айтиш ниятим йўқ. Эплолмасман ҳам. Билгичлар айтар. Аммо асарни ўқигач тинчим йўқолди. Қўлим етмайдиган жойимга тўмтоқ тикан киргандек беором юрибман ҳалиям.
Романни ўқиганлар биладики, бош қаҳрамон – кинонавис Фарҳод Рамазон. Асар ҳар бир киноасар ёзадиган кишининг ҳаётида бўладиган воқелардан иборат. Оламшумул воқеа, кутилмаган бирор ҳодиса йўқ. Ҳаммаси бўлиши мумкин, бўлиб ўтган, бўлиб ўтаётган гаплар. Ёзувчининг бирор катта ижтимоий ғояларни ёқлаб, бошқасини ерпарчин қилиш нияти ҳам йўқ. Ундай “илгари сурилган, долзарб ғоялар-у, қаҳрамонини кутиб ётган масалаларнинг” ўзи йўқ асарда. Бироқ энг керак нарса бор: КЎНГИЛ! Инсоннинг кўнгли, нозик, не истаётганини ўзи ҳам баъзан англолмайдиган инжа бир кўнгилнинг оғриқлари бор. Майса қуёшга қандай ёниқиб талпинса, қақраган ер ёмғирга қандай ташна бўлса, одамнинг кўнгли ҳам эркка, адолатга, покликка шундай ташнадир, аслида. Одам қанчалар кирланиб кетмасин, барибир шу азиз ҳисларга муҳтож. “Шовқин” романи қулоғидаги шанғиллаши тинмайдиган киночининг ўзи эшитадиган, ўзигагина азоб берадиган оғриқларнинг ноталарида таралади. Унинг оғриғи эса бевосита кўнгилга кўчган. Муҳими шу. Бу оғриқ қулоқдаги шанғиллаш ўрнига оёқдаги оғриқ тарзида ҳам бўлиши мумкин эди, аммо ўша мажҳул беоромликни (касаллик, дард ҳам деб бўлмайди бир қарашда) кўнгилга кўчириш оғир масала. Романдаги Фарҳод Рамазоннинг сабий қалби, ҳаёти, қилиб юрган ишлари, анчайин қурум босган турмуши билан сира муроса қилолмаслиги, шу жараёндаги ички курашлар – соф адабиётга кераги шу. Шу тўлғоқ ўқувчи юрагида илдиз отиши муҳим. Бурилишлар эсда қолса бўлди, дейди доно йўловчи. Асар ҳаётнинг минг битта ўзи амал қилмайдиган қонунларию улар кесимида рўй берадиган беадоқ чигалликлар ичра қандайдир мақсад билан, қаёққадир кетаётган одам ҳақида. Ва шу одамнинг ўйлаш, ҳис этиш каби туйғуларининг ўлиши, тирилиши, ярадор бўлиши ҳақида.
Катта дарёда оқиб кетаётган чўп устидаги чумолининг ҳам ўз режаси бор бўлганидек, Фарҳод Рамазоннинг ҳам ўйлаган нарсалари бор. Неажабки, орзу ва армон деб катакларга бўлиб, оқ-қорага ажратган кечимлардан ўзга, оралиқ, ном қўйилмаган ҳислар ҳам борки, ёзувчи шу нарсалардан сўйлайди. Бу инсон руҳияти билан боғлиқ нозик, мураккаб тадқиқод. Кафканинг “Жараён” романидаги каби мунтазам давом этувчи, ўлиб ҳам қутулиб бўлмайдиган теран оғриқ Фарҳод киночининг ботинида бироз бошқача йўсинда, қулоқнинг шанғиллаши тарзида давом этади. Аммо бунга ҳам чидаса бўлар, бироқ кўнгилни юпатиб бўлмайди. Унинг оғриғи қариялар айтгандек, “бу дард умримга ўлчов”. Шу азиз, мукаррам оғриқ, одам бўлиб қолишга бетийиқ талпиниш талаби қулоғи шанғилламайдиган, аммо кар ўқирманни ўзига тортади.
Кимгадир “аввал ундай бўлади, кейин бундай бўлади, уйланади, амалдор бўлади, қамалади” деб босқичма-босқич ҳикоя қилиб бўлмайдиган бу роман инсоннинг ички ҳаётидаги тартибсизликлар ва азал қоидаларнинг гоҳо улуғланиши, гоҳо топталиши ҳақидаги аччиқ изҳор. Ичига кириб ўқиган ўқувчи мириқиб оғрийди. Оғриб маза қилади. Романнинг шакли ҳам балки шу руҳдаги талотум, шовқин-сурон сабабли ўзгачадир.
Алқисса, “Шовқин” маҳоратли қалам эгасининг катта хирмонларидан бири бўлган. Унинг ҳажми нисбатан ихчам – 200 бет нари-берисида. Айтар сўз, дард улуғ бўлса, унинг ҳайбати ҳажмга бўйсунмас экан-да. Романдаги залвор ҳам, одамни босиб, юракка юк бўладиган ҳасрат ҳам шу боис жуда катта маҳобат касб этади.
***
Бирор ҳамкорингиз қандайдир ишнинг режасини сизга айтса, чамалаб, фойда-зиёнини ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиб дейсиз: “Қопламайди бу иш!” ёки “Қилса бўлади!”
Яширмасдан айтиш керак, романни ўқигач ўзимга шундай дедим: “Бу ёзувчининг ҳаёти қоплабди – келганига, қўлига қалам тутганига яраша барака топибди”. Эркин Аъзам беҳуда яшамабди. Англабди, ҳис этибди. Изҳор ҳам эта олибди! Жуда оғир юкни манзилга кўтариб кела олибди! Дангасалик қилмабди. Енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юрмабди. Сотилмабди. Асло! Ер остида 80 миллиард одам ётибди, устида 8 миллиард киши умргузаронлик қиляпти. Бу илмий тахмин. Шунча катта издиҳом ичра ўз муҳрини ҳаётнинг китобига ўзига хос тарзда қўя олган адиб бахтиёрдир.
Бундай тўхтамга олиб келган сабабларим бор. Унинг асарлари орасида қиссаларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимдек кўринади. Биргина “Жавоб” қиссасини олсак. Асар ўтган асрнинг 80-йиллари маҳсули. Адабиётга гуриллаб кириб келган ёзувчилар қаторида Эркин аканинг ҳам муқим ўрни бор. Ва бу авлод носирларининг миллий адабиётда қилган энг катта иши шулки, улар оддий одамлар ҳаёти ва кўнглини топдилар. Маиший ҳаётнинг минг турли икир-чикирларини, турли хил майда-катта муносабатларни ижикилаб таҳлил қилдилар.
Улар орасида Эркин Аъзам алоҳида йўл тортган собит қалам эгаси. “Жавоб” қиссасида ҳам, “Атойининг туғилган йили”, “Кечирасиз, ўртоқ муаллим” каби асарларнинг ҳаммасида некбин бир юракнинг адолатталаб, ҳақталаб, одамга яхшилик соғинувчи бир кўнгилнинг фиғони бор, исёну саволлари жам. “Жавоб”даги Нуриддин Элчиевнинг ҳаёти, ўйлаш тарзи жуда бошқача. Бу одам ғирт аҳмоққа ҳам ўхшаб кетади. Аммо унинг кўксида ҳам битта кечинма ғолиб. У ҳам бўлса, поклик. Кўп ноёб нарсани излайди, йўқ истайди. Аммо етишиш учун кўпинча ўзига ўзи халал беради. Бир қарашда билиб туриб қилгандай туюлади бу ишларни. Лекин бу одамнинг ботинига боқсангиз, титраб кетасиз. У нимага интилганди-ю, нимага эришди? Маёқ қайда-ю, келган жойи қаер? Катта жамоанинг кичик бир вакили. Оиласи ҳам эл қатори. Ўғил-қиз, рисоладагидек рўзғор (бир қарашда шундай). Шукр қилиб юрган бир киши. Лекин қайсар феъли шуки, бировнинг марҳаматини хушламайди. Шунга тоб келмайди сира. Ўлса-ўладики, бирор ютуғи замирида бировнинг қўл изларини кўришни истамайди. Ҳеч бир хайрихоҳлик беминнат эмаслигини ботинан англайди Элчиев. Ноодил оламнинг бу қарори ўзгармаслигини қалбан сезади у. Шунинг учун ҳам елкасини қисиб бировдан кўмак сўраш ҳамиятига тегади. Бу дунёда эркин яшаш қанчалар завқли бўлса, шунчалар оғирлигини унинг ҳаётига қараб чуқур ҳис қилади, киши. Асарда шу Элчиевни кўча безорилар ҳеч бир айтарли сабабсиз калтаклаб кетишди. Ҳаётдан адолат истаган бу одам ички ишлар ходимлари сиқувида қамалишгача борган безори тўданинг қилмишига яраша жазо олишини истади. Аммо шу оддий, қонуний иш ҳам амалга ошмайди. Безорилар шунчаки кўчадаги шўх-шум болалар эмас, балки томири сувга етган тўда бўлиб чиқади.
Кап-катта, отаси тенги одамни масхаралагандек дўппослаб, кейин узр-маъзур қилиб, ўртага одам қўйишлар, ишни “ёпди-ёпди” қилишга уринишлар Элчиевни безор қилади. Кўнгли ўксиган, “нега?” деган сўроқ ором бермаётган бу одам охири ўзи билмаган, хоҳламаган ҳолда “ҳеч қандай даъвом йўқ. Кечирдим.” деган хат битиб берганини ўзи ҳам билмай қолади. Дасти узун разолат ғолиб келади. Бунинг эвазига Элчиев Иқтисод бўлимига бошлиқ, қизининг юришмай ётган ишлари авж олган, ўғлининг ўқиши ўзи хоҳлаган йўналиша кўчган... Аммо ёзувчи, Элчиевнинг тилидан Худонинг зорини қилиб сўрашда давом этади: Ахир, кўнгил-чи? Вайрон бўлган, таҳқирланган, дунёнинг кир моли ҳисобига синдирилган қалб-чи? Уни ким тушунади, ким тинглайди, қандай қилиб тикласа бўлади уни..?
Афсуски, жавоб йўқ.
Ёзувчининг юрагига ботиб кетган, бир қиррасигина бизга кўриниб турган ана шу инсоний оғриқ Эркин Аъзам асарларининг, ҳаётий тутумларининг бош мезонидир. Шу сабабли ҳам ёзилганига қирқ йилдан ортиқ вақт ўтган асарлари, хусусан, “Жавоб” қиссаси ҳам ўз ҳаётини яшаб келмоқда.
Э.Аъзам ички, маиший ҳаётимизни майдалаб, эринмай тадқиқ қилди. Унинг қаҳрамонлари шоҳу султонлар, тарихий ёки машҳур шахслар эмас, бироз ҳазиломуз қилиб айтганда “ва бошқалар” дея аталувчи оддий, ўзимиз қатори одамлар. У шундай одамларга маҳлиё бўлди, уларнинг қалбини яшаб ўтди. Бироқ уларнинг кўксидаги саволлар, тўхтамлар оддий эмаслигини тушунди.
Ёзувчининг бироз кинояга мойил ўткир тили бор. Бу тил кимгадир муаллифнинг муддаосини тушунишига монелик қилгандай таассурот қолдирар, аммо бу тил унинг моҳиятига элтади. Эркин Аъзам тили, дунёни кўриш жойи шундай. Унда бироз истеҳзо ҳам, чимдиб олиш ҳам бордек, аммо син солиб боқсангиз, одамга, у мансуб жамиятга нисбатан теран бир ичкуярликни, ачинишни илғайсиз. Ачинишки, боланинг отага ачинганидай, акага аччиқ қилганидай ачиниш...
Савол туғилади: Ёзувчининг вазифаси нима?
Минг марта берилиб, минг марта турли жавоби айтилган бу сўроққа шундай жавоб бергим келади: Ёзувчи – одамийликнинг қўриқчиси. Кўнгилнинг қўриқчиси. Бу эса кўп оғир иш.
Эркин аканинг асарларидаги образлар ҳам, воқелар ҳам замонабоп бўлмади сира. Бундай ёзишни удда қилолмади бу адиб. Номига бўлса ҳам қалам тебратиб кўрмади. Бунга унинг маҳорати камлик қилгани йўқ, албатта. Бор-йўғи бир нарса бунга йўл бермади. У ҳам бўлса, кўнгил буюрганини ёзиш иштиёқи.
Унинг “Танҳо қайиқ” номли пьесасини биринчилардан бўлиб, қўлёзма ҳолида ўқигандим. Асар Орол фожиаси, бу фожиа тақдирини ўзгартириб юборган одамлар ҳақида. Бир ўқишда замонабоп, ҳозиржавобдек туюлади. Бироқ асардаги қуриётган денгиз одамлар кўксида эгасиз қолаётган инсоф, оқибат, ҳалоллик деган оролга тимсол. Яна кўнгил..!
Ёзувчи шу кўнгилга қулоқ берди. Кўнгилнинг кўнглига қаради. Ёлғондан, ноҳақликдан жирканиб ўтди мудом. Худодан қўрқди. Ҳар не бўлган вазиятда ҳам, бир қирда, бир сирда туролди. Худога қараб қочди ҳамиша.
Яқинда ёзувчининг тўрт жилдлик сайланмаси қўлимга тушди. Ўқиб чиқдим. Ўқимаганларим кўп экан. Китобни семиртириш учун шунчаки қўшилган бирор асарни тополмадим. Эркин Аъзамга хос дид, синчилик, зарофат уфуриб турибди. Ич-ичимдан тасанно дедим. Манглай тери, юрак қони билан бунёд бўлган бу катта хирмон бизнинг хазинамизга зўр кўшиш бўлганини англадим. Эркин Аъзам деган номга ҳеч бир лойқа чапланмай, шикаст топмай, доғ тушмай келаётганининг сирини билгандек бўлдим. Тоза палакдан тоза ҳосил унади. Бир умр элнинг олди бўлиб, халққа камарбаста бўлган, зиёли ота – Нормамат бобонинг, юраги маталларга тўла, сирли сандиқдай Рухсат момонинг азиз хонадонида униб-ўсган бу атоқли сўз устасининг биз билмайдиган яна бошқа, муқаддас бурчи борлигини ҳам теран туйдим. (Аммо бу ўзи бошқа бир гурунг...)
Биз тилимиздан қўймай, нималигини кўпинча англамай юрган бахт, саодат деганлари шудир, эҳтимол.
Шодмонқул САЛОМ
“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси, 2023 йил 43-сон.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ