Мўлжал лексемасига “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да (қозоқ ва қирғиз тилларида – “болжол”) шундай изоҳ берилган: “мўлжал – 1. олдиндан кўзлаб, ўйлаб қўйилган режа, марра; 2. чама, тахмин; 3. нишонга олинган ёки олинадиган нарса, нишон” (ЎТИЛ. I т. М. 1981. 489-б).
“Бир ишни олдиндан мўлжаллаш”. Бу сўзнинг ҳозирги тилимиздаги феъл шакли – “мўлжалламоқ”, аммо қадимда “болжа-(моқ)” тарзида бўлиб, “бирор ишни олдиндан белгилаш, жой ва вақтни келишиб олиш” каби маъноларни билдирган. Кўпчилик мутахассислар мазкур феълни асли мўғулча деб тахмин қилади. Чиндан ҳам, ҳозирги мўғул тилида айни шу маънони билдирувчи – “болжу” (bolǰu) феъли бор, қизиғи шундаки, “Мўғул тиллари этимологик луғати”да мўғулча “болжу” ўз навбатида туркий “бол-” (“бўлмоқ”) ўзагидан ясалганлиги айтилади (ЭСМЯ. Т. I. М. 2015. 97-б.). Бундан эса “мўлжал”, “болжол” ёки “болжа” мўғулча эмас, туркча негизга эга эканлиги аён бўлади.
Қадимги туркийда иккита “бол-” архетипи бўлган. Улардан бири – ҳозирги тилимиздаги “бўлмоқ” феъли бўлиб, барча туркий тиллар, шунингдек, мўғул тиллари, қолаверса, Узоқ Шарқдаги баъзи тилларда ҳам “бол-” ўзаги бир хил маънода қўлланади (Ўғузларда ўрта асрларда мазкур ўзакнинг биринчи товуши – “б” тушиб қолиб, “бўл-” – “ўл-” га айланган ва ҳозир ҳам ўғуз лаҳжаларида “ўлмак” шаклида ишлатилади. Аммо кейинчалик “ўлмак” шакли ҳам ўғузлардан тилимизга қайтиб келган, шу боис, айниқса, мумтоз адабиётимизда “бўлмоқ” билан бирга “ўлмак”ка ҳам кўп дуч келамиз).
Қадимги туркийдаги иккинчи “бол-” эса: “топмоқ, изламоқ, истамоқ, эришмоқ, етишмоқ” каби маъноларни билдирган. Лекин бу шакл ҳозир тилимизда сақланмаган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да унга: “Болдї – топди”, деб изоҳ беради (ДЛТ. II т. Т. 1961. 30-б.). Аҳмад Югнакийдан ўқиймиз: “Билиг бил саадат йолини БОЛA” – “Билим бил, саодат йўлини ИЗЛА”. Ёки “Қутадғу билиг”да шундай дейилади: “Кўнгил арзусин БОЛса ўзка татиғ” – “Кўнгил орзусига ЭРИШСА, ўзи учун ёқимлидир”.
“Мўлжал” (“болжол”) ҳам “исталган, изланган” маъноларига яқин, шу боис, бизнингча, “болжа” феъли, “Мўғул тиллари этимологик луғати”да таъкидлангани каби “бўлмоқ” маъносидаги туркча “бол-”дан эмас, балки биз юқорида келтирган “топмоқ, истамоқ, изламоқ, эришмоқ” маъносидаги иккинчи “бол-” ўзагидан ясалган. Қиёсланг: “болжа-” – “иста, танла”, “болжол” – “исталган, танланган”.
Бу сўз гарчи туркий ўзакка эга бўлса-да, “болжа-” феъли ва “болжол”, чамаси, мўғул тилида шаклланган. Ҳар ҳолда, бу сўзни биз айнан “болжал” шаклида учратган энг қадимги манба бу – “Мўғулларнинг сирли тарихи” асари бўлиб, асарнинг 184 параграфида “bolǰal” – “олдиндан келишилган, мўлжалланган жой” маъносида қўлланган (Pelliot P. Histoire secrète des Mongols, §184. р. 63. П.Пеллео транскрипцияси).
Мумтоз адабиётимизда биз кўпроқ бу сўзнинг “булжор” шаклига дуч келамиз. Хусусан, Навоий асарларида ҳам “булжор” – “қўшин юришга отланганда тўпланиш манзили, тўпланишга ваъда вақти” маъноларида кўп учрайди. “Садди Искандарий”дан бир мисра: “Чу еттук анинг жору булжорига”, – маъноси: “Ниҳоят, жанг қилиш ваъдалашилган жойга етдик”. Қизиғи шундаки, “булжор” – ўтган асрларда асосан ҳарбий атама сифатида қўлланилган.
Ҳарбий атама сифатида “булжор”нинг “Бобурнома”да қўлланиши диққатга сазовор: “Жавонғор ва ғул ўз булжорларидин якдаст тўра киюруб, шоту қўюб ёпиштилар” (162-б), – маъноси: “Қўшиннинг сўл ва марказ қисмлари ўз турган жойлари (позиция)ларидан ҳамжиҳатлик билан тўра (қалқон) ва нарвонлар қўйиб (деворларга) ёпишдилар”. Ушбу ўринда “булжор” – ҳозирда ҳарбий атама сифатида қўлланиладиган французча сўз – “позиция” маъносида келган. Умуман, “Бобурнома”да асар давомида “булжор” сўзига 30–40 марта дуч келамиз, баъзи ўринларда бу сўз “позиция, қўшин турган жой”, баъзи ўринларда “келишилган вақт, учрашиш ваъдалашилган жой”, “муддат” каби маъноларда ишлатилган. Шунингдек, Бобур уч ўринда бу сўзни “мўлжор” шаклида ҳам қўллайди (“мўлжор қўпориб, ер ясамоқ учун” 256-бет) ва ҳар гал бу сўз тўпларнинг олдига тўсиқ қилиб тупроқ уюб, дўнглик ҳосил қилишга нисбатан ишлатилган (Бобурнома. Т. 2002).
Хўш, нега “Мўғулларнинг сирли тарихи”да бу атама – “bolǰal”, лекин Навоий, Бобур асарларида “булжор”га айланган деган савол туғилади. Бу борада “болжа-” феълига форсча “-гарӣ” қўшимчасини қўшиб талаффуз қилиш натижасида “булжор” шакли пайдо бўлган, деган қараш мавжуд. Гувоҳи бўлдикки, ўтмишда “булжор” шакли ҳарбий атама сифатида қўлланиб келган. Эҳтимол, ҳозир ҳам, дейлик, французча “позиция” сўзи ўрнига ҳарбий атама сифатида “булжор”ни истеъмолга қайтариш мумкин бўлар.
Гапимиз мўлжалдагидан бироз чўзилди. Мўлжалимиз “мўлжал” сўзининг келиб чиқишини таҳлил этиш эди. Агар мақола сизга маъқул бўлган бўлса, демак мўлжалимиз тўғри олинибди.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ