Келин, кетма-кет, кечув – “ке” ўзакли туркий сўзлар таҳлили


Сақлаш
05:38 / 08.08.2023 1044 0

Кўпинча катта-катта давраларда ёки ижтимоий тармоқларда тилшунослар ёки она тилимизга бефарқ бўлмаган далли-ғулли юртдошларимизнинг муайян бир сўзнинг қайси тилга оид экани ҳақида тортишаётганига кўзимиз тушиб қолади. Бундай баҳсларнинг кўпида ўзимиз ҳам иштирок этганмиз.

 

Шундай мунозараларнинг биридан кейин менда бир ғоя пайдо бўлди. Маълум бир сўзнинг аниқ ўз қатлам сўз эканини аниқловчи идентификаторни[1] топишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Ишни аввал қарлуқ, ўғиз ва қипчоқ диалектларида бир хил қўлланиладиган сўзларни аниқлашдан бошладим. Аммо бу усул иш бермади. Чунки тил тараққиёти давомида сўзлар миқдоран ва мазмунан ўзгариб борган, уларнинг қайси даврда қандай ўзгаришга учраганини эса аниқлаб олиш жуда мураккаб иш. Шунинг учун мен аввал бошқа тиллардан камроқ сўзлар ўзлашган тилларни, хусусан олтой тилини таҳлил қилиб кўрдим. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, унчалик ривожланмаган тилларда туб ўзаклар яхшироқ сақланган. Сўзларнинг тузилишида ортиқча аффикслардан ёхуд сўз ясалиши ёки грамматик ифода шаклланишига хизмат қиладиган морфемалардан кам фойдаланилар экан. Бу эса маълум маъно берувчи сўзларнинг маъносини абстрактлаштириш ва энг кичик ўзакларни ажратиб олиш имконини беради.

 

Кейинчалик бу фикрларимни қозоғистонлик, туркиялик қардошларимиз билан ўртоқлашдим. Бошқа туркий элларда тушунмовчилик бўлмаслиги учун уларнинг маслаҳатларини олдим. Ва ниҳоят 2019 йилда “тў” ва “қи” ўзакли сўзлар таҳлилига бағишланган биринчи мақолани “ЎзМУ хабарлари” журналида, кейинчалик эса “ёр” ўзакли сўзлар талқинига бағишланган “Ёрга етар кун борми, ёронлар” номли мақолани “Маънавий ҳаёт” журналида чоп эттирдик. Уларнинг биринчисида ундош + унли (СУ) иккинчисида эса унли + ундош (УС) сўзлар таҳлил қилинди. Бу иккала мақола ҳам oyina.uz портали орқали ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган.

 

Мазкур мақолада эса “ке” ўзаги ва ушбу ўзакка янги товушлар қўшиш билан ясаладиган сўзларнинг маъносининг ўзгариб бориш жараёнига эътиборни қаратилган. Ҳар битта сўзни туркий тиллардаги вариантларига кўра алоҳида таҳлил қилиниб муҳим хулосалар чиқарилган.

 

***

 

Ҳозирги туркий тилларнинг луғат таркибини ўргансангиз, уларда боботилга оид умумий генетик ва типологик ўхшашликлар сезилиб туради. Энг аҳамиятлиси шундаки, бу хусусият барча туркий тилларда сақланиб қолган. Чунки туркий тиллар морфологиясидаги агглютинация ҳодисаси, яъни морфемалар бирлашса-да ўзак сўзларнинг ўзгармасдан қолиши биз ўрганаётган сўзларнинг қайси тилга мансублигини аниқлашда ўзига хос идентификатор вазифасини ўтайди.

 

Кичик ўзаклар ўз ўрнида алоҳида лексема сифатида ҳам кўринади. Мисол учун ўзбек тилидаги битта у  унлиси алоҳида лексема бўлиб, озарбайжон, турк тилларида о(ў)шаклида келади. Айни сўз олтой, қозоқ, қирғиз ва бошқа қипчоқ тилларида  ол шаклида талаффуз қилинса-да алоҳида о(ў) ҳарфи ҳам у маъносини беради. Бундай ўзакларга қўшилган ҳар битта товуш янги маъно берувчи сўзларни ҳосил қилади. Унинг олдидан с қўшилиб су, б қўшилиб бу, ш қўшилиб шу сўзлари ҳосил қилинади. Қўйида айни шундай хусусиятли ке ўзагидан ясаладиган сўзларнинг ясалишига ва маъноларнинг ўзгариб боришига эътибор қаратамиз.

 

Ке ўзакли сўзлар турли тилларда турлича шаклларда, жумладан, ўғуз диалектларида ге шаклида, аксарият қипчоқ ва қарлуқ диалектларида эса ке шаклида талаффуз қилинади. Қозоқ ва бошқирд тилларида, шунингдек булғор гуруҳига кирувчи чуваш тилида ҳам ки шакли ишлатилади, аммо бу ке нинг фонетик ўзгарган ҳолати холос.

 

Ке сўзи (бундан буён сўз) маъносига кўра ҳаракатни, аниқроғи эса бир нуқтадан иккинчи нуқтага ўтишни англатади. Ўтиш ҳаракати маконда ва замонда алоҳида талқинга эга.

 

Ке лексемаси маконда А нуқтадан Б нуқтага кетишни ёки Б нуқтадан А нуқтага қайтишни билдиради. Бунда манзил аниқ эмас. Аммо ўзак сўзга қўшилган янги  товушлар семантик ўзгаришларни ҳосил қилади. Диалектик жиҳатдан бу шакл ўзгаришининг мазмун ўзгаришига олиб келишини англатади.

 

Эътибор беринг:

Ке ўзагига т товуши қўшилганда кет сўзи ҳосил бўлади.

Маконда  кет А нуқадан Б нуқтага ўтиш (кетиш)ни англатади.

кет (гет)

Мисол: Бу ердан кет!

Кет замонда маълум бир вақтнинг кейинги замонга алмашинувини англатади.

Мисол: Эски йил ўтиб кетди.

 

Кет сўзи барча туркий тилларда буйруқ майлида, ҳаракатни бажариш-бажармаслик ҳақида буюриш, ундаш, истак каби маъноларни ифодаловчи сўз сифатида ишлатилади: кет, кетақол, кетасанми?

Шунингдек, кет бирон нарсанинг орқа қисмини ёки давомийлигини ҳам билдиради: кетмоннинг кети; кўчада мошиналарнинг кети узилмайди.

Кет жуфт сўз шаклида ҳам ишлатилади ва унда ҳам А нуқтадан Б нуқтага ўтиш (кетиш)ни англатади: кетма-кет. Ўзбек тилида кет ўзаги иштирок этган ўз қатлам сўзлар ҳам айнан шу маънода ишлатилади: кетмоқ, кетиш, кетказмоқ ва ҳк.

Ўзлашган сўзлар эса бошқача маъноларни англатиши мумкин. Мисол учун, кетмон (форс) ёки кефир (рус) сўзлари бошқа предметларни ифодалайди.

 

Ке ўзагига л товуши қўшилганда кел(gəl) сўзи ҳосил бўлади.

Маконда   кел Б нуқадан А нуқтага ўтиш(қайтиш)ни англатади.

 

кел (gəl)

Мисол: Бу ёққа кел!

Замонда кел маълум бир вақтнинг келишини, келаси замоннинг киришини англатади.

Мисол: Янги йил кириб келди.

 

Кел сўзи ҳам барча туркий тилларда буйруқ майлида,  ҳаракатни бажариш-бажармаслик ҳақида буюриш, ундаш, истак каби маъноларни ифодаловчи сўз сифатида ишлатилади: кел, келақол, келасанми?

 

Кел жуфт сўз шаклида ҳам ишлатилади ва унда ҳам Б нуқтадан А нуқтага ўтиш (қайтиш)ни англатади: кел-кел. Кел-кел шеваларда омад маъносида ҳам қўлланилади. Ўзбек тилида кел ўзаги иштирок этган ўз қатлам сўзлар шу маънода ишлатилади: келмоқ, келиш, келтирмоқ ва ҳк.

Кел ўзагидан ясалган сўзлар замонларда ҳам турланади ва кўп ҳолатларда кимнинг ёки ниманингдир келгани, келаётгани, келишини ҳам англатади: Янги йил кириб келди, келаётган йил, келгуси йил, келажак ва ҳк.

Келим сўзи кирим маъносида ишлатилади. Келин ёки келгинди сўзлари бошқа жойдан келганликни билдиради.

Келтирмоқ сўзи эса Б нуқтадан А нуқтага ниманидир ёки кимнидир келтириш (олиб келиш) ни англатади.

Кел ва кет сўзларидан жуфт сўзлар ҳам ясалади: келди-кетди, келим-кетим ва ҳк. Бундан кўринадики, кел ва кет сўзларидаги л ва т товушининг алмашинуви шакл ўзгаришларининг мазмун ўзгаришига олиб келиши билан бирга контрар муносабатлар ҳам ҳосил қилади.

 

Ке ўзагига з товуши қўшилганда кез сўзи ҳосил бўлади.

Маконда кез маълум бир жойдан бошқа бир жойга эркин ёки уловда ўтишни англатади: кезмоқ, кезинмоқ.

 

Кез замонда маълум бир вақтни, аниқроғи ўтаётган онни англатади ва замонларда турланади: ёшлик кезлари, шу кез, кези келса. Кез сўзи аксарият туркий тилларда сайр ёки саёҳат маъносида ишлатилади. Мисол учун, озарбайжон тилида сайр қилмоқ gәzişmәk (кезмоқ) сўзи орқали ифодаланади. Демак, кез сўзи траекторияси аниқ бўлмаган ўтиш ёки қайтишни англатади.

 

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида кез ўзакли 4 та кез, кезак, кезинмоқ ва кезмоқ сўзлари қайд этилган[2]. Аммо Э.В. Севортяннинг этимологик луғатида кезнинг ўтиш маъносини бериши келтириб ўтилган[3]. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк” асарида кез ўзакли ўнлаб сўзлар келтирилган, аммо уларнинг кўпчилиги бошқа маънодаги сўзлардан иборат. Биз тадқиқ қилаётган кез эса кезитти (айлантириб чиқди) ва кезиш (айланиб чиқди) шаклида қайд қилинган. Маҳмуд Кошғарий қўллаган кез 2 маънода ўқнинг қўйи томони ва қирмочни англатади[4].

 

Кез сўзи ўзбек адабиётида фаол қўлланилади. Аммо кундалик ҳаётда унинг ўрнига сайр, саёҳат каби ўзлашган сўзлар кўпроқ ишлатилади (Бойсун қирларида бир ўзим кездим... У.Азим; Уйғонгувчи боғларни кездим. А.Орипов).

 

Ке ўзагига с товуши қўшилганда кес сўзи ҳосил бўлади.

Маконда кес маълум бир сатҳда А нуқтада Б нуқтагача ўтишни ёки бирон нарсани кесишни англатади: кесиб ўтиш, кесиш.

 

Ўзбек тилида кес замонда қўлланилмайди. Аммо моддият ва макон билан боғлиқ бўлмаган айрим мажозий жумлалар ишлатилади (суд кесди, ойликни кесди). “Девони луғатит турк”да кес 2 та, кесак ва бирон нарсанинг бўлаги маъносида келади[5]. Кес ўзакли сўзлар эса 21 тани ташкил қилади. Э.В. Севортяннинг этимологик луғатида 7 хил маъноси берилган:

1. Кесик (кесак, бўлак)

2. Кесмоқ

3. Қайта кесмоқ, кесиб тўхтатмоқ (мисол учун йўлни)

4. Кесиш (суд кесиш, жазо тайинлаш)

5. Кесиш-қисқартириш (ойликни қисқартириш)

6. Кесиб олиб ташлаш

7. Саргардон юриш, ёлғон сўзлаш[6].

 

Ўзбек тилида ҳам айнан шу мазмундаги сўзлар учрайди. Шунингдек, ўзбек тилида геометрияда қўлланиладиган кесма сўзи ҳам мавжуд ва у қўйидагича таърифланади: тўғри чизиқнинг А ва Б нуқталари орасидаги ва шу нуқталарни қўшиб ҳисоблагандаги қисми кесма дейилади.

 

Ке ўзагига ч товуши қўшилганда кеч сўзи ҳосил бўлади.

Маконда: кеч маълум бир жойдан бошқа бир жойга ўтишни англатади: кечмоқ, кечиб ўтмоқ.

Замонда: кеч маълум бир вақтнинг бошқасига алмашинуви пайтини англатади: кеч кириб кун тунга алмашди. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида кечнинг 4 та маъноси берилган:

1. Сутканинг кундуз қисми тугаб, тун қисми бошланиши

2. Кечаси, тун

3. Муайян вақтнинг ўтиш (тугаш) вақти

4. Вақт ёки фурсатнинг ўтиши.

 

Бундан кўринадики, кеч сўзининг барча туркий тилларда мавжуд буйруқ майлида,  ҳаракатни бажариш бажармаслик ҳақида буюриш, ундаш, истак каби маънолари ўзбек тили луғатига киритилмай қолган. Ваҳоланки, “қасамингдан кеч”, “дарёдан кеч” каби жумлалар  истеъмолда кўп ишлатилади.

Олтой тилида кеч сўзи бирон жойдан ўтишни билдиради: jол кечер (йўлдан ўтиш); jÿзÿп кечер (сувдан сузиб ўтиш); кечÿ-кÿрдеҥ кечер (кўприкдан ўтиш)[7]. Турк, озарбайжон тилларида ҳам кеч бирон жойдан ўтишни билдиради: nehrin içinden geçer[8].

 

Ўзбек тилида эса кечмоқ бирон сувли, ботқоқли ҳудуддан ўтишни англатади холос. Бундан кўринадики,  ўзбек тилида кечмоқнинг маъноси торайган. “Таржумон”да кечнинг икки хил маъноси берилган: 1. маконда: ўтиш; замонда: вақтнинг ўтиши; 2. кечикмоқ, сустлик қилмоқ.

 

Кеч ўзагидан ясаладиган кеча сўзининг таҳлили шуни кўрсатадики, бу сутканинг кундуз қисми тугаб тун қисми бошланишини англатади. Демак, бу ҳам замонда ўтишни билдиради. Аммо тил тараққиёти давомида бу сўз ўтган кун, тун маъноларида ҳам қўлланила бошлаган. Аслида эса ўтган кун туновин (тундан олдин), тун эса ўз номи билан тун деб аталган. Бугунги кунда ўзбек тилида кеча маъносида ўзлашган шом, оқшом сўзлари кўпроқ ишлатилади.

 

Замонавий туркий тилларнинг деярли барчасида кеч ўзаги билан ясаладиган кўплаб сўзлар учрайди. Аммо уларнинг маънолари бир-биридан фарқ қилиши ёки айнан бўлиши ҳам мумкин. Туркий тиллар орасида олтой тилида кеч ўзакли лексемалар кўпроқ учрайди. Уларнинг умумий сони 16 та бўлиб, орасида бошқа тилларда мутлақо учрамайдиган лексемалар ҳам бор. Мисол учун олтойча кечкин ҳам келиннинг бир варианти саналади. Кўприк эса кечÿ-кÿр дейилади. Бу сўз кечув ва қурилма сўзларининг бирикмасидир.

 

Кечир сўзи барча туркий тилларда бирон воқеа ёки гина-кудратни унутиш, ўтказиб юбориш бўлса, кек унинг тескари маъносида қўлланилади. Аммо бир нечта туркий тилларда, хусусан  ёқут (рус: брасты), бошқирд (араб, турк: ғәфү итегеҙ), турк (араб, турк: affediyorsunuz), озарбайжон (bağışlayın) тилларида бошқа шаклда қўлланилади.

 

Ке ўзаги б, в, г, д, ж, й, к, н, п, р, ф, х, ш, қ каби бошқа ундошлар билан қўшилиб лексема ясалганда ўтиш маъноси йўқ. Фақат кей (кейин) сўзида ўтиш маъноси сақланган.

 

Туркий тилдаги ҳар битта кичик лексемани таҳлил қилиш ўз қатлам сўзларни аниқлашда алоҳида аҳамиятга эгадир. Мисол учун, биргина  ке ўзакли сўзларнинг ҳаракат маъносини беришини идентификатциялашнинг ўзи шу ўзакдан ясаладиган юзлаб сўзларнинг маъносини аниқлаш, агар ўзгарган бўлса қайта тиклаш учун асос бўла олади. Мазкур мақолада таҳлилга тортилмаган кенг, кер (керишиш)  каби сўзларнинг шакли ва маъносига эътибор берсак, уларда ҳам ҳаракат маъноси кўринади. Аммо етарли асос бўлмагани учун уларни мақолада таҳлил қилишдан тийилдик.

 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тилимизнинг бойлиги ва имкониятларини очиш учун ундаги ҳар бир сўз, ҳар товуш, ҳар бир элементни таҳлил қилиш, синтезлаш ва улардан она тилимизни ривожлантиришда асос сифатида фойдаланиш керак. Бунинг учун эса аввало ўз қатлам сўзларни (ўзакларни) аниқлаб олишимиз, уларнинг бизники экани исботлашимиз керак. Кейин эса бу сўзлардан ҳеч иккиланмасдан янги сўзларни ясаш мумкин бўлади.

 

Анвар БЎРОНОВ

 



[1] Идентификатор, ID (ингл. data name, identifier) – муайян объектнинг ўзига хос белгиси, аломати; унга кўра объект бошқа обеъктлардан ва уларнинг таъсиридан ажратиб олинади, яъни  идентифицияланади.

[2] Ўзбек тилининг изоҳли луғати “К” ҳарфи. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент, 2006. – Б. 341.

[3] Севортян. Э.В. Этимологический словарь тюркских языков. Общетюркские и межтюрские основы на буквы “К”, “Қ”. – Москва: Наука, 1974. – С. 21.

[4] Девону луғотиттурк. Индекс-луғат. – Тошкент: Фан, 1967. – Б. 150.

[5] Девону луғотиттурк. Индекс-луғат. – Тошкент: Фан, 1967. – Б. 156.

[6] Севортян. Э.В. Этимологический словарь тюркских языков. Общетюркские и межтюрские основы на буквы “К”, “Қ”. – Москва: Наука, 1974. – С. 56.

[7] Алтайско-русский словарь / Алтай-оруссозлик. Авторск. кол. А.Э.Чумакаев (отв. ред.). – Горно-Алтайск: НИИ алтаистики им. С. С. Суразакова, 2018. – С. 320–322.

[8] https://translate.google.com/

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10356
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//