Тарихи йўқ, ясама ва сохта номлар – Ўзбекистонда ўзбекча топонимлар нега форс-арабча сўзларга алмаштириляпти?


Сақлаш
23:53 / 07.08.2023 869 1

Жой номлари ҳудудларнинг, мамлакатларнинг тарихи, қадриятлари, миллий мансублигини ўзида акс эттирувчи муҳим восита саналади. Шу боис Совет иттифоқи даврида жойларни номлашда коммунистик ғоя ва мафкура талабларидан келиб чиқилган бўлса, мустақиллик йилларида қишлоқ, маҳалла, шаҳар ва туман номлари миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб ўзгартирилди.

 

Конституциямизга кўра, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили, шунингдек, мамлакатимизда бошқа миллат ва элат вакиллари азалдан яшаб келади. Шу боис юртимиздаги тарихий жой номлари орасида туркий (ўзбек), форсий, сўғдий, арабий номлар бирдек учрайди. Бу ҳолатни  қўшни мамлакатларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, Тожикистон ҳудудида шу пайтга қадар юзлаб туркий топонимлар мавжуд бўлган бўлса, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон сингари туркий давлатларда форсий жой номларини кўп учратамиз.

 

Бироқ аксар Марказий Осиё мамлакатлари жой номларини давлат тили талабларидан келиб чиқиб ўзгартирган. Масалан, туркманлар Тошҳовузни Дашоғуз, қозоқлар Чимкентни Шымкент, қирғизлар Ўшни Ош, Қорасувни Кара-суу деб номлашади ва барча ҳужжатларда шу тарзда ёзилади. Бу ҳолат айниқса, Тожикистонда яққол кўзга ташланади. Мамлакат раҳбарияти кўрсатмасига кўра, сўнгги йилларда туркий ўзакка эга топонимларнинг деярли барчасидан воз кечилди, бир қанча ўзбек топонимлар шакли ўхшаш бўлса-да, маъноси бошқача бўлган форсий номлар билан алмаштирилди. Хусусан, Қумариқ – Кумарг, Қумоқ – Хумроғ, Бешкент – Вешканд деб аталди. Қоратегин, Қизили,  Чимқўрғон, Жирғатол сингари номлар Рашт, Лолазор, Чимқалъа, Лахш каби топонимларга алмашди. Ҳатто энг камида тўрт юз йиллик тарихга эга бўлган “Қўрғонтепа” ҳам сунъий тарзда “Бохтар”га айлантирилди. Ҳолбуки, бу шаҳар тарихда ҳеч қачон Бохтар деб аталмаган. Шунчаки, қўшнилар  қадимий Бақтрия номини шу тахлит тикламоқчи бўлишган, шекилли. Албатта, мамлакат ҳукумати ўз ҳудудини хоҳлаганча номлашга ҳақли. Қозоқлар ўз юртини қозоқча, туркманлар туркманча, тожиклар тожикча номласа бунинг нимаси ёмон? Шундай экан ўзбеклар-чи? Нима учун ўзбеклар ўз юртини, ўз шаҳар ё қишлоқларини ўзбекча номлаши мумкин эмас? Бизда ҳам Шаҳрисабз, Сариосиё, Оҳангарон, Ҳазорасп, Пешкў, Панжоб, Конимех, Себзор сингари юзлаб форсий ўзакка эга номлар бор. Майли, биз қўшниларимизга ўхшаб, юртимиздаги қадимий номларни ўзгартирмайлик. Зотан юртимизда азал-азалдан туркий ва форсий халқлар аҳил-иноқ бўлиб яшаб келади. Аммо, бугунги кунда қўшни давлатлар жой номларини ҳам ўз миллий сиёсатига мослаштириш йўлидан бораётган экан, биз ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрсак ёмон бўлмасди. Лоақал, эски туркий номларни янгича арабий, форсий, ҳатто инглизча-французча номлар билан атамасак, яхшироқ бўлармиди?!

 

Бир неча йилдан бери матбуотда янгиланаётган жой номлари ҳақидаги материалларни кузатиб бораман. Уларда ҳам ўзбекча атайлик, ажнабий сўзлар жойларни тўлиқ ифодалаб бермайди, тарихни билдирмайди, каби гаплар ёзилади, бироқ самарасиз... Аксинча, сунъий ном ўзгартиришлар авж олаётгандек Ўзбекистонда. Масалан, биргина Самарқандда Кечкелдикни Боғишамол, Қўйбоқарни Гулобод,  Қўшсигирни Истиқлол, Бешпахсани Бинокор, Қозоқолдини Бунёдкор, Кампирўлдини Машъал, Қўтирбулоқни Саховатга ўзгартиришди. Яқинда Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг бирига ғирт форсий сўз бирикмаси – “Меҳридил” деб ном беришибди. Бизнингча, қулоққа хийла хунук эшитилади, деган важ билан ушбу топонимлар чиройли, баландпарвоз ва энг муҳими ҳеч бир тарихий асос, ўзакка эга бўлмаган атамаларга алмаштирилган. Ҳолат ачинарли, ахир, бошқаларнинг оқ юз боласини ўзимизни қоравой фарзандимиздан афзал кўрмаймиз-ку?!

 

Қонунимизда географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилиши кераклиги белгиланган. Шунга қарамай, нима учун бугунги кунда ҳаммага таниш бўлиб қолган  ўзбек тилидаги жой номларини арабча-форсча сўзлар билан алмаштирилишини тушунолмайман. Бундан юз эллик йил аввал боболаримиз “Оқпошшо ҳазратлари бизга марҳамат қилдилар”, дея ўзбекча “Мингтепа”нинг номини арабий “Марҳамат” билан алмаштирган экан. Лекин шу яқин йилларда соф ўзбекча ўзакка эга бўлган “Тўйтепа” номини форсча-арабча “Нурафшон”га, ўзбекча “Бўз”ни форсий “Бўстон”га  алмаштириш кимга керак бўлди?

 

Яқинда журналист Акмал Мирзонинг бир видеомурожаатига кўзим тушди. Унда мамлакатимиздаги Қорахитой, Ўрдакбурун, Етти қашқа, Эски Қовунчи, Бешкал, Қайсарқўй ва яна ўнлаб жой номларини алмаштириш таклиф қилинган. Бу таклиф журналистнинг ўзидан чиққанми, ё кимдир шунга даъват қилганми, буниси менга қоронғи. Аммо бу номлар ўрнига таклиф этиладиган янги топонимлар ё арабий, ё форсий ўзакдан олинишига шубҳа қилмайман. Тўғри, тилимиздаги сўзларнинг салмоқли қисмини форсий, арабий сўзлар ташкил қилади. Шу боис кўпчилик “Ахир, Гулзор, Истиқлол, Боғ, Гулобод номлари ўзбекча эмасми?” дейиши мумкин. Ҳамма гап шунда. Бу сўзлар соф ўзбекча  эмас, форс ва араб тилларидан ўзлашган сўзлардир. Кимлардир ё атайин, ё билиб-билмай эски, дабдурустдан айтилганда қулоққа хунук эшитиладиган жой номларини умуман ўзбек тилининг туб ўзагига ёт сўзлар билан алмаштиришга ҳаракат қилаётгандек...

 

Маъноси ё айтилиши хунук жой номларини алмаштириш керак бўлса, юртимизда бу каби форсий топонимлар ҳам истаганча топилади. Айтайлик, Самарқанд вилоятидаги Боғи Зоғон (Қарғалар боғи), Луччакон (яланғочлар), Лаби ғор (ғорнинг лаби), Калангар (кетмончи): Фарғона вилоятидаги  Сариканда (узилган калла), Бухоро вилоятидаги Говкушон (сигир сўювчилар), Гадойхона,  Шалғамхўрон (шолғомхўрлар), Хархўр (эшакхўр) сингари жой номларини ўзгаритириш нега ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти?

 

Албатта, бу фикрларим ҳеч бўлмаганда шу ҳудудларда яшайдиган одамларга ёқмаслиги табиий. “Нега қадимги номларни йўқотиб, ўрнига сунъий, ясама номларни тиқиштириш керак” дейдиганлар ҳам топилишига ишончим комил. Шундай экан, туркий топонимларга ҳам тегиш керак эмас. Номи чиройлими, хунук эшитиладими, аҳамияти йўқ. Зотан тарихий жойларининг номларини мазмуни, чиройли ёки хунуклигига қараб алмаштириш дунё тажрибасида ҳам учрамайди. Зеро, Италия – бузоқлар мамлакати, Испания – қуёнлар мамлакати, Қатар – ёмғир томчилари, Судан – қоралар юрти, Сомали – чўпонлар, Барбардос – соқоллилар, Кот-д'Ивуар – Фил суяги қирғоғи, Гондурас – чуқурлик деган маънони билдиради. Нега шу давлатларда мамлакат номини ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришмайди? Менимча, жой номларини ўзгартиришни эмас, жойлардаги вазиятни чуқурроқ ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳақида кўпроқ ўйлаб кўриш керак, аслида.

 

Дарвоқе, бу фикрлар билан мамлакатлар ёки халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларга раҳна солиш фикридан йироқман. Фақат, ҳамма ўз юрти, ўз халқи ва ўз тили учун курашаётган бир пайтда, биз оғзимиздаги олдириб қўймасак эди, деган хавотирни билдириб қўймоқчиман холос.

 

Рустам ЖАББОРОВ.

Oyina.uz

 

        

1 Изоҳ

Анвар

02:08 / 08.08.2023

Рустам Жабборов сиз чинакам юрт ўғлони, чинакам ватанпарварсиз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Дилдаги гапларни ёзибсиз!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//