Ойни тоғорадаги сувда томоша қилган шайх, шукрига бош тикилган ва жон ваъда қилинган дийдор – Шамс ва Румий қиссаси


Сақлаш
21:27 / 03.08.2023 883 0

Сабоқ тугаши билан ўсмирлик остонасига эндигина қадам қўйган толиби илмлар ташқарига чиқишди. Дарсхонада ёлғиз Шамс қолган эди. Мударрис хаёллар оғушида ўтирган Шамснинг ёнига келиб сўради:

 

– Эй Муҳаммад Шамсиддин, нега хомушсан?

 

– Эй пири фано, рижоли ғайб устоз, мен шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат боғининг меваларини тотиб бўлдим, сирларини шарбат янглиғ ичиб бўлдим.

 

– Биз ҳали шариат баҳсини тугатмадик!

 

– Шариат дерки, сендаги – сеники, мендаги   –   меники. Тариқат айтур: сендаги   – сеники, мендаги ҳам сеники. Маърифат дерки, на меники бор, на сеники. Ҳақиқат айтур: на сен борсан, на мен! Англашим керак бўлганини англаб бўлдим. Мен энди кўлмакдаги нурнинг харидори эмасман, “Нур ан-нур”га толибман. Кўнгил ўзга манзилларни ихтиёр қилаётир. Қуш бўлиб учмоқни истайман.

 

Шамс мадрасани тарк этди. Ейиш-ичишдан тийилди, дунёдан алоқасини узди. Қирқ кун хос ул-хаввос рўзасини тутди. У бутунлай илоҳий ишқ уммонига ғарқ бўлган эди. Отаси Али Маликдод:

 

– Ўғлим, сенинг бу ҳолингни англаёлмай қийналиб кетдим. Қачонгача ўзингни азоблайсан? – деди.

 

– Ота, эсингиздами, товуғимиз курк бўлганида тухумлари орасига бир дона ғоз тухумини ҳам қўшиб қўйган эдик. Жўжалар очиб чиқди. Она товуқ уларни ариқ бўйига олиб борди. Шунда ғоз боласи ўзини сувга отди. Она товуқ уни қутқариш учун чирқиллаб зир югурган эди. Ғоз боласининг эса парвойифалак, сувда маза қилиб сузиб ўйнаган эди. Ўшанда мен ҳам товуқнинг шафқатли бағрида дунёга келган бир ғоз боласи эканимни англаган эдим. Ота, менга рухсат беринг, сўфийлар билан олам кезай, мабдаи нуримни топай.

 

Онаси ўғлининг кун сайин озиб-тўзиб бораётганини кўриб насиҳат қилди:

 

– Ҳали ёшсан, болам, ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Баҳор келмай очилган гулни кўрганмисан? Кундуз чиққан ойнинг кимга нафи бор? Қаноти чиқмай учишга чоғланган полапоннинг оқибати сабоқ бўлмайдими сенга?

 

– Волидам, ройиҳаи жаннатим, райҳон бўйли оёқларингиз остида ўтирмоқни истамасмидим?! Меҳру марҳаматингиз булоғидан қониб сув ичиш менга ёқмайди деб ўйлайсизми?! Қалбимда шундай бир гул очилдики, ҳеч қандай қаҳратон қиш унга нуқс этолмайди. Осмонимда шундай Ой балқидики, Қуёш нури у билан бўйлашолмайди. Учишга шунчалар тайёр бўлдимки, энди менга қанотнинг кераги йўқ. 

 

Шамс аҳли муҳаббат маскани – сўфийлар даргоҳига борди.

 

– Хуш келибсан, эй нур юзли, мақсадинг недир?

 

– Хом эди, пишди, оловда куймасидан топгани келдим.

 

– Илм недир, эй толиби нур?

 

– Илм уч нарсадан иборатдир: зокир тил, шокир қалб ва собир бадан.

 

– Юкимиз тошдан оғир, кучинг етарми?

 

– Севмаганга чумоли ҳам юк, севганга филлар ҳам чумолидек гап. Агар инсон ошиқ бўлса ва ишонса, тоғни ҳам елкасида таший олади.

 

– Ниманинг меъёри афзалу ниманинг ортиғи?

 

– Ҳар нарсанинг меъёри яхши, одобнинг эса ортиғи.

 

– Эй хизрмашраб, сафимизга қўшил, файзи илоҳийда насибанг бор экан, бир ҳалқа бўл – ўттиз тўққиз эдик, қирқ бўламиз.

 

Сўфийлар унинг шиддату шаҳдини кўриб аввал “Шамсиддин Парранда” деб атадилар. Илмини кўриб “Комили Табризий” дедилар. Фитратига қараб “Шамси Қаландарий” дедилар. Далолатига қараб “Ҳужжат ул-Шамс” дедилар. Моҳиятига қараб “Шамси Ботиний” дедилар. Сўзларидаги қатъиятга қараб “Шамси Маломатий” дедилар. Ранги рўйига қараб эса “Шамси Кибриди Аҳмарий” дедилар.

 

* * *

Муҳаммад Шамсиддин исми авлиёлар мажлисининг мавзусига, ошиқлар суҳбатининг мазмунига айланди. Мамлакатда унинг исмини эшитмаган зот ва сўзлари кириб бормаган хонадон қолмаган эди. Ҳамма унга мурид бўлмоқни орзу қиларди. У эса ҳеч кимни ихтиёр қилмас эди.

 

Бир куни машҳур сўфий шайх Авҳадуддин Кирмоний билан суҳбатлашиб қолди. Кирмонийдан тунлари нималар билан машғуллигини сўради. Кирмоний “Тунни тахайюл билан, зикру ибодат билан ўтказяпман” демоқчи бўлди-ю, тилига шу сўзлар илинди:

 

– Ойни тоғорадаги сувда томоша қиляпман.

 

Шамс:

 

– Бўйнингда ғудданг бормики, ойни томоша қилмоқ учун тоғорадаги сувга боқасан? Бошингни кўтариб кўкка боқсанг бўлмайдими? Ўзингга ҳозиқ табиб топ, бўлмаса ҳақиқатга эмас, унинг соясига қараш билан умринг ўтади! – деди.

 

Кирмоний ҳазратлари Шамснинг қўлини тутиб, муридликка олишини сўраб ёлворди. Жавоб қатъий оҳангда янгради:

 

– Сен менинг дўстлигимга бардош бера олмайсан!

 

Аммо Авҳадуддин унинг этагини тутиб ёлворишда давом этди. Шамс бозорга яқинлашгач деди:

 

– Кел, унда бирга шу бозор ўртасида шароб ичамиз, жавобимни кейин айтаман.

 

– Ҳаром ичкилик билан мени имтиҳон қилма.

 

– Майли, унда сен ичма, менга шароб топиб келтир!

 

– Ҳаромни ичмаганим каби пок қўлимни ҳам булғамайман.

 

– Мен ичиб бўлгунимча ёнимда ўтир унда.

 

– Ҳаромга яқин йўламайман ҳам.

 

– Ундай бўлса, мендан йироқ юр. Менга ҳамроҳ бўлолмайсан. Менга ҳамроҳ бўлмоқ истасанг, аввало ҳамҳол бўласан, бутун ор-номусинг, обрўйинг, шон-шуҳратингни бир қадаҳ шаробга алмашишга тайёр бўласан. Бу майдон эранлар майдони, унда заифларга ўрин йўқ. Ва яна шуни унутма: мен мурид эмас, шайх излаяпман. Ҳақиқатни ипак тўшакларда ўтириб қидирадиган шайх керак эмас менга... Бу йўл машаққат ва муҳаббат йўли, Кирмоний афанди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳовлисида яшаган молу мулксиз асҳоби суффа мисоли бу дунёдан юз ўгирмас экансан, йўлдошим бўлолмайсан. Одамлар шароб ичиб сархуш бўлади. Ишқ аҳли эса ичмай туриб маст бўлади. Сен буни англай олмадинг!

 

Кирмоний таслимият имтиҳонидан ўта олмади, Шамснинг асл мақсадини идрок этмоққа ожизлик қилди.

 

Шамс бир кеча туш кўрди. Ям-яшил водийда бир авлиё зот билан суҳбат қуриб ўтирибди. Улар суҳбатлашиб ўтиришибди-ю, атрофда бутун олам гирдоб мисоли айланмоқда. Гирдоб, дунёга оид нимаики бор бўлса, ҳаммасини ютиб бормоқда. Улар ўтирган яшил манзил ҳам, шаҳру қишлоқлар, тоғу тошлар ҳам ютилиб кетди. Макону замон йўқолиб, ўрнида мунаввар бир бўшлиқ пайдо бўлди. Мусаллам икки вужуд қолди. Мукаррам икки руҳ қолди. Уларнинг бири нур, иккинчиси мунир эди. Бири сўз бўлса, иккинчиси маъно эди.

 

Шамс уйғониб кетди. Тушининг таъсиридан ўзига келолмай юрди. Яна икки кеча айни ўша тушни кўрди. Бу гал у муршиди комилнинг Рум диёрида эканидан воқиф бўлди. Аммо вуслат вақти келгунига қадар сабр қилиши уқтирилди. Шамс ўша қутлуғ кун орзуси билан яшай бошлади. Энди ҳаётининг мақсади, мазмуни бор эди. Шамс илоҳий тажаллидан маст бўлди. Мушоҳада уммонига шўнғиди. Шомга келган ҳар карвондан уни излади. Кўкдан учиб ўтган ҳар қушдан уни сўради. Ҳар тонг қуёш нурларига уни кўриш умиди билан боқди.

 

Ниҳоят бир садо келди:

 

– Модомики, шунчалар истайсан, шукрига нима ваъда қиласан?

 

– Бошимни!

 

– Сен қидирган миръоти мужалло Рум диёрида маскун. Улус уни Мавлоно дейди, отаси султон ул-уламо Баҳоуддин Валад. Кўниё шаҳрига бор, у йўлингга интизор.

 

Сафар вақти етиб келган эди. Шамс дарвешлар билан бирга карвонга қўшилиб Рум диёрига йўл олди. Чанқаган одам сув қидиради, сув ҳам чанқаганларга муштоқ бўлади. Шамс бошни фидо қилгани йўлга чиқди. Узоқ йўл юриб Кўниёга етиб келди.

 

* * *

Мавлоно Жалолиддин хонадонида суҳбат қизиди. Шамс Жалолиддинни тинглар, унинг илмига қойил қолиб, саволлар берар эди. Жалолиддин илмда уммон эди. Илм қаерда бўлса, бориб ўрганиб келарди. Шомда Муқаддимия мадрасасида тўрт йил ҳадис илмидан сабоқ олди. Кўп ўтмай мадрасанинг бош мударриси унга “Жалолиддин, сиз энди мадрасамизга келиб вақтингизни зое қилманг. Сизга илм ўргатадиган олиму уламо бу шаҳарда қолмади ҳисоб. Ўзингиз илм шаҳри бўлдингиз. Энди толиби илмлар сизга борсинлар”, дея уни юртига кузатиб қўйган эди.

 

– Сен буларни қаердан ўргандинг, эй илм денгизининг ғаввоси? – деб сўради Шамс.

 

– Мана булардан... Ичида саккиз аср бурун битилган китоблар ҳам бор, ҳатто шундайлари борки, ўқиб шарҳлаганим билан уни англайдиган баҳри муҳаббат йўқ.

 

Жалолиддиннинг сўзи тугамай Шамс ёшига қараганда жарангдорроқ овоз билан деди:

 

– Ўша баҳр менман!

 

– Тушунолмайсан, аввал мана бу китобларнинг барини ўқиб чиқишинг керак. Мутолаа ва мушоҳада имтиҳонидан ўтмоғинг даркор.

 

Шамс ўрнидан туриб, китобларни бирин-кетин ҳовузга ота бошлади. Мавлоно Шамснинг хатти-ҳаракатини сас-садосиз кузатар экан, ажиб бир манзаранинг шоҳиди бўлди. Китоблар сувга тушгач, унинг қатларидаги сўзлар гўё озод бўлган қушлар каби саҳифаларни тарк этарди. Улар Шамсдан миннатдор бўлиб сувда рақс айларди. Мавлоно ўзидан нафратланиб кетди. Кўп ўтмай жавонда китоб қолмади. Ҳовуз суви қоп-қора тусга кирди. 

 

– Маҳзунлигинг сабаби недир? – деб сўради Шамс.

 

– Отам муборак қўллари билан шарҳлар ёзган бир китоб бор эди. Уни қўлга олганда отамни кўргандек бўлардим. Хаста бўлсам ҳам ўша китобдан куч олардим. Сафарга кетаётиб хайрлашар, келганда саломлашар эдим...

 

Шамс:

 

– Шунчалик хотири бор экан, унда қайтарайлик, – деди ва тундек қорайган ҳовузга қўлини тиқиб бир китобни олди ва: – Мана шумиди? – деди.

 

Мавлоно Жалолиддин Шамснинг қўлидаги қуп-қуруқ китобни кўриб ҳайратини яширолмади:

 

– Бу не синоат бўлди?

 

– Англамоққа ожизсан!

 

Лекин Мавлоно ҳақиқатнинг шаклда эмас – шамойилда, моддада эмас – руҳда, жисмда эмас – кўнгилда эканини англаган эди.

 

Шамс эса ўзи қидирган пири поктийнатни, илмда ва ҳилмда беназир муршидни топган эди. Мавлонога қараб деди:

 

– Олим эдинг, ориф бўлдинг. Энди ошиқ бўлишга мажолинг борми?

 

Жалолиддин:

 

– Хом эдим, пишдим, куйдим... Менинг ҳолимдан не англадинг, эй маънолар оламининг қуёши?

 

Шамс:

 

– Англадимки, кўлмак елвизакда ҳам чайқалаверади. Уммонларнинг тўлқини муҳаббатнинг маҳобатидандир. Англадимки, теран ва асрорангиз бўлган нарсалар сокин бўлади. Англадимки, сокин бўлган нарсалар теран ва ҳайбатли бўлади.

 

Мавлоно ўрнидан шахт ила турди. Ўнг қўлини юқори, сўл қўлини қуйи қилиб рақси самони бошлади. Само найзанлари “Фараҳфазо” куйини чалиб уни кўкларга чорлади.

 

Рақс моҳиятини англаган Шамси Табризий “Само Ҳақдан ёғилган маънодир, ҳақиқатнинг юксак мақомидир. Ул мақомда Ҳақдан ўзгага жой йўқ”, деди ва Қандолатчилар карвонсаройи томон йўл олди.

 

* * *

Мавлоно муридлари қуршовида заргар дўкони олдидан ўтиб бормоқда. Ичкарида заргар кулчадек олтинни тўқмоқ билан уриб ишлов бермоқда. Бир маромда эшитилаётган тўқмоқ товуши Мавлонога қаттиқ таъсир қилди. Бир муддат тўхтаб мушоҳадага толди. Товушлар тўхтагач, муридларига деди:

 

– Кўрмайсизми, ҳатто олтин ҳам уриб шаклга солинади. Нозик буюмлар энг кўп олов ва ишловга тобе тутилган бўлади. Синовлардан шикоят қилаверманг; сиздан, эҳтимол, подшоҳлар бармоғига лойиқ узук ясаётгандирлар...

 

Шогирдлар юзида табассум зуҳур этди. Соддароқ бири дарҳол ўзини олтиндан ишланган ноёб узук дея тасаввур қилди. Бошқа бир шогирд буни сезиб, ҳазил қилди:

 

– Устоз, ичимиздан баъзи бировлар олтин ила кимсоннинг фарқига бормасалар-да, бир зумда подшоҳлар бармоғидаги узукка айлана қолдилар.

 

Енгил кулги кўтарилди. Мавлоно насиҳат қилди:

 

– Ҳа, ҳою ҳавас тириклик безаги. Бироқ ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълинг­га, феълинг тақдирингга нуқс этади. Шу боис гўзал ўйламоқ, умрни гўзал ўтказмоқ даркор.

 

Шогирдларидан бири Мавлонодан сўради:

 

– Ҳазратим, илм ўрганмоқнинг ҳосили недир? Бадавлат ва маъмур яшамоқ учун қайси илмлар таҳсили даркор?

 

Мавлоно чуқур бир мушоҳада ила жавоб берди:

 

– Уч кунлик дунё луқмаси учун илм риёзатини чекмоқнинг маъноси борми, эй фарзанд? Сенга илм дея тақдим қилинаётгани аслида арқондир. Зулмат қудуғидан қутулмоқ истасанг, арқонни маҳкам тут. Акс ҳолда ўша арқон билан бошқа бир қудуққа тушгайсан. Илмдан мурод ушбу саволларга жавоб қидирмоқдир, унутма: “Мен кимман ўзи? Бу оламга нега келдим? Қаён кетмоғим керак? Илдизим қаердаю юзимни қай томон бурмоғим керак?” Асл машғулот қалбни покиза тутмоқ учун ғайрат сарф этмоқликдир.

 

* * *

Шом намозидан сўнг масжиддан қайтаётган Шамс Табризий ва Мавлоно ҳовлининг этагидаги хос ҳужрага ўтдилар. Бу ҳужра Мавлононинг мушоҳада ва мутолаа даргоҳи бўлгани боис ўғли Султон Валаддан бошқа ҳеч ким у ерга кира олмас эди. Ҳатто энг яқин муридлари ҳам остона ҳатламай Мавлононинг чиқишини кутиб турар эди. Хотини Киро хоним ўғлини чақириб сўради:

 

– Ўғлим, ичкарида нима гап? Нималар ҳақида суҳбатлашишяпти? Бирор нима олиб кир. Ёки айвонга дастурхон тузайликми?

 

– Волидам, уч соатдан ошди ҳамки, лом-мим демай ўтиришибди. Падари бузрукворни ўзингиз биласиз, безовта қилмаслигимизни тайинлаганлар.

 

– Ҳа, сен кўз-қулоқ бўл, нимадир керак бўлса, қидириб қолишмасин. Одатда, бундай суҳбатдан сўнг хушоб сўраб қоладилар. Ўрик ва жийдадан хушоб тайёрлаб қўйганман.

 

– Хўп, волидам. Ижозат бўлди дегунча кириб сўрайман.  

 

Хос ҳужра хослар суҳбатидан мунаввар масканга айланган эди. Шам атрофида учиб диққатни паришон қилгувчи парвоналар ҳам бугун парвозни унутиб сукут ичида суҳбатга соме бўлган эди. Парвоналаргина эмас, шуур ҳам, забон ҳам, сўзлар ҳам, маънолар ҳам бугун ўз маслагини буткул унутган эди. Суҳбати хос давом этарди:

 

– Нафсинг ила курашмоқ, риёзат чекмоқ ва зоҳирий илмлар билан машғул бўлмоқдан муродинг недир? – деб сўради Шамс.

 

– Мақсадим шариат суннати ва одоби йўлидан бормоқдир, – деди Мавлоно.

 

– Буларнинг бари қобиқ холос-ку! – деди Шамс.

 

– Хўп, ундан ичкарида нима бор? – деб сўради Мавлоно.

 

– Қобиқ ичида илм бор. Шундай илмки, сени Маълумга етказгай, – деб жавоб берди Шамс.

 

– Маълумга етмоқ учун қайси илмни ўрганмоқ керак?

 

– Аввало “сир”ни англамоқ керак. Сир эса “сир сақловчи”да, –  деди Шамс.

 

– Бу жумбоқни англамоқ денгиз тубидан маржон олиб чиқмоқдан-да мураккаб эмасми, пири пок? –  деди Мавлоно.

 

– Шундай бир нақл бор: ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ўз такомилининг чўққиси бўлмиш Меърожга юксалганда кўплаб сирлардан огоҳ бўлган эди. Бир куни шу ҳақда тафаккур қилиб ўтирганларида ёнларига Ҳазрати Али кириб келиб, “Ё, Расулуллоҳ, бунчалик маҳзунлигингиз сабаби недир, бирор ташвишингиз борми?” деб сўрабди. Расули акрам “Йўқ, менга аён қилинган сирлар ҳақида ўйлаб ўтирган эдим” дебди. Ҳазрати Али “Менга ҳам озроқ айтиб беринг, воқиф бўлмоқ истайман” дебди. “Кўтара олмайсан, бардошинг етмайди, Али!” дебди Пайғамбар алайҳиссалом. Аммо унинг кўзларидаги иштиёқни кўриб, илоҳий ишқ сирини ҳазрати Алига айтибди. У шундай сир эканки, залварига Ҳазрати Али бардош бера олмабди. Маккаи мукаррама кўчаларига чиқиб ҳайқирмоқ истабди. Ҳаммани бу сирдан воқиф қилмагунча ичидаги оловни сўндиришнинг иложи йўқдек туюлибди. Аммо уни бошқаларга ошкор қилмасликка сўз бергани учун шаҳар четидаги ташландиқ бир қудуққа айтибди. Қудуқ ҳам сирнинг юкига дош беролмай жўшиб-тошибди. Атрофда кўл пайдо бўлибди. Кўлда қамишлар ўсиб чиқибди. Бир чўпон қамишни кесиб най ясабди. Чалса шундай бир куй таралибдики, атрофдаги жонзотлар, ўсимликлар маст бўлиб қолибди. Бир куни Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) Ҳазрати Али билан бирга чўлда кетаётса, чўпон чалаётган куйни эшитиб тўхтаб қолибди. Алига қараб, “Сен сирни бировга айтганмидинг?” деб сўрабди. Ҳазрати Али бўлган воқеани айтиб берибди. Пайғамбар алайҳиссалом куй таралаётган томонга боқиб, “Бу қамиш қиёматга қадар менинг сиримни тараннум қилади, аммо қалби очиқ, пок ва комил инсонларгина бу сирни англагайлар” деб марҳамат қилибди. Сўфийлар найни шунинг учун сир ташувчи – сирбон дейдилар.

 

Мавлоно тафаккур денгизига ғарқ бўлди. Унинг қаршисида турган зоти мукаррам инсон қиёфасидаги най эди. Найдан таралаётган куй уҳровий сирларни тараннум қиларди-ю, у эса англашдан маҳрум лолу безабон эди.

 

Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,

Айрилиқлардан шикоят айлагай.

 

* * *

Жалолиддин айвонда ўғли Амир Музаффариддинга майин оҳангда алла айтиб ўтирган Киро хотуннинг ёнига келиб ўтирди. Ўғлига термилди. Киро хотун алла айтишдан тўхтаб, унга ажабланиб қаради. Жалолиддин ўғлини уйғотиб юбормаслик учун пичирлагандек паст овозда сўзлади:

 

– Болалигимда отамнинг ёнларида ўтириб орифлар суҳбатини кўп тинглардим. Баъзан варажага тушиб ўзимдан кетиб қолсам, орифлар даврасига олиб “ҳу-ҳу” дея дуо қилишар экан. Волидам Мўмина хотуннинг овозини эшитгандек бўламан сен алла айтсанг...

 

Ҳу-ҳу-ҳу, Оллоҳ ҳу!

Бу сенга осон ҳу...

Бизга шифо бер ўзинг,

Катта бўлсин бу қулинг.

Ҳу-ҳу-ҳу, Оллоҳ ҳу!..

 

– Ҳазратим, Оллоҳ сизни бархудор қилсин. Ваража они қанча давом этар эди?

 

– Сен бир такбир муддати деб бил, мен минг такбир деб биламан. Охирги марта беш ёшимда шундай ҳолга тушдим. Ўшанда кўрганларимни таърифлашга дунёдаги жами тилларнинг хазинасини йиғсанг ҳам озлик қилади. Чунки сўз билан таърифлаб бўлмас идрокка хос ажиб манзараларни кўрган эдим. Ҳушим танимга қайтгач, падари бузрукнинг тизларида худди Баҳоуддин мисоли дунёбехабар ётган эканман. Кўзимни очибоқ, “Отажон, қани улар?” деб сўраганим ҳали-ҳануз ёдимда.

 

– Кимларни кўрган эдингиз ўшанда? – деб сўради Киро хотун.

 

– Аниқ эслаёлмайман, аммо отам “Худовандигор, ўғлим, сенга кўринганлар ғайб оламининг сокинларидир. Улар Оллоҳнинг лутфи ва иноятига мазҳар қилмоқ ниятида ташриф буюрган фаришталар, мўмин жинлар ва авлиёуллоҳлардир. Улардан чўчима”, деган эдилар.

 

– Улар бирор нима деганмиди?

 

– Қўлимдан тутиб ғайб боғларини сайр қилдирган мўйсафиднинг сўзлари кейинчалик ҳаётимнинг мазмунига айланди. Қулоқ тут, Киро хотун, ўғлимиз Музаффариддинга ҳам уларни эслатиб тур. Ўша нур юзли мўйсафид “Агар сен ҳам биз билан шу жойда бўлишни хоҳласанг, сўзимизни унутма. Ҳамма билан дўст бўл. Ҳеч кимга ҳасад қилма. Ҳеч кимни муҳокама этма. Одамлар суратини безатса, сен сийратингни безагин. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла. Яраларга малҳам бўл, шифо бўл, асло зиён бўлма. Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин. Қулоғингда бўлсин: ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла, гўзал яша!” деган эди. Ва яна “Ҳу”нинг сирини англа ва ошкор этма” дегани ҳамон ёдимда.

 

– “Ҳу” – авлиёлар тасбеҳи”, дерди раҳматли волидам, – дея эслади Киро хотун.

 

– Ҳа, шундай, Киро хотун. Жуда теран мавзу бу. “Ҳу” – руҳ қушининг исми. Фавқулодда нозик ва майин қуш. Унинг макони қалб қафасида. Озиғи – калимаи тавҳид. Агар одам у қушни йўқлаб турмаса, қафас қаттиқлашиб, нафас қушини сиқиб қўяди. “Ҳу” қуши яшаб туриши учун мудом калимаи тавҳидни ёд этмоқ лозим. Уни такрор этмаган инсонлар эса қалбида ўлик қушни ташигуси! Ва ундай қалб ундуқ мисоли бадбўй бўлади. Баданни тарк этган “ҳу”нинг макони эса Аршдир. “Ҳу” Оллоҳ исмларининг моҳияти, ботини ва ҳақиқатидир. Уни англаганлар мақомларнинг энг мўътабарига мазҳар бўлади...

 

Киро хотуннинг оёқлари устидаги ёстиқда мириқиб ухлаб ётган Музаффариддин безовталаниб кўзларини очди. Киро хотун оёқларини бешикдек тебратиб алла айта бошлади:

 

Ҳу-ҳу-ҳу, Оллоҳ ҳу!

Бу сенга осон ҳу...

Бизга шифо бер ўзинг,

Катта бўлсин бу қулинг.

Ҳу-ҳу-ҳу, Оллоҳ ҳу!..

 

Жалолиддин ўрнидан туриб ҳовлига чиқди, осмондаги беадад юлдузларга боқиб хаёлга толди. Қоронғизорда кўкдан ёғилаётган оҳангларга қулоқ тутди, оламни сас шамойилидаги дуолар қоплади. Гўё енгил насим орифлар дуосини олислардан келтириб унинг устига сочар эди. Айвон тоқидаги қумрилар ҳам аҳён-аҳён шу сирли оҳангда сирлашгандек ҳуҳулаб овоз чиқариб қўяр эди. Еру кўкни муаззам оҳанг тутиб кетди. Тун ила тонг оламни бўлишаётган паллада кўкларнинг бағридан ҳу-ҳу садолари отилиб чиқди. Юлдузлар самони тарк этаётиб чиқарган товушлари ҳам шу йўсинда эди. Дарвешлар тасбеҳидан тўкилиб бораётган фарёдлар ҳам шу маромда янгради: ҳу-ҳу-ҳу!.. Жалолиддин бу оҳанглар оғушида, сир даргоҳида тунни бедор ўтказди.

 

Боби асрорнинг калити ҳу...

Беҳишт райҳонларининг ифори ҳу...

Жон қушининг тасаддуғи ҳу...

Ҳу-ҳу-ҳу, Оллоҳ ҳу...

 

* * *

Амир Музаффариддинни ухлатиб, Жалолиддин ўтирган айвонга ўтган Киро хотун сўз очди:

 

– У зоти киром келгандан буён ҳар нени унутдингиз, ҳазратим. Менинг бор-йўқлигимни ҳам фаромуш этди деган ўйдан озурдаман. Бунчалик сукутингизнинг маъноси не экан?

 

Мавлоно чуқур тин олиб сўз бошлади: 

 

– Модомики, инсон экансан, модомики, эшита оласан, тафаккур қиласан ва сезасан... Буюк ҳақиқатни топиш учун кўнглингни ва идрокингни ишга соласан. Ҳисларингни ва топганларингни сўзлайсан. Агарчи сўзлай олмасанг, руҳинг восил бўлган сирларни шеърга соласан, соз ва само ила баён қиласан. Улар билан ҳам айта олмайдиган даражада буюк сир соҳиби бўлсанг, унда сукут сақлайсан, Киро хотун. Денгиз соҳилигача из бор. Денгизга киргандан кейин на из қолар, на нишон. Оллоҳнинг дўстлари – авлиёлардир. Хоҳла – Уни кўр, хоҳла – мени. Эй, саволларига жавоб излаётган киши, мен – Уман, У эса мендир!

 

Киро хотун унинг гапларини англашга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, ўзи қидирган жавобни топа олмади. “Бизнинг ақлимиз етмайдиган нима сир бор эканки, мендан ҳам сақлайсиз? Мадраса сабоқларини тарк этдингиз, муридларингиз ҳам илҳақ, қози ҳазратлари одам йўллаб чақирсалар ҳам бормадингиз, бул паришонлик хайр аломати эмас, ахир” дея нолиб ўрнидан турди; ичкарига кириб кетмоқчи эди, Жалолиддин яна сўз бошлади:

 

– Тингла, бир ривоят айтиб берай, балки шунда англарсан. Бир найчининг ажали етиб, жон берар чоғида биров ундан сўрабди: “Эй, сирлар уммони қаршисида турган нотавон, ҳолинг нечук, неларни ўйлаётирсан?” Найчи оҳ чекиб дебди: “Ҳолимни ҳеч айта олмасман, аммо сезяпманки, бир умр ел пуфлаб келибман, оқибатда эса тупроққа кетяпман, вассалом”.

 

Киро хотуннинг ажабланиб турганини кўрган Жалолиддин изоҳлаган бўлди:

 

– Мадрасада эл-улусга сабоқ беришим, ҳар мавзуда панду насиҳат қилишим, нутқ ирод этишим ва бошдан-охир ҳаётим ўша найчининг биргина афсусидан аъломиди?.. Алҳол, менга тааллуқли бўлган васфларнинг барчасини ўша биргина афсусга алмашган бўлар эдим. Тушуняпсанми, Киро хотун?! Шунча ўқибман-у, бир найзаннинг ақли етган маънони илғай олмабман. Англаганимда эди, жиллақурса, “Товус қушига ўхшаб фақат қанот ва думингга маҳлиё бўлавермай, баъзан оёқларингга ҳам қараб тур, Жалолиддин!” демасмидим?! “Дарахт соясида ўтиришни орзу қилавермасдан ниҳол эк, барака топкур!” демасмидим?! Тўй-ҳашамларда ясан-тусан қилган чоғим “Эй, зарбоф тўн ва олтин камар тақишга ўрганган одам, сенинг ҳам чоксиз либос киядиган кунинг келади, ҳушёр бўл!” демасмидим?! Нари борса, “Кўнглингни покламасдан, тинмай таҳорат олганинг нимаси!” демасмидим, хотун?! Эвоҳ! Мен шундай инсонларни кўрдимки, кийгани кийими йўқ; шундай кийимларни кўрдимки, ичида инсон йўқ. Шамс эса маънолар оламининг қуёши, ҳақиқат диёрининг меҳроби, англаяпсанми, Киро хотун...

 

* * *

Шамс Табризий билан Мавлоно Румий, уч ойдирки, ҳужрадан чиққани йўқ. Шайхлар фитна қўзғадилар. Бу одамнинг нимаси Мавлонони ўзига жалб қилди экан? На илми бор, на одоби. Уни назар аҳли ё кўнгил кўзи очиқ одам демоққа далил йўқ. Мавлоно дуруст иш қилмаётир...

 

Халқ ҳужра ёнига келиб баланд овозда суҳбатлашаётганда дарвоза очилиб ичкаридан Жалолиддин чиқди. Издиҳом орасидан жимгина ўтиб шаҳар томон йўл олди. Одамлар унинг ортидан эргашди. Мавлононинг бозор яқинидаги майхонага кириб кетганини кўриб ҳайратдан ҳангу манг бўлдилар. Кўп ўтмай, у қўлида бир тулум май билан чиқди ва яна ҳужрасига қайтди. Уни изма-из таъқиб қилиб келган оломон кимўзарга бақира кетди:

 

– Бу қандай бедодлик, бу қандай шармсизлик, фариштадек одамни шаробга ўргатибди-я!

 

– Шайхимизни бутунлай ўзига тобе қилиб олди. Унинг суҳбатини тинглаш тугул юзини кўришдан ҳам маҳрум бўлиб қолдик.

 

– Ирмоқ сомон чўпини оқизиб кетгани мисол шайхимизни йироқларга олиб кетди.

 

– Бу одам сеҳрбоз бўлса керак. Шайхимизни унинг жодусидан қутқаришимиз керак.

 

– Ким ўзи бу кас: на дину диёнатини биламиз, на кимлигини! Қаёқдан келди ул жодугар?

 

– Бутун халқни шайхимизнинг ваъзидан маҳрум қилди, юртдан файзу барака қочди.

 

– Сеҳргар майхўрнинг адабини бериб қўйиш керак!

 

– Жодугарга ўлим!

 

Қутурган оломон ҳужрага бостириб кирди. Танча устида турган шароб тулумини олиб ерга урган эдилар, ёрилиб ичидан гул шарбати тўкилди. Бутун ҳужра мусаҳҳар ифорга тўлди. Жаҳл отига миниб кирганлар бу нафис ҳиддан масту мулзам бўлиб чиқдилар. Қадим Кўниёни ишқ атри – беҳиштий мушк ифори тутиб кетди.

 

Бироқ эл оғзига элак тутиб бўлмас, наъраларни тўхтатиб бўлмас эди. Шамс бу дашномларни билгани боис оломон қаршисига чиқишдан ўзини тияр эди. Бир ёндан Жалолиддиннинг оиласида ҳам норизолик авж ола бошлаган, эл аро ёйилган фисқ-фасод уларнинг кўнглига ботаётган эди. Шу боис Шамс, Жалолиддиннинг илтижоларига ҳам қарамай, юртига қайтмоққа қарор қилди.

 

* * *

Ҳижрий 643 йил, шаввол ойининг сўнгги пайшанбаси. Шамс тонг саҳарда йўлга чиқди. Пайғамбар ёшини бўйлаган зотни дарбадарлик анча толиқтирган эди. Айниқса, Мавлонони “йўлдан оздирган”ликда айблаган жоҳил оломоннинг қутқусидан чарчаган эди. Кўниёнинг Шом дарвозасига етганида жаҳл отига минган оломон унинг йўлини тўсди. Не кўз билан кўрсинки, Мавлононинг илк завжаси Гавҳар хотундан туғилган ўғли Аловиддин ҳам кўзи қонга тўлган тўданинг олдинги сафида турар эди. Шамс юзини Кўниё томон буриб баланд овозда ашъор ўқий бошлади:

 

Ўлим куни қачонки тобутим равон бўлгай,

Гумон қилмагилки, кўнглимда дарди жаҳон бўлгай.

 

Менинг учун йиғлама ва демагил: “Дариғ, дариғ!..”

Девлар домига тушгайсан дариғ ҳамон бўлгай.

 

Жанозамни кўрсанг демагил: “Фироқ, фироқ!”

Менга висол ва мулоқот ўшал замон бўлгай.

 

Отасининг шаъни учун оёқланган Аловуддин ғазаб билан бақирди:

 

– Етар, бас қил, девона дарвеш! Падаримни жодулаганинг етар! Ул ҳазратимнинг кўнгли чақалоқнинг кўнглидек беғубор, поку бегидир. Сен унинг софлигидан фойдаланиб, ақлини олдинг. Биз сенинг сеҳру жодунгга ўйнайдиган гўл эмасмиз. Шаҳодатингни айт, агар қалбингда зарра қадар иймонинг қолган эса, зарра қадар диёнатинг бўлса!

 

Шамс қаттиқ изтироб ичида насиҳат қилмоққа чоғланди:

 

– Эй, муборак чашманинг оби зилоли! Бу қаттиғлиқни қаердан олдинг? Ким сенинг кўнглингга бундай бадгумонликни солди? Бизлар учун ўлмоқ асли янгидан туғилмоқликдир! Йиқилиш – юксалиш демакдир, кошки бунинг маънисини англай олсанг! Қуёш ботса, Ой кўрингай, кўрмасмисан? Ҳеч жаҳонда шамсу қамарни тупроқ остига кўмарларми? Сенга ботмоқ бўлиб туюлса-да, отмоқдир аслида; мени лаҳадга ҳибс айласанг-да, жон омон бўлғай, маъшуқига мунтазир бўлғай. Қай уруғ тупроққа тушиб кўкармади, ахир, билмасмисан? Нечун инсон уруғига бундай гумон қиласан? Жон Юсуфига чоҳ ичра нечун фиғон қилғай, англамасмисан?!

 

Оломон Шамснинг гапларидан ғалаёнга келди. Маржондек тизилган сўзлари таъсирига тушиб қолишдан қўрқиб, устига ёпирилди.

 

Қуёш оламни ёритганда тупроқ уятдан қизариб кетган эди. Булутлар лолагун, осмон ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Ёмғир шиддатидан уммонлар ўкраб юборди. Шамол ердан кўк тоқига буюк ишқ ифорини олиб учди. Шамс бошдан-оёқ сирга айланди. 

 

* * *

Шамси Табризий Мавлоно Румийга ойна бўлди. Мавлоно бул ойнада ўзини, қалбидаги Оллоҳга муҳаббатнинг тажаллисини кўрди. Мавлоно очилишга тайёр ғунча эди, Шамс насим бўлиб унинг очилишига имкон яратди. Мавлоно бир ишқ шароби эди, Шамс эса унга қадаҳ.

 

Эшитдимки, бизни ташлаб кетгали азм этибсан, этма!

Ўзга бир дил, ўзга бир дўстга майл этибсан, этма!

 

Сен ёт эллар оламида не изларсен, айт, эй бегона,

Қайси хастадилни қийнагали қасд этарсен, этма!

 

Ажратмагин бизни биздан, кетма ул элларга, ёбонга,

Бошқаларга боқма, назар этгали майл этибсан, этма!

 

Эй Ой, кўҳна фалак харобу паришон бўлмиш сен учун,

Бизни нечун бундоқ харобу паришон этарсен, этма!

 

Эй мақоми ломаконим, бор ила йўқлик ароси сен учун,

Сен маконни, бору будни тарк этармишсан, этма!

 

Сен кетсанг гар Ой на қилғай, кул бўлур ғамдан тайин,

Ойни ҳам харобу забун этгали майл этибсан, этма!

 

“Шамс Кўниёнинг Шом гузаргоҳида мутаассиблар томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилди” деган хабар Мавлонони гўё ақлдан оздирди. Мавлоно уйини тарк этиб, шаҳру қишлоқларни кезиб Шамсни қидирди. Ўтган-кетгандан уни сўради. Бир одам “Шомда кўрдим”, деди. Мавлоно бу хабарга суюнчи сифатида устидаги кийимини, салласини берди. Яқинлари “Бу одам ёлғон айтяпти, у Шамсни танимайди” деса, Мавлоно “Тўғри айтаётирсан, у ёлғон гапиряпти, шунинг учун кийимимни бердим. Агар рост гапирганида жонимни берардим-ку!” деди.

 

Шамс ғойиб бўлгач, Мавлоно икки марта Шомга борди. Уни бетиним қидирди, сўради-суриштирди.

 

“Уни тасвирлаб бер-чи!” деганлар Мавлонодан бундай жавоб олар эди:

– У… у – бепоён денгиз, мен эса тубидаги бир чиғаноқман. У – чексиз осмон, мен эса уфқдаги бир чизги... Унинг ҳар сўзи алоҳида бир дунё. Сўзларининг маъно қатларида инсон ҳам бор, ҳам йўқ бўлиб кетади... Шамс – сарҳадсиз олам. У – макон ва замонлар аро мудрик йўловчи. Коинотнинг қай буржидан боқсангиз, уни кўрасиз. Гоҳ авлиё, гоҳ мўътабар шайх, гоҳо майхўр машшоқ, гоҳ олиму орифлар султони, гоҳо телба ошиқ либосида сарсон-саргардон... У баъзан битта инсон, баъзида миллиард инсон... У – мен, сиз, ҳамма... Шамс бутун; унда Шарқ ҳам, Ғарб ҳам, Жануб ҳам, Шимол ҳам – бутун олам мужассам. Гоҳ қалдирғочнинг қанотида осмонларга кўтарилади, гоҳ бола табассумида, гоҳ аёлнинг кўзёшларида пайдо бўлади. У денгиздек жўшади, шамол каби эсади, сел бўлиб ёғилади ва қаҳ-қаҳ отади. Тоғлар унинг олдида заррага айланади, баъзан унинг ўзи қум заррасига айланиб оёқлар остида эзилади...

 

Мавлоно Шамсни диёр-диёр қидирмоқнинг абаслигини англади. Йўқламаган, сўраб-суриштирмаган кишиси қолмади. Кейин... кейин эса у қалбан буюк бир таслимиятни ҳис қилди. Шамсни қаердандир эмас, ўзидан қидирмоғи кераклигини англади:

 

– Мен уни жисман тополмадим, тополмадим пири шарифни... Аммо англадимки, у менда, унинг нури менинг руҳимда. Уни қидирганлар дашту саҳродан излаб овора бўлмасинлар. У нур менда...

 

Мавлоно ўнг қўлини кўкка, чап қўлини ерга узатиб рақси самони бошлади, самолардан найнинг ипакдек майин ва фараҳбахш оҳанглари таралди. Мавлононинг тилидан тўкилаётган сўзлар шеър бўлиб оламга ёйилди:

 

Биз севсак гар, ер бўламиз,

Биз севсак гар, сел бўламиз. 

Биз севсак гар, лол бўламиз,

Биз севсак гар, жон бўламиз.

 

Кўкда момоқалдироқ гулдуради. Булутлар бағрини чок қилиб чақмоқ чақнади. Ёмғир шаррос қуйди. Мавлоно жўшиб-жўшиб, ҳўнграб-ҳўнграб, ўзидан кечиб-кечиб айланар эди. Кўк тоқидан эса маънолар султони, Мавлононинг мўътабар ҳабиби, пири аржуманди Шамс ҳазратларининг муборак саси ёмғир бўлиб ёғилар эди:

 

Баъзан узоқлашмоқ керак яқинлашмоқ учун,

Баъзан эсламоқ керак эсланмоқ учун,

Баъзан йиғламоқ керак очилмоқ учун,

Баъзан сукут яхшидир тингламоқ учун...

 

Маъруфжон ЙЎЛДОШЕВ

 

Tafakkurжурнали, 2023 йил 2-сон.

“Шамс ва Мавлоно” икки баҳр туташуви қиссаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//