Инсонни бундай хўрлаш дунёнинг яна қаерида бор? – Шароф Бошбеков


Сақлаш
21:48 / 01.08.2023 746 0

 Эски қоғозларимни титкилашни яхши кўраман. Бу мени

босар-тусарни билмай, кеккайиб кетишдан сақлайди, ҳовуримни босади.

“Анов мавзуда биринчи бўлиб мен ёзганман, манов гапларни шу вақтгача ҳеч ким айтмаган” қабилидаги ўйларимни пучга чиқариб, каминани сохта қаҳрамонликдан асрайди. Илгари ҳозиргидан ақллироқ бўлганманми, билмайман, мен янги деб ҳисоблаган мавзуни бир вақтлар ёритган, бу гапларни ўттиз-қирқ йил муқаддам айтган бўлиб чиқавераман. “Ҳар қандай янгилик – унутилган эскиликдир” деганлари тўғри шекилли. Ўттиз йил аввал ёзганларимни “Мозийдан сабоқ” деб атадим. Чунки ўтмишдаги хатолардан керакли

хулосалар чиқара олиш – фазилатдир.

Муаллиф

 

Буюк мақтанчоқлик

 

Тақдири азал қитъа, мамлакат ва ўлкаларни тараққиёт йўлининг турли бекатларига сочиб юборган – биров олдинроқда, биров кейинроқда. Худо ҳаққи, жуда-жуда билгим келади: биз қаердамиз? Қаёқдан келдигу қаёққа кетяпмиз? Биз киммиз ўзи?..

 

Бизда ҳамма нарса буюк: мамлакатимиз – буюк, доҳийларимиз – буюк, оға халқ – буюк, мақсад ва вазифаларимиз – буюк…

 

Мақтанчоқлигимиз ҳам буюк. Дунёдаги бирорта мамлакатда ҳеч ким бизчалик оғиз кўпиртириб мақтанолмаса керак! Битта-иккита одам эмас, бутун жамият, мамлакат мақтанади! Ҳушидан кетиб қолгунча мақтанади!

 

Ҳаммаси ўшанда бошланди: “Биз дунёдаги энг инсонпарвар, энг адолатли жамият қурамиз!” деб оламга жар солдик. “Бугунги авлод коммунизмда яшайди!” деб бонг урдик. Аввал социализм қурдик, кейин унинг “ривожланган”, “жуда ривожланган”, “жуда-жуда ривожланган”, “чидаб бўлмас даражада ривожланган” босқичларини босиб ўтдик. Энди “қайта қуриш”ни қуряпмиз...

 

Хуллас, мақтаниш бобида ҳеч ким олдимизга тушолмай қолди. Чатоқ жойи шундаки, биз мақтанишга кўникиб кетдик. Нима ҳам бўлиб бир кун мақтанмай қўйсак, ўзимиз ҳам ҳайрон бўламиз...

 

Мақтанишнинг турлари кўп ва ранг-баранг бўларкан. Масалан, “Бизнинг заводда мунча миллат вакили ягона оила фарзандларидек меҳнат қилади”, деймиз. Қизиқ, шу заводда фалон миллат вакили меҳнат қилаётганидан бирон амалий фойда борми? Шу билан меҳнат унумдорлиги ошиб қоладими? Ёки маҳсулоти бошқа заводларникига қараганда сифатлироқ бўладими? Йўқ, албатта. Унда нега мақтанамиз? Америкада ҳам, Германияда ҳам, Францияда ҳам ҳар хил миллат вакиллари ишлайди, лекин ҳеч ким мақтанмайди. Қизиқ...

 

“Чайқовчи ва юлғичларга жамиятимизда ўрин йўқ!” деймиз. Бир тасаввур қилинг, чайқовчилар бўлмаса қай аҳволга тушар эдик. Шуларнинг борига шукр, бутун мамлакатни зарур буюмлар билан таъминлаб турибди. Совет иқтисодиётини шулар елкасида кўтариб юрибди-ку! Одамлар у йўқ-бу йўқ деб нолигани нолиган. Нима керак? Масалан, япон аппаратларию Бельгия пальтоси, фин этигию Эрон гилами, хориж машиналарининг қайси туридан бўлсин? “Вольво”ми, “Тойота”ми, “Мерседес”ми? Ўзингиз миниб кетасизми, уйингизга олиб бориб берайликми? Гап йўқ!.. Бу қадар яхши йўлга қўйилган таъминот яна қаерда бор? Отасига раҳмат, ҳукумат қилолмаган ишни шулар эплаяпти. Тўғри, “шапка”си бор. (Қаранг, “дўпписи” эмас, “шапкаси” дейилади. Чунки шапка дўппидан анча кейин пайдо бўлган-да!) Нима қипти, борига хурсанд бўлаверсангиз-чи! Хўп, уларга қарши курашдик, Олой бозорида мелиса рейд ўтказди ҳам дейлик. Оқибати нима бўлади? Чайқовчи ҳам йўқ бўлади (вақтинча, албатта), ўша топилмас мол ҳам. Йўқ қилишга ҳамма уста, бор қилиш қийин. Чайқовчиларни бозорма-бозор қувиб юргунча, уларни бир жойга йиғиб, шартнома тузилса бўлмайдими? Чайқовчилар олий мактаби очиб, зарур бўлса чет элларга тажриба алмашишга юборсак борми, ҳаммаёқ тўкин-сочин бўпкетарди!

 

Мақтанчоқлигимиз билан ҳаёт ҳақиқати ўртасидаги тафовутни чуқурроқ ҳис қилиш учун хўжаликларимиз номларини эслаб ўтиш кифоя: “Коммунизм”, “Социализм”, “Ленин йўли”, “Победа” (“Ғалаба” эмас!), “Октябрь” ва ҳоказо. Ҳозир борми-йўқми, билмайман, болалигимизда “Ленин васияти” деган хўжалик бўларди. Одамлар у ёқда турсин, ҳатто сичқонлар ҳам ҳасса таяниб юргувчи эди. Беихтиёр, Ленин шунақа ҳаётни васият қилиб кетган экан-да, деган ўйга боради киши. Қизиқ, хорижда хўжаликларга ном қўйилмас экан: ё рақами бўлади, ё эгасининг номи билан аталади. Қаранг, номи йўқ – пули кўп! Бизда пули йўқ – номи фалакда: “Гагарин”, “Титов”, “Терешкова”, “Уч қаҳрамон”!.. Сирдарёни Бойқўнғирнинг филиали бўпқопти, деб ўйлайсиз. Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Иштонсиз деган қишлоқ бор. Тарихан шундай аталиб келган, одамлар ҳам кўникиб кетган, ҳеч ким ажабланмайди. Йўл бўйида машина пойлаётганлар қўл кўтариб бақиради: “Ҳў, шопир бола, Иштонсизга опкет!” Ана, колхоз-совхозларга шунақа номлар бериш керак. Чунки кўпчилик хўжаликлар қулоғигача қарзга ботиб, тўлагани иштониям қолмаган.

 

Мос ном қўйишда ҳикмат кўп. Мен, масалан, шундай номларни таклиф қилган бўлардим: “Ялангоёқ”, “Шўрлик”, “Яланғоч”, “Бечора”, “Ғариб”, “Фақир” ва ҳоказо. Гадой деган қишлоқ бор. Нега энди “Гадой совхоз” ёки “Гадой колхоз” дейиш мумкин эмас? Одамларга ҳам қулай. “Маркс” колхози десангиз, савол туғилади: қайси туманда у? Тўғри-да, “Маркс”дан кўпи борми! “Гадой совхоз” – ҳаммага тушунарли.

 

Партия съездлари номи билан аталган колхоз ва совхозларни-ку гапириб ўтирмайман. Ҳар бир шунақа анжумандан кейин халқ бошига қандай кулфатлар ёғилажагининг исботидай “ХХ партсъезд”, “ХХI парт­съезд”, “ХХII партсъезд” деган бир-биридан қашшоқ хўжаликлар бодроқдай потирлаб кетади. Бутун дунёга кулги бўлмаймизми?! Ўйлаб кўринглар, Ворошилов, Калинин, Куйбишев, Фрунзе, Горький (Ўзбекистонда Горький номидаги учта театр камлик қилгандай!), Дзержинский, Свердлов, Пушкин каби номларнинг ўша хўжаликка нима алоқаси бор? Ўзбеклар томонидан номи абадийлаштирилмаган фақат Кремлнинг ошпази қолди, холос!

 

Баъзан шу даражага етамизки, мақтаниш алжирашга айланиб кетади. Илм аҳли Лисенко деган ирсият (генетика) фанининг кушандасини яхши билади. Қирқинчи-эллигинчи йилларда шу одам бир қанча алмойи-алжойи “кашфиёт”лар қилган. Қаранг, ҳатто табиатни ҳам “социалистик йўл”дан юришга мажбурламоқчи бўлди-я! Ё қудратингдан!.. Оқибатда бу фан эллик йиллар ортда қолди. Бўрттириброқ бир мисол келтираман: мана, ошқовоқ уруғи. Шуни капиталистик мамлакат тупроғига эксангиз ҳам ошқовоқ чиқади, социалистик заминда ҳам. Тўғрими? Нотўғри! Социалистик тупроқда ундан нок ўсиб чиқиши керак! Бу – фанда ишчи-деҳқон жамияти манфаатига бўйсундирилган янги йўналиш эмиш!..

 

Мактабда бизнинг миямизга тинмай қуйишарди: “Социализмда инқироз бўлмайди, чунки иқтисодиёт режали ривожланади” деб. Тўғри, уларда иқтисодиёт режасиз ривожланади, бизда беш йилликларга бўлиниб, қатъий режа асосида... инқирозга юз тутади! Американи қувиб етиб, ўзиб ҳам кетмоқчи бўлдик. Энди билсак, улар тўхтаб, бизни кутиб турса ҳам етолмас эканмиз… Лекин қасам ичганмизми, билмайман, мақтанишдан ўзимизни сира тўхтатолмаймиз: “Бизнинг ер майдонимиз уларникидан мунча баробар кўп!”

 

Москвалик ҳамкасбим бир воқеани гапириб берди. Америкага борганида уч-тўрт киши итларга мўлжалланган дўконга кириб қолишибди. Бир ёқда – қишлик, ёзлик, баҳорлик, кузлик либослар (итларга-я!). Нариги бўлимда уй жиҳозлари – ётоқ, дам олиш хонаси, ошхона, болалар хонаси учун мўлжалланган мебеллар. Бир томонда махсус сартарошхона, сауна, буфет. Егуликларни-ку қўяверасиз. Ўйинчоқларнинг сон-саноғи йўқ эмиш. Шунда шерикларидан бири Горький қаҳрамонининг машҳур иборасини бир оз таҳрир билан айтиб юборганини ўзи ҳам билмай қолибди: “Собака – это звучит гордо!”

 

Биз барибир бўш келмаймиз! Итга дўкон очиш ҳам гапми! Истасак биз ҳам очиб ташлаймиз, агар пештахтага қўядиган суяк тополсак...

 

Газетада ўқиб қоламиз: Ҳолландияда бир марта фойдаланадиган эмлаш игналари ишлаб чиқарилаётган эмиш. Қонда бор эмасми, дарров оғзига урамиз: “Нима бўпти? Бизда ҳам, масалан, бир марта ишлатиладиган комбайнлар ишлаб чиқариляпти!” Радиодан эшитиб қоламиз: “Японияда олимлар ўта мустаҳкам маъдан ўйлаб топибди”. Яна мақтанамиз: “Кеч қолишибди! Биз аллақачон ихтиро қилиб қўйганмиз. Икки минг даража иссиққа ҳам чидайди, кислота ҳам таъсир қилмайди, ҳар қандай емирувчи зарраларнинг ўзини емириб ташлайди. У – совет кишисининг ошқозони! Ҳозир космонавтикада ишлатяпмиз!”

 

Жиддий гапирадиган бўлсак, “чириб бораётган” капитализмга қараб туриб, одамнинг бирам “чиригиси” келиб кетади-ей!..

 

Яқинда икки фарзандимнинг баҳслашаётганини тасодифан эшитиб қолдим: “Бизнинг мактабимиз зўр!” “Бекорларни айтибсан, бизники зўр – беш қаватли!” Э худо! Бу норасидаларга қачон юқақолди мақтанчоқлик?! Қўрқиб кетдим…

 

Агар синчков ўқувчи аҳамият берган бўлса, ушбу мақолада ҳам мақтанчоқлик бор. “Жуда кўп иллатларимиз ҳақида гапиришим мумкин эди-ю, лекин айтмадим – бошқаларнинг олдида обрўйимиз тўкилмасин дедим. Кўрдингизми, мен қандай ватанпарварман!” деган маъно сезилади. Нима қилай, мен ҳам шу мақтанчоқ жамиятнинг бир мақтанчоқ аъзосиман-да. Ундан ортиб қаерга ҳам борардим!..

 

 

Буюк қўрқоқлик

 

Бизда ҳамма нарса буюк. Мамлакатимиз – буюк, доҳийларимиз – буюк, оға халқ – буюк, БАМ – буюк, дўстлигимиз – буюк, вазифаларимиз – буюк…

 

Қўрқоқлигимиз ҳам буюк.

 

Бир куни ер қаттиқ қимирлаб қолди. Каттаю кичик ур-тўполон билан ташқарига отилди. Жумладан, камина ҳам. Ким бақирган, ким чақирган – ит эгасини танимайди. Ваҳиманинг зўрлигини қарангки, кичкинамиз уйда қолиб кетибди. Ҳамма чиқиб бўлган, деб ўйлаганмиз-да. Зилзила тўхтаб, ҳаммаёқ тинчиганидан кейин уйга кирсак, кичкинтойимиз қиқирлаб кулиб ўтирибди. “Ҳа, қўрқмадингми?” десак, “Йўқ, катайса бўлди” дейди. Менга у худди бизнинг устимиздан кулаётгандек туюлди. Ўшанда мен – кап-катта одам – шу норасидага қанчалик ҳавас қилганимни билсангиз эди! У қўрқмади! У кулди! Катталарнинг қўрқоқликка йўғрилган дунёсидан кулди...

 

Нуроталик дўстимнинг ҳикоя қилишича, ёши саксондан ошган Алиқул деган чўпон бор экан. Шу чолнинг невараси чегара қўшинида хизмат қилибди. Уни итбоқар қилиб қўйишибди. Биласиз, чегарада итнинг хизмати беқиёс. Нимаям бўлиб, зобитлардан бири кайф устида битта кучукваччани босиб олибди. Йигит кучукваччанинг синган оёғини даволабди, боқиб парвариш қилибди. Ит тузалиб кетибди-ю, лекин барибир оқсоқ бўлиб қолибди. Шунинг учун ҳисобдан чиқариб ташланибди. Йигит бўлса унга ўз овқатидан бериб боқаверибди. Икки йил ичида итмисан – ит бўлибди. Хизмат тугаб, йигит уйга отланса, ит ҳам унга эргашибди. Ҳайдаса ҳам кетмасмиш. Йигит, хуллас, йўловчию проводниклар билан жанжаллаша-жанжаллаша итни Нуротага олиб келибди. Алиқул бобо қарайдики, абжир, чаққон, ҳушёр ит. Хурсанд бўлиб, отарга пойлоқчи қилиб қўйиб­ди. Ҳаммаси яхши-ю, битта чатоқ жойи бор экан-да: кўппак ўзбек тилини мутлақо “тушунмасмиш”! (Ҳарбийда фақат ўрисча гаплашилади-да.) Алиқул бобо тажанг. Кейин ўйлаб-ўйлаб, неваралари ёрдамида қўлбола луғат тузиб олибди: “ёт – ложись”, “тур – встань”, “қайт – назад”, “югур   –   бегом”, “олға – вперёд”, “бас қил   –   кончай” ва ҳоказо. Шунда дўстим “Қариганда ўзингизни қийнаб нима қиласиз, овқат-повқат бериб ўзбекчага ўргатиб олсангиз бўлмайдими?” дебди. Алиқул бобо айбдорона кулимсираб, “Қўявер, болам, ўзи уч-тўрт оғиз гап экан, шуни деб ит билан тенг бўлиб юраманми”, деганмиш. Ҳозир замон бошқа, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган, қўрқмай ўзбекча гаплашаверинг, дейишса ҳам бобоси тушмагур сира унамасмиш. Қаранг, чол бечора ўрис тилига ҳурматсизлик қилиб қўяманми, деб қўрқади...

 

Ҳа, қўрқоқлик қон-қонимизга сингиб кетганини ўзимиз ҳам энди-энди англаб етяпмиз. Англашга англаяпмиз-у, лекин ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, ҳамон билиб-билмай қўрқаверамиз. Ҳатто қўрқишга кўникиб ҳам кетганмиз. Бир мисол келтираман, ўзингиз ҳам тўппа-тўғри деб юборасиз. Агар муҳимроқ гапимиз бўлса, телефондаги суҳбатдошимизга “Бир учрашайлик, бу телефонда айтиладиган гап эмас” деймиз. Ваҳоланки, ёнимизда ҳеч ким йўқ. Гапимизни деворнинг нарёғидаги қўшнимиз ҳам эшитолмайди. Кимдан қўрқамиз? Ҳа, баракалла! Суҳбатимизни учинчи бир одам эшитиб туриши мумкинлигидан қўрқамиз. Ким билсин, балки ҳеч ким эшитмас, лекин барибир қўрқаверамиз…

 

Идора даҳлизида бир ёзувчи дўстим билан гаплашиб турибмиз. Бошқа ҳамкасбимиз келиб, биз билан сўрашди. Мен билан суҳбатлашиб турган одам гапидан таққа тўхтаб, то у кетгунича индамай турди, сўнг огоҳлантирувчи оҳангда шивирлади: “Одамни билиб бўлмайди, ким билсин, балки “қуда томон”дандир...” Танишимиздан қўрқамиз – чунки у таниш; бегонадан қўрқамиз – чунки у нотаниш. Не-не чақувларни, не-не “думалоқ хат”ларни кўрган халқмиз. Қўрқув йиллар давомида, аста-секин онгимизга сингдирилди. Натижада кўзларимиз олазарак бўлиб, тиззаларимиз қалтирашга мослашди…

 

Ичкиликбозликка қарши кураш йиллари. Халқлар дўстлиги шоҳкўчасидаги бир дўконда арoқ шундоқ турибди; навбат ҳам йўқ, ур-тўполон ҳам. Бу сотиладими, деб сўрасам, ёқимтойгина сотувчи қиз “Ҳа, фақат тўй ва дафн маросими учун сотилади!” деди. Ё қудратингдан, шунақаси ҳам бор эканми?! Ўзбекнинг жанозасига оддий сурп кафанлик сотиладиган битта ҳам дўкон йўқ, “катта оғамиз”нинг дафн маросимига арoқ – марҳамат! Нега ахир, нега?! Чунки қўрқамиз!.. Эвоҳ, мурдани кафанлашга қўрқсак, чақалоқни бешикка белашга қўрқсак – бу қандоқ кўргилик ўзи?!

 

Дафн маросимига арoқ сотиладиган дўкондан чиқар эканман, бундан тўрт-беш йил муқаддам бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушиб кетди. Ичкиликбозликка қарши кураш айни авжига минган, бир ҳўплам пиво ичганниям қора машинага тиқиб олиб кетиб қоладиган вақтлар. Таниқли ўрис ёзувчисининг дафн маросимидан қайтаётган эдик. Одамлар ҳам “чанқаб юрган” эмасми, арақ мўл – яхшигина “хотирлаган”миз. Юрак қурғур така-пука. Аксига олиб биз келаётган кўча бошида миршаб турибди-да! Рўпарамизга келиб “Нима гап?” деб ўдағайлади. Унга бир гап айтдик. Ишонасизми, шу заҳотиёқ миршабнинг юзи ўзгарди, бирпасда хушмуомала бўлиб қолди. Ҳатто чорраҳада мошина тўхтатиб, бизни ўтқазиб юборди. Агар Ўзбекистон Олий Кенгашининг гувоҳномасини кўрсатганимизда ҳам миршабга бунчалик таъсир қилмаган бўларди. Бу сеҳрли сўз нима экан деб ҳайрон бўлаётгандирсиз? Унга “Фалончининг поминкасидан келяпмиз” деган эдик, холос. Қаранг, ўша вақтда ҳам бизга тақиқланган нарса уларга бемалол эди, ўз урф-одатларини ҳеч сиқилмай адо этиб келишарди. Қизиқ, биз ўзбекмиз, миршаб ўзбек, қўрқишимиз ҳам ўзбекона...

 

Қўрқиш бизга йўргакда теккан. Ўзимизнинг бешикдами, инқилоб бешигидами, аммо эсимизни танигандан бери қўрқиб яшаяпмиз. Баъзан қўрқишни соғиниб ҳам қоламиз: “Замон айниб кетди, битта Сталин керак”. Гоҳида қўрққанимиздан фахрланиб ҳам қўямиз: “Брежнев даври яхши эди, дўконларда ҳамма нарса мўл-кўл бўларди”. Бу дарддан қандоқ қутулсак экан-а? Очиғи, ундан қутулишдан ҳам қўрқамиз…

 

Нега, масалан, маҳалламизнинг туппа-тузук Кўкдала деган номини ўзгартириб, Водородная қилиб қўйишади, деб сўрагани қўрқамиз. Водород бомбасининг устида ўтиргандай қалтираб яшайверамиз. Боксёрская деб қўйишади – индаёлмаймиз. Кейинги етти-саккиз йил ичида халқимиз шимолдан келган не-не “боксчилар”ни кўрмади, уларнинг не-не зарбаларига дош бермади! Нега барча жумҳурият ва вилоятлардаги бош майдон албатта Ленин номи билан аталиши керак? Бу гапни айтишга ҳам қўрқамиз. Дейлик, шу номдаги майдон битта, Москвадагина бўлса нима қилади?!

 

Бизни маданиятсиз ҳисоблашларидан қўрқдик. Шунинг учун болаларимизни ғижжак, дутор, чанг, рубоб эмас, маданиятли бўлади деб пианино, скрипка, кларнет чалишга ўргатдик. Хоҳламаса ҳам уриб-сўкиб мажбур қилдик. Дунёни ҳайратга солгудек созанда чиқмаса-да, баҳолиқудрат “ғита-ғита” қилиб юришибди, асосийси – “маданиятли” бўлдик! Хонтахта атрофига кўрпача ташлаб, ёстиққа ёнбошлаш ўрнига стол-стулга ўтирадиган бўлдик – қолоқ дейишларидан қўрқдик. Минг йиллик урф-одатларимизга риоя қилишдан уялдик. Маданиятни қошиқ-санчқи, қандилда деб билдик. У қандай маданиятки, истасангиз сотиб олиб, ёқмаса яна сотиб юбориш мумкин бўлса?! Тарихимизни холис баҳолашга қўрқдик. Буюк боболаримиз билан фахрланишдан қўрқдик.

 

Шаҳарнинг у ер-бу ерида тўрт-беш қаватли бино қадар улкан шиорларга кўзингиз тушгандир: “КПСС – давримизнинг ақли, виждони ва номусидир!” Вой, бу виждоннинг катталигини-ей! Ҳар бир ҳарфи нақд фазо кемасидай келади-я! Ақлини айтмайсизми, ақлини!.. Бу шиорлар ишончу эътиқоддан битилган деб ўйлайсизми? Адашасиз. Шиорнинг орқасига ўтиб қаранг – ахлатхона бўлиб ётибди, ўшани бекитиш учун тўсиқ сифатида осилган. Қўрқамиз-да. Шу сабабдан ҳам уят жойимизни “ақл, виждон ва номус” билан бекитамиз. Қўрқоқлик одамни не кўйларга солмайди дейсиз...

 

Қизиқ жойи шундаки, фақат биз қўрқаётганимиз йўқ, биздан ҳам қўрқишади. Ким хорижга сафар қилган бўлса ҳужжатларни расмийлаштиришу турли идораларга қатнаш, чегарадаги хўрликларни яхши билади. Инсонни таҳқирлашнинг бундан мукаммалроқ усулини ҳали ҳеч ким кашф этолмаган бўлса керак. Йўқ, уларга ёқмаганингиз ёки сизни ёмон кўргани учун қийнаётгани йўқ – сиздан қўрқишади! Худди чамадонингизга давлат сирини босиб кетаётгандек қарашади. Бир нарса олиб кетмасин деб қўрқишади (худди опкетадиган нарса бордай!), келаётганда бир нарса олиб келмасин деб...

 

Ҳужжатимизни уйда унутиб қолдирганда газета-журнал редакцияларига киролмай овора бўлишлар-чи? Хўп, радио-телевидениеда қимматбаҳо аппаратлар бор, лекин редакцияларда биз, ёзувчилар ўғирлаб кетадиган нима бор? Ҳеч вақо йўқ – нуқул қоғоз, лекин барибир қўрқишади. Қадимда дўконлар қулфланмас экан деб эшитганмиз. Бизда эса фаррош пол латтани ҳам қулфлаб кетади...

 

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега “Совет Ўзбекистони”, “Совет Қозоғистони” дейилади? Оддийгина қилиб Ўзбекистон ёки Қозоғистон дейилса бўлмайдими? Ё одамлар бу қайси Ўзбекистонлигини билмай адашиб қоладими? Йўқ, албатта. Қўрқилади. Шунинг учун ҳам юраги ёрилгудай ҳовлиқиб Ўзбекистондан олдин “совет” айтиб қолинади.

 

Газеталаримизнинг номи ҳам бир қайнови ичида: “Сирдарё ҳақиқати”, “Тошкент ҳақиқати”, “Жиззах ҳақиқати”; етмаганига   –   “Правда Востока”! Қаранг, ҳар бир вилоятга алоҳида-алоҳида ҳақиқат насиб қилибди! Наманганнинг ҳақиқати Жиззахга тўғри келмайди, Андижонники – Тошкентга ва ҳоказо. Қишлоққа алоҳида ҳақиқат тегибди (“Қишлоқ ҳақиқати”). Аҳолини гўшт, сут, тухум ва ҳақиқат билан ўз вақтида таъминлашга астойдил бел боғланган кўринади. Ё одамлар ҳақиқатсиз қолиб кетишидан қўрқиладими? Эҳтимол... “Совет Ўзбекистони” деган ҳурматли газетамизнинг номидан ҳам жасорат, дадиллик ҳиди келаётгани йўқ. “Ҳур Ўзбекистон” деб номланса ҳам бўларди, бироқ чиндан ҳур бўлиб кетишимиздан қўрқилади.

 

Миллатлар ўз заминидан озиқланиб, ўзлигини таниб, ақл-ҳушини англаб қолмасин деб ҳар бир республикада опера ва балет театрлари очиб қўйилган, деган ўйга борасан киши. Йўқса, улар ўзбек миллий театрларини сиқиб қўйиш эвазига ташкил этилганини қандоқ тушунмоқ керак? Санъат ва маданият соҳасида тенглик бўлса, нега Эстония ёки Украинада “Шашмақом” ансамбллари тузилмайди? Ахир, мақом санъати операга нисбатан қадимийроқ, мусиқий бўёқларга анча бойроқ-ку! Умуман, бундай театрлар керакми-йўқми, деган масалани қўйишга биз қўрқамиз, эшитгани – мутасаддилар. Ўзбекистонда битта эмас, бундай кошонадан иккитаси бор. Энг яхши бинолар уларга ажратилган. Масалан, Самарқанд опера ва балет театрини олинг – биномисан бино! Ваҳоланки, бошқа ўзбек миллий театрларининг моддий аҳволи ниҳоятда ночор, кўплари гадоларча кун кўряпти... Аммо миллий маданияти учун қайғурадиган ҳар бир инсонни “Нега? Нега?” деган савол қийнамайдими? Қийнайди. Лекин айтгани юрак қурғур дов бермайди…

 

Нега одамлар турли катта-кичик йиғин ва анжуманларга ўз миллий кийимимизда, айтайлик, хром этик, оқ яктак ёки тўнда келмайди? Кийгани биз қўрқамиз; кийса нима бўлади, деб улар қўрқади…

 

Шу тобда миллий либос билан боғлиқ бир воқеа эсимга тушиб кетди. Машҳур XVI пленумдан кейин битта раҳбар (хоним) Самарқандга борибди. Талабалар ётоқхонасида ўзбекча лозим кийиб юрган қизларни кўриб тутақиб кетибди ва… ечишни буюрибди! Қайта қуриш бошланганига шунча вақт бўлибди-ю, лекин нега ишимиз олға силжимаяпти, деб кўп ўйлайман. Энди англадимки, биз қайта қуришни... иштондан бошлаган эканмиз!..

 

Ҳа, қўрқоқлик – даҳшатли куч! У кишини ҳар қандай тубанликка етаклай олади. Қўрқоқлик ҳукм сурган замонда муқаддас нарсалар оёқости қилинади, иймон дарз кетади, эътиқод парчаланади! Қўрқоқлик шармандали афғон уруши, ҳалокатли Чернобилга олиб келади. Унинг кўлами, даҳшатли оқибатлари қўрқоқларча бекитилади. Халқ – ҳокимиятдан, ҳокимият – халқдан қўрқади. Бу – Ер ўз ўқидан чиқиб кетиши, Қуёшнинг сўниши, оламни зулмат қоплаши билан баробардир!

Минг афсуски, биз барибир қўрқишдан чарчамаяпмиз. Ўнгга қарашга қўрқамиз, сўлга қарашга қўрқамиз. Қўрқиб­уялиб, қўрқиб-фахрланиб, қўрқиб-шодланиб, қўрқиб-мақтаниб, қўрқиб-қийналиб, қўрқиб-кулиб, қўрқиб-йиғлаб яшайверамиз… Шуниси алам қилади...

 

Тан олиш керак, ушбу мақолада ҳам қўрқоқлик сезилиб турибди. Нега десангиз, жуда кўп бошқа қўрқоқликларимиз ҳам борки, улар ҳақида очиқ, баралла айтишга қўрқдим. Нима қилай, мен ҳам шу қўрқоқ жамиятнинг қўрқоқ аъзосиман-да...

 

 

Буюк бахтиёрлик

 

Бизда ҳамма нарса буюк. Бахтиёрлигимиз ҳам...

 

Менимча, дунёда бирон мамлакат раҳбари йўқки, биздай ювош, беозор ва энг асосийси, сал нарсага бахтиёр бўлиб кетаверадиган халқни орзу қилмаган бўлсин! Ахир, ўзингиз ўйланг, хотинимиз икки юмалоқ кирсовун топганига ўзида йўқ шод. Ҳамкасбимиз боласини боғчага жойлаштирганидан шунақа бахтиёрки, бир тоғора сомса қилиб анчадан бери хафалашиб юрган қариндошиникига бориб келади. Бўш автобусни кўрсак ҳам бахтли бўлиб кетаверамиз. Бирон идорага илк боришда ишимиз битса хурсандмиз. Сотувчи жилмайиб кутиб олса севиниб кетамиз. Майли, ҳеч нима бермасин, ҳеч нима олмайлик, қайтимиям садақа, лекин жилмайди-ку! Уни айтасиз, бир кило мих олсак ҳам бахтлимиз. Тўғри, мих жониворнинг икки томонидаям “қалпоғи” бор, лекин топилди-ку бу зорманда! Шунгаям дўппимизни осмонга отамиз. Албатта, бошқа юрт раҳбарлари ҳавас қилади-да. Бунақа фуқаронинг бошидан сув ўгириб ичса арзийди.

 

У ёқ-бу ёққа сафарга чиққанда, ошна-оғайнига нима совға олсам экан, деб бош қотириб ўтирмаймиз. Хотинга битта суварак ўлдирадиган дори олиб келсангиз бўлди – севинганидан бўйнингизга осилиб олади. Мактабда ўқийдиганига битта қалам, боғчадагисига тўғноғич, бешикдагисига бир шода кўзмунчоқ олиб келсангиз ҳамма шод, ҳамма бахтиёр! Дўстингизга бир қути сигарет совға қилсангиз, эвазига чойхонада ош қилиб беради. Мен, масалан, иш билан Москвага борганимда бошлиғимизга бир қути қоғоз қистиргич (скрепка) олиб келиб, икки ойдан кейин бўлим бошлиғи бўпкетганман.

 

Уруш ногирони қонунда белгиланган “Запорожец”ни порасиз олганига хурсанд. “Тез ёрдам” вақтида келса, дорихонадан тумовдори тополсак, қассоб гўштни суяксиз тортиб берса ҳам бахтли бўлиб кетаверамиз. Юз сўмлик, эллик сўмлик қоғоз пуллар алмашганда “Менда пул йўқ!” деб хурсандлигидан сакраганларни кўрганман...

 

Пионерлик бўйинбоғини тақиб қўйишганда жуда бахтиёр бўлиб кетганим эсимда. Энди ҳайрон бўламан – нега севиндим? Нима, бошқача бўлиб қолдимми, менга атрофдагиларнинг муносабати ўзгардими, яхши кийиниб, яхши еб-ичадиган бўпқолдимми? Ёки қўшни партада ўтирадиган қиз менга мулойимроқ қарайдиган бўлдими? Нима ўзгарди? Ҳеч нима. Унда нега хурсанд бўламан?..

 

Болалигимизда самолёт пахтага дори сепса, севиниб кетидан югурардик. Талабаликда “Брежнев келармиш!” деб дарслар тақа-тақ тўхтатиларди. Кўчанинг икки бетида қалдирғочдай тизилиб, қўлимизда байроқчаларни силкитганча шод ҳайқирар эдик. “Ура” деб бақиравериб, бир ҳафтача овозим бўғилаб юрганман. Оталаримиз Сталинни кўзида ёш билан олқишлаган, буваларимиз Николай пошшони дуо қилган. Улар бошимизга не-не кулфатлар ёғдирса-да, хурсанд бўлаверганмиз.

 

Жуда ғаройиб халқмиз-да. Инқилоб йиллари оталаримиз қўлида қурол билан боболаримизга қарши курашганида ҳам хурсанд бўлганмиз. Павлик Морозов деган зумраша ўзини дунёга келтирган, ҳаёт берган падарини сотганида ҳам қалбимиз фахрга тўлган. Бухорои шарифни Фрунзе аэропланлари бомбалаганида ҳам “Ҳур замон келди!” деб севинганмиз. Бизнинг бахтиёр бўлишимиз бунчалик осон бўлмаса-я!..

 

Вой, тавба қилдим, бизни оқпошшо босиб олганига хурсанд бўладиганлар ҳам бор экан-эй! Бир ўтиришда туппа-тузук одамга ўхшаган бир танишим фалсафа сўқа бошлади: “Туркистонни Ўрисия босиб олгани яхши бўлган. Бўлмаса, Англия-панглия босиб оларди, Xудо билади, биз ҳозир кимнинг уйида хизматкор бўлиб юрардик”. Ҳамма ҳайрон. Оғзимга келган гап шу бўлди: “Шу калланг бўладиган бўлса, сен менинг уйимда хизматкор бўлиб юрардинг”.

 

Бир вақтлар тракторчи бўлганман. Одам етишмай қолганда чопиқ ҳам қилиб кетаверардим. Бегона ўтдан тозалаш борми, яганаси борми, суви борми – нима иш тўғри келса, бош тортмасдим. Айниқса, ягана дегани дўзах азобининг ўзи эди! Тик туриб ягана қилолмайсиз, энгашсангиз – бел чидамайди, ўтирсангиз – олдинга силжиш учун барибир яна туришга мажбурсиз. Ҳадеб ўтириб-тураверишнинг ўзи бўлмайди. Энг осон йўли – чўк тушиб эмаклаш! Ҳа, ҳа, тиззалаб эмаклаш – бошқа илож йўқ. Эҳ-ҳэ, берилган нормани бажариш учун кунига неча чақирим эмаклаш керак. Бир тасаввур қилинг-а, Ҳадрадан то Ленин майдонигача эмаклаб борсангиз-да, қўлингизга арзимаган чақа ташласалар?! Инсонни бундай хўрлаш дунёнинг яна қаерида бор?

 

Бугун қайта қуриш, ошкоралик, демократия деб севиняпмиз. Бошида мен ҳам қувонган эдим. СССР Олий Кенгаши мажлисларини телевизор орқали бутун вужудим билан берилиб томоша қилганман. Кейин-кейин... очиғи, ҳафсалам пир бўлди. Қачон қарама – гап, гап, гап... Булар мунча сергап бўлмаса, дейман ўзимга ўзим. Кейин билсам, сабаби ҳў-ў етмиш йиллар нарида экан. Шўро тузумининг илк йилларида комсомоллар катта-кичик йиғинларида шундай масалаларни муҳокама қилган экан: “Совет ёшлари атирдан фойдаланса бўладими ёки у фақат буржуа синфи вакилларига хос нарсами?”, “Шўро қизлари рангли узун пайпоқ кийиши мумкинми-йўқми?” Катта анжуманларда, агар бугунга қиёс қилсак, съездларда шундай масалалар кўтарилган. Бу ёқда халқ қийналиб ётибди, булар пайпоқ масаласини ҳал қиляпти! Э, пайпоққа ўт тушсин, шунчалик муҳим масала эканми?! Бугун Кремлда бир-бирига гал бермай гап сотаётганлар ҳам ўшаларнинг авлоди-да.

 

Лекин биз барибир хурсанд бўлаверамиз…

 

Маълумки, ҳеч нарса бордан – йўқ, йўқдан – бор бўлмайди. Фақат моддалар бир турдан иккинчи турга айланади, холос: муз сув бўлади, сув – буғ, буғ ёмғир бўлади... Маънавиятда ҳам худди шундай. Оллоҳ таоло кўзёшию кулгини, шодлигу ғамни, бахту бахтсизликни теппа-тенг қилиб қўйган. Биров қамоқдан чиқди, дейлик. Албатта хурсанд бўлади. Лекин, биласизми, бу хурсандчиликнинг миқдори у қамалганидаги қайғу миқдорига тенг. Ёки пулини йўқотган одамнинг хафачилиги пулини топиб олгандаги севинч миқдори билан баробардир. Унда биз нега доим хурсандмиз? Нега қачон қараманг – “далада байрам”? Кўзёшу аламларимиз қайга кетди? Ҳаммангиз ҳинд фильмларини кўргансиз, қаҳрамонлар тақдирига ачиниб йиғлагансиз. Мен кинотеатрда кўпинча томошабинни кузатиб ўтираман. Қизиқ, шунчаки маъюсланиб, уҳ тортиб қўйса ҳам бўлаверадиган воқеаларга ҳўнг-ҳўнг йиғлашади. Европа томошабинлари ҳинд фильмларини кўриб бизчалик йиғламас экан. Биз нега шундаймиз? Негаки, биз фильм қаҳрамонларининг аччиқ тақдирига қўшиб, икки юмалоқ кирсовун топганимизу боламизни боғчага жойлагандаги, бир кило мих топганимизу бўш автобусни кўргандаги, сотувчининг жилмайиб қараганию бирон идорага бир боришда ишимиз битгандаги хурсандчиликнинг, бахтиёрликнинг “ўрнини тўлдириш” учун ҳам йиғлаймиз. Ҳисобли дунё-да – ҳеч нима бордан йўқ бўлмайди… Чалган чапакларимиз, қичқирган “ура”ларимиз учун ҳам энтикиб-энтикиб йиғлаймиз, шу билан енгил тортамиз... Сўнг куч тўплаймиз-да, кинотеатрдан чиқиб яна ўша хурсандчиликка лиммо-лим “бахтиёр” ҳаётга сингиб кетамиз...

 

Мен бугунги қайта қуриш, ошкоралик, демократиядан қандай хурсандлигимни айтайми? Бўлмаса, эшитинг.

 

Бир камбағал одам хотини, беш-олти боласи, қари ва касалманд ота-онаси билан каталакдай бир хонали уйда яшар экан. Жонидан тўйибди-ю, бир куни оқсоқолнинг ҳузурига маслаҳатга борибди.

 

– Ҳа, чиндан ҳам шароитинг оғир экан, –    дебди оқсоқол унинг арз-додини эшитгач. – Лекин ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор. Маслаҳат шуки, бир эчки сотиб олиб, ўша каталакдай уйингда боқасан.

 

– Ие, мен нима деяпман-у, сиз нима деяпсиз?! – деб шўрлик камбағалнинг фиғони фалакка кўтарилибди. – Уйим тор, кундузи ўтирганда ёки тик турганда бир амаллаб чидаса бўлади-ю, кечаси жой етмаганидан ҳаммамиз ёнбошлаб ётамиз – у ёқ-бу ёққа ағдарилиш ҳам йўқ! Ўлганнинг устига тепган қилиб, сиз “Эчки сотиб ол” дейсиз!..

 

– Мендан кенгаш сўраб келдинг, – дебди оқсоқол насиҳатомуз, – ақлим етган маслаҳатни айтдим. Қилсанг қил, бўлмаса – ўзинг биласан.

 

Халқ бекорга оқсоқол қилиб сайламагандир, бир балони билса керак, деб ўйлабди камбағал ва эчки сотиб олибди-да, уйига боғлаб қўйибди. Шу кундан бошлаб аҳвол дўзахдан ҳам баттар бўлибди.  Илгари жой етмаган бўлса, энди ҳатто ҳаво ҳам етмайдиган бўлиб, камбағал ақлдан озай дебди. Бир куни жаҳл билан яна оқсоқолнинг ҳузурига отланибди.

 

– Берган маслаҳатингизни пишириб енг!  – дебди у дунёси қоронғи бўлиб. – Энди ёнбошлаб эмас, отга ўхшаб тик туриб ухлаяпмиз.

 

– Жуда қийналиб кетган бўлсанг, – дебди оқсоқол пинагини бузмай, – ўша лаънати эчкини сотиб юбор, қутуласан-қўясан.

 

Камбағал эчкини бозорга олиб чиқиб сотибди. Бир неча кун ўтиб, у яна оқсоқолнинг олдига келибди. Хурсанд, ўзида йўқ шод эмиш.

 

– Раҳмат сизга, муҳтарам зот! – дебди у таъзим бажо келтириб. – Эчкини сотганимиздан кейин уйимиз кенгайиб, жа-а бемалол бўпқолдик. Ҳарқалай, ёнбошлаб бўлсаям, одамга ўхшаб ерга жой солиб ухлаяпмиз. Бола-чақанинг севинганини айтмайсизми! Илоё, умрингиз узоқ бўлсин, фарзандларингизнинг роҳатини кўринг!..

 

Мен қайта қуришдан ўша эчкисини сотиб юборган камбағалдай хурсандман. Яхши бўлиб қолди, эркинмиз, бола-чақамиз ҳам хурсанд. Ёлғиз мен эмас, салкам уч юз миллионли совет халқи оқсоқолнинг маслаҳати билан “эчкисини сотиб”, чексиз бахтиёр бўлиб юрибди.

 

Синчков ўқувчи ушбу мақоладан “Қандай эркин, ҳур замонда яшаяпмиз, йўқса бу гапларни матбуотда чиқариш қаёқда эди” деган бахтиёрликни сезиши мумкин. Азиз муштарий, нима қилай, такрор айтаман, мен ҳам сиз каби “эчкисини сотиб юборганлар”дан бириман-да...

 

1991 йил

 

Шароф БОШБЕКОВ

 

Tafakkurжурнали, 2022 йил 1-сон.

“Мозийдан сабоқ (Истеҳзоли ўйлар)” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//