Адолат куйчиси


Сақлаш
17:10 / 14.10.2021 841 0

Одил Ёқубов билан илк бор “Муқаддас” қиссаси орқали танишганман. Ғоят самимий, куйинчаклик билан ёзилган асар эди. Кейин “Улуғбек хазинаси”ни ўқидим. Роман менда чуқур таассурот қолдирди. Теран руҳий таҳлил билан қоришиб кетган кенг, эпик тасвир хаёлимни буткул қамраб олди. Бир куни атай Одил аканинг ишхонасига бордим. Республика адабиёт ва санъат нашриёти бош муҳаррири ўринбосари вазифасида ишларди.

– Табриклайман, Одил ака, – дедим, – “Улуғбек хазинаси” Қодирийнинг “Ўтган кунлар”и, Ойбекнинг “Навоий” романидан кейин адабиётимизда учинчи буюк асар, чинакам миллий роман бўлибди...

Табиийки, Одил ака гапимдан хурсанд бўлди. Бутун сиймосидан куч ва самимият ёғилиб турган, ўрта бўйли, миқти гавдали бу инсон менинг назаримда энди шунчаки бир ёзувчи эмас, балки улкан сўз санъаткори, буюк адиб, ҳақиқий мастер эди.

Шу-шу, орамизда яқин муносабат пайдо бўлди. Мен унинг мухлиси, тарафдорига айландим. Ўрни келганда у ҳам мендан ҳимматини аямади. Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романини менинг таржимамда нашр эттирган Одил ака бўлади.

Бир куни суҳбат асносида Шукрулло ака сўраб қолди:

– Жамол, отангни қатағон қилишган деб эшитдим... Тўғрими?

– Тўғри, – дедим мен.

– Одилнинг ҳам отасини “халқ душмани” деб отишган...

Бу мен учун янгилик эди. “Тақдирдош эканмиз”, деган гап кўнглимдан кечди.

Одил ака қайда ишламасин, енг шимариб, тер тўкиб ишлар, зиммасидаги вазифасини астойдил адо этарди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаганида нашр адади миллиондан ошди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбар этиб сайлангач, уюшмада ҳаёт қайнади. Москвада бутуниттифоқ халқ депутатлари қурултойи минбарига чиқиб, ўзбек пахтакорларининг аянчли аҳволи ҳақида гапирганда бутун юртимиз аҳли жон қулоғини қўйиб тинглади. Қалбларимиз ғурурга тўлди, адибга ҳурмат-эҳтиромимиз янада ортди.

Одил акага ҳамроҳ бўлиб, 1990 йили Истанбул шаҳрида ўтказилган халқаро Туркистон қурултойида қатнашдим. Одил ака, Шукрулло ака ва мен сўзга чиқдик. Юракда борини тўкиб солдик. Дунёнинг турли гўшаларидан келиб, Отатурк маданият саройини тўлдирган минглаб ватандошларимиз халқимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари таъмин этилиши зарурлигига доир сўзларимизни гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.

– Шу залда ўтирган ҳар бир юртдошимиз тақдирини китоб қилиб ёзса арзийди, – деган эди ўшанда Одил ака.

Кейин Одил ака, Шукрулло ака, Рамз ака, Эмин Усмон ва мен Саудия Арабистонига сафар қилдик. Манзилга етгунча қарийб ярим дунёни айландик: Тошкент – Москва – Вена – Кипр – Жидда – Макка – Мадина – Тоиф... Қайтишда ҳам шу аҳвол.

Бир воқеа ёдимда. Венада кечқурун овқатланиш учун ресторанга кирдик. Ичкарида чироқлар ўчирилиб, шамлар ёқилган. Жимжитлик... Биз овқат устида одатдагидек гангур-гунгур суҳбатга киришдик. Бир пайт қарасам, ҳамманинг эътибори бизда. Ресторанда фақат бизнинг овозимиз янграйди.

– Одил ака, – дедим. – Ресторанда бошқаларнинг овози эшитилмайди.

– Дарвоқе, – деди Одил ака. – Бу ерда паст овозда гапириш одат экан, секин гаплашайлик...

Маккага етиб, каъбатуллоҳни зиёрат қилдик. Умра маросимини адо этдик. Жидда, Макка, Мадина, Тоиф шаҳарларида юзлаб ватандошлар билан учрашдик. Ўшанда уларнинг нуфусини етти юз мингдан ортиқ, дейишганди. Самимий сўзи, донишмандлиги билан Одил ака давраларнинг кўрки бўлди.

Одил ака билан Грузия ва Қозоғистонда кечган адабиёт кунларида қатнашиб, қилган суҳбатларимиз ҳамон кўз ўнгимизда турибди. Ўшанда у менга уруш хотираларини айтиб берган эди.

1991 йил октябрида ўтказилган Ўзбекистон ёзувчиларининг сўнгги, тўққизинчи қурултойида мени уюшма раиси, Одил акани фахрий раис қилиб сайлашди. То 1996 йил январига қадар қўлни қўлга бериб, баҳамжиҳат ишладик. Бирор тадбир, мажлис ёки муҳокома Одил акасиз ўтмасди. Ҳар сафар устоз адибни эҳтиром ила тўрга ўтқазардик.

Одил ака бағри кенг, беғубор, оқ кўнгил инсон эди. Баъзилар унинг ана шу фазилатларини суиистеъмол қилишарди. Неча бор уни оёғидан чалганлар, олди-ортидан тош отганлар билан бемалол улфатчилик қилганини кўриб ҳайрон қолганман.

– Одил ака, ахир, у кимса сизга нималар қилмади... – деганман бир гал жиғибийрон бўлиб.

– Қўябаринг, – деган у, – ёмонлик ўтади, яхшилик қолади...

Одил ака сўнгги рамонларидан бирини “Адолат манзили” деб атади. Таранг тортилган торда чалинган куйдек жаранглаган бу асар кўпларни мафтун этди. Нафсиламрини айтганда, унинг муаллифи умр бўйи Ҳақ ва ҳақиқатга талпиниб яшаган мунаввар инсон, адолат куйчиси эди...

 

Жамол КАМОЛ,

Ўзбекистон халқ шоири

 



Суратларни кўриш учун фотогалареяга ўтинг.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси