Oyina.uz хотирлайди: Девор сиртидаги адабиёт – ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг ёзувчилик қисмати, китобхонлик ва сўзга садоқат ҳақидаги мулоҳазалари


Сақлаш
22:07 / 28.07.2023 713 0

Бир неча кун аввал ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради. Таниқли адиб Луқмон Бўрихон 58 ёшда вафот этди. Oyina.uz портали ижодкорнинг хотирасини ёдга олиб, бир неча йил аввал эълон қилинган ёзувчилик қисмати, китобхонлик ва сўзга садоқат ҳақида мулоҳазалари билдирилган суҳбатни ҳавола қилади.

 

Фаолиятини назмдан бошлаган носир муваффақиятга эришади, қабилидаги фикрлар бор. Сиз бунга қандай қарайсиз? Эшитишимча, ўзингиз ҳам шеърлар ёзгансиз?

 

Ҳа, ўқувчилик пайтларим аввал шеърлар тўқишга уринганман. Лекин буни кейинчалик насрга ўтиб кетсам нафи тегади, деган хаёлда қилганим йўқ. Ҳаммаси табиий бир тарзда, жўшқинлик, ҳаяжон қамраб келган чоғлар содир бўлган. Таркибида қофияли сўзлар мавжуд қандайдир сатрлар қоғозга тўкила бошлаган. Кейинчалик уларнинг айримлари туман газетасида чоп ҳам этилди. Бу мен учун катта ютуқ эди. Бамисли осмонларда учиб юрардим. Гапингиз оҳангидан, ижодини шеърлар билан бошлаган ёзувчи, насрий асарлар битганда қандайдир чучмал, сўзамол бўлиб қолади, деган фикрда бўлсангиз керак? Бира тўла ҳикоялар, қиссалар битишга киришиш ёзувчида совуққонликни, жиддийликни, ўткир сўзликни сақлаб қолади деб ўйлайсиз? Балки шундайдир. Лекин мен ҳамма носирларимизда шоирона юрак, шоирона туйғулар бўлишини истардим. Андак шоирлиги бўлмаган математик, математик эмас, деган нақл борку. Менимча, бу ёзувчиларимизга ҳам тегишли. Шоирона пафос ҳар қандай насрий асарнинг ҳам бадиий эмоционаллигини, бадиий қувватни оширади, қаҳрамонлар руҳий ҳолатини қувончу изтиробларини тиниқ ва таъсирчан беришда фойдаси тегади.

 

Суҳбатларимиздан бирида илк ҳикояларингиз ҳақида сўзлай туриб, ўша пайтлар кучлироқ ёзувчи бўлган эканман, деган иқрорни айтгандингиз. Бу ёшлик хотираларини эслагандаги оний бир ҳаяжон эдими, ё ёзувчи улғайган сайин унда қайсидир хислатлар ортиб, қайсилари камая бориши ҳақиқатми?

 

Ўша суҳбат аниқ эсимда йўқ. Ҳойнаҳой, илгари ёзган ҳикояларим кейингиларидан анча пишиқ-пухта эди, деган мазмунда нимадир айтган бўлишим мумкин. Ҳа, ёшлик пайтларимиз ҳозиргидан кўра ижодга, адабиётга бир қадар талабчан бўлганмиз. Ҳаммага ёқишга ҳаракат қилардик. Хом-хатала асар ёзиб қўйиб, ўзимизнинг, адабиётнинг шаънига доғ туширишдан чўчирдик. Назаримда, ўша кечинмалар, қўрқув-саросималар бугун чекингандай. Ё ўзимизга ортиқча баҳо бериб юборяпмиз, ё ҳар қандай қораламани ҳам эълон қилавериш мумкин, деган фикрга келганмиз. Лекин ҳар иккиси ҳам катта гуноҳ... Ҳар тугул, гапингиздан ўзимизни яхшигина ислоҳ қилишимиз керак эканлигини тушунмоқдаман. Масаланинг яна бир томони шундаки, ёшликда моддий муаммоларга камроқ дуч келинади.

 

Ёзувчиларнинг китобхон, ашаддий китобхон ва сир эмаски, умуман китоб ўқимайдиган хиллари бўлади. Луқмон Бўрихон буларнинг қай бирига мансуб? Яъники, ёзувчида истеъдод бирламчими ёки китобхонлик?

 

Камина ўртамиёна китобхонман, шекилли. Адабий жамоатчилик ўқиб-ўқимай шов-шув кўтарадиган, дунё адабиётининг дурдоналари ҳисобланадиган кўпгина асарларни мен ҳам қўлга олганман. Лекин, очиғини айтишим керак, кўпларини мутолаа қилиб, ҳаяжонли таассурот ололмаганман. Балки, уларни ўқиш учун қандайдир тайёргарлик зарурдир, балки, савиям пастдир, билмадим, ўша китобларнинг аксарияти чучмал, сержумбоқ, завқ-шавқсиз туюлган. Саволингизнинг давоми юзасидан фикр юритсак, истеъдод ҳар қандай ижодкор учун энг бирламчи ҳисобланади. Аммо у кўп ҳолларда китобхонликка ҳам ундайди. Чунки, истеъдод нафақат тинимсиз қоғоз қоралашни, балки, ижод ҳақида, бадиий адабиёт ҳақида билимни, тушунча ва тасаввурни ошириб боришни ҳам талаб қилади. Бироқ, истеъдод йўқ экан, бир олам битикларни ўқиб чиққанда ҳам, бу машғулот ижод масаласида ёрдам бера олмайди. Шу баробарида, ўша мутолаага ихлосманд одам ҳеч нарса йўқотмайди, балки, қалби, онги, маънавияти учун бебаҳо озуқа олади.

 

Сизни китобхонларга кўпроқ танитган “Жазирамадаги одамлар”, “Хизр кўрган йигит”, “Қуёш ҳали ботмаган” каби асарларингиз асосини қишлоқда яшаётган ўспириннинг ўй-ҳаёллари ташкил қилади. Бу, назаримда, бирхилликни, чекланишни пайдо қилгандай. Балки, мазкур асарларнинг айримлари сюжетини сал бошқачароқ қурганда маъқул бўлармиди...

 

Эҳтимол... ўзимни тўлқинлантирган фикрни, ғояни кимнингдир ўй-хаёллари, кечинмалари тарзида ифодалаш, тасвирлаш осон ва қулай туюлган бўлиши мумкин. Қолаверса, ҳар бир қаламкаш ўз табиатидан, нуқтаи назаридан, услубидан келиб чиқиб қоғоз қоралайди, оқибатда, ўзига хос “подчерк” пайдо бўлади. Буни ўша ёзувчининг ўзи ҳам пайқамай қолиши мумкин. Лекин мулоҳазангизда жон бор. Кейинги ижодим давомида бундай номаъқулчиликдан қочишга ваъда бераман.

 

Асарларингиз қаҳрамонлари қурбонми, ё қаҳрамон? Ва адабиётга аслида қайси бирлари кўпроқ керак?

 

Ёзувчи қачонки қурбон ёки қаҳрамон яратмоқчиман, деб қўлига қалам олса, ҳақиқий асар ёзолмайди. Асл адабиёт бу деворларнинг сиртида...

Совет даври адабиётининг энг катта хатоси мана шу бўлган. Натижада икки томчи сувдай бир-бирига ўхшайдиган, ўта сунъий қаҳрамонлар яратилган.  

Умуман, мен ёзувчи сифатида адабий қаҳрамонларнинг роботга ўхшаб аллақандай дастурлар бўйича ҳаракатланишига доим қарши бўлганман. Адабиёт математика, ё физика эмаски, теорема, фаразларга амал қилинса.

 

Келажакда “ёзувчи-машиналар» ихтиро қилиниши мумкинми? Тасаввур қилайлик, шундай роботлар яратилсаю, қисқа муддатда сон-саноқсиз роман ва қиссаларни ёзиб ташлайверса... Ўша “ёзувчи-машиналар» нимадан ютиб, нималардан ютқазган бўларди?

 

Бундай роботларга сира эҳтиёж йўқ. Ҳеч бир машинадан қолишмай бетиним асарлар ёзаётган, пешма-пеш чоп этаётган қаламкашлар бугунги кунда ҳам кўплаб топилади. Лекин уларнинг битиклари нечоғлик қийматга эга эканлиги, энг аввало, мутахассисларга, қолаверса, ўқувчиларга ҳавола. Қолаверса, адабиётнинг бағри кенг, уларга ҳам жой топилади.

Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, уларнинг ютуғи – чипига киритилган, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзи биладиган ҳар қандай маълумотни юзага чиқариб беролган бўларди. Камчилиги – ҳали билимлар захираси шаклланмаган, оний бир фурсатда ҳис этиш мумкин бўлган янгидан-янги кечинмаларни акс эттиришда у ожиз қоларди.

 

Сўз одам танлайдими?

 

Албатта. Сўз самимиятни яхши кўради. Самимий одамга талпинади. Шунинг учун гапни жарангдорроқ ёки ақллироқ туйиладиган қилиб қўллашга эмас, имкон қадар самимийроқ ишлатишга ҳаракат қилавериш керак.

 

Қоғоз китобларнинг умри қачондир тугашига ишонасизми? Тугаса, бунга нима сабаб бўлади, деб ўйлайсиз?

 

Китобни электрон ҳолатда ўқиш – қизни қалин кийимлари устидан қучишдай бир гап. Қоғоз китобларнинг умри тугашига ишонмайман. Мабодо тугаса, бунга ҳиссизлик, завқсизлик сабаб бўлади.

 

Тенгдошларим нима учун ёзувчи-шоирлардан кўра санъаткор-хонандаларни афзалроқ билишади? Бу ҳеч қанақа ғайирлик, ё бирор кимни камситиш эмас, шунчаки сабаби нима эканлиги қизиқ?

 

Жамиятда аввало китобхонликка эҳтиёж бўлмас экан, уни бошқа ҳеч қандай йўл билан китобхон қилиб тарбиялаб бўлмайди. Ҳеч қандай шиор, ҳеч қандай чақириқларнинг ҳам бу йўлда фойдаси йўқ... Модомики бизга фикрлайдиган, ўз салоҳиятини фақат ижобий томонлама кўрсатадиган, маънавий олами барқарор баркамол авлод керак экан, биз жамиятимизда аввало китоб ўқишга эҳтиёж пайдо қилишимиз шарт, деб ўйлайман. Ҳозирги пайтда ёшларнинг китоб ўқишдан қўшиқлар эшитишни афзал кўраётганининг асосий сабаби ана шунда – китоб ўқишга эҳтиёжнинг камлигида. Кўрмаяпсизми, китоб ўқимасдан мансабдор, машҳур бўлишяпти ва ҳоказо.

 

“Китоб ўқиганлар телевизор кўрганларни бошқаради “, деган бир бамаъни гап бўларди. Гапни қисқа қилганда, бугун шу ҳикматга озроқ путур етгандай... Думи узилиб тушган тулки ҳақида масал бор. Ўша масалда тулки ўзининг нуқсони билиниб қолмаслиги учун думи борларнинг устидан кулиб, бошқаларниям думдан воз кечишга чақира бошлайди. Шу кетишда бораверсак, бизда ҳам китоб ўқиганларнинг устидан кулиш, масхаралаш одати пайдо бўлмаса, деб қўрқаман...

 

“Олов тутган одам” асарингизни буюртма асар, деб баҳолашяпти, таъбир жоиз бўлса, озгина камситишяпти. Ўзингиз бунга нима дейсиз?

 

Нима ҳам дердим, олдин асарни ўқиб кўр, дейман. Бирор асарни айнан “буюртма асар” деб асоссиз танқид остига олишнинг ўзи бемаънилик. Чунки ҳақиқий полвонга майдоннинг фарқи йўқ, полвон ҳеч қачон мен тўйда олишадиган полвонман, мусобақада олишмайман, ё мен чемпионатда олишадиган полвон эдим, тўйда олишмайман деб ўзини тортиб ўтирмайди. Шунингдек, ёзувчининг ижтимоий вазифаси ҳам аслида битта – ёзиш! Бунда эса, баъзан буюртма ҳам истеъдод учун ўзини кўрсатишга бир имкон бўлиб хизмат қилиши мумкин. Энди гап ўша асарнинг қандай ёзилгани, ёзувчи бадиий тафаккурининг қай даражада эканида.

 

“Олов тутган одам” га қайтадиган бўлсак, мен бу асарни раҳматли биринчи президент ҳаётлик даврида, яъни 2009 йилда ёзганман ва асосий мақсадим мустақиллигимизнинг 25 йиллик бадиий манзарасини яратиш бўлди.

 

Келгусидаги адабий режаларингиз?

 

Улуғ аждодимиз, илоҳиётшунос олим Имом Мотуридий ва дунё тарихидаги энг шафқатсиз император Чингизхон ҳақида ёзмоқчиман.

 

Қизиқ, улардан бири – буюк илоҳиётшунос олим Имом Мотуридий ҳақида бадиий асарлар деярли ёзилмаган, иккинчи ҳақида эса ҳаддан ташқари кўп ёзилган. Нима учун айнан шу иккала шахс ҳақида ёзмоқчисиз?

 

Бу саволингизга асарлар ёзиб тугатилганидан кейин, мақсад қай даражада ўталганига қараб жавоб бериш ўринлироқ бўлади. Ҳозирдан фақат бир нарсани гапиришим мумкин. Менинг асаримда Чингизхон жаҳонгир, енгилмас саркарда сифатида кўзга ташланмайди.

 

Биз каби ёшларга маслаҳат ва ўгитларингиз бўлса…

 

Аввало, биз йўл қўйган хатоликлар такрорланмасин: ҳамиша ўз-ўзингизга талабчан бўлинг, сал-пал ижодий ютуққа эришсангиз, шугинага маҳлиё бўлиб қолманг, ўртамиёна китобхон бўлишдан сақланинг, ҳамиша ўқиш-изланишда бўлинг, фақат завқ-шавқ билан – кўнгилдан чиқариб ижод қилинг. Орттирган билимларингизга ҳаёт тажрибаси ҳам омихта бўлса, секин-аста юксалаверасиз.

 

                                                                  Байрам АЛИ суҳбатлашди.

 

“Оила ва Жамият” газетаси,

“Асл адабиёт бу деворларнинг сиртида” суҳбати.

2019 йил, 41-сон.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси