Айбсиз айбдорлар – мактаб ва боғча психологлари фаолиятида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар


Сақлаш
20:08 / 28.07.2023 834 0

Йилдан йилга психологлар сони ортиб бормоқда, ушбу касб эгалари хизматидан фойдаланмайдиган соҳа деярли қолмади. (Бу нимани англатади? Чиндан ҳам руҳиятимизда муаммолар кўпайганми ёки ҳаётий вазиятларни психологик баҳолаш заруратга айландими?) Дейлик, психологлар мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ҳам фаолият олиб боришмоқда. Албатта, ушбу ҳолат қувонарли, шахснинг етуклик давридаги ҳолати унинг болаликда кўрган-кечирганлари, руҳий таъсирланишларига юқори даражада боғлиқ бўлади. Бундан ташқари психологлар болалар таълими ва тарбиясининг режадагидай олиб борилиши учун ҳам кўмакчи бўла олади. Бундай гаплар қулоққа ёқимли эшитилади, бироқ асл ҳолат қандай?

 

Янгиликлар орасида мактаб ўқувчиларининг ўз жонига қасд қилгани ҳақида ўқиб турибмиз, шунингдек, статистикага кўра, 2022 йилда мактаб ёшидаги болаларнинг жами содир этилган жиноятлардаги улуши 3,5 % ни ташкил этган. Бу ҳолатлар учун тўғридан-тўғри мактаб психологини айблолмаймиз, бироқ айнан унинг ҳаракатлари билан бундай мудҳиш воқеаларнинг олди олиниши мумкин.

 

Oyina.uz колумнисти айнан мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги психологик фаолият юзасидан баъзи муаммоларни таҳлил қилишга уринади.

 

Янгиланмаётган методикалар

 

Психологик фаолиятдаги икки омил аҳамиятлидир – мутахассисларнинг билим-малакаси ҳамда касбдаги тажрибаси. Дастлаб психологларимизнинг билимига алоқадор камчиликлар ҳақида бош қотириш лозим. Кузатганларимдан келиб чиқиб айтсам (балки фақат менга шундай кўрингандир), ушбу йўналишдаги талабаларга ўргатиладиган ва улар ҳам келажакдаги профессионал фаолиятларида қўллайдиган бор-у йўқ кўникма ва билим бу турли психодиагностик тест, сўровномалар, ҳаддан ортиқ универсал консультация тартиблари  шунингдек, ўтилавериб суви чиқиб кетган семинар-тренинглардир. Коллеждаги давримизда бизга янги психолог келганди – ёш, ғайратли, энергияга тўла, ўшанда шу психолог бизнинг гуруҳдан “Мавжуд бўлмаган ҳайвон” ва “Кактус” методикалари юзасидан ҳар биримиз чизган суратларни олганди. Шу пайтгача бунақа нарсани кўрмаганлигимиз туфайли қойил қолганмиз. Натижалар қандай чиққанидан хабаримиз йўқ эди, лекин ушбу синовдан олинган хулосалар бўйича бирортамиз билан қайта ишланилмади. Ҳеч биримизда руҳий муаммолар йўқ эди дейиш ҳам мумкин, лекин бунга ҳозир ишонишим қийин. Ҳарқалай, гуруҳимизда 17 нафар ё отаси, ё онаси, ёхуд иккаласи ҳам бўлмаган ўқувчилар бор эди… Хуллас, орадан саккиз йил ўтди. Бироқ бўлажак психологларимизга ҳамон худди ўша “Мавжуд бўлмаган ҳайвон”, “Кактус” ва шунга ўхшаш эски методикалар, тестлар ўргатилмоқда. Бу нарсалар фойдасиз эмас, бироқ инсоният психологиясида авлодлар алмашгани сайин динамик ўзгаришлар юз бера бошлайди. Руҳиятимиз “кенгаяди” ва янада “бойийди”. Нобел мукофоти соҳиби Жозеф Стирлицнинг шундай гапи бор – “15 ёшли ўсмир IPad олиш учунгина буйрагини сотди”, бундай ишлар янги руҳиятга эга замонавий ёшларгагина хосдир. Шу сабаб янги авлодлар руҳиятини тўлиқроқ таҳлил қилиш учун янгича услублар ҳам керак. Илм-фанда, хусусан, психологияда қандай қилиб янгиликлар қилинади? Албатта илмий изланишлар, тадқиқотлар ёрдамида. Қоида бўйича, магистрлардан тортиб академикларгача ўз илмий ишида қандайдир янгиликларни топишлари керак. Мавзунинг олдин ёритилмаган ва ҳозирда ўрганилиши лозим бўлган жиҳатлари таҳлил қилиниши керак. Ана шунда айни ҳолатимиздаги муаммоларга ечим топилади.

 

Шу ўринда, савол туғилиши мумкин. Ҳар йили психология соҳасида кўплаб илмий ишлар ёқланаяпти, агар бу ишлар чиндан илм-фанда янгилик қилиш, қайсидир муаммоларга оз бўлса-да ечим топишга асосланган бўлса, унинг натижасидан нима учун жамоатчилик бехабар? Қолаверса, доцентларимиз, профессорларимиз ва академикларимизнинг минглаб янги методикалари, қўлланмалари, дарсликлари чиқарилади ва таълим муассасаларида сотилади. Бу манбаларнинг таъсири ҳақида нега гапирилмайди? Таълим муассасаларига тадбиқ этилиши лозим бўлган янги методикалар ўзи мавжудми? Агар мавжуд бўлса демак, бугунги кундаги аксарият мутахассислар изланишдан тўхтаган ёки тарғиботгача етиб бормаган методикалар чанг босган қоғозларга кўмилган.

 

Мактаб психологининг илмий даражаси

 

Ўзбекистонда мактаб психологи лавозимига даъвогарлар бакалавр даражасига эга бўлиши лозим. Лекин бакалавр даражаси болалар руҳияти билан ишловчи психолог учун амалда етарлими? Мактаб ёшидаги бола атроф ижтимоий муҳити ва ички олами, шахсияти, характери, қарашларини муросага келтира бошлашга эндигина киришаётган даврни кўз олдингизга келтиринг. Жуда кўплаб буюк олимларнинг психологик ва педогогик қарашларига кўра болаларга катта ёшдаги инсонларга нисбатан кучлироқ муносабат билдирилиши керак. Чунки, боланинг руҳияти инжиқликлар ва зиддиятларга тўла бўлади. Бундай объект билан ишлаш давомида ижобий натижага эришиш учун бакалавриат даражасидаги билимлар камлик қилиши мумкин. Албатта, бу олий таълим тизимидаги ўқув дастурига ҳам боғлиқ. Хориж тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, АҚШ таълим соҳасида психологик фаолиятни амалга ошириш учун камида магистрлик даражаси ва 1200 соатлик амалиёт даврини ўташ талаб этилади. Буюк Британияда бу талаб янада қаттиқроқ – психолог докторантурани тамомлаган бўлиши лозим. Дунё жамияти тобора комил инсонни тарбиялашни истаётган бир вақтда, бу қатъий талаблар ўзини оқлаши мумкин.

 

Машҳур олим Зигмунд Фрейд етуклик давридаги барча руҳий муаммоларнинг болаликдаги руҳий жароҳатлар билан алоқадорлиги борасида жиддий далилларни ўртага ташлаган. Айтганимиздек, бола руҳияти мураккаб, у ҳали ўзини яхши англамайди, психологнинг ўзига берган саволларига аниқ ва керакли жавоб берольмайди, шунингдек, ҳиссий ҳолатини ҳам тушунтириб берольмайд. Демак, реал ҳолатда болалар билан муваффақиятли мулоқотни йўлга қўйиш, бунинг устига улардаги руҳий “бузилиш”ларни бартараф этиш учун нисбатан малакалироқ, кучлироқ мутахассислар керак. Тажрибалардан келиб чиқсак, камида магистрлик даражасига эга бўлган психологлар фаолияти самаралироқ бўлиши мумкин.

 

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенсия билан танишмисиз?

 

Мактаб психологининг лавозим мажбуриятлари орасида шундай банд мавжуд – “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенсияга мувофиқ шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, таълим муассасаси ижтимоий соҳасини уйғунлаштиришга кўмаклашиш ва ижтимоий жиҳатдан кўника олмаслик ҳоллари юзага келишининг олдини олиш бўйича тадбирларни амалга ошириш”.

 

Демак, ушбу бандга кўра, мактаб психологи дунёдаги бола ҳуқуқлари бўйича асосий тан олинган ҳужжат ҳисобланган конвенцияни билиши, ўрганиб чиқиши ва ўз фаолияти давомида унга асосланиб ҳаракат қилиши лозим. Афсуски, аксарият мактаб психологлари ушбу ҳужжат билан ҳатто тўлиқ танишиб чиқмаган. Бу ҳужжатдан хабардор бўлиш талаби мажбуриятлар қайд этилган ҳужжатларда эмас, балки малака талабини таъминлайдиган ҳужжатларда акс этиши тўғри бўларди.

 

Менинг болам жинни эмас

 

Мактаб психологининг мажбуриятлари қаторида яна шундай банд бор – “Эмоционал-ҳиссий зўриқишлар, хавотирлик даражаси юқори ва ўзига ишончи паст бўлган болалар учун коррекцион-ривожлантирувчи машғулотлар ташкил этиш, ўқувчиларни касбга йўналтириш мақсадида семинар-тренинглар ҳамда соҳа мутахассислари билан давра суҳбатларини ташкил этиш, шунингдек, касбий мойиллиги бўйича профессионал таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш”.

 

Шу ўринда тассаввур қилайлик, психологнинг малакаси етарли, белгилаб қўйилган вазифасини бажармоқчи, бир қадар фикрий ва ҳиссий жиҳатдан қолоқ ўқувчи билан ишламоқчи. Табиийки, дарс жараёнлари вақтида бунинг иложи йўқ, демак, ҳар қандай машғулотлар ёки муолажаларни дарсдан кейин ўтказиш мумкин. Қишлоқлардаги ва ҳатто шаҳарлардаги айрим ота-оналар учун дарсдан сўнг фарзандини психолог олиб қолиши ёқимсиз, шунингдек, тўғри қабул қилинмайдиган ҳолат. Улар атрофдаги танишларининг гап-сўзлари ва маломатларидан чўчишади. Муносабатлари қатъий:

– Менинг болам жинни эмас!

– Фалончини боласи руҳий хаста экан дейишларини хоҳламайман!

 

Жамиятимиз катталарнинг руҳшуносга қатнашини секин-аста қабул қилаяпти, бироқ болалар бундай ҳуқуққа ҳалигача эришгани йўқ.

 

Болалар психологи қанча маош олади?

 

Бугунги кунда мактаб ва мактабгача таълим соҳасидаги психологлар тахминан илмий даража ёки тоифага қараб 2 300 000 сўмдан 3 000 000 сўмгача маош олади. Бир ҳисобда бу маош ўз касбини севадиган кучли мутахассис учун ёки магистр даражасидаги психолог учун камлик қилиши мумкин. Демак, ушбу касбнинг моддий статусига ҳам яхшироқ эътибор қаратиш лозим. Мактаб таълими тизимида психолог лавозими эгаси кимлиги ва масъулиятини яхши тушунилмаслигига исбот шуки, яқин йилларда ўқитувчилар маоши бир қадар кўтарилди, бироқ психолог назардан четда қолиб кетмоқда. Ҳатто зиёлилар ҳам шундай ўйлаши мумкин – болага таълимни ўқитувчи, тарбияни ота-она беради. Шу билан бола кам-у кўсциз вояга етади. Лекин шундай вазиятлар бўладики, болалар руҳий муаммолар қуршовида қолиб кетади ва бу вазиятда уларга на ота-она, на ўқитувчи ёрдам бера олмайди. Психологлар мана шу вақтда болалардаги руҳий саломатликни таъминлаши мумкин.

 

Психолог ҳужжатлар билан ишловчи ёки мактаб имиджи учун ўйлаб топилган лойиҳа эмас. Шу асосда, ходимлар психологик фаолиятга шунчаки тайинки касб, маош ва қариликдаги нафақага кафолат сифатида қараши ҳам адолатдан эмас. Шундай экан, муаммолар илдизида соҳага муносабат тушунчаси ҳам ётибди.

 

Агар мана шу муносабатни ўзгартира олсак, мактабларда шунчаки ишни йўқотмаслик учун кун ўтказаётган психологлардан воз кечсак, талабларни қатъийлаштириб, ортиқча вазифаларни олиб ташласак ва албатта, моддий таъминотни  яхшиласак, ана шунда жиддий мақсадли мутахассислар етишиб чиқади ва улар фаолияти остидаги мактаб ўқувчилари орасида жиноятлар ва суиқасдлар сони сезиларли даражада камаяди.

 

Жавоҳир ЭРГАШЕВ.

Oyina.uz


“Oyina.uz”нинг Телеграмдаги расмий каналига аъзо бўлинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 58
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10446
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//