Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти замонавий тараққиётни таъминлаш жараёнида кўпдан-кўп ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар билан бир қаторда инсонни инсон сифатида улуғлаб турадиган, жамиятда эзгу қадриятлар, ахлоқий фазилатлар устуворлигини таъминлайдиган, одамларни мудом энг хайрли гуманистик ғоялар асосида руҳий камолот сари етаклайдиган беқиёс куч – маънавиятга нисбатан тобора кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.
Инсониятнинг минг йиллик умумбашарий қадриятларини “эркинлик” ниқоби остида оёқ ости қиладиган, одамларни ахлоқсизлик ва тубанликнинг энг жирканч йўлларига бошлайдиган, муқаддас диний қадриятларни ёвуз мақсадлари йўлида қуролга айлантиришга интилаётган, шу асосда башариятнинг руҳий мувозанатини издан чиқаришга интилаётган кучларга қарши кучли маърифат қалқонининг ўрнини тобора яққолроқ ҳис қилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан илгари сурилган “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили жаҳоний даъватга айланди.
Машҳур ғарб олими Альберт Швейцер “Воқеликни шакллантирадиган кучлар ичида биринчиси маънавият ва ахлоқдир”, дея бежиз айтмаган. Инсоннинг сурати ва сийрати, яъни жисми ва маънавияти ҳақида гапирар экан, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терсига ўхшайди. Агар жисм тозалик, яъни маънавият ва ахлоқ билан зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопонни минг ювганинг билан ичидаги – астаридаги кири ташқарисига ураверади”, деганди.
Бугунги кунда Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. “Янги Ўзбекистон орзуси”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш” ҳам юксак илмий-маънавий мўлжал, ҳам стратегик мақсадга айланди.
Президентимизнинг шиддатли ислоҳотчилик сиёсати нафақат Ўзбекистонни миллий юксалиш босқичига олиб чиқди, балки Марказий Осиёда янгича муносабатлар шаклланишига ижобий таъсир кўрсатди.
Хўш, ушбу жараёнда маънавиятнинг ҳаётимиздаги ўрни қандай бўлиши керак? Бу саволга ҳам давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида жавоб берган: “Биз учун маънавият-инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир. Бошқача айтганда, маънавият-жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча кучли бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча кучли бўлади”.
Ана шу асосда ўтган қисқа даврда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш мақсадида бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва концептуал ҳужжат тайёрланди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 1 та фармони, 4 та қарори, 1 та фармойиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори, 4 та фармойиши қабул қилинди. Шу асосда маънавий-маърифий ишларнинг тизимлилиги ва узлуксизлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
2021 йил 19 январда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш бўйича ўтказилган йиғилишида унинг асосий фаолият йўналишлари, вазифалари белгилаб берилди. Марказнинг маънавий-маърифий соҳани мувофиқлаштирувчи мақоми мустаҳкамланди.
Шу асосда барча вазирлик ва идораларда Маънавият ва маърифат кенгашлари ташкил этилди. Вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан ҳар йили маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тизими жорий қилинди.
Республика Маънавият ва маърифат кенгашини ташкил этиш ва бошқариш тартиби тубдан ўзгартирилди. Кенгашга Ўзбекистон Президенти, ҳудудий кенгашларга маҳаллий ҳокимлар раислик қилиши белгиланди. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ва Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилиб, тизимнинг илмий-маърифий ва моддий асослари мустаҳкамланди.
Бой маънавий меросимиз, миллий-ахлоқий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, аҳолига янги Ўзбекистон нафаси, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини холис, изчил ва ишончли етказиб бориш мақсадида “Oyina.uz” электрон портали фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт” журналлари ҳамда “Маънавият” нашриёти марказ тасарруфига ўтказилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, жумладан, туман ва шаҳарларида маънавият ва маърифат масканларини босқичма-босқич қуриш ва фойдаланишга топшириш ишлари олиб борилмоқда.
Маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасида фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби бешинчи бўлими “Маънавий тараққиёт”га бағишланган. Унда “Маънавий янгиланиш: имконият ва истиқболлар”, “Янги маънавий маконни яратиш борасидаги вазифалар”, “Маърифий ислоҳотлар ва баркамол инсон тарбияси”, “Янги Ўзбекистон ва маънавий янгиланиш”, “Маърифатли жамият сари”, “Миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги” мавзуларида мавжуд воқелик чуқур таҳлил қилингани ҳолда бу борадаги энг устувор вазифалар белгилаб берилди.
Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар бир ҳақиқатни янада яққолроқ намоён этмоқда: мамлакатни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, ижтимоий таъминот даражасини яхшилаш, жисмоний жиҳатдан баркамол инсонни тарбиялаш билангина кучли тараққиётга эришиб бўлмайди. Маънавий-ахлоқий бўшлиққа йўл қўйилган маконларда иқтисодиёт, ҳарбий салоҳият минг бора қудрат касб этмасин, миллий-маънавий бирликнинг йўқлиги манаман деган иқтисодий чўққиларнинг ҳам нурашига олиб келиши мумкин. Шу маънода, мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган, инсон онги ва қалби учун курашлар кескинлашган таҳликали замонда маънавий тарбия масаласи ҳаёт-мамот масаласига айланмоқда.
Дунёнинг турли минтақа ва давлатларида содир бўлаётган аянчли воқеалар таҳлили кўрсатмоқдаки, оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот технологиялари, жумладан, интернет, ижтимоий тармоқлар ва электрон нашрлар кўп ҳолларда айрим бузғунчи кучлар қўлида турли сохта, зарарли ғоя ва мафкураларни тарғиб этишнинг қулай ва тезкор воситасига айланиб қолмоқда. Бу каби таҳдидлар миллий ва умуминсоний қадриятлар емирилишига, зўравонлик, инсон тақдири, жамият ҳаётига беписандлик, масъулиятсизлик, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик каби иллатлар илдиз отишига, одамзоднинг ўз тарихий, диний, миллий-маънавий илдизларидан узилиб қолишига сабаб бўлмоқда ва жаҳондаги кўплаб давлатларда умумий тенденцияга айланиб бормоқда. Бундай мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш – мустақилликни асрашдек, мустаҳкамлашдек, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашдек муҳим.
Бинобарин, жамият аъзоларини энг гўзал фазилатлар, миллий ва умуминсоний қадиятлар, миллий ватанпарварлик, миллий бурч, Ватанга масъуллик руҳида тарбиялаш орқали эришилган маънавий тараққиёт давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини комплекс ривожлантириш, мамлакат аҳлига бунёдкорлик ва яратувчанлик руҳини бахш этишда маънавий драйвер вазифасини ўтайди.
Давр талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази ўз фаолиятини тубдан танқидий-таҳлилий кўриб чиқиб, маънавий-маърифий соҳадаги эскирган ёндашувлар, самарасиз усул ва воситалардан воз кечган ҳолда янгича аниқ мақсадга йўналтирилган замонавий тарғибот технологияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Албатта, рақамли маконда янада фаоллашиш, мавжуд таҳдидлар, нохолис ахборот хуружларига қарши муносиб жавоб бериш соҳа ходимларининг бу борадаги билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришни талаб қилади.
Шу мақсадда жорий йил 17–21 июль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимлари ҳамда туман/шаҳар бўлинмаларининг 250 нафардан ортиқ масъул раҳбар-ходими иштирокида “Маърифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Унда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сайловолди дастурида илгари сурилган маънавий-маърифий ташаббуслар, ватанпарварлик ва ёшлар тарбияси масалалари”, “Республикада олиб борилаётган маънавий-марифий ишларнинг ҳолати ҳамда ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгаши раҳбарларининг Республика Маънавият ва маърифат кенгаши олдида ҳисобот бериши тизимини йўлга қўйиш”, “Маърифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар: муаммо ва таклифлар” ва бошқа қатор мавзуларда маърузалар тингланиб, амалий машғулотлар ўтказилди.
Иштирокчилар билан Ўзбекистон Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, сиёсий фанлар доктори, профессор Қ.Қуронбоев иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда давлатимиз раҳбарининг маънавий тараққиётни таъминлаш борасидаги топшириқлари ижроси, маънавий-маърифий соҳадаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари маънавият ва маърифат, тарғибот ишлари йўналишидаги кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш индикатори (KPI) ҳамда барча даражадаги ходимлар учун аниқ малака талабларини ишлаб чиқиш ва маҳаллалар кесимида уюшмаган ёшлар ўртасида маърифий тарғибот ишларини ташкил этишнинг қулай, замонавий ва таъсирчан усулларини ишлаб чиқиш бўйича муҳокамалар ташкил қилинди.
Тўрт кун давом этган тадбирда таниқли олимлар, ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар томонидан иштирокчиларнинг аҳоли ўртасида социологик сўровномалар ўтказиш, натижаларини олиш ва таҳлил қилиш, шу асосда ижтимоий-маънавий муҳитни ташхислаш бўйича билимини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув машғулотлари ўтказилди.
– Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилган ўқув семинарида ниҳоятда муҳим масалалалар муҳокама қилинди, – дейди “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳаммедова. – Унда таъкидланганидек, бугун маърифат тарғиботчисининг имижи, обрў-эътибори, энг муҳими, илмий салоҳияти кучли ва таъсирли бўлиши шарт. Шу нуқтаи назардан, тўрт кунлик ўқув семинарида барча тингловчилар бугунги янги замон талабларига мос интерфаол, креатив, мотивацион технологиядан фойдаланиш механизмларини ўрганишди.
Семинар доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ҳар бир маҳаллада маънавий-маърифий ишларни ривожлантириш, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш бўйича қўшма қарор, вазирлик ва идоралар, ташкилот ва муассасаларда “маънавият хонаси”ни ташкил этиш бўйича йўриқнома, маънавий-маърифий фаолият бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари намунали иш тажрибаси бўйича дастур лойиҳалари ишлаб чиқилиб, уларни самарали амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов эса семинардаги долзарб мавзулар, ранг-баранг машғулотлар, тақдимотлар бўйича ўз таассуротларини билдирди:
– Энг муҳими, ҳар бир машғулот расмиятчиликдан холи ўзаро мулоқот, баҳс-мунозара шаклида ташкил этилди. Ўзига хос тарздаги семинар маънавиятчилар учун мулоқот майдони, билим, малакани ўзлаштириш, илғор тажрибаларни ўртоқлашиш, ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ҳар биримизга юксак фаоллик бахш этди.
– Республика семинари тизим ходимлари учун жуда манфааатли, фойдали бўлди. Энг асосийси, мамлакатимизда Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари раҳбарлари ягона “маънавият оиласи”да эканини, маънавий бирлигини, ҳар бир масалада ҳамжиҳат фаолият кўрсатиш турли нохолис ахборотларга қарши туришда катта кучлигини ҳис этдилар, – дейди марказнинг анжуманда иштирок этган Элликқалъа тумани бўлинмаси раҳбари Ойша Матниёзова.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, “Маърифат” тарғиботчилар жамиятнинг энг фаол аъзолари иштирокидаги илк семинар амалий таклиф ва ташаббуслар, қизғин баҳс ва мунозаралар асосида ниҳоятда ишчанлик руҳида ўтди. Соҳанинг ҳар бир ходими нафақат олдида турган вазифаларнинг муҳимлигини англади, шу билан бирга, Ватан тараққиёти, келажак авлод олдидаги юксак масъулиятни ҳис қилди.
Семинар якунида “Республика Маънавият ва маърифат маркази тизими жамоаси ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг мамлакат аҳолисига мурожаати” қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Маънавият – бамисоли бир байроқ”. Маънавият эзгулик, меҳр-муҳаббат, оқибат, тарбия, одамийлик ва юксак ватанпарварлик байроғидир. Ушбу байроқни баланд кўтариб, миллатимиз ва халқимизни эзгулик ва бунёдкорлик йўлида бирлаштиришдаги шарафли масъулиятни семинар иштирокчиларининг барчаси юракдан ҳис қилдилар.
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари
“Yangi O‘zbekiston” газетаси, 2023 йил 27 июль, 148-сон.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ