Элмира Баситхaнова “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади


Сақлаш
00:07 / 28.07.2023 467 0

Ойина.уз портали 100 кун мобайнида ўзбекнинг 100 зиёлисидан “ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ЎҚИШИ ШАРТ БЎЛГАН 10 КИТОБ” тавсиясини бериб боради.

 

Лойиҳанинг 21-куни сенатор Элмира Баситхaнова “Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўқиши шарт бўлган 10 китоб” тавсия қилади:

 

1. Ҳадислар, ҳаёт қонунларини ўрганиш ҳамда иймон, виждон, эътиқод, инсоф каби инсоний мезонларни “калибровка” қилиш имконияти учун.

 

2. Ўлмас Умарбеков, “Одам бўлиш қийин” романи. Ўсмирлигимда, шахс характери шаклланадиган бир даврда кўпгина саволларимга жавоб топганман. Асарда ўтган асрнинг 70 йилларидаги ёшлар ҳаёти муаммолари, ечимлари тасвирланган.

 

3. Ўткир Ҳошимов, “Дунёнинг ишлари” мемуар қиссаси. Бу асарда ўз бувиларим, онам, аммаларим ва холаларимни кўрганман. Энг асосийси, мен ҳам худди шундай ўзбек онаси бўлишим кераклигини билганман.

 

4. Эркин Воҳидов,

 

5. Абдулла Орипов,

 

6. Ҳалима Худойбердиеванинг китоблари ҳар бир ўзбек зиёлисининг столида бўлиши керак. Бу муаллифларнинг шеърларини ҳеч бўлмаса 2-3 дақиқа вақт ажратиб, қайта-қайта ўқиб, мағизини чақиб, мазза қилиш керак. Турмуш икир-чикирлари, рўзғор муаммолари, ғийбатлардан тезгина узоқлашиш имкониятини беради.

 

7. Сомерсет Моэм ҳикоялари. Француз ватанпарварлиги, умуман ватанпарварликнинг кучини кўриш, ҳис қилиш мумкин уларда.

 

8. Оноре де Балзак асарлари. Унинг ҳар бир асари 20 ёш, 40 ёш ва 60 ёшда ўқилса, умуман бошқа учта романни ўқигандек бўласиз.

 

9. Болалар энциклопедияси. Доимий ўқиб туриш керак, мактабда ўқиган маълумотларни қайта ўрганиш орқали физика, кимё, география ва биология борасидаги билимлар тиклаб олинади.

 

10. Алишер Навоий асарлари. Маънан, руҳан ва жисмонан тайёрланиб, алоҳида вақт ажратиб, ҳар бир мисрасини фалсафий таҳлил қилиш билан буюкликни тушуниш учун ҳам ўқиш керак.

 

Элмира Баситханова 1958 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тамомлаган, тиббиёт фанлари доктори, давлат арбоби.

 

1981 йилдан 2011 йилгача Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ишлаган. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирнинг биринчи ўринбосари, лавозимларида фаолият юритган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2019-2022). 2020 йилдан буён Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари. 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси