“Ўзбек адабий тилига баъзи сўзлар нотўғри қабул қилинган” – XIV асрда уч қитъа сўзлашган туркий тилнинг ёзма манбаси “Таржуман” таҳлили


Сақлаш
03:59 / 26.07.2023 1158 0

ХIII асрда Мисрда айюбийлар султонлиги таназзулидан сўнг иқтидорга келган мамлуклар султонлиги нафақат ўзининг сиёсий ва ҳарбий қудрати билан, балки маданий-маърифий соҳадаги ислоҳотлари билан ҳам дунёга юз тута бошлаган.

 

Мисрда салжуқлар, қипчоқлар ва мўғиллар ҳукмронлигининг кетма-кет алмашиниши сабабли давлат раҳбарлари, саркардалар ва йирик савдогарлар орасида туркийлар ва мўғилларнинг сони ошиб борган. Бу эса ўз-ўзидан маҳаллий аҳоли ва раҳбарлар орасида янгича, умумий талқиндаги луғатларга эҳтиёж туғдира бошлаган. Натижада мамлуклар даврида “Китаб ал-идрак”, “Ат-туҳфат уз-закия”, “Ал-Қаванин ал-куллия”, “Ад-Дурра ал-Мудийа”, “Аш-Шузур аз-Заҳабия”, “Китаб мажмуа тарджуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)” каби тилшуносликка оид ўнлаб асарлар ва луғатлар яратилган.

 

Улар орасидаКитаб мажмуа таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий) (арабча [و فارسي]‎ كتاب مجموع ترجمان تركي و عجمي و مغلي)  туркий, мўғил, форс тилларини ўрганиш ва сўзлашиш учун энг қулай, универсал қўлланма бўлган. Бу қўлланма асосан араб тилида сўзлашувчилар ўша даврда давлат тили саналган мамлук-қипчоқ тилини ўрганиши учун мўлжалланган ва кўпроқ “Таржуман” номи билан дунёга машҳур бўлган.

 

Бугунги кунда “Таржуман”нинг қўлёзма нусхаси Лейден университети кутубхонасининг Шарқ коллекциясида (r. 517) сақланади. Қўлёзма мазкур коллекцияга Левин Варнер (1619–1665 йиллар) тўплами таркибида кирган бўлиб, ушбу тўплам Шарқ коллекциясининг асосини ташкил қилади. Варнер Нидерландиянинг Истанбул элчиси лавозимида ишлаган пайтида 1000 дан зиёд шарқ артефактларини тўплаган ва улар орасида “Китаб мажмуа таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)” ҳам бўлган.

 

“Таржуман” кенг жамотачиликка нидерланд тарихчиси ва шарқшуноси Мартин Теодор Хаутсма томонидан 1894 йилда Лейденда эълон қилинган[1]. Хаутсма гарчи  Утрехт университетида  яҳудий, форс ва турк тилларидан дарс берган бўлса-да, китобни “Туркча-арабча луғат” (Ein Türkisch-Arabisches Glossar”) деб атаган. Натижада, асарда мўғил ва форс тиллари лексикасининг ҳам қамраб олингани сарлавҳада акс этмай қолган.

 

Узоқ йиллар давомида бу китобнинг муаллифи ва ёзилган санаси аниқ бўлмаган. “Таржуман”нинг ёзилган санаси 1894 йилда Мартин Хаутсма томонидан милодий 1245 йил деб белгиланган эди. Аммо орадан етмиш йил ўтиб, немис тилшуноси Барбара Флемминг узоқ изланишлардан сўнг китоб 1343 йил 25 январда ёзиб тугалланганлигини  аниқ ҳисоблаб чиқиб, эълон қилди[2].

 

Асар муаллифини аниқлаш борасида ҳам шундай чалкашликлар бўлган. Мисол учун, П.М.Мелиоранский асарни Муҳаммад ибн Қайс ёзган деган фаразни келтирган бўлса, Абдуқодир Иноқ уни Халил ибни Муҳаммад ибни Юсуф ёзганини қайд этган. Китобнинг охирида  Бу китобни таълиқ қилган (битган) киши Аллоҳнинг камтар бандаси Халил ибни Муҳаммад ибни Юсуф  ал-Қунавийдир” деган дастхат сақланган. Демак, бу унинг асаридир.

 

“Таржуман”нинг иккинчи қисмидаги мўғил тили лексикаси бўйича  материаллар олтойшунос олим Николай Поппе томонидан ўрганилган[3]. У арабча-мўғилча ва форсча-мўғилча луғатларни таҳлил қилиб, жами 600 та лексемани ажратиб олган. Мўғилча деб берилган 30 та сўзнинг аслида туркий сўз эканини аниқлаган. Унинг тадқиқотлари 1928 йилда нашр этилган ва шу сабабли китоб ёзилган санани милодий 1245 (ҳижрий) йил деб хато белгилаган. Маълумки, Поппе Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарийнинг “Муқаддимат ул-адаб” асарини ҳам тадқиқ қилган[4]. “Муқаддимат ул-адаб”да ҳам араб, турк, мўғил ва форс тилларининг тавсифи берилганини инобатга олсак, Поппенинг бу борадаги тадқиқотлари тилшуносликда алоҳида аҳамиятга эга эканлиги кўринади. Шу ўринда бир мулоҳазани келтириб ўтсак: Замахшарийнинг “Муқаддимат ул-адаб” асарини Қунавийнинг “Китаб мажмуа таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)” асари билан қиёсий ўрганиш ўринли бўлади. Агар уларнинг лексикаси ва морфологияси ёхуд луғат тузиш услубида ўхшашликлар топилса, бу тилшуносликда катта янгилик бўлган бўлар эди. Инчунин, ватандошимиз Замахшарий ислом дунёсидаги барча тилшуносларнинг устози эканига шубҳа йўқ ва қатта эҳтимол билан Қунавий ҳам услубда унга эргашган бўлиши мумкин.

 

1970 йилда қозоқ олими Абжан Қуришжанули ХІІІ асрда эски қипчоқ тилида ёзилган ёзма ёдгорлик – “Туркча-арабча луғат” лексикасининг тадқиқи” номли китобини эълон қилган. Эътибор берган бўлсангиз,  Абжан Қуришжанули ҳам ўз китобида Мартин Теодор Хаутсманинг изидан борган ва санада ҳам, китобнинг номида ҳам адашган. Аммо у ўзи қипчоқ тилида сўзлашгани учун луғатдаги қипчоқ  ва мўғилча лексикани жуда тушунарли тарзда талқин қилган. Уларнинг ўзаро фарқларини ажратиб кўрсатган.

 

Кейинги тадқиқот ўзбек олими Абдулла Юнусов томонидан амалга оширилган. Абдулла Юнусов 1973 йилда  XIV аср ёдгорлиги – “Таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)нинг тадқиқи мавзусида кандидатлик диссертациясини ёқлаган. 1980 йилда у Таржуман – XIV аср ёзма обидаси номли китобни нашрга тайёрлаган. Бу китоб “Таржуман”ни ўрганиш учун жуда қулай, инчунин унда Қуришжанулининг тадқиқотларидан фарқли ўлароқ ўғиз лаҳжасидаги лексиканинг қиёсий тавсифи ҳам бериб борилган. А.Юнусов, айниқса, луғатнинг морфологик хусусиятларини кенгроқ ёритган. Сўз туркумлари, уларга хос грамматик маънолар, ҳар бир туркумга хос грамматик категориялар, бу категорияларни юзага келтирувчи грамматик шакл ва грамматик маънолар  равон баён қилинган.

 

Туркияда бу асар биринчи марта 2000 йилда туркологлар Режаб Топарли, М.Сади Чўганли ва  Невзат Ҳафис Яниклар томонидан тадқиқ қилинган[5]. Туркияликларнинг тадқиқида техник ва услубий таҳлил яхшироқ берилган. Тадқиқотлар ҳақида кейинроқ мақола берган Юсуф Сюлюкчу мамлук-қипчоқ тилининг шаклланган дастлабки даврда  Анадолу туркчаси ҳам амалда бўлганлигини қайд этган. Шунингдек, у луғатдаги қипчоқча ва туркманча сўзлар қиёсини ҳам амалга оширган. Бунинг учун эса сўзларни қуйидагича таснифлаган:

 

1. Асл Мамлук-қипчоқчаси;

2. Қипчоқча  – оғузча қоришиқ диалект;

3. Анадолу туркчаси[6].

 

Япониялик олтойшунос Йошио Саито ҳам китобнинг иккинчи қисмидаги мўғил тили лексикасини тадқиқ қилган ва 2006 йилда асарни Киотода индекс луғати билан чоп эттирган. Олим ўз тадқиқотларида мўғилча матнларни таҳлил қилиб, сўзларни тартиб билан жойлаштириб чиққан. Фикримизча, олим эски мўғил тили лексикасини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилганки, замонавий мўғил тилларида бу сўзлар фонетик ва семантик ўзгаришларга учраган. Йошио Саито тадқиқотларини инглиз тилида амалга оширган ва унинг инглизча  таржималарида  кўплаб хатолар кузатилади. Жумладан, у бўрининг таржимасини “кирк” шаклида луғатга киргизган. Ваҳоланки, китобда ḳurt шаклида берилган[7].

 

Кейинчалик “Китаб мажмуа таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)” устидаги тадқиқотларни Александр Николаевич Гаркавец давом эттирган. Александр Гаркавец гарчи Украинада  туғилган бўлса-да, туркий тилларни жуда яхши билган. Чунки у туғилиб ўсган Украинанинг Старобешево туманида ўғиз аралаш қипчоқ лаҳжасида сўзлашувчи аҳоли кўпроқ яшайди. Шу атрофдаги топонимлар ҳам кўпроқ туркий топонимлардир[8]. Қолеварса, Александр Гаркавец ўз тадқиқотларини давом эттириш учун 1988 йилдан Қозоғистоннинг Астана шаҳрига кўчиб ўтган ва асосий тадқиқотларини шу ерда давом эттирган.

 

Александр Гаркавец амалга оширган энг муҳим иш – 2019 йилда “Китаб мажмуа таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)” қўлёзмасининг тўлиқ факсимиле нусхасини транслитерацияси, транскрипцияси ва нормализацияси билан нашр эттириши бўлди[9].  Бунда қўлёзмадаги туркий ва мўғилча сўзларнинг  тўлиқ таржимаси берилган. Барча тадқиқотлар орасида Александр Гаркавецнинг таҳлиллари яхшироқ ва илмий асосларга эга. Қолаверса, унинг таҳлилларида Қозоғистоннинг энг етук тилшуносларидан бири Ўмир Туяқбаев ҳам иштирок этганки, бу Гаркавецнинг тадқиқотларидаги бўшлиқларни тўлдирган.

 

Александр Гаркавецнинг ютуғи шундаки, у аввало қўлёзманинг факсимиле вариантини ва  матнларнинг аниқ ўқиладиган версиясини яратган. Тўғри, бунда замонавий технологиялардан фойдаланганлиги учун факсимилени тайёрлаш осон кечгандир, аммо қўлёзмадаги ўчиб ёки униқиб кетган ҳарфларни қайта тиклаш жуда машаққатли меҳнат талаб қилгани кўриниб турибди. Чоп эттирган китобда даставвал асл матн, сўнгра ўқилган араб графикасидаги матн, ундан кейин транскрипцияси ва нормализацияси берилган.

 

 

 

 

“Таржуман” кириш ва тўртта қисмга бўлинган. Биринчи қисм Қуришжановнинг тавсифида “Фақат исмлар ҳақида”, деб номланган[10]. Аммо мазкур бобда асосан от ва турланиши берилган бўлиб, 26 та фаслда сўзларнинг тавсифи келтирилган. Иккинчи қисм “Феъл масдари ва буйруқ майли ҳақида”. Унда феълдан ясалган отлар,  буйруқ майлида феълларнинг ясалиши берилган. Учинчи  қисм “Сўзларнинг турланиши ва феълларнинг тусланииш ҳақида”. Бу қисмда феъллар ва номларнинг тусланиши ҳамда замонларда турланиши берилган. Тўртинчи қисм “Сўзларнинг ишлатилиши ва бошқа муҳим масалалар”га бағишланган. Жумладан, аффикслар ёрдамида сўз ясалиши баён қилинган. Китобнинг охирги саҳифаларида туркий сўзларнинг глоссарийсига ўрин ажратилган.

 

Маълумки, мамлуклардан олдин Мисрда айюбийлар ҳукмронлик қилган. Айюбийлар давлатининг бошлиқлари ўғиз туркчасида гаплашишган. Аммо Европа манбаларида айюбийларни “курд” деб ёзишади. Бу тўғри эмас! Чунки, айюбийлар султонлигининг  сўнгги ҳукмдори ал-Малик Туроншоҳ ибн Айюб бўлган. Курдлар эса Туроншоҳ исмини қўйишмаган.

 

Умуман олганда, салтанат айюбийлардан мамлуклар қўлига ўтган ХIII асрда Мисрдаги мулоқот тили ўғиз тили бўлган. Мамлуклар даврида давлат раҳбарлари ва лашкарбошилар орасида қипчоқларнинг сони ошган. Мўғиллар эса ХIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб уюша бошлаган ва уларнинг асосий қисмини ҳарбий навкарлар ташкил қилган. Шу сабабли мамлуклар даврида учта тил давлат ва қўшинларни бошқариш, халқаро мулоқот ва савдо тилига айланган. Қипчоқ тили эса энг қўп қўлланиладиган – мулоқот тили бўлган. Буни юқорида номлари зикр қилинган тадқиқотчилар тасдиқлаган. Жумладан, муаллифнинг ўзи ҳам “асл туркий тил – қипчоқ тили” дея қайд қилиб ўтган[11].

 

“Таржуман” лексикасининг ўзбек тилига ёхуд лаҳжаларига яқинлик томони борми?

 

Мамлук-қипчоқ тилининг лексикаси қипчоқ ва ўғиз диалектларининг уйғунлашувидан таркиб топган. Бу унинг луғат таркибида ҳам кўриниб турибди. Ундаги қипчоқ лаҳжаси аввал Олтин Ўрда ҳудудларида шаклланган. Н.Баскаковнинг таснифига кўра, бу тил  қорачай-балқар, қирим-татар тиллари билан бирга қипчоқ гуруҳига киради[12]. Адҳам Тенишев эса уни Қозон татарлари тилига яқин деб ҳисоблаган[13]. Бундай фикрлар кўп, аммо таҳлиллар бошқа нарсани кўрсатади.

 

Менинг фикримча,  мамлук-қипчоқ тилидаги сўзлар ҳозирги турк тилида кўпроқ учрайди, буни Юсуф Сюлюкчунинг тадқиқотлари ҳам тасдиқлайди. Мисол учун, эгар лексемасини таҳлил қилиб кўрамиз.  Бу сўз турк тилида ва ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида айнан бир хил қўлланилади: эяр. Асарда ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида қўлланиладиган сўзлар ҳам жуда кўп. Масалан,  опа маъносидаги эгачи  сўзи ўзбек қипчоқ лаҳжасида сақланган: Эгачим эрга тийди, эскиси менга тийди (опам эрга тегди, эскиси (кийими) менга тегди).

 

Ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида “чеча”  сўзи янга маъносида ишлатилади. Айни сўз қозоқ тилида “шеше” шаклида – она маъносида ишлатилади. “Таржуман”да эса “чеча” амма маъносида қўлланилган. Амма араб тилидан ўзлашган. Демак, бу сўзни ҳам семантик таҳлил  қилиш керак бўлади. Балки, чиндан ҳам боболаримиз аммасини эгачи деб чақиргандир.

 

Шу ўринда ўзбек тили қипчоқ лаҳжасида сақаланиб қолган айрим сўзларнинг “Таржуман” луғатидаги аналогларига эътибор қаратамиз:

 

Т/р

Ўзбек адабий тилида

Ўзбек тили қипчоқ лаҳжасида

Таржуманда

1.           

бултур

былтыр

былтыр

2.           

пашша

чыбын

чыбын

3.           

бир ёшли эчки

чибич

чибич

4.           

икки ёшли қўзи

шишак

шишак

5.           

ҳулкар

улкар

улкар

6.           

бунда

мунда

мунда

7.           

тик қоя

учурим

учурим

8.           

тепа

тўба

тўба

9.           

денгиз

тенгиз

тенгиз

10.        

чивиқ (новда)

чыбық

чыбық

11.        

бир бош узум

салқум

салқум

12.        

ғўра

қырақ

қырақ

13.        

қовоқ

қабақ

қабақ

14.        

кигиз

кийиз

кийиз

15.        

астар

ичлик

ичлик

16.        

хулқ

қылық

қылық

17.        

елка

ийин

ийин

18.        

қарич

қарыш(ч)

қарыш(ч)

19.        

болға

чўкич

чўкич

20.        

паст

ашақ

ашақ

 

Бу ерда ўзбек тили қипчоқ лаҳжаси ва мамлук-қипчоқ тилидаги фонетик жиҳатдан айнан бир хил талаффуз қилинадиган айрим сўзларгина келтирилди, холос.

 

“Таржуман”ни ўрганиш ўзбек адабий тилига баъзи сўзларнинг нотўғри маънода қабул қилинганини кўрсатади. Мисол учун, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида тўқли сўзига қўйидагича изоҳ берилган: Тўқли бир ярим ёшга етмаган, қочирилмаган урғочи қўй[14]. Савол туғилади: бир ярим ёшга етмаган қўй тўқли бўлса, икки ёшдан ўтгани шишак бўлса, унда бир ярим ёш билан икки ёш орасидаги қўй қандай аталган? Ўзбеклар орасида қўйлар ёшига қараб қўйидагича номланган: қўзи (янги туғилган қўй), марқа (ярим ёшли қўй), тўқли (бир ёшли эркак қўй), тусақ (урғочи қўй бир ёшдан кейин то туққунча), шишак (икки ёшли қўй), совлиқ (туққан қўй), қўчқор (эркак қўй, уч ёшдан кейин). Демак, Ўзбек тилининг изоҳли луғатидаги тўқли сўзининг изоҳини ўзгартириш керак.

 

“Таржуман”да жуда қизиқарли маълумотлар ҳам бор. Улардан бири йоғурт. Мамлук-қипчоқлари қатиқни шундай аташган. Бу ҳозирги дўконларда европа маҳсулоти сифатида сотилаётган  йогуртнинг аслида туркий сўз эканини тасдиқлайди.

 

Иккинчи қизиқарли сўз – қирпич. Бу ҳақда илгари ҳам матбуотда кўплаб мақолалар берилган. Қолаверса, бошқа туркий луғатларда, хусусан “Девони луғатит-турк”да ҳам ғишт қирпич аталгани маълум. Энди туркий тиллардаги айни сўзнинг қиёсий таҳлилига эътибор қаратсак: ўзб. ғишт; турк. kiprpich; озар. kiprpiç; бошқ. қипр; қоз. кипрпич; тат. кирпеч; чуваш. кирпӗч; якут. қирпииччэ; ва ҳк. Бу таҳлил “ғишт” туркий сўз эмаслигини кўрсатади.

 

“Таржуман”да “инақ” лексемаси ҳам ишлатилган. Бу хусусда ҳам айрим мулоҳазалар бор. Дўст сўзи туркий тилларга форс тилидан ўзлашган. Фикримизча, бу сўз ўзлашган дастлабки даврда иноқ билан бирга иноқ-дўст шаклида ишлатилган. Улар аслида икки тилдаги маънодош сўзлар бўлган. Кейинчалик иноқнинг маъноси сифатга айланган ва “иноқ дўст” ибораси пайдо бўлган. Туркий тилда иноқ сифати ўрнида тату (тотув) ишлатилган. Мамлук-қипчоқчасида “ınaḳ” сўзининг дўст маъноси сақланган. Афсуски, биз уни аҳил сўзининг синоними сифатида ишлатамиз.

 

А.Қуришжановда ҳам, А.Юнусовда ҳам ва А.Гаркавецда ҳам ой сўзининг замонда турланиши нотўғри кетган. Қипчоқ тилларида ўтган ой – кечган ой, ҳозирги ой – келган ой, келаётган ой – келаси (келдечи) ой деб аталади. Ҳозирги ойни “устида турган ой” деб аташ ҳам шеваларда бор. Аммо ҳамма тадқиқотларда “келган ай – келаси ай”, келдечи ай – келаси ойдан кейинги ой” бўлиб ёзилган. Ҳозирги ой эса қолиб кетган.

 

Юқорида келтирилган барча мулоҳазалардан қуйидагича хулоса қилиш мумкин: “Китаб мажмуа таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)”, асосан, туркий тилнинг қипчоқ ва ўғиз лаҳжаларига оид манбадир. Шунингдек, ундаги мўғилча сўзлар ҳам 600 тадан кўпроқни ташкил қилади. Сарлавҳанинг охирига қавс ичида қўшилган “... ва фарсий” шуни англатадики, луғатда айрим форсий сўзлар ҳам бор. Аммо форсча сўзларнинг семантик тавсифи берилмаган.

 

Ҳозирги замонавий тилларни бойитишда “Таржуман”нинг луғат бойлигидан фойдаланиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Инчунин, замонавий турк тили лексикологиясига эътибор берсангиз, турклар ундан унумли фойлангани кўзга ташланади. Ҳозирги кунда Қозоғистонда ҳам бу борада тадқиқотларга кенг йўл очилган. Айни мавзуга оид ўнлаб диссертациялар ёқланган. Хусусан, Александр Гаркавецнинг тадқиқотлари шу пайтгача ўтказилган тадқиқотлар орасида энг мукаммали саналади.

 

Ўзбекистонда эса бу борадаги изланишлар Абдулла Юнусов тадқиқотларидан кейин тўхтаб қолган. Нафақат янги нашрлар, ҳатто Абдулла Юнусовнинг Таржуман – XIV аср ёзма обидаси номли китоби ҳам қайта нашр қилинмаган.

 

Мақолани ёзиш жараёнида фейсбукдаги тилшунослар фаол бўлган гуруҳларга сўровномани жойладик. Сўровномада ватандошларимиздан асосан “Китаб мажмуа таржуман туркий ва ажамий ва муғалий (ва фарсий)” асаридан хабардор ёки хабардор эмаслиги сўралди. Натижа эса... Бошқа соҳа вакилларини қўйиб турайлик, кўплаб мутахассислар ҳам бу ҳақда маълумотга эга эмаслигига гувоҳ бўлдик. Абдулла Юнусовнинг номи китобда қисқартириб, “А.Юнусов” деб берилган экан. Унинг исмини аниқлашга ҳам икки кун вақт кетди. Таниқли профессор устозимиздан сўраб билдик. Абдулла Юнусов ҳақида интернет сайтларида, ҳатто “Oʻzbekcha Vikipediya”да ҳам маълумот йўқ экан.

 

Сўнгсўз

 

Кўпинча  биз ватанни маълум бир чегаранинг ичидан ахтарамиз. Тилимизни, тарихимизни, қадриятларни ҳам шу чегаранинг ичида деб биламиз.  Четроққа чиқиб мўралашга чўчиймиз. Бу журъатсизлигимиз билан эса “кўлмак ҳовуздаги тилла балиқча”га ўхшаймиз.

 

Ушбу мақолани ёзишдан асосий мақсадим – ёшларимиз ўқисин! Уч қитъага тарқалган ва жаҳон тили бўлган тилимизнинг ареали қанчалик кенг эканини, қудратини ҳис қилсин. Ўргансин. Ўргатсин. Тадқиқ қилсин ва юксалтирсин!..

 

Анвар БЎРОНОВ



[1] М.Th.Hontsma. Ein türkisch-arabisches Glossar. Leiden, 1894.

 

[2] Flemming B. Ein alter Irrtum bei der chronologischen Einordnung des Tarǧumān turkīwa ‘aǧamī wa muġalī // Der Islam, № 44, 1968: 226–229.

 

[3] Poppe N. Das mongolische Sprachmaterial einer leidener Handschrift // Изв. АН СССР. Отд. гуманитарных наук. –Ленинград, 1927: 1009–1040, 1251–1274; 1928: 55–80.

 

[4] Н.Н.Попе. Монгольский словарь мукаддимат ал-адаб. Часть I-II. – Москва-Ленинград: Наука, 1938.  566 стр.

 

[5] Toparlı, R., Çögenli, M. Sadi, Yanık, Nevzat H. (2000), Kitâb-ı Mecmû-ı Tercümân-ı Türkî ve Acemî ve Mugalî, Ankara: TDK.

 

[6] Sülükçü Y. Kitab-ı Mecmû-i Tercümân-i Türkî ve Acemi ve Mugalî' Adlı Esere Yabancılara Türkçe Öğretimi Acısından Bir Bakış.  Article  in  International Journal of Language Academy · January 2016.

 

[7] Yoshio Saitô. The Mongolian Words in Kitab Majmu' Turjuman Turki wa 'ajami wa Mugali: Text and Index. – Kyôto: Shoukadoh, 2006. –Р. 6.  

 

[8] Гаркавец А.Н. Туркские языки на Украине. –  Киев: Науково думка, 1988. –С. 4.

 

[1] Гаркавец. А.Н. Китаб-и Маджму‛-и Тарджуман-и Турки ва ‛Аджами ва Мугали ва Фарси  Сводная книга переводчика по-тюркски, и по-персидски, и по-монгольски, и на фарсиХалила бин Мухаммада бин Йусуфа ал-Кунави. – Алматы: Баур, 2019.  601 стр.

 

[1] Курышжанов А. К. Исследование по лексике Тюркско-арабского словаря, – Алматы: 1970, – С. 51

 

[11] Юнусов А. “Таржуман – XIV аср ёзма обидаси. Тошкент: Фан, 1980. – Б. 29.

 

[12] Баскаков Н.А. Историко-типологическая фонология тюркских языков / Отв. ред. Э. Р. Тенишев.  М.: Наука, 1988.

 

[13] Тенишев Э.Р. Древнетюркские языки // Лингвистический энциклопедический словарь. Советская энциклопедия, 1990.

 

[14] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Т ҳарфи. – Тошкент: ЎМЭ, 2006–2008. – Б. 253-254.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 58
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10446
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//