“Буюк ишонч” ўлдирган одамлар, ҳомиладорликдан қўрқадиган оналар ва пропаганда қурбонлари – “Чернобил таваллоси”да ҳайқирган тарих


Сақлаш
22:07 / 24.07.2023 462 0

Атрофи ўрмон, суви мусаффо, ҳосили мўл, ҳайвонлари кўп тинч ва кўркам қишлоқ. Одамлари тўйда қувнаб, азада йиғлар, бақириб қўшиқ айтар, ёниб рақс тушарди. Бу гўшада ҳислар, қувончли ва қайғули турфа умрлар бор эди. Лекин ҳаммаси атиги бир сония ичида ўзгарди: энди барча манзаранинг номи – радиация, ҳисларнинг ягона номи – ўлим, одамлар – зарарлантирувчи объект – Чернобил!

 

1986 йил 26 апрель Чернобил АЭС портлади. Ўзларида биронта ҳам атом станцияси бўлмаган белоруслар эса “ваҳима уйғотмаслик” фонида фожиа қурбонига айланди. Маълумотларга кўра, фалокат натижасида атмосферага отилиб чиққан радионуклидларнинг 70% и беларус заминига тушган. “Радиациянинг кичик дозадаги доимий таъсири натижаси ўлароқ, мамлакатда йилдан йилга саратон касаллиги, ақли заифлик, асабий-руҳий парокандалик ва ирсий мутацияларга дучор бўлган беморлар сони ошмоқда... (“Чернобил” тўплами. “Белоруская энциклопедия”, 1996 йил) 1996 йили “Народная газета” шундай ёзади: "Белорус...Дунё учун биз терро инcогнито — номаълум, ўрганилмаган заминмиз. “Оппоқ Россия” – мамлакатимиз номи инглиз тилида тахминан шундай жаранглайди. Чернобил ҳақида ҳамма билади, фақат уни Украинa ва Россия билан боғлайдилар. Биз ҳали ўзимиз ҳақимизда ҳикоя қилишимиз керак...".

 

Асарларда одатда қаҳрамонлар бўлади. Улар билан боғлиқ ҳодисаларни ёзувчи маҳорат билан тасвирлайди, бор сўз бойлигини сарфлайди. Лекин “Чернобил таваллоси”да ҳеч қандай жимжимадор сўз, ўйлаб топилган таъсирли воқеа, чиройли ўхшатишлар йўқ, унда фақат ИНСОНлар бор. Улар кўрганлари ҳақида гапиради, одам қиёфасини йўқотиб ҳалок бўлган яқинларини эслайди, кўмиб ташланган уйлари, даҳшатли тушлари, ногирон, кўз ўнгларида ўлим билан курашаётган фарзандлари, гўзал, аммо хавфга айланган табиат ҳақида сўзлайди.

 

Китоб деярли 20 йил мобайнида ёзилган. Муаллиф станция собиқ ходимларидан тортиб, олимлар, оддий аҳолигача гаплашади. Қишлоқлардан кўчирилганлар, уйига қайтиб борганлар, зарарланган объектда яшаётганлар, ўша ерда хизмат қилганлар билан учрашади, уларнинг ҳикояларини тинглайди. Ниҳоят буларнинг барчаси йиғилиб ҳайқираётган, йиғлаётган асарга айланган...

 

Қутқарувчиларнинг ўлими

 

Людмила – марҳум ўт ўчирувчининг рафиқаси. Улар фожиа юз берган кундан бироз аввал турмуш қуришганди. Бир-бирини қанчалик севишларини ҳам билишмасди, ҳатто. Ярим тундаги шовқиндан уйғониб кетганида, “Дарчани беркит ва ётиб ухла. Станцияда ёнғин чиқибди. Тезда қайтаман” деган гапни эшитади. Шунчаки ёнғин дейишгани сабаб брезент коржомаларсиз, кийиб турган битта кўйлак билан радиацияга қарши курашишган ўт ўчирувчилар гуруҳи эртаси куни тонгдаёқ касалхонага тушади. Бироқ ҳамма жойни ўраб олган ҳарбийлар кучли нурланиш борлиги сабаб одамларни уларга яқинлаштирмасди. Аммо Людмила амаллаб эрини кўради: ҳамма жойи шишган, кўзи деярли кўринмасди. “Улар кўпроқ сут ичиши керак” дейишгач, барча ўт ўчирувчиларнинг аёллари челак-челак сут ташийди касалхонага. Шифокорлар буни газдан заҳарланиш, дейишади. Балки, ўзлари ҳам билмагандир. Чунки маълум вақт ўтиб кўплаб шифокорлар, ҳамширалар, айниқса, санитар аёллар касалликка чалиниб, вафот этади. Ўт ўчирувчиларни Москвага олиб кетишганида ҳомиладорлигини яширган Людмила эрининг олдида бўлади. Яқинига бормаслик, тегмаслик ҳақида қатъий огоҳлантиришларига амал қилмай эрини парваришлашга ҳаракат қилади. Ўт ўчирувчиларнинг кундан кунга бутун бадани гўштга айланиб борар, қиёфаси даҳшатли тарзда ўзгариб, шишиб кетганди. Улар бирин-кетин вафот этишади. Людмиланинг турмуш ўртоғи ҳам ҳалокатдан 14 кун ўтиб ёруғ олам билан хайрлашгач, давлат уни ҳам сафдошлари каби яширинча дафн қилади. Кўп ўтмай Людмила кўринишидан соғлом, лекин жигарида цирроз, 28 рентген билан туғилган қизалоқни дунёга келтиради. Афсуски, тўрт соатдан сўнг чақалоқ ҳам ўлади... Она боласини олмоқчи бўлади, аммо шифокорлар уни беролмаслигини айтади. “Илм-фан учунми?! – нафратланади она.

 

Валентина фожиа оқибатларини бартараф этиш учун юборилган ликвидаторнинг беваси эди. Ҳалокатдан кейин эри ва унинг 7 кишилик жамоасидаги ҳамма аста-аста вафот этди. Бири ҳалокатдан уч йил, бири тўрт йил, бошқаси беш йил ўтиб. “Митти заррачалар” уларнинг умрини аста-аста еб битирганди. Валентина дастлаб эрининг лимфа тугунлари тухумдек катталашиб кетганини, сўнгра кундан кун аҳволи оғирлашиб, ҳатто инсон қиёфасини йўқотганини эслайди. Уйдаги барча кўзгуни олиб ташлашганди. Оғриқ кучайганда тез ёрдам чақиришар, аммо улар яқинлашишга ҳам қўрқарди. Аёл эса уни шу кўриниши ва шу ҳолида ҳам севиб ардоқлайди. Вақт ўтиб унга қаҳрамонлиги учун фахрий ёрлиқ юборишади. Валентина қизил папкани қўлига олиб ўйларди: “У ниманинг эвазига ўлмоқда. Газеталарнинг ёзишича, нафақат Чернобил, балки коммунизм ҳам портлади. Советча ҳаёт тугади. Қизил папкада эса ҳануз ўша башара...

 

“Буюк ишонч” ўлдирган одамлар

 

Чернобил ҳалокати – одамлардаги “онг ҳалокати”ни ҳам кўрсатиб берганди. Улар хонавайрон бўлган маконда яшаётган, фарзандлари заҳарланаётган бўлса ҳам, “Барчаси яхши, барчаси хавфсиз”, дея бонг ураётган давлат тузумига қаттиқ ишонишарди. Мамлакатда қабристонлар кўпайиб кетганиндан баъзи қишлоқлар ўликлар заминига айланиб қолганди. Уларнинг бирида одамлар, бирида ҳайвонлар, бошқасида бутун бошли уйлар кўмилганди. Аммо барибир одамлар кўчиб кетмас, “митти ўлим заррачалари” жойлашган ҳаводан нафас олишар, сабзавотлардан овқат қилишар, яшашда давом этишарди. Кейинчалик берилган “Нега кетмагандингиз?" деган саволга эса “Биз суянган тузум айтган гапларга ишонгандик”, деб жавоб беришарди.

Улар ўлимдан ҳам кўпроқ “Буюк давлат”га ишонар, телевизорда айтилган барча топшириқларни аскарлардек бажарарди. “Аллақачон йўқ бўлган катта ва қудратли давлатдан ҳали ҳам ёрдам кутишарди. Инсонлар давлатга қалбини, виждонини, юрагини сотарди ва эвазига бирламчи озиқ-овқат жамланмасини оларди”.

 

“Тирик жон борки, бу жойдан қочиши кераклигини билардику?! Ҳеч бўлмаса вақтинчага. Лекин биз виждонан радиацияни ўлчардик ва телевизор томоша қилардик. Ишонишга ўрганиб қолгандик. Нега майдонга чиқмадик, бақирмадик? Партбилетдан қўрққанимиз учун эмас, ишонганимиз учун. Энг аввало гўзал ва адолатли юртда яшаётганимиз, инсон ҳамма нарсадан юксак ва ҳар нарсанинг мезони эканига ишонганмиз”. Бу ўша заминда яшаб заҳарланган, келажагини бой берган инсонларнинг иқрорлари, афсуслари эди. “Буюк ишонч” одамларни шу даражага олиб келган эдики, зарарланган жойларга болалари билан бемалол боришар, худди байрамдагидек ясаниб ҳам олишарди. “...биз ўз болаларимизни ясантириб, Биринчи май намойишига олиб чиқдик. Борсак ҳам, бормасак ҳам бўларди. Танлов имкони бор эди. Ҳеч ким бизни мажбур қилмаётганди, талаб ҳам этмаганди. Лекин буни ўз бурчимиз деб билдик. Бошқача бўлиши мумкинми?! Кўчага чопдик, оломонга қўшилдик. Бизнинг нафақат еримиз, балки онгимиз ҳам заҳарланганди. Ва бу заҳарланиш узоқ йилларга чўзилди.

 

Ҳомиладорликдан қўрқадиган аёллар, “ёнувчи қўнғизча”га айланган болалар

 

1993 йилда Беларусда 200 мингта аборт қилдирган. Асосий сабаб – Чернобил”. “Бахтиёр ҳомиладор аёлларни кўрмаймиз”, деганди ҳамширалардан бири. Сабаби оналар туғиш ва йўқотиш ҳиссини бир лаҳзанинг ўзида ҳис қиларди. Кулиб турган лаблар бирданига кўз ёш аччиғидан бужмаяр, оналик бахтми ёки жазо фарқига бормай қоларди одам. Омон қолган болаларни эса “ёнувчи қўнғизчалар” дейишарди. Тенгдошлари улар билан ўйнамас, кўпчилигининг сочлари нурдан тўкилиб кетганидан ёзда ҳам қалпоқ кийиб юришарди.

 

Ҳалокат жойидаги хизмати тугаб, уйга қайтган аскар барча кийимларини чиқиндига ташлаб юборади. Фақат жуда сўрайвергани учун аскарлик қалпоғини ўғилчасига совға қилади. Болакай уни ечмай кийиб юрарди. Икки йил ўтиб, унга мия саратони ташхиси қўйилади...

 

Чернобил. Урушдан ҳам оғир фожиага айланган ҳалокат. Инсон ундан қутула олмайди: на ерда, на сувда, на кўкда. Китобни бошқа бадиий асарлардек завқ билан ўқиб бўлмайди. Оғир сўзлар, фожиадан ҳам фожиалироқ тақдирлар. Кўчага отиласан. Дарахтлар, гуллар, қушлар, майсалар... Уларга қандай душманга қарагандек қараш мумкин?! Болангни ўпасан, ёрингни қучасан –лаҳзалик қувонч. Лекин у сени ўлдириши мумкин бўлса-чи? Нима қилган бўлардинг? Ҳамкасбинг ҳавонинг ҳаддан ортиқ исиётганидан, дугонанг боласи шамоллаганидан, таксичи амаки тушум камлигидан нолийди. Дўкон эгаси кассадаги пачка-пачка пулдан сенга қайтим қайтараркан солиқларни, қариндошинг ойлик маоши пастлигини, қассоб нарх-наво ошганини айтиб, ҳаёт қанчалик оғирлигини уқтирмоқчи бўлади. Сен эса буларни эшитиб хурсанд бўласан. Ҳа, хурсанд бўласан, бу фожиаларни енгса, тўғриласа бўлишини ҳис қилганингдан.

 

Ситора БАРЛИБОЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази ходими

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси