“Гўзал оилага айланганингиз билан табриклайман” – Бўстонлиқ тумани ўқув семинарида ўтаётган муҳим дақиқалар


Сақлаш
03:12 / 22.07.2023 647 0

Тўртинчи кун

 

Бўстонлиқ туманидаги оромгоҳда сўнгги кунни якунладик (20 июль). “Маърифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар” мавзусидаги ўқув семинари тарихий жараёнга айланди. 200 дан ортиқ тизим ходимлари ҳар бир кунни қайта кашф этишди. Семинардаги тажрибалар ва замонавий билимлар ишонамизки, ходимларнинг бундан кейинги фаолиятига ижобий таъсирини ўтказади. Шундай қилиб, тўртинчи кун секундомерига эътибор қаратамиз.

 

9.45

Ўзбекистон Республика Президенти Администрацияси шўъба мудири Абдуҳалил Маврулов “Миллий қадриятлар, маънавият ва маърифат тушунчалари мазмун-моҳияти, бу борада бугунги долзарб вазифалар тўғрисида” машғулот олиб бормоқда. Устознинг маърузалари моҳияти бугунги кун маънавият тизими ходимларининг ахлоқи, уларнинг дунёқараши ва мақсадлари каби муҳим масалаларга бағишланган. 

 

 

10.10

Амфитеатр гулдурос шовқинларга тўла. Боиси, “Маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ташкил этишда омма билан ишлашнинг самарали воситалари” мавзусидаги машғулот Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова томонидан олиб борилмоқда. Аудиторияни чин маънода “ёндирган” менторимиз ўз чиқиши охирида семинар иштирокчиларига табрик йўллади:

– Гўзал оилага айланганингиз билан табриклайман!

 

 

10.55

“Рақамли тарғибот ишлари ва онлайн танловларни ташкил этиш методикаси” бўйича машғулот Oyina.uz портали бош муҳаррири ўринбосари Инобат Аҳатова томонидан олиб борилмоқда. Бу машғулотда портал фаолияти мисолида онлайн танловлар ташкил этиш ва уларнинг ижобий таъсири хусусида реал маълумотлар тақдим этилди.

 

 

11.22

Машғулот менторлари минбарида Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлими бошлиғи Жасур Болтаевни кўриш мумкин. “Маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишда турли идора, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, “Энг намунали туман ва шаҳар” танловининг янги таҳрирдаги низоми билан танишиш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар тўғрисида” олиб борилган дарс давомида ҳам семинар иштирокчилари фаолиятлари учун зарур бўлган саволларга жавоб топдилар.

 

12.38

Барча ҳудудлар ўз фаолиятлари давомида тайёрлаган видеороликларини намойиш этмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов қизиқарли ва ранг-баранг видеоматериаллар билан танишиб, уларни атрофлича таҳлил қилар экан, ўзининг ҳазиломус фикрини билдириб ўтди:

– Бутун Республикада шундай видеороликларимиз бор экан-у, биз билмаган эканмиз!

 

 

14.10

Тушликдан сўнг семинар иштирокчилари учун танаффус эълон қилинди. Танаффусдан унумли фойдаланиб кимдир кечки дастурларга тайёрланаяпти, кимдир дам олаяпти. Яна кимлардир сув ҳавзаси томон йўл олган. Ҳаммада кайфият умумийлиги:

– Оромгоҳдаги охирги кунимиз – очиғи, бир-биримизга ўрганиб қолибмиз.

 

16.10

Жараёнларни ўз фотоаппаратига муҳрлаётган Навоий вилояти бўлими матбуот хизмати ходими Жаҳонгир Қосимовга саволлар билан юзландик. Бироз камгап ҳамкасбимиз семинарнинг қизиқарли воқеаларини суратлари орқали изоҳлашга ҳаракат қилди ва бу семинар У учун катта мотивация улашганини айтди:

– Ўз устимда янада кўпроқ ишлашга қарор қилдим. Семинар орқали янги режалар пайдо бўлди. Тез орада ўз соҳам бўйича қатор ижодий ишларга қўл урмоқчиман.

 

17.05

Танаффус тугагач семинар иштирокчилари яна оромгоҳ амфитеатрига жамланишган. Айни дамда тизим ходимларининг нутқий қобилиятлари синовдан ўтказилмоқда. Улар “Жасорат”, “Оила” “Бахт” каби турли инсоний тушунчалар юзасидан оғзаки фикрларини баён қилишмоқда. Бу қизғин жараён миллий мақомлар ижросига уланиб кетди. Серқирра ва изланувчан семинар иштирокчиларига қойил қолмасдан илож йўқ.

 

20.22

Андижон вилояти Бўстон тумани бўлинмаси раҳбари София Қўзиеванинг семинар бўйича таассуротларига қизиқдик:

– Янги ғоялар, янги билимлар ва янги дўстларга тўла бу ўқув семинари бизга жуда манзур бўлди. Бир-биримиз билан тажриба алишдик, мақсадларимиз мустаҳкамланди. Доим ўқиш, изланиш ва тўхтаб қолмаслик шиоримга айланди. Семинар ташкилотчиларига ва барча менторларга миннатдорлик билдирамиз.

 

21.10

Оромгоҳ ҳудудида ҳақиқий байрамона муҳитга гувоҳ бўлиш мумкин. Чунки айни дамда семинарнинг муҳим чўққиси – сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтмоқда. Маросимда тизим раҳбарлари, таниқли санъаткорлар ва менторлар иштирокини ҳам кўриш мумкин. Олқишлар ва байрамона табриклар остида ҳар бир семинар иштирокчиси махсус сертификат ва эсдалик сивғалари билан тақдирланди. Қувончли лаҳзалар қизғин фотосессияга уланиб кетди.

 

 

 

22.50

Тақдирлашдан сўнг семинар иштирокчилари оловли кайфиятда ўз хоналарига тарқалишмоқда. Хурсандчилик ва ҳамкасблардан узоқлашиш каби икки хил кайфият ҳукмрон. Муҳими, ҳаммада ишлаш иштиёқи ошган, ҳамма янгидан янги режалар ва мақсадлар рўйхатини тузишга улгурган. Тез орада бу семинарнинг натижалари юзага чиқишига ишонамиз.

 

Ўқув семинарнинг кейинги куни Тошкент шаҳрида давом этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//