“Аввало маънавиятчининг ўзида маънавият бўлиши керак” – Бўстонлиқ тумани ўқув семинарида ўтаётган муҳим дақиқалар


Сақлаш
23:25 / 20.07.2023 663 0

Учинчи кун

 

19 июль ҳам ортда қолди. Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар “Маърифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар” мавзусидаги ўқув семинарининг ҳар бир кунидан ўзига хос таассуротлар ва янги билимлар олмоқда. Анъанага кўра, учинчи кундаги қизиқарли секундомер воқеаларини ҳам сизларга улашамиз.

 

9.45

Ёшлар ишлари агентлиги бўлим бошлиғи Шерзод Олимов “Маҳаллалар кесимида уюшмаган ёшлар ўртасида маърифий тарғибот ишларини ташкил этишнинг қулай, замонавий ва таъсирчан усуллари” мавзусидаги машғулотини турли аудитория методларидан фойдаланган ҳолда олиб бормоқда. Диалоглар, ўйинлар, амалий машғулотларга бой дарс семинар иштирокчиларига жуда маъқул бўлди. Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани бўлинмаси раҳбари Дилноза Назирова менторимиз Шерзод Олимов машғулотини юқори баҳо берди ва дарсдаги уч фикрни эътироф этди:

– Аввало маънавиятчининг ўзида маънавият бўлиши керак;

– Савол берилганда жавобни айлантириш керак эмас;

– Биз эргашувчи эмасмиз, эргаштирувчимиз.

 

 

10.25

Дарснинг муҳокамасига берилиб кетган уч ҳамкасб “маънавиятчи”ларнинг гапини бўлдик. Уларга семинарлар ҳақида савол билан мурожаат қилганимизда бирин-кетин фикрлар ёмғири остида қолдик.

Масалан, Тошкент шаҳри Миробод тумани бўлинмаси бош мутахассиси Наргиза Пўлатова ёш ментор салоҳиятини ижобий баҳолади:

– Таъсирчан ва аниқ нутқий қобилияти бор экан, аудиторияни ўзига тез жалб эта олди ва семинар олиб бориш тажрибасини кўрсатди. Мен ўйлайманки, ёшларимиз орасида айнан мана шундай кучли мутахассислар кўп.

Фикрни Учтепа тумани бўлинмаси раҳбари Саодат Норқобилова давом эттирди:

– Уч пиёлага сув қуйилди, иккитаси бошқаларга тарқатилди, биттаси ўзида қолди. Аввал сувни ичиб кўрди ва бошқаларга ҳам ичиш учун рухсат берди. Бу амалий жараёндан тушундимки, яхши мутахассис ҳар қандай вазиятни олдин ўзидан ўтказиши, ўзида синаб кўриши ва ундан кейин бошқаларга тавсия қилиши керак.

Бектемир тумани бўлинмаси бош мутахассиси Навбаҳор Валиева қизғин суҳбатни якунлаб берди:

– Менторнинг яна бир фикри ёқди: “15 дақиқа ишлаймиз, 15 дақиқа дам оламиз, лекин натижа кўрсатамиз”. Бу фикрнинг моҳияти шундаки, мутахассис дам олиш давомида ўз устида ишлайди, қирраларини кучайтиради ва ишонч билан ишга киришади.

 

10.50

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова “Аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини ташкил этиш бўйича маҳаллалар кесимида ўтказиладиган маърифий тарғибот ишлари тўғрисида” дарс олиб бориляпти. Тизим ходимлари орасида аёлларимиз кўплиги боис ментор кетма-кет саволлар қуршовида қолиб кетди. Ўйлаймизки, кўпчилик учун фойдали маълумотлар берилди.

 

 

11.30

“Менинг юртим 5” телеканали бош муҳаррири Дилшод Маматурдиев машғулот олиб бормоқда. Асосий мавзу ижтимоий видеороликлар тайёрлаш билан боғлиқ. Бу кўплаб мутахассислар учун кутилган мавзу эди. Машғулот давомида зарурий маълумотлар ва намунавий видеороликлар тақдим этилди. Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани бўлинмаси раҳбари Рустам Ёдгоров дарс юзасидан фикрини билдирди:

– Очиғи, видеороликлар бўйича менда жуда кўп савол бор эди, лекин бу саволларни кимга беришни билмайотгандим. Бу машғулот орқали ўз саволларимга жавоб олдим.

 

 

12.20

Оромгоҳ амфитеатри монитори маънавий кинотеатрга айланди. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ташаббуси билан тизимдаги бир қанча роликлар намойиш этилмоқда. Медиасаводхонлик алоҳида заруратга айланган бир вақтда бу ижтимоий роликлар айни муддао бўлди.

 

14.10

Тушликдан сўнг семинар иштирокчилари учун танаффус эълон қилинди. Кимдир дам олаяпти, кимдир очиқ табиат қўйнида сайр қилаяпти, кимдир сув ҳавзасида чўмилаяпти. Умуман олганда, кейинги жараёнлар учун куч тўпланди.

 

15.15

“IT соҳасида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар” мавзусида машғулот олиб борилмоқда. Менторимиз “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ ижрочи директори Абдулаҳад Қўчқоров соҳага оид янги билимларни улашмоқда. Машғулот давомида фрилансерлар ва уларнинг даромадлари юзасидан берилган рақамлар семинар иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Менторнинг фикрига кўра:

– Ҳақиқий мутахассис иш қидирмайди, иш Уни қидиради.

 

 

16.25

Оромгоҳ амфитеатрида бўлинма раҳбарлари ўз фаолиятлари юзасидан ҳисобот ва истиқболдаги режалар тақдимотларини ўтказмоқдалар. Тан олиб айтиш керак, бу тақдимотларни тайёрлаш учун мутахассислар ўз уйқуларидан ҳам воз кечишди. Бу орада Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими раҳбари Иқболой Умарованинг фикрларини тинглашга ҳам улгурдик:

– Вилоят бўлими раҳбалари тез-тез хабарлашиб турамиз. Лекин туман бўлинмалари ўртасида алоқа деярли йўқ эди. Шахсан мен бутун республика бўйлаб соҳа вакилларини ўзаро бирлашганидан, бир-бири билан танишганидан хурсанд бўлдим. Умуман семинар учун оромгоҳнинг танлангани ҳам тизим ходимлари учун муносиб совға бўлди.

 

 

18.20

Оромгоҳни шовқин эгаллаган. Бир томонда аёллар ўртасида волейбол, бир томонда эса эркаклар ўртасида футбол мусобақаси ўтказилаяпти. Ўзаро ўртоқлик ўйинларида семинар иштирокчилари янада аҳил жамоага айланди. Ҳамманинг фикри умумий бир мазмунда:

– Спорт мусобақалари орқали уч кунлик семинарнинг яхши маънодаги чарчоқлари чиқиб кетди.

 

 

 

21.30

Кечки овқатдан сўнг семинар иштирокчилари оромгоҳнинг турли бурчакларида тўпланишган. Кимдир миллий қўшиқлар ижроси билан овора, кимдир турли жамоавий ўйинлар билан банд. Қизиқарли ва муҳим янгиликларга бой бўлган яна бир кун ўз ниҳоясига етди.

 

Яна бир кунлик муддатимиз қолди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//