Шу кунларда ижтимоий тармоқларда бир аёлнинг ўз қизларини аёвсиз калтаклаётгани ва эри уларни боқишни истамас экан, ўлдириб юборишини айтиб таҳдид қилаётгани тасвирланган видео тарқалди. Айби нималигини тушунмаётган, қаршилик қилишга ожиз норасидаларнинг жиққа ёш ва қўрқув тўла кўзлари бутун жамоатчиликни оёққа қалқитди. Бугун аёлга қарши жиноят иши қўзғатилган, аммо онасидан бир умрлик психик травма олган болаларнинг кейинги тақдири кишини ўйлантиради. Умуман, сўнгги вақтларда бундай ҳолатларнинг тез-тез такрорланаётганининг ўзи хавотирли. Чунки бундай шафқатсизликлар болаларда кейинчалик турли руҳий бузилишлар кузатилишига, жамиятда носоғломлик кўпайишига олиб келиши мумкин.
Аслини олганда, одатий қийин вазиятларни бошдан кечириш, улар билан курашишни ўрганиш бола ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бироқ, юзага келган шикастли воқеликлардан қочолмаслик ёки уларни назорат қилолмаслик туфайли чуқур ҳис қилинган қўрқув кичкиналарда бутун умрлик руҳий жароҳат қолдириши мумкин. Кўпинча бу ҳол бола жисмоний хавф остида бўлганида, уйда, жамиятда тажовуз ёки зўравонликка гувоҳ бўлганида юз беради. Жаҳон психологларининг хулосаларига кўра, болаларнинг тахминан 46 фоизи маълум босқичларда у ёки бу кўринишда руҳий жароҳатни бошдан кечиради.
Руҳий жароҳатга олиб келувчи сабаблар
Кучли оғриқ берувчи жисмоний, жинсий зарарлар, даҳшатли воқеаларнинг гувоҳи бўлиш, кенг қамровли тиббий ёрдам талаб қиладиган оғир касалликни бошдан кечириш, оилада зўравонлик ҳаракатларига, тинимсиз стрессли вазиятларга дош бериш, янги жойга кўчиш ва шу каби бошқа салбий воқеалар бола руҳиятига энг кўп зарар етказувчи омиллардан саналади. енгиб ўтувчи Катталардек фикрлаш салоҳиятига эга бўлмаган болалар учун бундай воқеликларни тушуниш, таҳлил қилиш қийин кечади. Мушкул вазиятга биринчи марта тўқнаш келган бола ҳаётий тажриба етишмаслиги туфайли воқеа моҳиятини тўлиқ англамайди ва кўпинча ўзини айблай бошлайди. Чунки улар юзага келган оғриқли ҳодисаларнинг сабаблари ва оқибатларини тушуна олишмайди. Шу сабабдан ҳам катта ёшда юзага келувчи турли хил руҳий муаммолар, касалликлар билан вақтида ҳал қилинмаган, даволанмаган болаликдаги руҳий жароҳат ўртасида инкор этилмайдиган боғлиқлик бўлади.
Болалардаги руҳий жароҳат олганликнинг белгилари
Ота-оналар, васийлар ёки бола билан тез-тез мулоқотда бўладиган бошқа шахслар сезиши мумкин бўлган руҳий шикастланиш белгиларига қуйидагилар киради:
- Баъзи одамлар, жойлар ва нарсалардан қочиш, беркиниш
- Ўқув фаолияти натижаларидаги салбий ўзгаришлар (баҳоларнинг дафъатан пасайиб кетиши)
- Хулқ-атвордаги ўзгаришлар
- Доимий ташвиш ёки хавотир, қўрқоқлик
- Диққатни бир жойга жамлаш қийинлиги
- Гиперактивлик, ўта даражадаги шўхлик
- Хафагарчилик ёки кучли гина ҳисси кучайиши
- Оила ва тенгдошлардан ажралиб олиш ва ўта мустақиллик
- Илгари унчалик аҳамиятсиз бўлган вазиятларга ҳаддан ташқари муносабатда бўлиш
- Бир вақтлар завқ берган ўйинлар, ҳаракатлар ёки ўйинчоқлардан қочиш
- Иштаҳанинг ўзгариши
- Уйқудаги қийинчиликлар
- Уни назорат қилувчи шахслар билан боғлиқ ўткир муаммолар
- Ўзгарувчан ҳис-туйғулар (масалан, қайғу, ғазаб, асабийлашиш)
- Арзимас сабабларга нисбатан осон ва кучли ғазаб, агрессия ва ҳакозолар.
Ушбу белгилар боланинг ёши, ривожланиш даражаси, қўллаб-қувватлаш тизими ва тажрибаси каби хусусиятларига қараб фарқ қилиши мумкин.
Ачинарли томони кўп ҳолларда, реакция ҳиссий аломатлардан ташқарига чиқиши ва жисмоний касалликлар кўринишида намоён бўлиши мумкин.
Бунга болаларда кўп учрайдиган сабабсиз бош ва қорин оғриқлари мисол бўла олади.
Шунингдек, боладаги руҳий жароҳатлар вақтида даволанмаса, нафақат оддий касалликлар, балки бутун умр давом этадиган сурункали хасталик ва руҳий бузилишларни келтириб чиқариши мумкин. Бу нафақат бола ва ота-она учун, балки бутун жамият учун ҳам хавф туғдиради. Дунё тарихида миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, турли даҳшатли воқеликлар, урушларга сабаб бўлган шахслар – Адолф Гитлер, Иосиф Сталин, Саддам Хусайн, Аугустио Пиночет каби диктаторлар, серияли қотилликларни амалга оширган жиноятчиларнинг касаллик тарихи ва турмуш тарзи ўрганилганда руҳий бузилишларнинг илдизи айнан болаликдаги руҳий жароҳатларига бориб тақалиши исботланган.
Катталардаги болалик травмаларининг белгилари
Ҳамма катталар ҳам бошдан кечираётган салбий руҳий ҳолатларни болалик жароҳатининг натижаси бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлайвермайди. Улар воқеликни шахсий камчиликлари, атроф-муҳит омиллари ёки ўзларининг хатоларига боғлашади. Аммо болалик жароҳатлари баъзида туйғуларни нормал, мутаносиб ишлаш тизимини издан чиқарган бўлади: одам ё ўта ҳиссий ёки ўта бефарқ бўлиб қолади. Бундан ташқари болаликда “травма” олган инсон шахс сифатида жамиятда ўз ўрнини топишга қийналади. Кўпинча бунга унинг ижтимоий нормаларга тўғри келмайдиган реакциялари сабаб бўлади. Масалан, сал нарсага узр сўрайвериш, барча воқеаларда ўзини айблаш, кичик негатив вазиятларда кучли тушкунликка тушиб қолиш, йиғлоқилик ва бошқа катталарга хос бўлмаган одатлар кузатилади унда.
Психология ривожланганига қарамай, катталарга бундай ташхис қўйишнинг аниқ рецепти мавжуд эмас. Бироқ болаликда психик жароҳатга учраган инсонларда бир қанча умумий, огоҳлантирувчи руҳий белгиларни кўриш мумкин:
- қарама қарши жинс вакили билан ёмон, қониқарсиз ёки заиф муносабатлар;
- бошқаларга ишонч йўқлиги;
- кайфият тез ўзгариши ва ҳиссий беқарорлик;
- мақсад, диққат ва концентрация билан боғлиқ муаммолар;
- алкоголь, умуман кайф берувчи исталган моддаларга мойиллик;
- ғазаб ва тажовуз;
- гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиш, қарамликка мойиллик;
- стресс, шахсиятнинг бузилиши;
- хулқ-атвор муаммолари ёки ҳиссий етуклик;
- қарама-қаршилик ёки можаро юзага келганда улар ечими билан шуғуллана олмаслик.
Жисмоний белгилар:
- чарчоқ, ҳолсизлик, уйқучанлик;
- мушакларнинг кучли таранглиги, айниқса энса ва бел мушакларида;
- бош оғриғи;
- дам олиш ва қайта тикланиш қобилиятининг йўқлиги;
- уйқу бузилиши;
- психосоматик касалликлар (психологларнинг фикрига кўра, психосоматик касалликлар 80 дан 100% гача руҳий шикаст туфайли ривожланади).
Даволаш чоралари
Катталардаги болалик жароҳатлари хар доим ҳам уларнинг тўлақонли ҳаёт кечира олмаслигини англатмайди. Болаликда руҳий жароҳатланганлик аломатларини ўзида сезган ва ундан қутилишни истаган инсонларга қуйидаги қадамлар бирмунча ёрдам беради:
1. Ўша воқеаликни ихтиёрий бошдан кечириб, уни ўша ерда тугатиш ва хотираларда ўрнини камайтириш керак. Бунинг учун йиғланг, гапириб беринг, яқинларингизнинг ёрдамларини қабул қилинг.
2. Бошқаларга руҳий ва моддий мадад беринг. Кўпинча бундай ёрдам сизни турли жойларга боришга, янги одамлар билан учрашишга, ўзингизни тиклаш учун куч топишга имкон беради.
3. Ўз ҳис-туйғуларингизни, изтиробларингизни тан олинг ва номланг. Номлаш сизни руҳий жароҳат билан ажралиб туришга, унга ташқаридан қарашга имкон беради. Чунки биз муаммо билан бир номда, битта муҳитда бўлиб қолганимизда ўзимизни ночор ҳис қиламиз.
4. Оғриқ ва ҳис-туйғуларингизни қоғозга тўкинг. Бу ҳолатда муҳими оғриқларингиз сиздан қоғозга кўчиб ўтганини ҳис қилишингиз керак. Ушбу машқни токи изтироблар камайгунича бажариш тавсия этилади.
Бироқ, жароҳат асоратлари жиддий бўлиб, инсоннинг кундалик турмушига халал бера бошласа, албатта, мутахассис психологга мурожаат қилиш керак. Боиси баъзида жароҳатларни нотўғри йўл билан даволашга уриниш уни янада чуқурлашишига олиб келиши мумкин.
Турли қусурлар, шафқатсизликлар ва ҳиссизлик авж олаётган айни замонда фарзандларимизга нафақат тўғри таълим, балки бахтли болалик ҳам бериш ҳар доимгидан кўра долзарброқ бўлиб боряпти. Чунки ҳар қандай жамият ақлли, интеллектуал ва соғлом одамлар билан юксалади. Агар сизда болалик жароҳатлари бўлса ва уларнинг яшашингизга халал беришини, фарзандларингизда ҳам давом этишини истамасангиз, бугун ўзингизга ойна тутишни ўрганинг.
Абдулазизхон АКРАМОВ,
психолог
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ