Юсуф Хос Ҳожиб 100%, Навоий 43%, Бобур 88% – асарларида ким қанча туркий сўздан фойдаланган? – Тилимизнинг мингйиллик эврилиши


Сақлаш
22:48 / 19.07.2023 723 0

Келинг, бир тажриба қилиб кўрайлик. Хўш, ўтган мингйиллик ичида тилимизда қандай ўзгаришлар юз берди? Бу жараённи турли асрларда яшаган мумтоз адабиётимизнинг йирик вакиллари асарлари асосида ўрганишга ҳаракат қиламиз:

 

XI аср

 

Юсуф Хос Ҳожиб, “Қутадғу билиг” асаридан:

 

“Сэвуг савчы ыḋты бағырсақ иḋи

Буḋунда талусы кишидә кәḋи”,

 

(Маъноси: “Меҳрибон эгам севикли расул юборди,

(У) халқ орасида сараси, кишилар орасида яхшиси эди”).

 

Мазкур байтда битта ҳам арабча ёки форсча сўз йўқ. Шунинг учун фоиз ҳисобида:

 

Туркий сўзлар 100%.

 

Қарийб олти ярим минг байтни ўз ичига олган “Қутадғу билиг”нинг кўпчилик байтлари худди шундай, асарда ўзлашган сўзлар ниҳоятда кам, тахминан 510 фоизни ташкил этади, дейиш мумкин.

 

 

XIV аср

 

Сайфи Саройи, “Гулистони бит-Туркий” асаридан:

 

“Бу сўздан бир неча кун кечти дағи султонға бир оғир душман черики келди. Булар дағи черик ясаб, қарши юридилар. Икки черик муқобил бўлди. Аввал майдонға султоннинг ул қисқа бўйли ўғли кирди...”

 

Сайфи Саройи асаридан олинган ушбу кўчирмада ҳаммаси бўлиб 31 сўз бор. Шулардан:

 

25 сўз (бу, сўз, бир, неча, кун, кечти, дағи (2 марта), бир, оғир, черик (3 марта), келди, булар, ясаб, қарши, юридилар, икки, бўлди, ул, қисқа, бўйли, ўғли, кирди) – туркий (80,5%);

4 сўз (аввал, султон (2 марта), “муқобил”) – арабий (13%);

2 сўз (“душман” ва “майдон”) – форсий (6,5%).

 

Фоиз ҳисобида:

 

туркий – 80,5%;

арабий – 13%;

форсий – 6,5%.

 

Бу кўрсаткични бутун асарга нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

 

 

XV аср

 

Алишер Навоий, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асаридан:

 

“Ва бу фақирни фақр тариқиға далолат ва иршод қилурлар эрди ва назм айтурға тарғиб кўргузурлар эрди. Чун ул авқотда фақирнинг назмлари Хуросонда шуҳрат тутуб эрди, алар дағи илтифот қилиб, баъзи абётни кўп ўқурлар эрди ва мажолисда хушвақт бўлурлар эрди”.

 

Навоий асаридан олинган ушбу парчада ҳаммаси бўлиб 39 сўз ишлатилган. Шулардан:

 

17 сўз (бу, қилурлар, эрди (5 марта), айтурға, кўргузурлар, ул, тутуб, алар, дағи, қилиб, кўп, ўқурлар, бўлурлар) – туркий (43,5%);

19 сўз (ва (4 марта), фақир (2 марта), фақр, тариқ, далолат, иршод, назм (2 марта), тарғиб, авқот, шуҳрат, илтифот, баъзи, абёт, мажолис) – арабий (49%);

2 сўз (чун, Хуросон) – форсий (5%); ва

1 сўз (хушвақт) – форсий+арабий (2,5%).

 

Фоиз ҳисобида:

 

туркий – 43,5%;

арабий – 49%;

форсий – 5%;

форсий+арабий – 2,5%.

 

Бу нисбатларни бутун асарга нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

 

 

XV аср охири – XVI аср боши

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур, “Бобурнома” асаридан:

 

“Бизнинг черик ва мўғул черики хабар топиб, бир пора кишини от яланғочлантуруб, сувдин кечурдилар, кўмак келганлар олдараб кемани юққори тортмай кечган еридин-ўқ қўябердилар. Қўрғонға ўта олмай қуйи туштилар. Бизнинг черик ва мўғул черики туш-тушдин от яланғочлаб кира бошладилар. Кемадагилар ҳеч уруша олмадилар”.

 

“Бобурнома”дан олинган ушбу парчада 42 сўз ишлатилган. Шулардан:

 

37 сўз (бизнинг (2 марта), черик (4 марта), мўғул (2 марта), топиб, бир, киши, от (2 марта), яланғочлантуруб, сув, кечурдилар, кўмак, келганлар, олдараб, кема (2 марта), юққори, тортмай, кечган, еридин-ўқ, қўябердилар, қўрғон, ўта, олмай, қуйи, туштилар, туш-тушдин, яланғочлаб, кира, бошладилар, уруша, олмадилар) – туркий (88%);

3 сўз (ва (2 марта), хабар) – арабий (7%);

2 сўз (пора, ҳеч) – форсий (5%);

 

Фоиз ҳисобида:

 

туркий – 88%;

арабий – 7%;

форсий – 5%.

 

Бу нисбатларни бутун асарга нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

 

 

XIX аср

 

Муҳаммадризо Огаҳий, “Жомеъ-ул воқеоти Султоний” асаридан:

 

“Ва тонгласи душанба куни талиъаи субҳдин сўнг ул ҳазрат баъзи саркардаларнинг хизмат ва ғайрат умурида бағоят коҳил ва ноқобил эрдилар, туғларин олиб, умаройи эзом ва сипаҳдори киромдин баъзи садоқатандеш ва шижоаткеш мулозимларға инъом қилдилар”.

 

Огаҳий асаридан келтирилган ушбу жумлада 34 сўз ишлатилган. Шулардан:

 

8 сўз (тонгласи, куни, сўнг, ул, эрдилар, туғларин, олиб, қилдилар) – туркий (23,5%);

19 сўз (ва (5 марта), талиъаи, субҳ, ҳазрат, баъзи (2 марта), хизмат, ғайрат, умур, коҳил, умаро, эзом, киром, мулозим, инъом) – арабий (56%);

3 сўз (душанба, саркарда, сипаҳдор) – форсий (9%);

4 сўз (бағоят, ноқобил, садоқатандеш, шижоаткеш) – арабий+форсий (11,5%).

 

Фоиз ҳисобида:

 

туркий – 23,5%;

арабий – 56%;

форсий – 9%;

арабий+форсий – 11,5%.

 

Бу нисбатларни бутун асарга нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

 

Мисоллардан кўриш мумкинки, Дейлик, минг йил олдин яшаган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида арабий, форсий сўзлар тахминан 5 фоизни ташкил этган бўлса, Навоийда бу кўрсаткич 56,5 фоиз (туркий сўзлар – 43,5%), Огаҳийдан келтирилган парчада эса ўзлашган арабий-форсий сўзлар – 86,5 фоизни (туркий сўзлар – 23,5%) ташкил этяпти. Огаҳийда форсча сўзлар ҳам кўп эмас (9%), бундан кўринадики, сўнгги асрларда тилимизда асосан арабий сўзлар (арабий – 56%; арабий+форсий – 11,5%) кўпайган. Буни қаранг, Огаҳий ўз асарида тахминан 2325% туркий сўзлардан фойдаланган экан.

 

Мисоллардан ҳам кўринадики, ёзма адабиётимизда йилдан-йилга, асрдан-асрга ўтган сари соф туркий сўзлар камайиб, арабий сўзлар миқдори ошиб борган. Бунинг оқибатида албатта жуда кўп туркий сўзлар архаиклашган, кўп ҳолларда арабий-форсий сўзлар уларни истеъмолдан сиқиб чиқарган. Яхшиямки, кўпгина сўзларимиз оддий халқ сўзлашув тилида, шеваларда, халқ китобларида сақланиб қолган.

 

Тилга эътибор борасида Бобур ижоди таҳсинга сазовор, юқорида келтирилган мисолимизда Бобур 88 фоиз туркий сўздан фойдаланган, унинг луғатида (юқоридаги мисолда) арабий сўзлар – 7 фоиз (бор-йўғи 3 сўз) ва форсий сўзлар ҳам 5 фоизни (атиги 2 сўз) ташкил этган. Менимча, “Бобурнома” тилининг жозибадорлиги, самимияти, сеҳри ҳам шунда бўлса керак.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10355
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//