
Жаҳон тарихида турли мамлакатлар, ҳукмдорлар, дин ёки таълимотлар ўз мақсадларига хизмат қилувчи, маънавий куч берувчи ғоялар сингдирилган шиорларни доимий тарғиб қилиб келган. Мисол учун Ведалар ҳинд, Конфуций ва Даоцизм ғоялари хитой, антик дунё файласуфларининг мероси христиан динигача бўлган даврда ғарб маданиятининг асосини ташкил этган. Биз эса уч минг йиллик давлатчилик тарихимиз, маънавий маданиятимизнинг тарихий илдизларидан Авестони, ундан эса “Эзгу ўй, эзгу сўз, эзгу фикр” деган ғояни топамиз.
Аждодларимиз Алп Эр Тўнга замонидан буён ватанни гоҳ чинликлар, гоҳ форсийлардан ҳимоя қилиб келган. Уларнинг маслаклари битилган Ўрхун-Энасой битикларида ватан манфаати йўлида хизмат қилиш, юрт осудалиги учун кураш олиб бориш бош мақсад экани айтилади. Масалан, Тўнюқуқ битиктошида эрк, мустақиллик учун курашган бутун турк халқининг армону изтироблари баён қилинади. Эрксизлик халқни оғир фожиаларга, ҳатто бутунлай йўқликка юз тутишига олиб келишидан огоҳлантиради: “Хонингни қўйиб таслим бўлдинг. Таслим бўлгани учун тангри “ўл!» деган шекилли, турк халқи ўлди, тугади, йўқ бўлди. Турк халқи ерида бирор уруғ қолмади. Чакалак орасида қолгани тўпланиб етти юз нафар бўлди. Ўз хонини қўйиб Табғач (Хитой) хоқонига сажда қилгани Тангрига ҳам хуш келмади. Уларни ҳар томонга тарқатиб юборди”.
Умуман олганда битиктошлар мазмунида Буюк Турк хоқонларининг ўз юртини ҳимоя қилишга, бирликка даъвати ётади. Мете хоннинг “Тупроқ – миллатнинг илдизидир, уни қандай бировга берайин” деган сўзларидан бу мақсад мафкура даражасига чиққанини англаш мумкин. Мамлакат мудофааси ғояси, жасур ва мард бўлиш ҳақидаги қарашлар Кўктангрига эътиқод билан мустаҳкамланган. Чунончи, Тўнюқуқ битиктошида “Инсонларга ҳалимлик ва мискинликни тарғиб этгани сабабли будда дини туркларнинг ҳаёт тарзи ва жанговар руҳига зид” экани келтирилади.
Аждодларимиз тафаккуридаги юрт ҳимояси, душманга қарши кураш олиб бориш инстинкти кейинроқ ислом дини билан тўйиниб, ундан ўзига зарурий қувватни олган. Исломни қабул қилган туркийлар энди унинг ҳимоячиси, ғозийлар сифатида машҳур бўлди. Алп Эр Тўнга наслидан бўлган Қорахонийлар ўзбек давлатчилиги тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Ушбу сулола вакили Абдукарим Сотуқ Буғрохон (895-956 йй) ислом динини қабул қилган илк туркий ҳукмдор бўлиб, унинг шиорида бирликка, эркинликка чақириқ бор эди.
Ануштегин Хоразмшоҳ сулоласи даврида Туронга Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ, Жанубий Кавказ каби минтақалар қўшиб олинди. Бу сулола вакиллари ҳам ўзларини Ислом дини ҳимоячиси сифатида кўрган. Ҳатто, Боғдод халифаси Носир ҳокимиятининг ноқонунийлигини эълон қилишган. Сулоланинг энг қудратли вакили бўлган Алоуддин Муҳаммад номалар, мактублар охирига “Ягона Аллоҳдан умид қиламан”, деган сўзлардан иборат муҳрни босган. Сулоланинг сўнгги вакили Жалолиддин Мангубердининг фармонлари, ёрлиқларидаги тамғасида “Ёрдам фақат ягона Аллоҳдандир” деган ёзув бўлган. Кейинроқ озодлик учун ҳаракат қилган сарбадорлар “Озодлик йўлида дорга осилишга тайёрмиз”, деган шиор билан бутун халқни мўғуллар истибдодидан озод бўлишга, курашга даъват этади. Аммо халқни бирлаштириб, туркийзаминга ҳукмронликни қайтариш “Куч адолатдадир” деган тамойил билан ёвларга қарши тенгсиз курашлар олиб борган Соҳибқирон Амир Темурга насиб этди.
Ислом, тасаввуф ва ватанпарварлик мафкураси. Ислом тасаввуфининг ривожланиши, тариқатларнинг Марказий Осиёда равнақ топиши сиёсий жараёнларга таъсир ўтказмасдан қолмади. Амир Темурнинг Яссавия ва Нақшбандия тариқатларига кўрсатган эҳтироми, Ануштегинийлар даврида Кубровия тариқатининг минтақада бемисл ғоявий феномен бўлганлиги сўзимиз исботидир. Хўш, Ислом ва унинг тасаввуфий тариқатларида қандай ғоялар мавжуд эдики, давлат ўзининг мафкуравий асосларини тасаввуф билан боғлаганди?
Ислом ҳужжати бўлган Имом Ғаззолийнинг шундай ҳикмати бор: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир”. Бу ҳикмат пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида тўхтаб, орқаларига қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим”, деган изҳорлари ҳақидаги Имом Термизийдан қилинган ҳадис билан мустаҳкамланиб, умуммусулмон ватанпарварлик ғоясига айланган эди.
Ислом тафаккурида мужассамлашган мазкур ғоя аслида ғанимлар учун шундай бир қўрқинч ғояки, рус ҳарбий тарихчиси М.Иванин ўзининг “Икки буюк саркарда – Чингизхон ва Амир Темур” асарида Марказий Осиё халқларининг бирлашувчанлик хислати ҳақида хулоса қилар экан, шундай фикрларни билдирган эди:
“...мабодо қудратли мусулмон мутаассиблиги портлаши юз берган ва шу билан бир вақтда Чингизхон ёки Амир Темур каби бир доҳий чиқиб қолган тақдирда бизга таҳдид соладиган умумий хавфнинг олдини олиш мақсадида Ўрта Осиёни сиёсий жиҳатдан унинг ҳозирги аҳволида тутиб туриш учун биз Англия билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатларга асосланган ҳаракатлар қилишга келишиб олишимиз керак бўлади. ...бундай халқлар ўртасида битта йирик жамиятни юзага келтиришгина етарли бўладики, бунинг натижасида бошқа барча жамиятлар унинг теварагида жипслашадилар ҳамда шу йўл билан уларнинг қўл етмас даштларида қудратли бир халқ юзага келади ва бу пайтда ундан истилолар учун лашкарни ажратиб олиш осон бир иш бўлади”.
Ислом ва хусусан тасаввуфда халқни ғанимларга қарши бирлаштиришнинг ёрқин намунаси сифатида Кубровия тариқати ўзига хос характерга эга. Чунки, Яссавия, Нақшбандия каби тариқатлардан фарқли ўлароқ Кубровияда ватанпарварлик алоҳида ўрин тутади. Тариқат асосчиси ҳамда пешвоси Шайх Нажмиддин Кубро ўз тақдири ва амали билан бунга яққол намуна бўлган эди. Мўғуллар томонидан Кўҳна Урганч қамал қилинган пайтда халқ қўшинига бошчилик қилган шайх – 78 ёшли кекса нуроний ва унинг муридлари олиб борган жанглар натижасида мўғуллар ҳеч бир шаҳарда дуч келмаган йўқотишларга (50 минг кишилик мўғул қўшини қириб ташланади) учрайди. Бунда Нажмиддин Кубронинг “Она Ватан йўлида, Ватанни ҳимоя қилаётиб шаҳодат жомини нўш айлаш Аллоҳ висолига етишмоқ ила баробардир”, деган даъвати асосий мотив бўлган. Зотан, тасаввуф мутафаккирлари асл мақсадлари Аллоҳ висоли бўлиб, унга эришиш йўллари – тариқатлари турли-тумандир. Кубровия тариқатида бу йўл моҳиятан Ватан озодлиги учун кураш билан бевосита боғлиқ эди.
Тарихда ҳамма ғоялар ҳам доимо эзгуликни йўювчи, бирдамликка бошловчи бўлавермаган. Дунёда ёвузлик ва турғунликни акслантирувчи шиорлар кўп бўлган. Мисол учун, “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!” шиори нафақат қадимги Рим, балки дунёнинг кўпгина ҳукмдорлари ва амалдорларининг йўриқномасига айланган.
Тарихдаги энг машҳур шиорлардан бирини 1095 йилда Рим Папаси Урбан II Франциянинг Клермон шаҳрида эълон қилган эди. Папа бу ерда биринчи марта бутун ғарбни Яқин Шарққа юриш қилиб, 1071 йилда Салжуқийлар саркардаси Отсиз ал-Хоразмий томонидан эгалланган Қуддусни туркийлар қўлидан қайтариб олишга даъват қилади. У Қуддусни ернинг киндиги, сув ўрнида сут ва асал оқадиган жаннат деб атайди. Бу билан у иқтисодий-ижтимоий оғир аҳволда, қашшоқликда кун кечираётган Ғарб жамияти кўзига “қутқарувчи” бўлиб кўринади. Аслида Қуддусдаги тўкинчиликка кўз тиккан Папа Урбан II бу юришни “Худо шуни хоҳлайди!” (Dieu le veut) деган шиор билан хаспўшлайди. Шиор муваффақиятсиз кечган I салиб юриши ҳайқириғи бўлсада, Рим папаларига 1270 йилгача, яъни яна 185 йил давомида Яқин Шарқни эгаллаш йўлидаги ҳаракатлар учун хизмат қилди.
Узоқ вақт яшаган шиорлардан яна бири 1920 йилда советлар томонидан байроқ қилинган “Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз!» ҳайқириғи бўлиб, у иттифоқ парчалангунга қадар ҳукмронлик қилган эди. Айнан шу асрда, яъни 1938 йил немислар “Бир халқ, битта рейх, бир фюрер” (Ein Volk, ein Reich, ein Führer) деган шиор остида бирлашди. Бироқ бу ғоялар аслида ёлғон, кимларнингдир мақсади йўлидаги чиройли сўз бўлганини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди...
Бугунги кундаги давлатларнинг расмий ва норасмий шиорлари. XX асргача ғарбнинг қудратли мамлакатлари шиорларида “Худо” сўзи кўп учраган. Айрим давлатларда бу сўз қўшилган чорловларни бугун ҳам учратишингиз мумкин. Ўлим сўзи эса кўпроқ суверенитети учун қандайдир хавф бўлган давлатлар шиорларидан жой олган. Масалан, қудратли мамлакат биқинида жойлашган Кубанинг шиори “Ватан ёки ўлим”. Шунингдек, ўлим сўзи яна Украина шиорларидан бирида ҳам бор: “Элга шон-шуҳрат, душманларга ўлим”.
Мустамлака ёки бошқа тузумдан озодлик сари қийин ва қонли жанглар билан чиққан халқларнинг шиорларида эса озодлик, шон-шараф, суверенитет сўзлари кўп учрайди.
Қуллик ёки фуқаролик урушларидан азият чеккан Уругвай, Жанубий Судан, Танзания, Того, Сан-Марино, Полша, Лихтенштейн, Конго, Нигерия, Парагвай, Сурия, ЖАР, Экваториал Гвинея, Коста-Рика, Кирибати, Камерун, Жибути каби давлатларнинг шиорларида эса “тинчлик” сўзига урғу берилади.
Жазоир, Туркманистон, Хитой, собиқ Югославия, Сенегал, Мали, Литва, Шимолий Корея, Шарқий Тимор каби давлатлар шиорларида “халқ” калимаси кўп учрайди. Ангола, Бельгия, Болгария, Боливия, Малайзиянинг эса “Бирлик куч беради”, “Бирлик куч яратади”, “Бирлик – куч” деган маъно берувчи шиорлари бор.
Дунё давлатларининг шиорларида энг кўп “Бирлик” сўзига урғу берилган. Масалан, Германия, Болгария, Грузия, Литва; Покистон, Сурия, Яман, Марказий Африка Республикаси, Чад, Боливия; шунингдек, Индонезия, Малайзия сингари 30 дан ортиқ мамлакатларнинг расмий ва норасмий шиорларида ушбу сўзни учратасиз. Улар тузилиш шаклига кўра федератив ёки федератив белгиларга эга бўлган унитар давлатлар бўлиб, тараққиётининг кафолати халқ бирлиги ва бирдамлик, дея таъкидланади.
Ўзбекистонда “БИРЛАШТИРУВЧИ” ғояга тарихий зарурият. XIX-XX асрдаги Рус империясининг мустамлакачилик ҳаракатлари, 1920 йилдан кейин “Қўрқув салтанати” бўлмиш Совет давлатининг тоталитар тузуми халқимиз зиёлиларини қатағон қилишга, эътиқодимиздан узоқлаштиришга, энг даҳшати – миллий ўзлигимиздан бегоналашиш, миллий ғурур ва жасорат тушунчаларини парчалаш, миллий бирдамликни йўқотишга қаратилди. Ва маълум маънода бунга эришилди ҳам. Афсуски, мустақилликни қўлга киритганимиздан сўнг ҳам бу ҳаракатларнинг жароҳатларига тезда даво топилмади, ҳамон унинг асоратлари жабрини тортиб келяпмиз. Қарийб бир ярим аср давомида букилган ғурур, топталган шаънни тикламасдан туриб улуғвор режа ва мақсадларга эришиб бўлмайди. Айни шунинг учун ҳам бизни жипслаштириб, биргаликда ривожланишга ундайдиган кучли мафкура ва шиорга эҳтиёжимиз бор. Уни яратиш учун бизнингча, қуйидаги факторларни ҳисобга олиш зарур:
- тарихий тажриба;
- кўп миллатли Ўзбекистондаги ижтимоий эҳтиёж;
- Марказий Осиё бирлиги.
Тўғри, бугун турли тадбирлар, фестивалларда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”, “Бирлашиб биз катта кучмиз” каби бирдамликка чорловчи шиорлар янграйди. Бироқ улар халқнинг маълум бир қатламини, аниқроғи ёшларни бирлашишга чақиради, холос. Аммо бугун бизга бутун мамлакатни, халқни БИРЛАШУВГА даъват қилувчи якдил шиор керак. Токи, у “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” ғояси билан яшовчи ташқи кучларга қарши мудофаа, ривожланиш пойдевори ва озодликнинг доимий ҳамроҳи бўлсин.
Бекзод АБДИРИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими раҳбари.
Ғуломжон ОТАЖОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими бош мутахассиси.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ