Фуқаролар ва баъзи раҳбарларимиздаги ижтимоий қўрқув нималарда намоён бўлмоқда?


Сақлаш
22:06 / 17.07.2023 614 0

Қўрқув – одамнинг бўлажак хавфни бартараф эта олмаслигидан қайғуриши. Қўрқув баъзан хавф ҳақида хабар бўлиб, баъзида олдиндаги хатарни енгиб ўтишга куч ҳам бериши мумкин. Бошқачароқ айтганда, қўрқув инсоннинг табиат, жамият, нарса ва ҳодисаларни англашда билимсизлиги ҳамда ожизлиги белгиларидан ҳисобланади.

 

Ислом динида қўрқув масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Динимиз уламолари одамни гуноҳдан тийиб турувчи энг муҳим омил, шубҳасизки, Аллоҳдан қўрқиш эканини бот-бот такрорлайди. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий шундай деган: “Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади. Тилда: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон ва бекорчи сўзларни айтишдан тияди. Қалбда: Аллоҳдан қўрққан киши қалбида мусулмон қардошларига душманлик ҳис этмайди. Кўзда: Аллоҳдан қўққан одам ейиш, ичиш, кийиниш ва бошқа ишларда ҳам кўзини ҳаром нарсалардан сақлайди. Меъдада: Аллоҳдан қўрққан одам ҳаром луқма емайди. Қўлда: Аллоҳдан қўрққан инсон қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча, Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади. Оёқда: Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Итоатда: Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳнинг ризоси учун унга итоат этади” (Абу Ҳомид Ғаззолий. “Мукошафатул-қулуб”. –Тошкент, 2014. 9-10-бетлар).

 

Қўрқув инсон онгли фаолиятининг муҳим жиҳатларидан биридир. Аллоҳнинг доимо ёдимизда бўлиши, ўз фаолиятимиз давомида билиб-билмай қиладиган хатоларимиз, айбларимиз, гуноҳ ишларимизнинг олдини олиш, барчамизни виждон азобидан сақлаб қолишга хизмат қиладиган туйғу ҳам, шубҳасиз, қўрқув ҳисобланади. Бекорга доно халқимиз “Қўрқмагандан қўрқ” демайди.

 

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бу одамнинг одамдан қўрқуви. Инсон ҳар доим кимдандир, нимадандир қўрқиб яшаши мумкинми? Биз нима учун қўрқиб яшашимиз керак?

 

Шу ўринда мустабид шўро тузуми даврида халқимиз бошидан ўтказган машъум кунларни эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бугун совет мустамлакачилиги саҳифаларини варақлаб, ўша даврда том маънода “қўрқув салтанати” ҳукм сурган экан дейишимиз мумкин. Хўш, бу салтанатнинг мазмуни нимадан иборат?

 

Бизнинг назаримизда, “қўрқув салтанати”нинг моҳияти бутун совет жамиятининг ижтимоий қўрқув асосига қурилганидир. Илмий жамоатчилик орасида, айниқса сиёсатчилар тилида “ижтимоий қўрқув” деган ибора учраб туради. Ижтимоий қўрқув одатда у ёки бу жамиятда аҳолининг катта қисми шу жамият ҳукмрон қатламлари юритаётган сиёсатга нисбатан мухолифатда туриши туфайли пайдо бўладиган норозилик кайфиятидир.

 

Бундай кайфият эса ҳар доим ҳукмрон сиёсий кучнинг жиддий қаршилигига учрайди. Натижада аҳолининг норози қисми қаттиқ сиқувга олинади. Бошқача айтганда шу халқ устидан кучли қатағон сиёсати олиб борилади. Бундай ҳол эса бутун жамиятда ҳукмрон сиёсий-мафкуравий кучдан қўрқиш кайфиятини, яъни ижтимоий қўрқувни юзага келтиради. Ижтимоий қўрқув эса ҳақ гапни айтишга йўл қўймайди.

 

Тарихда бунга мисоллар жуда кўп. Одатда мустамлакачилар юритган сиёсат албатта ижтимоий қўрқувни юзага келтиради. Бунга Ўзбекистоннинг мустабид совет тузуми давридаги тарихи яққол мисол бўла олади.

 

Хўш, биз яқин тарихда бошимиздан ўтказган ижтимоий қўрқувнинг асосий кўринишлари нималарда намоён бўлган?

 

Биринчидан, халқимиз, айниқса жадид боболаримиз миллий давлатчилик асослари емирилаётганидан хавотирга тушди. Ваҳоланки, ўзбек давлатчилиги тарихи жуда қадимий бўлиб, уч минг йиллик ижтимоий-сиёсий тажрибага эга эди. Совет тузуми ана шу кўҳна тарихни сохта ғоялар билан “асоссиз” деб исботлашга уринди.

 

Ўз ватани, миллатининг таланишига чидай олмаган юртдошларимиз қўлига қурол олиб курашга чиқди. Биргина мисол: 1918 йилнинг 18 февралида Қўқон шаҳрининг ўзида қизил аскарларга эрк берилиши туфайли 10 000 аҳоли ўлдирилди. Қирғин шу билан тугамади. 1918 йилнинг биринчи ярмида Марғилонда 7000, Наманганда 2000, Андижонда 6000, Бўзқўрғон ва Қўқонқишлоқда 4500 одам ўлдирилди, жами 180 қишлоққа ўт қўйилди. Бу эса, шубҳасиз, халқ орасида “ижтимоий қўрқув” кайфиятини кучайтириб юборди.

 

Иккинчидан, совет мафкурасига асосан олиб борилган қатағон сиёсати туфайли Ўзбекистон жамияти жуда катта жабр кўрди. Бу сиёсат зиёлиларни қатағон қилиш, миллат илдизларини болталашга қаратилганди. 1936 йилнинг охиридан 1940 йилгача республика бўйича 5758 нафар зиёли: ёзувчилар, олимлар, раҳбарлар, маданият ва санъат арбоблари қамоққа олинди. Уларнинг 4811 нафари отиб ташланди. 1937–1939-йилларда жами 41 000 киши қамалди. Уларнинг 37 000 нафари аёвсиз жазоланди, 6920 таси эса отилди. Бундай зулм сиёсати кейинчалик ҳам совет давлатчилигининг барча босқичларида турли кўринишларда давом этди.

 

Учинчидан, совет давлати юритган атеистик сиёсат халқимиз орасида кучли ижтимоий қўрқувни шакллантирди. Дин уламолари қамалди, қатл этилди, уларга нисбатан олиб борилган қатағон сиёсатидан одамлар юрак олдириб қўйди. Асрлар давомида халқимизни маънавият, маърифат, тарбияга бошлаган масжид ва мадрасалар ёпилди, ёқиб юборилди, омборхонага айлантирилди. Ислом дини афюн деб эълон қилинди, ёшлар онгига худосизлик шараф эканлиги ҳақидаги ғоя сингдирилди. Кўҳна дунё тарихида ҳеч қачон бўлмаган ҳолат: 1928 йилдан энг чекка қишлоқлардан тортиб катта шаҳарларгача – ҳамма жойда “Худосизлар жамияти” ташкил этилди. Бундай жамиятлар одамларнинг қалбини бузиш, эътиқодини вайрон қилиш билан машғул бўлди.

 

74 йил давом этган совет тузуми даврида юртимиздан жами 173 нафар ватандошимизгина ҳаж сафарини адо этди, холос. Шу ўринда қиёс учун таъкидлаш жоизки, биргина 2022 йилнинг ўзида 12 000 нафардан ортиқ ватандошимиз ҳаж сафарини адо этган бўлса, умрага борган юртдошларимизнинг сони 40 мингдан ошди.

 

Тўртинчидан, бу давр халқимизни ўз тарихи, она тили, маданияти, одатлари, минг йиллар давомида шаклланган қадриятларидан бегоналаштириш даври сифатида тарихда қолди. Сохта “совет маданияти”, “шаклан миллий, мазмунан социалистик маданият”ни яратиш йўлидаги чиранишлар, тил масаласида ўтказилган маккорона тажрибалар – буларнинг бари халқимизнинг қўрқувдан иборат ижтимоий кайфиятини шакллантирди.

 

Айниқса, бу давр она тилимиз тақдирида энг оғир давр сифатида тарихга кирди. Шу ўринда атиги иккита мисолни келтириш мақсадга мувофиқ. 1989 йилги маълумотга кўра, республикамиз аҳолисининг 80 фоизи ўзбек бўлгани ҳолда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон ССР давлат кутубхонасидаги барча китобларнинг 9 фоизигина ўзбек тилида эди. 1980–1985-йилларда Ўзбекистон фанлар академияси Тарих институтида ёзилган илмий асарларнинг бор-йўғи 3 фоизигина ўзбек тилида нашр этилган, холос.

 

Юқоридаги ҳолатлар Ўзбекистон мустабид тузумда ҳақиқатан ҳам ижтимоий қўрқувда яшаганидан дарак беради. Мустамлакачиликнинг турли кўринишлари халқимизда аввал ҳадикни юзага келтирган бўлса, кейинчалик бу ҳолат ижтимоий қўрқувга айланди. Чунки бу даврда миллий тараққиёт, ўзликни англаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат чекланди, миллатчилик сифатида баҳоланди, қатағон қилинди.

 

Мустақиллик мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқди, халқимизнинг азалий орзуларини рўёбга чиқарди. Ўзбек миллати онгида шаклланиб қолган ижтимоий қўрқув ҳисси аста-секин йўқола борди. Бу жараён 2016 йилдан тезлашди. Мамлакат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари халқимизнинг орзулари билан уйғунлашди.

 

Бироқ, афсуски, мустабид тузум оқибатларини бартараф этиш қийин бўлмоқда. Ўша даврда шаклланган ижтимоий қўрқув қон-қонимизга сингиб кетган экан. Айрим фуқароларимиз, баъзи раҳбарларимизда ҳали ҳам сақланиб қолаётган ижтимоий қўрқувни бартараф этиш учун бугун катта имкониятлар борлигини унутиб қўяётганга ўхшаймиз. Бу бугунги умумий тараққиётимиз, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий равнақимизга халақит қилмоқда. Хўш, бугун ана шундай шахслар орасидаги ижтимоий қўрқув нималарда намоён бўлмоқда? Келинг, яхшиси, ўшалар ҳақида айрим фикрларимизни баён этсак.

 

Биринчидан, бундай тоифадаги одамлар, энг аввало, ўз эркинлигини ҳис қилмайди. Улар ҳар бир масалада ўзидан юқори турувчи раҳбарнинг фикри билан ишлашга кўникиб қолган. Ўзининг фикрига эга бўлмаслик эса шахсда ҳаддан ташқари эҳтиёткорликни юзага келтиради. Бундай одам, айниқса амалдор “ортиқча гап” айтишдан, хато қилиб қўйишдан ўлгудай қўрқади, шунинг учун ҳар доим раҳбарининг оғзига қараб туради.

 

Иккинчидан, ижтимоий қўрқув кайфиятидаги баъзи раҳбарларда энг муҳим сифат – ташаббускорлик етишмайди. Аввалдан белгилаб қўйилган қоидалар асосида ишлаш, фақатгина қабул қилинган режаларни бажаришга ҳаракат қилиш инсонда, айниқса раҳбарларда ташаббусни бўғади, унинг эркин тафаккур қилишига йўл қўймайди, пировардида бундай ҳолат уларни топшириқни бажарувчи “кичкина одам”га айлантириб қўяди.

 

Учинчидан, ижтимоий қўрқув инсонда журъатсизликни юзага келтиради. Журъатсиз инсон фақат бир нарсани ўйлайди: “Бу ишим туфайли ютуққа эриша олмасам нима бўлади?”. Журъатсиз одам, айниқса раҳбар ютуқдан кўра мағлубиятни кўпроқ ўйлайди. Унинг учун устувор масала бошлаган ишининг тирноқча бўлса ҳам элга наф бериши эмас, мағлубиятга учрамаслик. Бундай кишилар ҳар доим ўзига “суянчиқ” қидиради, ўз фикрини раҳбарларга тасдиқлатиб олишга асосий эътиборни қаратади.

 

Тўртинчидан, бир ижтимоий тараққиёт босқичидан бошқасига ўтилаётганда қўрқоқлар мамлакат ва жамиятга катта хавф солади. Улар кимгадир ёқмайдиган гапни гапириб қўйишдан, хато фикр билдириб қўйишдан, хато йўлни танлаб қўйишдан қўрқиб,  ҳаддан ташқари эҳтиёткор бўлиб қолади. Ҳаддан ташқари эҳтиёткорликнинг зиёни баъзан душманникидан кўп бўлади.

 

Бошқача айтганда бундай одамларда урвоқча ҳам жасорат топилмайди.

 

Қадимиятнинг даҳо мутафаккири, устози аввал Арасту “Қандай одамни жасур дейиш мумкин?” деган саволга жавобан “Жасоратни неъмат ва яхшилик деб билувчи одамларнинг жасурлиги ҳақиқий жасурликдир” дейди. Унинг фикрича, бундай одамлар биров қараб турганида ҳам, ҳеч ким йўқлигида ҳам жасурлик қилаверади. Аммо шуниси борки, эҳтирос ва интилишсиз жасорат бўлмайди. Кимки яхшилик учун хатардан қўрқмай ўзини шу хавфга урса, ана шу одам жасурдир (Арасту. “Поэтика. Ахлоқи кабир”. –Тошкент, 2004. 123-бет).

 

Бешинчидан, эскиликка ёпишиб қолган, консерватор одамларда ҳам ижтимоий қўрқув ҳисси кучли бўлади. Албатта, биз бутун жамиятдаги одамларда консерваторлик кайфияти буткул йўқолишини хоҳламаймиз. Чунки соғлом консерваторлик ҳам биз учун зарур. Масалан, тарбия масалаларида, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш маъносида, маданий меросимизга муносабат борасида биз учун соғлом консерваторлик жуда керак.

 

Аммо бугун бутун дунё шиддат билан ривожланиб, қадриятлар иерархияси мутлақо ўзгариб бораётган, кечаги, назаримизда ўта тўғри бўлган хулосалар бугун ҳаётда ўз тасдиғини топа олмаётган бир пайтда эскича фикрлаб, “ота-бобомиз шундай қилиб кам бўлмади-ку” деб ўзимиздан қониқиб ўтирадиган бўлсак, кўп нарсани бой бериб қўймаймизми?

 

Олтинчидан, қўрқоқларда бировга тобелик ҳисси кучли бўлади. Чунки уларнинг иродаси бўш. Улар ижтимоий фаол эмас, кўпинча ишончсизлик кайфиятида юради, ўзларига эътиборнинг камлиги туфайли ўзини таҳқирланган сезади. Бундайларда ўзини ҳимоя қилиш истаги сотқинлик ва юзсизликнинг шаклланишига ҳам олиб келади.

 

Еттинчидан, ижтимоий қўрқув касалига дучор бўлганларда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳужумкорликка қараганда ҳимоя позицияси доимо кучлилик қилади. Маълумки, инсоннинг моҳияти унинг доим олға юришида, олдидаги қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишида, фаоллигида кўринади. Ҳимоя позицияси эса инсонни ҳаракатсизликка ундайди. Бундайлар хато қилишдан қаттиқ қўрқади, “оч қорним, тинч қулоғим” деб яшайди.

 

Ҳужумкорлик позицияси эса инсондан таваккал қилишни ҳам талаб қилади. Бекорга халқимиз “Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битади” демайди. Бу билан ҳамма ишимиз таваккалчиликка асосланиши керак демоқчи эмасмиз. Ҳеч шубҳасиз, бирор ишни адо этмоқчи бўлсак, етти ўлчаб бир кесишимиз лозим. Бироқ таваккалчилик туфайли ақлу ҳушимизга бирданига келадиган энг осон, энг тўғри, энг самарали йўллар ҳам ҳаётимизда кўп учрашини унутмасак яхши бўларди.

 

Муҳими, кимга ва қандай таваккал қилишни ҳам билиш зарур. Зеро, муқаддас динимизда таъкидлангани каби “Аллоҳ таваккал қилувчиларни севар”, “Ким Аллоҳга таваккал этиб, суянса, Аллоҳ ҳар қандай танглик ҳолида унга етарли бўлади, умид қилмаган жойидан унга ризқ эшикларини очади” (Абу Ҳомид Ғаззолий. “Мукошафатул-қулуб”. –Тошкент, 2014. 361-бет).

 

Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкинки, совет даврида узоқ йиллар бизни қаттиқ исканжада ушлаб турган ижтимоий қўрқув бугун ҳам халқимиз онги ва тафаккурига таъсир кўрсатиб турибди. Биз олдин қайд этганимиз каби бундай ҳолат одамларимиз, айниқса баъзи раҳбарларимизда эркинликнинг йўқолишига, ташаббус ва шижоатнинг камайишига, мустақил фикрлашнинг чекланишига олиб келмоқда.

 

Ижтимоий қўрқув жамият тараққиётини ортга суради, одамларда ҳар нарсадан ҳадиксираш кайфиятини пайдо қилади. Буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий (1075–1144) бу борада шундай деган эди: “Қўрқувга мубтало бўлган киши (офтоб тиғидан пана излагани мисоли) фақат қочишдан нажот излайди”. Ҳақиқатан ҳам шундай. Бекорга халқимиз “Қўрққанга қўша кўринар” демаган.

 

Хўш, бу борада энди нима қилиш лозим? Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев юртимизда очиқ, демократик давлат барпо этишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтишнинг асосий йўллари барчамизга маълум. Қолаверса, ҳар бир инсон эркин фаолият олиб боришининг ҳуқуқий-меъёрий пойдевори яратилди. Шахс манфаатлари қонун асосида муҳофаза қилинмоқда.

 

Агар биз бугун Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ бўлсин десак, жамиятни ҳаракатга келтириб турган қонун-қоидаларга қатъий амал қилсак, ижтимоий қўрқувдан қутуламиз. Бунинг натижасида ўзимизда ташаббускорлик, шижоат, ишонч, ўз фикрга эга бўлиш каби барчамизни янги манзиллар сари етаклайдиган сифатларни шакллантира оламиз.

 

Абдухалил МАВРУЛОВ,

 тарих фанлари доктори, профессор

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 2-сон.
“Ижтимоий қўрқув нима?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//