
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида бугунги кунда хорижда таҳсил олаётган ва айни дамда таътил сабабли юртимиздан бўлиб турган стипендиатлар учун махсус ўқув-семинар ташкил этилди.
Шу йилнинг 11–13 июль кунлари бўлиб ўтган анжуманнинг мақсади “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан доимий мулоқотни давом эттириш, уларда Ватанга садоқат, ўзбек миллий қадриятларига ҳурмат, ватанпарварлик руҳини кучайтириш ҳамда Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати моҳияти ва мақсадларини тушунтиришдан иборатдир. Хорижда таҳсил олаётган мутахассисликлари бўйича мамлакатимизни янада ривожлантириш юзасидан таклифларини ўрганиш ва амалиётга жорий қилишга кўмаклашиш, ўқишни тугатиб қайтганларидан сўнг улар учун муносиб меҳнат фаолиятини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
“Ҳеч қайси давлат ўз-ўзидан буюк бўлиб қолмайди. Мамлакат истеъдодли ва салоҳиятли ёшлари билан қудратлидир. Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан навқирон авлодни юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, илм-фанга инновацион ғоялар ва технологиялар олиб киришга қодир мутахассис қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши аъзоси Минҳожиддин Мирзо.
Биз яшаётган бу замонлар, Сизга насиб этган бу имконлар не-не инсонларга армон бўлиб қолган. Роппа-роса бир аср илгари маърифарпарвар боболаримиз ўз ҳисобидан миллат ёшларини хорижга ўқитишга юборишган. Бу улуғ зотларнинг мақсади, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат бўлган.
Замон биздан маърифатпарвар жадидларга издошлик мақомида фидойилик билан меҳнат қилишимизни талаб этмоқда. Жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистоннинг ҳар томонлама жадал ривожланиши учун ниҳоятда зарур. Дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таҳсил олиш ва стажировка ўташ бахти сизларга насиб этган экан, бу йўлда ҳеч бир лаҳзани бекор ўтказманг, ҳеч бир имконни қўлдан бой берманг. Мамлакатимизда Учинчи Реннесанс пойдеворини барпо этишга ўз ҳиссангизни қўйинг. Ватаннинг ишончи, шарафи бўлинг!”
Маълумот ўринида айтиш мумкинки, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан бир неча йиллардан буён яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу борада жамғарма томонидан ташкил этиладиган стипендия танловларида иштирок этувчи номзодларнинг Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз мероси, маънавий билимлари даражасини аниқлаш бўйича суҳбат дастури ишлаб чиқилган. Суҳбат жараёнида олимлар, маданият ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар иштирок этишади.
Семинар қатнашчилари Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида таниқли профессорлар, юқори мартабали шахслар, сенатор ва вазирлардан қизиқарли маърузалар тингладилар. Олий Мажлис Сенати, “Янги Ўзбекистон боғи”, Темурийлар тарихи давлат музейи, “Адиблар хиёбони”, “Қатағон қурбонлари музейи” каби диққатга сазовор манзилларга саёҳат уюштирилмоқда.
“Маърузалардан сўнг ҳаммамиз Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасига бордик. У ерда “Қатағон қурбонлари” музейида бўлдик. Мана, қаранг, Ватанимни тараққий эттираман, деган инсонлар собиқ тузум даврида қандай машаққатларга дучор этилган. Ҳатто жисмоний йўқ қилишгача борилган. Бугун эса мустақил давлатимиз биз ёшларга ўқиб-ўрганишимиз учун ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб бермоқда, – дейди Америка Қўшма Штатларининг Миннесота университети талабаси Шаҳзода Икромова. – Ўқув семинари ҳамда экскурсиялар орқали ўзимиздаги тарихий билимларни янада бойитдик. Жадидларимиз ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлдик. Таътилдан сўнг университетга қайтамиз ва янги билимларимизни у ердаги тенгдошларимиз билан бўлишамиз”.
Бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг глобал академик рейтингларда ТОП 300 таликка кирган University of Oxford, University of Cambridge, University College London, Imperial College London, Columbia University, Cornell University ва бошқа нуфузли университетларида мамлакатимиз учун устувор ҳисобланган мутахассисликлар бўйича 500 га яқин стипендиатлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари бўйича ўқишни давом эттирмоқда.
“Иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналиши бўйича магистратурада таҳсил оляпман. Ёзги таътил давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиантлари учун ташкил этилган махсус ўқув-семинар бошқа давлатларда ўқиётган талабалар билан тажриба ва фикр алмашиш имконини бергани боис менга маъқул бўлди, – дейди Америка Қўшма Штатларининг Дуке университети талабаси Абдумалик Абдуқаюмов.
Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги кунда маълумотлар билан ишлаш янада тезлашган. Шу сабабдан сунъий интеллект бўйича дунёда кўплаб тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Мен ўзим таҳсил олаётган университетда ҳам сунъий интеллектни иқтисодиёт билан боғлаган ҳолда фойдали дастурлар яратяпмиз. Ўзбекистонга қайтиб келганимда, албатта, Ватаним равнақи учун мана шундай стратегик дастурларни ишлаб чиқаман ва уларни амалиётга татбиқ этаман.
Биз дунёнинг қайси мамлакатида таҳсил олмайлик ҳамиша Президентимизнинг меҳрини, ишончи ва умидини ҳис қилиб яшаймиз. Университетдаги шартнома суммаси 60-70 минг доллар, кундалик яшаш чиқимлари ҳам бор. Барча харажатлар давлатимиз раҳбари эътибори асосида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан қоплаб бериляпти. Шу ўринда ёшлар таълимини давлат сиёсати даражасига кўтарган Президентимизга раҳмат айтамиз. Бизга қаратилган эътибор ва ишончни албатта оқлашга ваъда берамиз!”
Сирожиддин РУСТАМОВ,
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ