“Дунё кескин ўзгараяпти. Болаларим тақдиридан қаттиқ ташвишдаман” – кимсасиз Ҳимолай чўққисидаги хавотирлар


Сақлаш
20:16 / 13.07.2023 670 0

Сурхондарёда юрганимизда бир тўйга кириб қолдик. Тўйнинг авж палласига бориб қолибмиз. Даврадаги девдай бир маст одам ўртада қўшиқ айтаётган бечора хонандага нуқул

 

“Тўйлар муборак, эй ёри жоним,

Тўёна бўлсин тан бирла жоним”

 

деган қўшиқни айтасан, айтганда ҳам фақат шу икки қаторини айтасан” деб мажбурлар эди. Хонанда ҳам нима қилсин, не бўлса бўлсин, балога қолмай деб қўшиқнинг шу жойини қайта-қайта айтиб турар эди. Ҳар қўшиқ айтилганда маст дев ўнг қўлини кўтариб бир муқом қилиб, тўйган хўроздай қичқириб қўярди.

 

Маҳалла оқсоқоли зиёли одам экан, ҳазиллашиб бизга шундай деб қолди: “Ўзи бу сурбет қишлоқдаги ҳамма тўйга боради, ҳамма тўйда шу “Тўёна бўлсин тан бирла жоним” деган қўшиқни қайта-қайта айттиради, лекин ҳеч бир тўйда тўй эгасига бир сўм ҳам тўёна қилмайди. Бу нодонга “Сенинг танинг билан жонингнинг бировга кераги йўқ, ўлигинг ҳам, тиригинг ҳам бир бало, ундан кўра ўн минг сўм тўёна қил, номард!” дейдиган одам йўқ”.

 

Баъзан ватан ва ватанпарварлик ҳақида давраларда баландпарвоз, сохта гапларни тўтиқушдай қайтараётган айрим кимсаларни кўрганимда, бировнинг тўйига бориб, бир сўм тўёна қилмайдиган, лекин еб-ичиб, маст бўлиб, тан билан жонни тўёна қилиш ҳақидаги қўшиқни қайта-қайта айттириб, ҳаммани безор қиладиган ўша одам эсимга тушади. Ватан ҳақида гапирганда ҳаё ва андиша зарур. Ватан бизнинг мақтовимизга ҳам, олқишларимизга ҳам зор эмас, унга меҳримизнинг ўзи етади. Эътиқод билан боғлиқ катта туйғулар ҳақида гапирганда қанчалар эҳтиёт бўламиз, бирдан ҳушёр тортиб, ўйлаб гапирамиз. Ватан ҳақида сўз кетганда ҳам энг муқаддас нарса ҳақида гапираётгандай виждонга суяниб сўзлаш керак. Бўлмаса, жим турган маъқул.

 

Дунё ўзгараяпти. Қадриятларга, элга, юртга муносабатлар ҳам шиддат билан ўзгариб бораяпти. Илгарилари одамлар “киндик қоним тўкилган тупроқ”, “ота-боболаримнинг хоки ётган ер”, “кўз очиб кўрганим”, “сўнг манзилим” каби ибораларни бошқача айтишган, муҳими, бошқача англашган. Бугунгилар учун бу гаплар қандай қимматга эга, буни уларнинг ўзлари билади. Ҳаётда ўзгармаслиги керак бўлган азалий тутумлар ҳам бор-ку десангиз, бир зумда консерваторга чиқасиз-қўясиз. Лекин ҳар қандай ўзгаришнинг зимнида халқ минг йиллар мобайнида шакллантирган асл моҳият ётиши керак.

 

Яқинда “Би-би-си”нинг бир фильмини кўрдим. Бу фильм цивилизациядан йироқ Ҳимолай тоғи чўққиларида юрадиган кўчманчилар ҳаёти ҳақида. Кимсасиз тоғларда, телевизор, интернет, телефон йўқ жойларда яшайдиган Карма деган одам “Дунё кескин ўзгараяпти. Шунинг учун мен болаларимнинг тақдиридан қаттиқ ташвишдаман” деб хавотирини билдирди. Кимсасиз Ҳимолай чўққиларида юрган одам шундай деса, улкан шаҳардаги одам нима десин?

 

Бугунги дунё ҳақида ўйлаганингда ажаб бир ҳолга тушасан. Ажаблиги шундаки, бундай ақлли дунёни тарих кўрмаган, шунинг баробарида, бундай нодон дунёни ҳам ҳали тарих кўрмаган. Бу дунёда Ердан бир неча минг ёруғлик йили узоқлигида жойлашган юлдузнинг оғирлигини кимлардир бир хонада ўтириб аниқлаб бераяпти. Яна шу дунёда, Калифорнияда шифокорлар энди ота-онанинг розилигисиз боланинг жинсини ўзгартириш операциясини ўтказиши мумкин деяпти АҚШ конгресси аъзоси. Бу донолик ва аҳмоқликнинг гибриди эмасми? Башарият тарихида ҳали донолик ва аҳмоқликнинг никоҳи қайд этилмаган эди-ку. Инсоният даҳоларининг ҳаммаси нодонликни, аҳмоқликни қаттиқ қоралаган. Исо пайғамбар “Ўликни тирилтиришга кучим етди, аммо аҳмоқни тузатишга кучим етмади” деган.  Мирзо Бедил “Нодон билан бир соат суҳбатда бўлгандан кўра юз йил зиндонда ўтирган яхши” дейди. Гёте “Фаол нодонликдан кўра қўрқинчлироқ нарса йўқ. Жуда усталик билан тасвирланса-да, бемаънилик аввал таажжуб, кейин нафрат уйғотади” деган. Бу гаплар минг йиллар олдин айтилган бўлса-да, аслида бугунги замоннинг гапи.

 

Одамларни аҳмоқ қилиш осон. Баъзан биттагина телеўйин билан ҳам кўпчиликни хоҳлаганча аҳмоқ қилиб, минг мақомга йўрғалатиб ташласа  бўлади. Одамларни ақлли, фаросатли қилиш қийин. Жамиятнинг бутун муаммоси шунда. Дунёда оломончилик кайфияти кундан-кун авж олиб бораяпти. Бу кайфият барча халқларга ўз таъсирини ўтказмасдан қўймади. Яқинда юртимизда қилинган катта бир ихтирони интернетга қўйишибди ва унинг ёнига бозорда икки хотин бир-бирининг сочини юлиб, юзини тирнаб уришаётган жанжалини қўйишибди. Натижа қандай бўларкин деб шундай тажриба қилиб кўришган-да. Қарангки, бир ҳафта ичида олимлар ихтироси  ҳақидаги лавҳани 5 минг киши, хотинларнинг муштлашувини эса 2,5 миллион киши томоша қилган. Буни қандай тушунасиз, замондош? Қандай изоҳлайсиз? Бизга қай бири муҳим, ватандош? Одам бу саволларни беришга уяласан.

 

 

Биз қатор-қатор халқлар маданиятининг кўз олдимизда мислсиз емирилишларига гувоҳ бўлаяпмиз. Абдулла Орипов таъбири билан айтганда “қасрлар капалак қанотидай учиб кетаяпти”. Катта авлодлар билан кичик авлодлар ўртасида хитой девори пайдо бўлмоқда. Ота ва ўғил, она ва қиз бир-бирларини умуман тушунмай қолаяпти. Ҳатто ўзаро ёвлашиш ҳоллари ҳам бор. Андиша, ибо, хижолат, уят каби тутумлар қандай топталишини кўраяпмиз. Ҳозир одамларга икки кишининг меҳр ва самимият билан бир-бирини алқаб тургани эмас, аксинча, бир-бирини сўкиб, ёқа йиртишаётгани, ҳатто бир-бирини аёвсиз дўппослаётгани қизиқ. Шуни томоша қилса, шуни тарқатса, шундан завқланса... Шулар энди байроқдор бўладими, шуларга майдон бериб қўйиладими? Ижтимоий тармоқларда иллатларни фош қилаётган, кирдикорларни очиб ташлаётган, ҳақиқатга, ватанга хизмат қилаётган қаламдорлар бор. Лекин ёлғон-яшиқ, олди-қочди, фитналар билан шуғулланиб юрганлар, ўзлари иллатга айланганлар улардан кўра бир неча ўн баробар кўпроқ.

 

Фаросатсизлик, фаҳмсизлик, дидсизлик, бемаънилик жуда хунук нарсалар. Бундай иллатлар ёнидан ўтаётганда “Менга нима? Ўзининг шўрига шўрваси тўкилиб юраверади-да!” деб бепарво ўтиш ҳам мумкин. Лекин бу нарсалар юқумли, юқумлилигини тўйларда тўда-тўда бўлиб олиб шармандаларча ўйинга тушаётган одамлар ҳолидан ҳам билса бўлади. “Қовун қовундан ранг олади” деган мақол бор. Бу иллатлар оммавийлашиб бораверса, охири миллат  руҳиятини бузмайдими? Шоир Имант Зиедониснинг бир шеърида шундай аламли сатрлар  бор:

 

Хотин эрга, эр хотинга мос,

Иккиси баравар бурун қоқарлар.

Ҳадемай улардан, худо хоҳласа,

Туғилиб қолади чўчқабоқарлар.

 

Интернетда бир хабарга кўзим тушиб қолди. Қабристонда гўрларнинг рақамини белгилаб берадиган одамнинг айтишича, ундан бир киши отаси ўлганда “707 рақамини сотиб олиш имкони борми?” деб сўрабди. Нима, 707 рақами жаннат эшигининг коди бўлиб қолдими? Сохта обрў, кўпик ҳаваслар,  ўз-ўзини кўз-кўз қилишлар... булардан қандай наф бор? Қирқ кунда қийиғи чиқиб қолади-ку. Бу хабардан сал олдинроқ ижтимоий тармоқларда қариялар уйидаги отахоннинг интервюси тарқалди. Унда шундай бир гап бор: “Отасини, онасини бу ерга ташлаб кетганлар бор, тирик инсонлар, ўшалар бирор марта ҳам хабар олишмайди. Ўлиб қолса, кўмиб юбораверинглар деб телефондан айтиб қўйишади...”. Икки ҳолда ҳам маънавий тубанликни кўрамиз.

 

Буларнинг ҳаммаси инсонлардаги ички маърифат инқирозининг натижасидир. Жаҳонда аҳли фикрнинг ташвиш ва хавотири шундан. Энг катта урушлар онг оламида содир бўлмоқда. Агар бугунги дунё ўз маънавиятини  ва маърифатини ҳимоя қилиб қололса, ҳамма нарсасини ҳимоя қилиб қола олади. Аксинча бўлса, ҳамма нарсасини бой беради. Бу оддий аксиомадай гап. Ҳолбуки, 2022 йилда глобал йиллик ҳарбий харажат 3,7 фоизга ошиб, 2,24 триллион долларга етди. Бу – рекорд кўрсаткич. Агар дунё  ҳарбий  эмас, маърифий соҳага шунча пулни сарфласа нима бўларди? Олам гулистон бўлиб кетмасмиди? Урушлар, низолар ҳақида гап-сўзга ўрин ҳам қолмасмиди...

 

Маълумотларга кўра, табиатдаги энг катта йўқотишлар кейинги 50 йилда рўй берган. Жумладан, барча йирик балиқларнинг 90 фоизи, дунё ўрмонларининг 70 фоизи, қуш турларининг 25 фоизи ва 40 мингдан ортиқ кўл бой берилган. Дунё табиатидаги бундай глобал йўқотишлар кўп жиҳатдан одамзотнинг маънавиятидаги йўқотишлар билан чамбарчас боғлиқдир.

 

Бу гапларнинг мақола бошида белгиланган мавзу – ватан ва ватанпарварликка нима алоқаси бор дейишингиз мумкин. Гап шундаки, дунё “катта қишлоқ”қа айланиб бўлди. Дейлик, Американинг қайсидир манзилида махфий ҳолатда бошланган бир ишнинг таъсири Ҳимолай чўққиларида кезиб юрган ўша кўчманчи Кармагача ёки Боботоғда юрган чўпонгача беш секундда етиб боради. Бир пайтлар капитализм ва социализмга бўлинган дунё бугун ақл ва нодонлик орасидаги қилкўприк устида чайқалиб турибди. Ким қайси томонга қадам ташлайди, бу унинг ўзига боғлиқ. Қайси юрт  маърифатнинг, қайси жаҳолатнинг этагини тутади бу ҳам уларнинг ихтиёрида. Шу боис юқорида ташвишли жиҳатлар ҳақида кўп гапирган бўлсак, ўқувчиларимиз буни тўғри тушунсинлар. Зеро, менинг заиф жойим – менинг ўзимдир. Мен ўша жойда яширинган бўламан. Одамнинг заиф жойида унинг дарди яширинган бўлади. Буюк япон адиби Акутагава айтганидай, Ахиллеснинг нозик жойи унинг товонидир. Шунинг учун Ахиллесни фақат товонидан ўлдириш мумкин бўлган. Ахиллеснинг товонини билмасдан Ахиллеснинг ким эканини билиб бўлмайди. Битта одамга тааллуқли гап баъзан бутун халққа тааллуқли бўлади. Демак, энг заиф  нуқтамизни билмасак ўзимизни билмаймиз, ҳимояни қаердан бошлашимизни ҳам билмаймиз. Ютуқлар ҳақида кўп гапирамиз, шунинг ҳавосида кўпинча заиф томонимизни унутиб қўямиз. Дунёни қақшатаётган маънавий таназзуллар ўз хуружини худди ўша заиф нуқтадан бошлаши тайин.

 

 

Форобий “Фозил одамлар шаҳри” рисоласини маърифатли жамият орзусида битган. Бугунги таҳдидларга тўла, мураккаб даврда маърифатли жамият қуриш осон бўлмайди.

 

Одам табиатан бемаъниликка, жозибадор алдамчи ғояларга берилувчан бўлади. Дунёдаги маккор мафкуралар бундан усталик билан фойдаланади. Оламнинг қайсидир кавакларида, тўр тўқиётган ўргимчакдай болаларни йўлдан оздирувчи, онг ва руҳни булғовчи манфур ғояларни ишлаб чиқиб, яна саховатпеша валинеъмат тимсолида кўриниш берадиган, дунёни бузиш иштиёқида ҳар қандай тубанликдан қайтмайдиган маърифат кушандалари бисёр. Уларнинг ғоя ва мафкураларига ҳар қадамда дуч келасиз. Ҳийлагар мафкура шундай кучки, бошингни силаб, жонингни олади, манглайингдан ўпаётиб, қонингни ичади. Сталин ўлганда момом фарёд кўтариб, “Энди нима қиламиз?” деб йиғлаган экан. Ҳолбуки, унинг энг яқинларини, ҳатто эрини Сталин қатағон қилган. Мафкуранинг кучи ва ўйинларини кўраяпсизми? Бу соддагина муштипар ака-укалари ва эрининг қотили тимсолида халоскор валинеъматни кўриб, тағин унинг ўлими учун дод солиб йиғлаяпти. Шундай экан, бостириб келаётган ёт мафкураларга, қўйнимизга кириб олаётган ҳийлагар ғояларга қандай қилиб бефарқ қараймиз?

 

* * *

Катта шаҳарлар ҳаётини кузата туриб, ўйга толаман. Қишлоқлар уёқда турсин, олис-олис овлоқлар ҳам шаҳарлашаяпти. Бир қарашда бу жуда яхши. Шароит, имконият ўзгаради, ҳаммаси замонавийлашади. Яқин-ёвуқни тараққиёт ўз меваларидан баҳраманд этади. Лекин бу жараёнда элнинг маънавий қиёфаси йўқолиб боришини сезмай қоламиз. Ҳар қандай шаҳарлашиш меҳру оқибатни, асл илдизларни бой бериш эвазига амалга ошмаслиги керак.  Баъзида чўлларда, кенг яйловларда ҳар-ҳар жойда битта уйга дуч келасиз. Баъзи уйларнинг орасидаги масофа беш-олти километр келади. Менга баъзан битта кўпқаватли уйда, битта йўлакда, битта қаватда ёнма-ён яшаётган бегона қўшнилардан кўра яйловлардаги тарқоқ қўшнилар бир-бирига яқиндай туюлади. Улар бир-биридан яхши хабардор. Бир куни “Афросиёб” поездида икки ёш йигит билан Самарқанддан Тошкентгача кичик стол атрофида юзма-юз ўтириб келдик. Шунча вақт орасида орамизда олтмиш сантиметрлик стол ёнида ёнма-ён ўтириб келдиг-у, гаплашмадик. Гаплашмаганимиз ҳам майли, на салом бўлди, на хайр. Бир сўз ҳам йўқ. Ахир биз одамлармиз-ку. Бир элнинг фарзандларимиз-ку.

 

* * *

Ўтган йили  Аргентина пляжларидан бирида ўттизта ўлик кит топилди. Бу ҳам нимагадир муҳим ишорадай туюлади. Худо ва табиатнинг ишорасидай... Шу фожиавий ишорадан сўнг бу йил Ҳимолайда тўрт юз йилда бир марта гуллайдиган табиат гули – Маҳа молу гуллади. Бу дарахтнинг гуллаши эҳтимол инсоният учун чақириқдир. Ҳимоя ва нажотга муҳтож гўзаллик ва маърифатнинг “Ҳали биз бормиз!” деган чақириғидир.

 

Эшқобил ШУКУР

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 2-сон.

“Мегаполисдан Ҳимолай чўққисигача ёхуд

ақл ва нодонлик  қилкўпригида” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//