80-йиллар, болалик давримизда “қўнуқ” сўзи бизнинг шевада кўп ишлатиларди: “Фалончининг уйига қўнуқ тушди”, “Фалончининг уйидаги меҳмонларга қўнуқ беринг”. Бу каби хитобларни асосан тўйларда эшитиш мумкин эди, чунки ўша давр тўйларида узоқдан келган ёки алоҳида эътиборда бўлган меҳмонлар учун тўйхонадан ташқари қўни-қўшни, яқинларнинг уйларида алоҳида зиёфат берилар ва бу меҳмонлар гуруҳига нисбатан “қўнуқ” (“қўноқ”) мақоми қўлланарди (“Фалончининг уйига қўнуқ тушди”). Меҳмонлар дастурхонига қўйиш учун емаклар, бирор овқат қилиш учун масаллиқ, гўшт, нон, ароқ каби маҳсулотлар бир тугунга тугилиб тўйхонадан келтириларди. Шундай қилиб, ўша пайтларда тўйга оид атамага айланиб улгурган “қўнуқ” сўзи икки маънода: биринчиси, тўйхонадан бошқа хонадонга тушган меҳмонлар гуруҳи; иккинчиси, улар учун тўйхонадан келтириладиган емаклар тугунига нисбатан айтиларди.
Кейинчалик тўйларнинг шакли ўзгарди. Оқибатда “қўнуқ” ҳам истеъмолдан чиқиб қолди. Бу сўзнинг адабий тилдаги “қўноқ” шаклини биламиз. Аммо бу сўз китобий туюлгани учун маҳаллий сўзлашув тилимизга кўчмади. Шундай қилиб, сўзлашув тилимизда “қўнуқ”дан ҳам, “қўноқ”дан ҳам воз кечиб, асли форсча “меҳмон”ни сақлаб қолдик.
“Қўнуқ” – аслида адабий тилдаги “қўноқ”нинг қадимий кўриниши, Кошғарий бобомиз ҳам “Девону луғотит-турк”да айнан шу шаклда келтиради: “قُنُقْ қонуқ – меҳмон. Шеърда шундай келган:
Бардї ӭрäн қонуқ,
Болуб қутқа сақар,
Қалдї алїғ уjуқ
Кöрўб ӭwнї jїқар.
Маъноси: Меҳмонни бахт деб ҳисобловчи эрлар ўтиб кетди, шарпани сезса, кириб қолмасин деб чодирини бузадиганлар қолди (“Девону луғотит-турк”. I том. Т.: 1960. 365-бет).
“Девон”да бошқа бир ўринда эса “қўнуқ” сўзи “меҳмон” эмас, иккинчи маънода, яъни “меҳмонга бериладиган зиёфат” маъносида қўлланган: “Қїш қонуқи ўт (Қишнинг зиёфати ўт (олов) дир)” (“Девону луғотит-турк”. I том. Т.: 1960. 320-бет). Демак, минг йил олдин ҳам бу сўз икки маънода ва айнан шевадаги каби “қўнуқ” шаклида қўлланган.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида “меҳмондорчилик” маъносида бир ўринда “қонуқлуқ” сўзи ишлатилади: “Тэлим түрлүг-ул қонуқлуқ ашы (Бу меҳмондорчилик оши кўп турлидир)” (“Қутадғу билиг”. Т.: “Фан”. 1971. 682-бет).
Буни қаранг, бу сўз, минг йил олдин Кошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиб боболаримиз қандай шакл ва маъноларда қўллаган бўлса, шевада айнан шу шакл ва маъноларда то бизгача етиб келган. Бизнинг авлод – бу сўзни айни шу шакл ва маъноларда қўллаган сўнгги авлод бўлиб қолди, афсус.
“Қўнуқ” ва шу каби кўплаб сўзлар “қўнмоқ” феълидан ясалган, аммо кейинги пайтларда бу феълнинг маъно кўлами торайиб, ҳозирда асосан қуш, учоқ кабиларнинг учиб келиб қўнишига нисбатан ишлатилмоқда. Илгари эса бу феъл шу билан бирга: “бирор жойда ерлашмоқ, жойлашмоқ, кўчиб келиб қўнмоқ” каби маъноларда ҳам кенг қўлланилган. Хусусан, “Девон”да бу феъл шундай изоҳланади: “қондї – қўнди, бирор нарсага жойлашди. Қуш қондї – қуш қўнди, бирор нарсага жойлашди. Буḋун қондї – қабила (бирор ерга) кўчгандан сўнг қўнди” (“Девону луғотит-турк”. III том. Т.: 1963. 201-бет).
Тилимиздаги бир қанча сўзлар “қўнмоқ” феълининг айнан ана шу: “жой олди”, “ерлашди” маънолари асосида ясалган.
ҚЎШНИ – бу сўз ҳам “қўнмоқ” феълидан “қўн+ши” шаклида ясалган бўлиб, кейинчалик “н” ва “ш” товушлари алмашинуви содир бўлган. “Девону луғотит-турк”да ҳар иккала шакли келтирилади: “Қошнї – қўшни. Ўғузлар “н” ҳарфини “ш” ҳарфидан олдин қўйиб “қоншї” дейдилар. Ҳар иккиси ҳам қоидага мос ва тўғридир” (“Девону луғотит-турк”. I том. Т.: 1960. 408-бет). Навоий ҳам бу сўзни “қўшни” эмас, “қўнгши” шаклида қўллайди. Демак, “қўшни” сўзининг луғавий маъноси: “ёнма-ён қўнган, яъни ерлашган, жойлашган”, дейиш мумкин. ҚЎНИ-ҚЎШНИ деганда эса мазкур феълдан ясалган икки сўз “қўнуқ” ва “қўшни” иштирок этади: аслида ҚЎНУҚ-ҚЎШНИ – кейинчалик ҚЎНИ-ҚЎШНИга айланган. Шунингдек, тилимизда “қўним топмоқ”, “қўнимсиз”, “қўнолға” каби ибора ва сўзлар мавжуд.
Маҳмуд Кошғарий “Девон”да мазкур ўзакдан ясалган “қонум” сўзини “уруғ-аймоқ” маъносида келтиради. “Қутадғу билиг”да эса Юсуф Хос Ҳожиб “ўрин, жой” маъносида – “қонут” сўзини қўллайди (“Йануты байат бэргә эḋгү қонут” – “Эвазига Тангри эзгу ўрин (жаннат) беради”. “Қутадғу билиг”. Т.: “Фан”. 1971. 668-бет).
“Девон”да, шунингдек, “қўнуқ” отидан ясалган қатор сўзлар ҳам келтирилади: “қонуқлади – меҳмон қилди, қонуқлуқ – меҳмондўстлик, қонуқлуқ эв – меҳмонхона” ва ҳоказо.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам: қўноқ (меҳмон), қўноқхона (меҳмонхона), қўноқламоқ (тунаш учун қушларнинг қўнолғага чиқиши ёки сафардаги кишининг бирор жойда тунаши) каби сўзлар келтирилган, аммо, афсуски, бу сўзлар ҳам кейинги пайтларда истеъмолдан чиқиб бормоқда. Уларга қайта ҳаёт бахш этиш эса сизу бизга боғлиқ.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ