Душманингиз ичингизда! Очлик мўъжизаси ёхуд автофагия нима?


Сақлаш
03:35 / 12.07.2023 1690 0

Ушбу мақолани ёзишимдан аввал ўзимда уч кундан бери очликни синаб кўришни бошладим. Шундай қилсам бу ҳақида ёзиш, ўрганганларим билан бўлишишга маънавий ҳаққим бордек гўё. Мақолада ғарбда миллионлаб нусхада нашр этилган асар «Очлик мўъжизаси» китоби ҳамда замонавий илмдаги очлик натижасида ишга тушадиган мўъжизавий жараён «автофагия» ҳақида суҳбатлашамиз.

 

Бреггнинг ушбу китобига қизиқиш талабалик давримизда, университетга келиб дўконлардан топиш қийин китобларни сотадиган амакининг бисотидан бошланган. Дугонам билан китобни сотиб олиб 15 бетини ўқишимиз биланоқ очлик эълон қилиш қарорига келдик. Тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмай юрган талаба қизлар бирданига уч кун оч юргач, китобнинг давомини ўқигани ҳолимиз қолмади ҳисоб. Учинчи куни буюк иш қилган даҳолардек бекатдаги мазали тандир сомсалар билан очликни якунладик. Кечга бориб иккимизнинг аҳволимиз ёмонлашди, китоб муаллифини сўкканча сессия олди бир неча кун дарс қолдиришга мажбур бўлдик. Бу очликдаги биринчи тажриба, аниқроғи муваффақиятсиз уриниш эди. Кейинчалик китобни охиригача ўқиб бу каби очликдан аввал ва кейин парҳез қилиш, енгил таомлар, шарбатлар билан озиқланиш кераклигини билдик.

 

Пол Брегг ўзининг энг машҳур китобларидан бири «Очлик мўъжизаси»да очликка тайёрланиш, амалга ошириш ва ундан чиқиш, шунингдек, соғлом овқатланишга ўтиш ҳақида маълумот беради. Охирги йилларда автофагия термини оммалашиши эса очлик билан даволаниш тарафдорларини янада руҳлантирди. Брегг соғлом турмуш тарзи бўйича кўплаб асарлар нашр этган. Унинг шарофати билан Америка жамияти органик маҳсулотларга қизиқиб қолди. Кўпчилик учун Америка, биринчи навбатда, тез тайёрланадиган таом фаст-фоодлар ватанидир. Кўп миқдорда консервантлар, лаззат кучайтиргичлар, танага фойда келтирмайдиган бўёқлар мавжуд бўлган бу каби таомлар ўзига нисбатан қарамлик келтириб чиқаради. Америкалик олимлар болалар ва ўсмирлар иштирокида тадқиқот ўтказиб фаст-фоод боланинг руҳиятига салбий таъсир қилишини аниқлаган. Афсуски, ҳозирги кунда юртимизда ҳам бундай таомлар ёшлар ўртасида оммалашиб бормоқда.

 

Автофагия ўзи нима?

 

Автофагия (αὐτός ауто — «ўзи» ва φαγεῖν — «емоқ») маъносини англатиб, у ҳужайраларда содир бўладиган жараёндир. Инсон танаси турли хил ҳужайралардан иборат. Вояга етган одамнинг танасида ўртача ўттиз триллион ҳужайра мавжуд. Ҳар бир ҳужайранинг ичида «ошқозон» — «лизосома» бўлиб, улар ҳужайра ичидаги мураккаб озиқ моддаларни парчалаб, энергия ишлаб чиқаради. Очлигимизда эса ҳужайраларимизга кераксиз нарсалардан халос бўлиш имкониятини берамиз. Албатта, бу ҳолат танада доимо содир бўлади, очлик вақтидаги қисқа муддатли стресс автофагия жараённи сезиларли даражада кучайтириши мумкин.

 

Кўпчилик «автофагия» терминини япон биологи Ёшинори Охсуми билан боғласада, аслида бу ҳодисани илк марта бельгиялик биокимёгар Нобел мукофоти совриндори Кристиан Де Дуве 1963 йилда ўрганган. Де Дюве ҳужайра биологиясига 1955 йилда «лизосома», 1956 йилда «пероксисома», 1963 йилда эса Лондондаги конгрессда «аутофагия», «эндоцитоз» атамаларини киритди. Автофагия бир қатор омиллар, жумладан, очлик, рўза тутиш, калорияларни чеклаш ва жисмоний машқлар билан шуғулланганда фаоллашади. Ушбу жараён бу ҳужайра даражасида содир бўладиган, баъзи касалликлар эҳтимолини камайтирадиган ва ҳаётни узайтирадиган табиий янгиланиш жараёни бўлиб вазн йўқотиш, саломатлик ва узоқ умр кўришга фаол ёрдам бериши олимлар томонидан кўп таъкидланади.

 

Кундалик салбий одатлар

 

Пол Брегг «Очлик мўъжизаси» китоби автофагия жараёнини ишга туширишдаги муҳим тавсияларга бой. Тарихдан маълумки, диний уламолар ва қадимги олимлар очликдан даволовчи восита сифатида кенг фойдаланган. Фақат касал пайти ёки организмни ёшартириш, янгилаш пайидагина эмас, балки руҳий чиниқиш учун ҳам оч юришган.

 

Файласуф Пифагор ўз фалсафасини ўргатишдан олдин ўқувчиларидан 40 кун оч юришни талаб қилган. Унинг фикрича, 40 кунлик очликдан сўнг ўқувчилар фикри аниқлашиб, унинг фалсафий қарашларини осон ўзлаштиришлари мумкин экан. Демак, очлик авваллари ҳам, ҳозир ҳам фақатгина организмни тозалабгина қолмасдан, инсоннинг ақлий ва руҳий фаоллигини ҳам яхшилайди. Инсон онгли равишда овқатланади, чанқоғини босади, лекин била туриб ўзини тута олмагани сабабли яшаши мумкин бўлган муддатнинг ярмига етмасдан вафот этади. Ёввойи ҳайвонлар уларни ташқаридан йўқ қилишмаса, ўзларига ажратилган муддатни тўла яшаб, сўнгра ўлади. Инсонгина ўзига белгиланган ҳаёт муддатини тўла яшамасдан дунёдан ўтиб кетади. Ёввойи ҳайвонлар ўз инстинктига суяниб, қандай яшаш, нима ейиш ва нима ичишни сезади. Улар касаллигида парҳез қилиб, овқатланмайди. Даволовчи ўсимлик ва бошқа воситаларни қидириб топадилар. Инсон эса барча нарсани истеъмол қилади, ҳатто ҳазм бўлиши қийин бўлганларини ҳам, бунинг устига зарарли ичимликлар ичади. Кейин эса нима учун юз ёшгача яшамаганига ажабланади.

 

Заҳарли кислота кристаллари қандай ҳосил бўлади?

 

Табиатан биз инсонлар овқат истеъмол қиламиз, суюқлик ичамиз, нафас оламиз. Кўпчилик одамлар эса ҳаддан зиёд кўп овқатланади, очликдан эмас одатига биноан. Бундай катта ҳажмдаги озуқани майдалаш, ҳазм қилиш, ортиқчасини чиқариб ташлашга организмнинг кучи етмайди.Оқибатда эса доим токсик, заҳарли қолдиқлар қолади, улар чўкади ва кристалларга айланади.

 

Бу анча секин жараён бўлиб, кўп йиллар нотўғри овқатланиш натижасида бўғинлар орасида кристаллар йиғилади ва оғриқлар пайдо бўла бошлайди. Оёқларда ҳаракатланувчи суяклар бошқа аъзоларга нисбатан кўплиги сабаб улар аввал оёқда пайдо бўлади. Чунки ҳар бир оёқда 26 та ҳаракатланувчи суяк мавжуд.

 

Душманингиз ичингизда!

 

Кўпчилик одамлар нафс қулига айланганлигига урғу берган муаллиф, инсонлар очми ёки тўқми, кўп ейиш, айниқса, сифатсиз овқатланишдан азият чекишини таъкидлаб қуйидаги маслаҳатларни беради:

 

Аввал ҳафтасига 24-36 соатли, фақат дистилланган сув ичиб оч юришни одат қилинг, таом ейдиган кунингизда фақат табиий озуқа билан овқатланинг. Танангизни ақл бошқарсин, истак эмас! Истак — ақлсиз!

 

Ҳаддан ташқари кўп овқат ейиш сизни муддатдан олдин ўлдиради. Сабзавот ва мевалар табиий тозаловчи ҳисобланади. Бошланишига оз-оз истеъмол қилинг, токсик заҳарлардан тозалангунингизга қадар ҳафтасига 24 соатли оч юриш организмни тўлиқ тозалайди.

 

Агар сиз 3-7 кун оч юришга куч топсангиз, организмингиз тўла тозаланади. Ҳафтасига бир кун оч юринг, шунинг ўзи йилига 32 кунни ташкил қилади. Бу вақт ичида ҳаётий куч организмда кўпаяди ва заҳарли кристалларни чиқариш учун етарли бўлади. Ҳар бир очликдан сўнг сиз ўзингизни эркинроқ сезасиз.

 

Инсон пичоқ ва қошиқ билан ўзига чоҳ қазийди

 

Кўпчилик ошқозонига дам беришмайди. Овқат ҳазм қилувчи аъзоларни шунчалик тўлдиришадики, охир-оқибат улар фаолияти ишдан чиқади. Организмдан токсин ва заҳарли моддалар чиқаётганда, қон тозаланаётган вақтда сиз ўзингизни аъло даражада сезмайсиз, албатта. Шундай вақтда ҳаммаси ўтиб кетади, деб ўзингизга қайта-қайта тасалли беринг. Мақсадингиз йўлида қаттиқ туринг, ажойиб натижаларга эришасиз.

 

24 соатлик очликдан сўнг биринчи истеъмол қиладиган озуқа

 

Янги узилган сабзавотдан салат, қирғичдан ўтказилган сабзи ва карам, унга озроқ апельсин ёки лимон шарбати қўшилса, таъми ёқимли бўлади.

 

Эсингизда бўлсин, очликдан сўнг ҳеч қачон гўшт, балиқ, пишлоқ, сариёғ, ёнғоқ ва шунга ўхшаш озуқалар истеъмол қилманг. Сизнинг биринчи овқатингиз салат ва пиширилган сабзавот бўлиши керак.

 

24 соатлик очликдан сўнг икки кун ўтгунича оғир ҳазм бўладиган таом истеъмол қилманг.

 

Муаллиф ўқувчиларга иродасиз, ачинарли аҳволдаги инсон даражасига тушиб қолишингизга йўл қўймаслик учун энг тўғри йўл сифатида юқоридаги тавсияларни беради. Доимий тарзда тетик ва соғлом ҳаёт кечиришимизда ушбу тавсиялар фойдадан ҳоли эмас.

 

Қўшимча ўрнида. Ҳозирги кунда ҳаётимизда, айниқса ижтимоий тармоқларда озиш, парҳезнинг турли усуллари ҳақида тавсиялар кўпайиб кетган. Ўқувчи уларни ўзида синаб кўришидан аввал мутахассис билан маслаҳатлашиши, синалган усулларни қўллаши, турли манбалардан ўқиб ўрганиши лозим. Унутманг, саломатлик – энг катта бойлик!

 

Лайло ИСМАИЛОВА.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10356
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//