Оилавий гурунгда бобомнинг қишлоқ оқсоқоли бўлганини эсладик. Ўн икки яшар ўғлим ажабланиб, “Оқсоқол дегани нима? Қандай одам бўлади?” деб сўради. Ўйлаб кўрсам, болаларим тенги бугунги авлод оқсоқолларни билмай, танимай улғаяётган экан. Шу ҳақда ўйлаб, беихтиёр болалигимни эсладим. Ўшанда кимдир бозордан мол оламан деса ҳам, бирон йиғин ўтказмоқчи бўлсаям, келин ё куёв танлашда ҳам кайвонилар билан маслаҳатлашар эди. Ҳеч ким бирон ишни ўз билганича бажармасди. Уларнинг гапи қонундай қабул қилинарди. Менимча, ҳозир ана шундай кайвони инсонлар камёб. Нима учун улар бирдан йўқолиб қолди? Эл орасида оқсоқолларга нечоғли эҳтиёж бор?
Филология фанлари доктори Шомирза Турдимов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Олим Тошбоев билан юқоридаги каби саволларга жавоб топиш учун фикр алмашдик.
Б.Ғозиддинов:
– Шомирза ака, биз танийдиган оқсоқоллар аслида ким эди? Улар ҳозир қаерда?
Ш.Турдимов:
– Оқсоқол табиий танланган одам. Бола тарбияси у ўйнайдиган ўйинга ҳам боғлиқ. Ўйин вақтида битта бола бошқалардан ажралиб етакчи бўлиб олади. Болаларда ёлғон муносабат йўқ. Шу боис бу етакчилик табиий шаклланади. Худди шу каби оқсоқол ҳам табиий танланиши, жамиятнинг маҳсули сифатида ўртага чиқиши керак.
Оқсоқолларнинг камайиши тарбия тизими билан боғлиқ. Бола уйда асосан онадан тарбия олаяпти. Мактабда аёл ўқитувчи дарс бераяпти. Эркак ўқитувчилар мактабга қайтди дейилди, лекин кам. Бола эркак тарбиясини олмаса, унда етакчилик қобилияти ўз-ўзидан пассивлашади. Тўғрими, Олим ака?!
О.Тошбоев:
– Рост. Биласизми, бизда оқсоқолликнинг рутбаси атай туширилган. Йўқ қилинган. Узоқ ўтмишда матриархат – она ва патриархат – ота бошқарувидаги даврлар кечган. Шўро замонида патриархат қулади деган тушунча ўйлаб топилган ва бу сиёсат мунтазам олиб борилган. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ҳам, эллигинчи йилларида ҳам шу сиёсат юритилган. Масалан, яқин тарихимиз саксонинчи йилларда давлат раҳбарлари маърузаларида патриархат қулаганини алоҳида таъкидлайди. Патриархат қулаши дегани бу – ота мақомининг йўқотилиши! Бундай ҳолатда жамиятда номутаносиблик бошланади. Шомирза ака айтганидай, бола фақат аёлнинг ўзидан тарбия ола бошлайди.
Ш.Турдимов:
– Фикрингизга қўшимча қилмоқчиман, момоларимиз ёш болани ҳам сен эркаксан деб олдинга ўтказган, йўлини кесиб ўтмаган. Бу билан унда эркак масъулиятини, оталик бурчини ҳис этишни шакллатирганлар. Бу – отанинг мақоми аслида. Ҳозир айрим аёллар булдузир бўлади-да, ҳаммасини янчиб ўтиб кетади.
Шўро даврида биринчи ҳужум оилага бўлди. Ҳозир кўпчилик оилани эркак, аёл ва боладан иборат дейди. Аслида бизда оила уч авлоддан иборат бўлган. Биринчиси катта авлод – бобо, момо, амаки, тоға, хола, амма. Иккинчиси эр-хотин ва учинчиси болалар. Оилада болани эр-хотин эмас, катта авлод тарбиялаган. Масалан, этнограф олим Карим Шониёзовнинг ўғли “Биз нонга тўрхалта олиб боришдан қўрқардик. Гузарда ўтирадиган чоллар буни кўриб, ноннинг увоғи ерга тушади-ку, бориб бутун халта олиб кел деб уришиб қайтариб юборарди” деган эди. Қаранг, ўша чоллар шунга ҳам эътибор қилган. Танбеҳ берган. Оқсоқоллик дегани мана шундай тизим аслида.
Оилага ҳужум жамиятга ҳужум дегани. Оила тизимининг издан чиқиши жамият, этнос пароканда бўлди дегани. Буни қандай сақлаб қолиш керак деган савол туғилади. Қадриятларни эски ҳолатда асраб бўлмайди. Унинг моҳиятини сақлаган ҳолда замонга қараб модернизация қилиш керак. Масалан, четдан ўзлашаётган сўзни оҳанги билан қабул қилсак, бу ўзлаштириш эмас, тақлид бўлади. Бундай сўзларнинг кўпайиши тилнинг йўқолишига олиб келади. Қадриятлар ҳам худди шундай мослашиши керак. Бундай тизим ишлаши учун ҳар бир соҳанинг оқсоқоли бўлиши шарт. Оқсоқол фақат кўчада, тўй-маъракада эмас, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида, барча соҳада бўлиши керак. Улар миллат нуқтаи назаридан фикрлайдиган одамлар бўлади. У бошқаларга тўғри йўлни кўрсатиб турувчи маёқ ҳисобланади. Масалан, Ҳабиб Абдуллаев, Воҳид Зоҳидов, Восил Қобилов, Азиз Қаюмов ва Ҳоди Зариф деган фан арбоблари ўз соҳасининг ана шундай оқсоқоллари эди.
Миллат нуқтаи назаридан ўйлайдиган одамларнинг борлиги генофонднинг сақланганидан, акси эса миллатнинг парокандалигидан далолат беради.
Б.Ғозиддинов:
– Нега бугун шундай одамларимиз камайиб бораяпти? Оқсоқоллик мактабининг йўқолиши фақат эркаклар тарбиясининг иккинчи ўринга тушгани билан боғлиқми?
О.Тошбоев:
– Бу мактабнинг емирила бошлашида оқсоқолларнинг ҳам айби бор. Биласиз, динимизда мунофиқлик, ёлғончилик қораланган. Бу ҳақда ҳадис ҳам бор. Унда мусулмон киши зиқна, қўрқоқ бўлиши мумкин, аммо ёлғончи бўлиши мумкин эмас дейилади.
Афсуски, айрим оқсоқолларимиз киприк қоқмай ёлғон гапиради, мунофиқлик қилади. Шахсан шундай одамларни таниганим учун айтаяпман. Уларни кузатиб, ўйлайман, ёши саксонга яқинлашган чолга ҳокимнинг, вазирнинг олдида ёлғон гапириб нима зарил?! Сабабки, унда таъма, нафс бор. Ўз фойдасига ёлғон гапириб бўлса ҳам ниманидир ундириш, ҳеч бўлмаганда ўша одамнинг кўзига яхши кўринишни истайди. Мана шундай одамлар сабаб оқсоқолларга муносабат ўзгаради, ишончсизлик пайдо бўлади.
Б.Ғозиддинов:
– Шомирза ака, оқсоқоллик одамнинг табиатида бўлиши керак дедингиз. Табиатида ҳақиқий кайвонилик бўлган одамларни танийсизми? Улар қандай шароитда яшаяпти?!
Ш.Турдимов:
– Агар ҳақиқий оқсоқоллар бўлмаса, жамият издан чиқиб кетади. Каттами-кичикми ютуқларга эришаётган эканмиз, кайвони одамларимиз бор, гарчанд уларни биз пайқамаётган бўлсак-да. Энди уларнинг қай ҳолатда яшаётганига келсак, бу ҳақда бироз мулоҳаза юритиш зарур. Масалан, бирон соҳага, институтларга раҳбар бўладиган одам албатта фан арбоби, жуда катта билим эгаси бўлишдан ҳам олдин оқсоқол бўлиши керак. Буни Ғарб лидер деб атайди.
Бобом оддий чўпон эди. Ёшлигимда у кишига ақл “ўргатмоқчи” бўлиб (кулади), ҳадис ўқиб бердим. “Бобо, ҳадисда ёзилишича, катта дарахтларни кесиш айб бўлар экан” дедим. Бобом “Нима деб ўйлайсан?” деди. “Катта дарахтларни кесиш айб экан-да” дедим. “Йўқ, болам. Шундай одамлар бўладики, улардан эл манфаат кўради. Бундай кишилар катта дархтларга ўхшайдилар. Ўша одамларнинг ишдан ноҳақ олиб ташланиши ҳам катта гуноҳ” деди бобом.
Худди шунингдек, табиатида оқсоқоллик бўлмаган одамларнинг бирон жойга раҳбар бўлиб олиши ҳам шу соҳанинг “ўлиши”га олиб келади. Жамиятда ҳақиқий етакчиларнинг ўз ўрнини топа олмаслиги оқсоқолликка Ёртибойлар келиши билан боғлиқ. “Алпомиш” достонида Бойсари оқсоқоллардан икки марта маслаҳат сўради. Биринчисида Бойсари билан Бойбўрининг орасига совуқчилик тушиш арафаси, этнос иккига бўлинишга келиб қолган вақт эди. Оқсоқоллар унга жавобан “Маслаҳат бермаймиз Бойсарибойга, / Осилмаймиз Бойбўрининг дорига” дейди. Оқибат оқсоқоллик Ёртибойларга қолди. Бойсари Қалмоққа кетди. Кейин қалмоқлар Барчинга оғиз солганида яна маслаҳат сўради. Энди Ёртибойларнинг овози баралла эшитилди: “Болаларни тоға-жиян қиламиз, / Бу ерларда эркин бўлиб юрамиз”.
Бойсари нимага шундай жавоб эшитди? Чунки бу ерда қорин манфаати турибди! Қачонки қорин манфаати бўлган одамлар маслаҳат беришни бошласа, оқсоқоллик тизимига дарз кетади. Ҳақиқий оқсоқоллар, қўрқмасдан ҳақиқатни айтиб, тўғри маслаҳат берадиганлар четда қолиб, лаббайчилар олдинги сафга чиқиб олади. Бугун атрофимизда жонкуяр, фидойи оқсоқоллар бор, лекин кўпинча улар ўз ўрнини топа олмаяпти деб ўйлайман.
О.Тошбоев:
– Шомирза ака, тўғри айтдингиз, оқсоқол учун сўз ва амал бирлиги муҳим. Ёшлигимда бундай мисолларни кўп эшитганман. 1950-йилларда колхоз ғалласи қўлда ўрилган. Ўшанда колхоз раислари буғдой ўримига биринчи бўлиб ўз оиласини чиқарган экан. Раис “Сенлар сояда дам олиб ўтирсаларинг одамларнинг кўзига қандай қарайман?” деган. Ор-номус кучли бўлган. Ҳозир аксарият ҳолларда бунинг тескариси. Ибрат йўқолди. Халқ зукко. Эл орасида бир қарашда одамнинг кўнглидан нималар ўтаётганини биладиган одамлар бор. Рамзий қилиб айтганда, улар болам ўроқ ўрмасин, ариқ қазмасин, бу ишларни бошқалар қилсин дейди. Озгина ваколати бўлса, оддий одамлар елкасига оёқ қўйиб, касалхонадаги навбатни ҳам айланиб ўтади. Эркин Аъзам муаллифлигидаги “Сув ёқалаб” фильмида “Оқсоқол, давринг ўтди” дейди. Нега? Чунки унинг гапини одамлар писанд этмаяпти. Бунинг биринчи сабаби қарашлар, қадриятлар ўзгариши билан боғлиқ. Иккинчидан, халқнинг олдида бошқача кўриниш ва масъулиятли даврларда ўзига раво кўрмаган нарсани бошқаларга раво кўриш. Халқ доим сўзи ва амали бошқа одамдан норози бўлади. Қадимда оқсоқолларнинг сўзи ҳам, амали ҳам, ҳаётиям бир бўлган. Шомирза ака айтганидай, оқсоқол жуда катта олим, мулла бўлиши шарт эмасдир. Эҳтимол, у чўпон ё мироб, деҳқон ёки боғбон бўлгандир. Лекин одамларни эргаштира олган. Нега баъзи оқсоқолларга ҳеч ким эргашмайди? Чунки амал йўқ. Оқсоқоллик пароканда бўлишининг сабабларидан бири шу.
Б.Ғозиддинов:
– Олим ака, фикрларингизни эшитиб “беайб Парвардигор” деган гап ёдимга тушди. Бугун ҳам сўзи ва амали бир бўлган одамлар борлигига ишонаман. Лекин улар ҳам адашади (атай қилинмаган, кечирса бўладиган хато ҳақида айтаяпман). Лекин тенгдошларим ва биздан кичик авлодда бундай камчилликка муросасиз муносабат шаклланиб бораяпти. Масалан, сиз бугун тўғри йўлни кўрсатиб танқид қилсангиз, менга ёқмайди. Кейин хато қилишингизни кутиб тураман. Зиғирдай айбингизни топишим билан ижтимоий тармоқларда оммавий сазойи қиламан. Бунинг сабаби нимада?
Шахсан ўзимдан келиб чиқсам, ота-онам яхши тарбия берди. Қадриятлар қадрланган муҳитда ўсдим. Лекин бугун бирдан ўзгариб қолгандайман. Бошқалар-ку майли, ҳатто отамнинг гапига қулоқ тутгим келмайди. Кўзимга фақат катта авлоднинг хатолари кўринаверади. Нега мен бунчалик ўзгардим? Нима учун биз бирдан қулоқсиз авлодга айландик?!
Ш.Турдимов:
– “Авесто”, эҳтимол, ундан ҳам аввалдан келаётган гап бор: “Ўйинг, сўзинг, амалинг бир бўлсин” деган. Бутун фалсафанинг, динларнинг моҳияти шундан иборат.
Маънавият энг муҳим нарса. Қўл ювмасдан овқат ейишга таъбингиз тортмайди. Бу емак-ичмакка бўлган муносабат. Инсон қачонки маънавий озуқасини қўлини ювмасдан олса, вирус юқади, моҳият ўзгаради. Чунки инсон руҳ, тан ва жондан иборат. Биз тан ва жонимиз ҳурматини жойига қўямиз, лекин руҳни кўпинча унутамиз. Аслида тан ва жонимиз руҳнинг камоли учун йигирма, эллик, борингки, бир юз йигирма йил хизмат қиладиган восита. Инсоннинг жисми ва руҳи бир-бири билан боғлиқ экани эртак, достонлар замирида айтилган. “Алпомиш”даги ўтда ёнмайди, қилич чопмайди, сувда чўкмайди деган гапнинг мазмуни шу. Қачонки шу моҳиятга зид ҳаракат бошланса, сиз айтган ҳолат вужудга келади.
Доим фашистлар асир олган 101 аскар ҳақида ўйлайман. Биласиз, ўзбекистонлик бу асирлар узоқ вақт оч сақланади. Кейин 101 нафар асирга битта нонни кучукка ташлагандай отади. Улар асирларни нон талашиб урушади деб ўйлаб, ҳолатни кинога олишга тайёр туришган эди. Лекин улар нон талашмади. Каттаси айтди, кичиги бориб нонни 101 бўлакка бўлиб тарқатди. Бу 1942 йили бўлган воқеа. Энди диққат қилинг, 2017 йилда Тошкентда етти тонна палов тайёрланди. Ўша палов тарқатилганини интернетда кузатдим. Битта олма, бир коса ош учун баъзилар столлар устида эмаклаб юрибди. Уларнинг уйида олма йўқми, ошга қурби етмайдими?! Нега улар ош деб бунчалик талашаяпти? Уйига бориб кўрсангиз ҳамма нарсаси бор.
1942 йилда асир тушган одам тахминан 1920-йилларда туғилган. Унинг отасининг тарбияси ва ҳалқуми тоза эди. Улар шу боис оломонга айланмади, қувват топди. Лекин 1950 йилдан кейин шўровий ғоялар сабаб худодан қўрқмайдиган, бандадан уялмайдиган, ҳалқумига ҳаром аралашган авлод пайдо бўлди ва буларнинг болалари арзимаган нарсалар учун ҳамма нарсани сотиб юборадиган даражага келди. Чунки умумий сув шундай лойқаланган эди. Умумий сув лойқалангандан кейин сизнинг тарбиянгиз ҳам куч бермай қолади.
Бу қачон тозаланади? Аввало худо қўллаши керак. У ёқдан амр бўлмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Лекин ўша амр ҳам банданинг ҳаракатига боғлиқ. Айтади-ку, неки кўнгилда кечар, табиатга ҳам кўчар.
Инсон кўнглидан нимаики кечса, табиатда ўз аксини кўрсатади. Шунинг учун офатлар биринчи табиатда содир бўлади. Масалан, бир совуқ келиб ҳамма ҳосилни йўқ қилади. Бундан хурсанд бўлиш керак. Кимнингдир яхши амали, тилаги боис офат табиатга келди. Агар у табиатда содир бўлмаганида, офат одамларга урарди. Офатга сабаб бўладиган нарсалар кўпайиб кетса, бу даҳшат!
Бугун, мана, кузатаяпсиз, ижтимоий тармоқларда яланғоч шеърлар, ҳикоялар кўпайиб кетди. Нега? Чунки жамиятнинг ўзи шуни қабул қилаяпти. Тарози палласи тенг туриши керак. Динда чуқурлашиб кетманглар дейилган. Бу хосларга эмас, авомга айтилган гап. Авом билиб-билмай динни чуқурлаштириб юборса, қиличга айланади. Агар ўзликдан узоқлашса, инсоний туйғуларини йўқотиб қўяди. Тарози палласининг мувозанати йўқолиши бу. Сиз тенги авлод билан боғлиқ ҳолатни шундай тушунаман.
О.Тошбоев:
– Шомирза ака, гапингизга қўшимча қилмоқчи эдим...
Мумтоз адабиётимизда худпарастлик – бутпарастлик деган тушунча кўп учрайди. Ҳозир бутун дунёда ана шу худпарастлик авж олди. Оқсоқолларга эҳтиёжнинг сусайиб кетишига ҳам фақат ўзини ўйлаш – худпарастлик сабаб. Индивидуализм тарғиб қилинган жойда ҳамма ўзича билағон, ўзича оқсоқол! Донишманднинг гапини ҳам бир тийинга олмайди. Бу Шарқ учун мутлақ ёт. Эҳтимол, индивидуализмнинг маълум қисмидан фойдаланиш мумкиндир. Лекин уни Шарқ халқлари тўлалигича қабул қила олмайди. Авлиё шоирлар, мужтаҳид олимлар бекорга худпарастликни бутпарастликка тенглаштирмади. Бунинг фожиали экани нимада кўринади? Масалан, бола маънавий, руҳий жиҳатдан отага муҳтож эмас. Вақт ўтиб моддий томондан ҳам мустақил бўлгач, энди ота керак бўлмай қолади. Ўз-ўзидан болада отамдан зўрман деган ғурур пайдо бўлади. Бугун баъзи ўзбек оилаларида, “Ота, сиз билмайсиз, тушунмайсиз” деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу бизга мутлақо ёт мафкуралар тарғиб қилган индивидуализмнинг жамиятимизда илдиз отиб бораётганидан дарак.
Иккинчи жиҳат, Патрик Бюкененнинг “Ғарбнинг ўлими” асарида жуда кўп глобал муаммолар ёритилган. Унда 1950-йиллардан бошлаб Ғарб ва АҚШда эркинлик ғояси кино, адабиёт, санъатда кенг тарғиб қилингани ёзилган. Феминистларнинг ҳаракатини эсланг. Ғарб ва АҚШ 1950-йиллардан кейин тасвирга олган киноларда аксарият ҳолларда ёлғиз аёл қаҳрамон қилинган. Оила қуриш бундай аёлларнинг табиатига зид. Унинг ўзи карйера қилади, моддий томондан устунликка эга бўлади. Бу фаҳшни, миллий ахлоққа ташланган ўлатни рағбатлантиришнинг маданий шакли бўлган. Шунинг оқибатида Ғарбда ҳам, Осиёнинг ривожланган давлатларида ҳам туғилиш пасайиб кетди. Бу олтмиш йил аввалги ғоянинг маҳсули. Уруғ ҳамма нарсани ҳал қилади. Донни ерга ташлайсиз, бир қиш ўтгач гуриллаб кўкариб чиқади. Маънавиятдаги, мафкурадаги уруғ тахминан ўн йилдан кейин ўзини кўрсатади. Бу каби мафкуравий хуружларга фақат жамиятда иммунитетни кучайтириб қарши туриш мумкин.
Ш.Турдимов:
– Халқимизда “Бола суйсанг бешикда суй, хотин суйсанг – тўшакда” деган мақол бор. “Ёр-ёр” деган кинони биласизлар, ўтган асрнинг 60-йилларида тасвирга олинган. Бу кино комсомол тўйининг тарғибига бағишланган. Орадан олтмиш йил ўтиб “горко-горко”га келиб қолдик. Тўйларда бу одат йўқдир, лекин кўчада бу бизни ажаблантирмай қўйди. Худди шундай бугун тарғиб этилаётган ноинсоний ғоялар ҳақида гапиравериш одамнинг юзини очиб ташлайди (шунинг учун уни ёмонлаб ҳам гапиришни камайтириш керак). Шундай экан, яна олтмиш йилдан кейин дунёда Лут қавмига мойиллик кучайиб кетмаслигига кафолат йўқ. Шу боис Олим ака бугун халқнинг маънавий иммунитетини кучайтириш керак деди. Энди фақат маънавиятни янгича, меъдага тегмайдиган усуллар билан ташвиқот қилиш керак.
Ҳозир болаларимиз телефондан ажралмаяпти. Улар кўпроқ урди-сўкди каби тасвирларни кўраяпти. Мана шу қизиқишдан тўғри фойдаланиш керак. Маблағ ажратиб, маънавият тарғиботини болаларимиз қизиқаётган, кўпроқ вақтини сарфлаётган жойда олиб бориш керак. Масалан, телефонда.
О.Тошбоев:
– Элнинг олдида турадиган кайвониларни бадном қилиб, обрўсизлантирилса, элдан путур кетади. Шу боис собиқ тузумда имкони борича оқсоқолликка Ёртибойлар олиб келинган. Имконсиз вазиятдагина фикри теран, халқпарвар одамлар раҳбарликка тайинланган.
Яқинда Питер Ҳопкиркнинг “Катта ўйин” номли китобини ўқидим. Икки империянинг Марказий Осиё учун кураши очиб берилган мазкур китобда бу империялар ўз айғоқчиларини этнограф, геолог каби турли соҳа олимлари қиёфасида юборгани фактлар асосида айтилган. Мана кўраяпсизми, улар 150 йил аввал бизни роса ўрганган. Россия империяси Марказий Осиёга юриш қилганида бу халқни қандай бошқариш ҳақида аниқ тасаввурга эга эди ва шу режа асосида тизимли иш олиб боришди. Бизни худо суйгани шу бўлса керак, шунча зулмга қарамай миллат сифатида йўқ бўлиб кетмадик.
Ш.Турдимов:
– Олим ака, яна бир жиҳатга аҳамият бериш керак. Маҳмуд Кошғарий “Турклар ўз тилини билмаганни сумлим дейди. Араб эса ажам деб атайди. Араб тилини ўргансангиз ҳам ажам бўлиб қолаверасиз. Лекин туркнинг тилини ўзлаштирган одам сумлимликдан чиқади” дейди. Бу ижтимоий таҳлил!
Биз тилимизни билган одамга жонимизни бериб юборамиз. Қолаверса, туркийлар очиқ халқ. Турк меҳрини ичида сақлаб, қаҳрини айтади ва бошқа миллатдан уйланган одамнинг боласи кўпинча турк бўлмайди. Ўзлигини кўпроқ онасидан ўзлаштиради. Босқинчилар мана шу жиҳатлардан кўп фойдаланган.
Этнос миллат эмас. Этнос – ўзини шу социал гуруҳга мансуб деб танлаш. Кимдир ўзбек этносига хизмат қилса, уни қабул қилиш зарур. У ундай, бу бундай деб қараш керак эмас. Негаки, бутун дунёнинг сиёсати шундай ва бундан ютаяпти.
Мустабид тузум замонида бизда фикри бор, одамларни ортидан эргаштирадиган оқсоқол шахслар қиличдан ўтказилди. Худога шукурки, фикрлайдиган халқимиз бор. Шулар эвазига биз этносни, ўзликни йўқотиб қўймадик. Лекин қуллик психологияси асоратлари, афсуски, ҳамон сезилади. Шуни онгимиздан чиқариб ташлашимиз керак. Мусо ҳам қавмини қирқ йил саҳрода олиб юрган. Чунки қулликни кўрмаган иккита янги авлод келиши керак бўлган.
Достонларнинг якуни ва хулосасига ишонганим учун оптимистман. “Алпомиш”нинг хулосасига ишонаман. Унда беш авлод ҳақида гап боради. Беш авлод бу 120 йил дегани. Шу давр ичида этнос яна Алпомиш, Амир Темурларини беради. Лекин бу беш авлодни омон сақлаш учун аъмолни ёмонликка бурмаслик шарт. Биз мана шу танлов, катта чорраҳада турибмиз.
Б.Ғозиддинов:
– Адабиётда ўзининг сўзини айтишга уринаётган ижодкор ёшлардан баъзиларининг бу борада фикри бироз бошқача. Улар юқорида айтилган фикрларни эшитиб сизларни қадимчи деган бўларди.
Улар қолипларни ёриб чиқиш керак деб ҳисоблайди. Яъни, адабиёти, санъати, моддияти ҳам ривожланган мамлакатларни мисол қилиб айтади. Ўша диёрларда ота ҳақ бўлсагина гапига қулоқ тутилади. Фарзанд мустақил фикрини очиқ айтиши, қафасларни синдириб ўз билганича эркин ҳаракат қила олиши керак деб ҳисобланади. Агар доим отанинг гапига қулоқ тутилса, ривожланиш бўлмас эди дейилади.
Бекорга ижодкор ёшларни мисол қилмадим. Улар сиз айтаётган этнос тафаккурининг эртанги, эҳтимолки, бугунги эгалари...
О.Тошбоев:
– Ижтимоий тармоқларда оила, эр нимага керак деган фикр ўртага ташланиб, роса муҳокама бўлди. Мана энди маънавият, ахлоқ нимага керак деган фикрлар ҳам илгари сурилаяпти. Буларнинг барчасини маънавий қўпорувчилик деб айтаман. Оила нимага керак, ахлоқ зарурми деган фикрга тоқат қилиб бўлмайди. Бу қараш замон танламайди, 18-асрми, 25-асрми фарқи йўқ. Негаки, бизнинг ёзма манбаларимиз икки минг йиллик, шаҳарсозлик уч минг йиллик тарихга эга деб қарасак, улар билан ёнма-ён келаётган адабиётимиз, халқ оғзаки ижоди ахлоқдан иборат. Биз фаҳшни тарғиб қилган адабиётни қабул қила олмаймиз. Ахлоқий таназзулга шунчаки қараб туришнинг ўзи уни ёқлаш билан тенг.
Абдулла Орипов, Лойиқ Шерали ва бошқа қардош халқлардаги ана шу авлод ижодкорларини Мирзо Турсунзода “Литературная газета”да қўриқчилар деб атаган. Уларни қадимда тепаликларда олов ёқиб халқни хатардан огоҳ қилган қўриқчиларга ўхшатган. Бугун биз адабиётимизни худди улар каби қўриқлашимиз зарур.
Ш.Турдимов:
– Жўжа тухумдан чиқиши учун ичкаридан тешиши керак. Агар тухум ташқаридан тешилса, жўжа ўлиб қолади. Ҳамма нарса ичкаридан етилиб келади. Бу ахлоқ, адабиёт биринчи ўринда туриши керак дегани.
Адабиёт ривожланмайди. Агар ривожланганида эди, Навоийни инкор қилган бўлардик. Лекин ҳар бир даврнинг ўз чўққилари бўлади. Хўш, қандай асарлар бизгача етиб келди? Ўзагида ахлоқ бўлган, инсоннинг камолига хизмат қиладиган чўққилар қолаяпти. Бошқа ҳаммаси йўқликка маҳкум. Чунки тепадан тушган нарса – ҳукм. У муқаддас сўз. Ким бўлишидан қатъи назар, банданинг айтган барча гапи даъво. Лекин ўша даъволарнинг ҳукмга яқинлашадиган жойлари бўлади. Ана ўша бўйлашадиган жойдаги адабиёт қолади.
Мен ғирт қадимчи эмасман. Модернга мойил одамман. Лекин модернга мойиллик ахлоқсиз дегани эмас! Мен ахлоқлиман деган одам ҳақ бўлавермайди. Моҳиятида ахлоқи бор одамнинг ўзаги бут бўлади. Қачонки миллатнинг ўзагида ахлоқ бўлмаса, ўша миллат йўқолиб кетади. Чунки ҳар қандай ривожланишнинг ўзаги ахлоқ ҳисобланади.
Мен энг яхши кўрган ва тушунишим қийин бўлган асар “Қутадғу билиг”дир. У ҳали баҳосини олмаган асар. Бу асарда жуда катта фалсафа, давлатчилик, оила, ахлоқ бор. Биз унга яқин келганимиз йўқ. Қачонки халқимиз “Қутадғу билиг”ни англаб етса, тилини ҳам тиклайди, ахлоқи ҳам аслиятига қайтади. Яна шунга ўхшаш асарлар борми дейишса, ҳа, Навоийда, Бобурда, Қодирийда ва ундан кейинги авлодларда ҳам ахлоқ устига қурилган асарлар бор.
Фольклорни битта одам ярата олмайди. Табиатда табиий кўчиш деган нарса бор. Агар қушлар, термитлар якка бўлиб кўчса, адашиб кетар ва ҳалокатга маҳкум бўлар экан. Оммавий кўчганида уларда улкан билим, қудрат пайдо бўлиб, йўлдан адашмас экан. Фольклорни яратадиган қудрат ҳам табиий кўчишга ўхшайди. Адабиёт фольклордан улги олиши, ахлоқ мезонидан чиқиб кетмаслиги керак. Шунда ижодкор якка учган қуш каби адашмайди. Адабиётдаги шакл ва қолип иккинчи даражали бўлиб қолаверади.
“Гўрўғли” ва “Алпомиш” достонлари бизнинг қомусимиз. Ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиз ҳам ўша достонлар моҳиятида турибди. Фақат буни англаб, ўқилдиздаги моҳиятини ўзлаштириш керак.
Б.Ғозиддинов:
– Эпоснинг моҳиятини, азизлигини, буларни инкор этиш билан тараққиётга эришиб бўлмаслигини халққа, асосан ёшларга қандай тушунтириш мумкин? Агар ёшларга шу ҳақда гапирсангиз, улар бунинг аксини исботлаш учун ривожланган мамлакатлар мисолида далилларни қалаштириб ташлайди.
О.Тошбоев:
– Бизнинг тақдиримиз ҳам, аъмолимиз ҳам тараққиёт бўлиши керак. Агар мамлакат тараққий этса, ўз-ўзидан бошқа миллатлар миллий урф-одатларимизни ўзлаштира бошлайди. Чопонимизни кийиб урфга, овқатимизни ўзининг юртида брендга айлантиради...
Б.Ғозиддинов:
– Ўзимдан беш-ўн ёш кичиклар билан баҳслашсам, улар биз қолипларни ёриб чиқа олмаганимиз учун шундаймиз дейди. Улар учун ҳатто оқсоқоллик тизими ҳам қолип ҳисобланади.
О.Тошбоев:
– Ўша қолип қаерда экани ҳақида ҳозиргина гаплашдик. У миямизда қолиб кетган. Ундан қутулишимиз керак... Бунинг учун қадриятлар ва ахлоқни хатарга қўйиш эмас, аксинча, уларга таянишимиз лозим.
Б.Ғозиддинов:
– Хўп, асл қолип ичимизда эканини кўрсатиш, ахлоқ ҳеч қандай тўсиқ эмаслигини исботлаш, оқсоқолни яна ўша рутбасига чиқариш учун нима қилиш керак?
Билишимча, сиз айтаётган гапларни бир эшитишда маъқуллайдиган одамлар саноқли. Лекин буни инкор қиладиганлар ҳам бор.
Ш.Турдимов:
– Боборавшан, бир нарсага эътибор беринг, ўзбек Туркистонда асосий миллат эди. Шунинг учун энг катта тазйиқ ўзбекка бўлган. Биринчидан, ичимиздан парчалаб ташлашга уриниш бўлди. Иккинчидан, мафкуравий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий томондан қаттиқ тазйиқ ўтказилди. Масалан, оддий михни ишлаб чиқара олмайсан деган қарашни миямизга сингдиришди. Шахсан мен мактабда мих ишлаб чиқаришга қурбимиз етмайди деб иншо ёзганман. Бу бизга дарслик сифатида ўқитилган. Энди мана шу стереотипни йўқотиш учун ҳамма ўз соҳасида илғор бўлиши керак. Масалан, мен фольклор соҳасида жон-жаҳдим билан ишлашим керак. Халқ фольклордан узилган. Негаки, эпик билим деган нарса йўқотилган. Бу билимни қайта тиклаш учун кўприк бўлишимиз керак. Бошқа соҳалар ҳам худди шундай. Ҳатто бозорда ҳам! Бозорга борсам, арзон олгим келади. Сотувчи қиммат сотишни истайди. Агар сотувчи ҳам, олувчи ҳам бу менинг миллатдошим, юртдошим деб инсоф билан савдо қилмаса, ўзини ислоҳ этмаса, ўзгариш қийин кечади. Агар ҳаммамиз миллат ривожлансин дейдиган миқёсда фикрлаб, сўз ва амал бирлигига эришсак, тугунлар ўз-ўзидан ечилади. Президентимиз Учинчи ренессанс ғоясини илгари сурганда ниҳоятда улуғ мақсадларни назарда тутган.
О.Тошбоев:
– Бундай вақтда халқнинг зеҳниятида бор жиҳатлар бўртиб чиқади. Маънавий иммунитет табиий шаклланиши керак. Табиий!
Ана энди бугун яна миллий мафкура масаласи кун тартибига чиқиб, унинг ҳаётийлигини таъминлаш керак дейилса, замонавий таълим қатори диний таълимдан, маърифатга чақирадиган оят, ҳадислардан кўпроқ фойдаланиш керак деган бўлардим...
Ш.Турдимов:
– Масаланинг нозик жиҳати бор. Шуни ҳам айтиб ўтиш шарт. Халқимизни фанатизмдан асраш керак. Тарғиботни тақиқлар орқали эмас, маърифат билан етказиш зарур. Жадидлар динни қандай етказган? Масалан, Ҳамзанинг дарсликларида дин ниҳоятда маърифий очиб берилган. Яна масалан, Мотуридийнинг буюк таълимотини эски ҳолида эмас, бугун одамлар равон тушунадиган тилда етказиш шарт. Биз янги нарса яратишимиз шарт эмас, бор имконият, номоддий бойлигимиздан тўғри фойдалансак бўлгани.
Б.Ғозиддинов:
– Шундай қилиб, оқсоқоллар рутбасини қандай қайтарамиз?
О.Тошбоев:
– Оталарнинг мақомини тиклаган кунимиз оқсоқоллар ўз-ўзидан пайдо бўлади.
Ш.Турдимов:
– Мактабга эркак ўқитувчилар кўпроқ қайтиши керак, ўғил болалар синф сардори бўлсин. Бунга келишимиз учун эса эпосларимиздаги тимсолларни тушуниш зарур. Эпосларда тараққиётнинг ҳам, таназзулнинг ҳам сабаб ва оқибатлари очиб берилган.
* * *
Гурунгнинг бошида оқсоқоллик ҳақида ижтимоий-маиший мазмундаги суҳбат бўлади деб ўйлагандим. Аммо у кенг кўламдаги ва оғриқли нуқтамиз эканини англадим. Маҳалла тизимидаги оқсоқоллар ва уларни ёшларга бириктириш масалалари ҳақида тўхталмабсиз-ку деб шошилманг, бу жараёнлар ҳақида масъул идоралар билан ҳамкорликда алоҳида суҳбатлар ташкил қилиш режамизда бор. Биз бу гурунгимизда эл орасидаги оқсоқоллар рутбаси ва унинг моҳияти ҳақида тўхталдик, холос.
Суҳбатдошларим фикрини аксарият ҳолларда қувватлаб, баъзан тенгдош, ука-жўраларим нигоҳи билан қарашга уриндим. Демак, юқоридаги фикрларнинг барчасини хулоса ўрнида қабул қилишга шошмаслик лозим. Шундай экан, сиз азиз журналхонлардан мавзу юзасидан фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. Зеро, филология фанлари доктори Шомирза Турдимов айтганидай, якка учган қуш адашади.
Суҳбатни Боборавшан Ғозиддинов уюштирди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 2-сон.
“Оқсоқоллар қаерда” суҳбати
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ