Oyina.uz таҳририят “эшиг”ини қоқувчилар учун информатив ижтимоий лойиҳа – “Эшик қоққан ким бўлди?”нинг навбатдаги сони билан танишинг.
– Тақ-тақ!
– Ким у?
– Мен ўқитувчиман...
– Жуда яхши! Бизга саволингиз борми?
– Миллий сертификат тизими ҳақида тўлиқроқ маълумот олмоқчи эдим.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 646-сон қарорига биноан умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизими жорий этилган. Мазкур тест синовида иштирок этган ва тест синови натижаси бўйича белгиланган баллни тўплаган талабгорлар миллий сертификатга эга бўладилар.
– Миллий сертификатни ким беради?
– Миллий сертификат Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ Давлат тест маркази томонидан) электрон шаклда берилади.
– Тушунарли… Миллий сертификат имтиҳонида кимлар иштирок эта олади?
– Ўз билимини синаб кўриш истагини билдирган исталган шахс умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонида иштирок этиши ва тегишли сертификатни қўлга киритиши мумкин.
– Зўр-ку! Миллий сертификатнинг қандай имтиёзлари бор?
– Агар ўқитувчи миллий сертификат имтиҳонида 80 % ёки ундан юқори натижани қўлга киритса, ойлик маошига 20 % устама қўшиб берилади.
Агар абитуриент 86 % ва ундан юқори натижани қўлга киритса, тегишли фанидан кириш имтиҳонларида максимал балл берилади.
Агар 60 % дан 86% гача натижани қўлга киритса, фоизга нисбатан пропорционал балл берилади. Масалан, 80 % натижа учун максимал 93 баллнинг 80 % миқдорида (74,4) балл берилади.
Шунингдек, магистратурада ўқишини давом эттирмоқчи бўлганлар ҳам хорижий тиллар бўйича миллий сертификат олишлари мумкин. Маълумот учун, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан чет тили имтиҳонлари ҳар ойда (июль, август ва сентябрь ойларидан ташқари) ташкил этиб келинмоқда ва имтиҳонлар жадвали ҳар ярим йиллик учун олдиндан эълон қилинади.
– Менинг саволларим педагог кадрлар учун бериладиган миллий сертификатлар тизимига оид. Масалан, ўқитувчиларга бериладиган устамалар тартиби қайси қонун ҳужжатига асосланган?
– Устама белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги 134-сон фармонига асосланади. Айтганимиздек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий сертификатига эга бўлган педагог кадрларга ўз тариф ставкасига нисбатан 20 % миқдорида устама тўланади.
– Чет тилидан сертификати бор педагогларга ҳам шу фоизда тўланадими?
– Айнан 134-сонли фармонда белгиланишича, 2025 йил 1 январга қадар чет тили фанидан камида S1 даражадаги миллий сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик устама 50 % миқдорида тўланади.
Умуман чет тилини билиш даражасини баҳолаш ва малака сертификатини бериш тартиби эса Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 352-сон қарори билан тасдиқланган “Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ амалга оширилади.
– Тест саволларини ким тузади? Қийин бўлмайдими?
– Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш учун тузиладиган тест саволлари давлат таълим стандарларига мос равишда ҳамда таълим ўқув дастурига мувофиқ Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ишлаб чиқилади.
– Менга жуда маъқул бўлди… Сертификат олиш мақсадида тест синовида қатнашиш учун рўйхатдан қандай ўтаман?
– Сиз uzbmb.uz сайти орқали электрон ариза бериб рўйхатдан ўтишингиз мумкин.
– Хўп, рўйхатдан ўтганимни қандай билишим мумкин?
– Рўйхатдан ўтиш учун зарур ҳужжатларни киритилганингиздан сўнг Сиз учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида шахсий кабинет яратилади.
Тўловни амалга оширганингиздан сўнг рўйхатдан ўтган ҳисобланасиз. Шу тариқа Сиз билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўртасида оммавий оферта шартномаси тузилади.
– Рўйхатдан ўтиш учун тўлов қандай амалга оширилади?
– Тўловни базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида амалдаги электрон тўлов тизимлари орқали ариза берилган кундан бошлаб уч кун мобайнида амалга оширасиз. Тўлов тўғрисидаги маълумотни шахсий кабинетингиз орқали билишингиз мумкин.
– Тест синовини ўтказиш жойи ва санаси ҳақида қаердан маълумот оламан?
– Албатта, ўзингизнинг шахсий кабинетингиздан.
– Тест синови натижаларини қандай билишим мумкин?
– Тест синовлари якунлангандан кейин 20 иш кунидан кечикмай Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида натижалар эълон қилинади.
– Сертификатнинг амал қилиш муддати 3 йил, тўғрими?
– Худди шундай.
– Ижобий натижага эришсам, сертификатни қандай оламан?
– Шахсий кабинетингиз орқали электрон шаклда юклаб олишингиз мумкин.
– Тест синови натижасидан қониқмасам, қайта топширишим мумкинми?
– Албатта. Тест синовлари натижалари эълон қилингандан сўнг қайта рўйхатдан ўтиб, белгиланган муддатда тест синовларида иштирок этишингиз мумкин бўлади.
Батафсил маълумот олиш учун, “Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги низом билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.
– Яқин дугонам Мусиқа фани ўқитувчиси. У ҳам миллий сертификат олса бўладими?
– Йўқ, ҳозирча қорақалпоқ тили ва адабиёти, ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, физика, кимё, математика, география, биология ва тарих каби фанлардан, шунингдек, бир нечта хорижий тиллар бўйича миллий сертификат олиш мумкин.
– Зарурий маълумотлар учун сизларга катта раҳмат!
– Арзимайди, Ойина.уз доим хизматингизда.
Сирожиддин РУСТАМОВ,
Oyina.uz
Материални тайёрлашда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги веб-сайти маълумотларидан фойдаланилди.
Лойиҳанинг аввалги сони билан ҳам танишинг.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ